RU

Последние новости

23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2

Интервью. Шинжи Кагава: “Клопп билан хайрлашганда кўз ёшларимни тия олмадим” Новости

Интервью. Шинжи Кагава: “Клопп билан хайрлашганда кўз ёшларимни тия олмадим”

2 мавсумни “МЮ”да ўтказган Шинжи Кагава бир йил аввал “Боруссия”га қайтганди.

Жорий мавсумда япониялик футболчи яхши ҳолатига кириб олди ва кўпчилик Англияга кўчиб олишдан аввалги Кагава қайтганини таъкидлай бошлади. “Спокс” нашри мухбирлари билан суҳбатда Шинжи янги мураббий қўл остидаги ўзгаришлар, Алекс Фергюсон ва Юрген Клопп ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

- Ҳозир сиз истиқомат қилаётган уй хўжайини ҳақида қандай фикрдасиз? Дортмундга қайтгач, “Боруссия”нинг собиқ футболчиси Муҳаммад Зидан яшаган уйни ижарага олдингиз.
- Фақат ижобий нарсаларни айтишим мумкин. Ҳозир унинг уйини ижарага олганман. Уй жуда қулай ва шинам қурилган. Уйга кўчиб келганимда у мени жуда яхши ва меҳрибон бўлган қўшнилар билан таништирганди. Ёрдам зарур бўлганда улар менга доим кўмак беришади.

- Англияга кўчиб ўтгунингизга қадар Илкай Гюндоган ва Иван Перишич билан бир уйда яшагансиз. Шундайми?
- Ҳа, ажойиб бўлганди. Айниқса мен учун. Германияда биринчи марта бўлиб, ҳеч нарсани билмасдим. Тилни тушунмасдим ва менга ёрдам зарур эди. Ҳозир вақтимни кўпроқ уйда ёлғиз ҳолда ўтказаман. Камдан-кам бирор ерга чиқаман. Жамоадошларим билан кафега овқатланиш учун ҳам кам ташриф буюраман.



- Нега?
- Шундоқ ҳам ҳар куни бирга машғулот базасида нонушта ва тушлик қиламиз. Шу сабабли уйда кечки овқат тановул қилишни афзал биламан. Машғулот тугагач, уйга кетаман. Чунки яхши дам олиб, кейинги ўйингача куч тиклаш муҳим. Мен ҳақиқий уйда ўтирувчига айландим.

- Илгари бошқача бўлганмиди?
- Ҳа. Томас Тухель бошчилигида бизда кўп нарсалар ўзгарди. Овқатланиш, уйқу ва кучни тиклаш борасида. Мураббий биринчи кунданоқ бу ишга муносабатини тушунтирди. Тайёргарликнинг бу жиҳатидаги ўзгаришлар футболчиларга ижобий таъсир қилди. Ўтган йил билан солиштирганда кўп нарса ўзгармади, лекин шундай кичик нарсалар ўзгарганда ҳам улар воқеаларнинг умумий ривожига катта таъсир этиши мумкин. Мавсумда кўп учрашувлар ўтказамиз. Шунинг учун бўш вақтдан унумли фойдаланишимиз лозим.

- “Боруссия”га қайтганингизда яхши ҳолатда бўлмаганингиз туфайли муаммога дуч келдингиз. Яхши ҳолатни тиклаш учун ниманидир ўзгартиришга тўғри келишини сезганмидингиз?
- Албатта! Аввалги савияга қайтиш учун ўз устимда жиддий меҳнат қилишим лозимлигини жуда яхши тушунардим. Машқ қилиб, ўйинлар ўтказишим кераклиги, кейин дам олиб, кучни тиклашим лозимлигини билардим. Мураббий маслаҳати туфайли мен олдингилардан фарқ қилувчи шахсий суръатимни топдим. Буни уддалай олганимдан хурсандман. Уни сақлаб қолишга интиламан. Лекин яна ҳаракат қилишим зарурлигини яхши тушунаман. Ривожланиш – доимий жараён.

- Яхшироқ ухлаш ва ўйинлардан кейин тезроқ тикланиш учун ортопедик кроватни харид қилганингиз ростми?
- Яхшироқ ва тезроқ тикланиш учун баъзи нарсаларни сотиб олганим рост. Яхши дам олиш яхши ўйин кафолати эканлигига ишонаман. Менда кичик фитнес бурчаги бор. Вақти-вақти билан велотренажёрда шуғулланман. Томас Тухель ҳордиқ чиқариш ва кучни тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратади. У доимо бизга аниқ кўрсатма ва маслаҳатлар беради.



- Жамоа Тухелнинг янги услубини хурсанд ва фаоллик билан қабул қилгандек кўринади. Аслида ҳам шундайми?
- Ҳа. Бизга мураббийнинг янгича қарашлари жуда ёқади. Ҳар бир ўйинга етарлича тайёрланамиз ва уюшқоқ ҳолда ишлаймиз. Машғулот чоғида жамоадаги кайфият жуда ёқимли. Бунинг учун мураббийдан миннатдор бўлишимиз лозим. Айнан шундай муҳит туфайли биз яна ўзимизга ишондик ва кўп ўйинларни ютишни уддаладик.

- “Боруссия” бундеслигада иккинчи ўринга жойлашиб олди. Рақобатчилардан фарқ 9 очкони ташкил қилмоқда. Биринчи даврани қандай баҳолайсиз?
- Яхши. Менимча, томошабоп футбол ўйнаяпмиз. Келаси мавсум Чемпионлар лигасида ўйнашни истаймиз. Бу биз учун биринчи мақсад саналади. Бир неча учрашувларда “Боруссия”нинг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб бердик. Вольфсбургда ғалаба қозониш биз учун жуда муҳим эди. Лекин “Бавария” бизни ҳозирча ортда қолдирмоқда. Уларда жуда кучли таркиб бор ва мавсумни ишончли ўтказишмоқда. Иккинчи ўриндаги жамоа ҳамиша юқорига боқади. Бироқ биз ортга назар ташлаб, фарқни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилиш ва уни орттиришга уринишимиз керак. Албатта, мавсум мобайнида биринчи поғонага кўтарилиш учун имконият юзага келса, ундан унумли фойдаланишимиз шарт.

- Ушбу мавсумда 24 ўйинда 8 гол уриб, 8 марта голли пас бердингиз. Кўпчилик “эски” Кагава қайтгани ҳақида гапирди. Ўз ўйинингиздан қанчалик қониқяпсиз?
- “Гамбург” ва “Штутгарт” билан беллашувларда ўйинимдан қониқмадим. Бу сабабли ташвишга тушдим. Ўз ўйиним ва статистикамга танқидий муносабатда бўламан. Кам гол уриб, кам голли пас оширдим деб ҳисоблайман. Ҳар бир учрашувда урилган голларда иштирок этиш учун яхшироқ ўйнаш ва буни барқарор амалга оширишни хоҳлайман. Бу мақсад катта чақирувдир. Мен катта мақсадлиман ва яхшироқ ўйнаш учун боримни бераман. Ҳозир ўйинимдан қониқяпман деб айтолмайман.

- “Боруссия”га қайтгандан кейин юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтиш жуда қийин бўлгандир? Ҳамма сизни яна чемпионлик мавсумларида бўлганидек ўйнашингизни кутганди.
- Мендан ростдан ҳам кўп нарса кутишганди. Мухлислар ва ОАВ ходимлари жамоа ўйинига ижобий таъсир этишимни ўйлашганди. Бу ишончларни оқлай олмаганимдан афсусдаман. Мен томонга танқид тўғри бўлганди. “Боруссия”дек клубда ўйнар экансан, сени танқид қилишлари ҳайратланарли эмас.Айниқса, юқори даражада ўйнамасанг. Футболда натижа аҳамиятга эга. Ижобий натижага эришсанг, сени олқишлашади. Бирор нарса ўхшамаса, танқид қилишади. Ўзимни босим остига қўймасликка интиламан. Ўтган мавсумдаги етишмовчиликлардан тезроқ қутулишга уринаман.

- Аввалги Кагавани кўрамизми?
- Аввалги ва янги Кагава йўқ. Ўйинчи юқори савияда ўйнаганда ҳамма у яна шундай даражада ўйнай олишига умид қилади. Мени “Боруссия”даги икки муваффақиятли мавсумим туфайли ёдда сақлаб қолишларини хоҳламайман. Аввалги савияда ўйнай олишим энг муҳим нарса саналмайди.



- Сиз учун энг муҳим нарса нима?
- Томас Тухель қўл остида ҳужумнинг турли позицияларида муваффақиятли ва ишончли ўйнашни ўрганишим зарур. Кўп нарсалар мен учун янги ҳисобланади. 4-3-3 схемаси машҳурлашиб бормоқда. Жамоалар ҳозир классик плеймейкерларсиз кўпроқ ўйнашмоқда. Янги ролим жуда масъулиятли ҳисобланади, лекин бу позицияда ўйнаш менга ёқади.

- “МЮ”да асосий таркибга ўрнаши насиб қилмади. Кўпроқ захира ўриндиғида ўтирдингиз. У ерда ўтказилган икки йил сизга нималарни ўргатди?
- Биринчи навбатда ишониб бўлмас даражада босимда юқори савияда ўйнаш учун нима қилиш кераклигини тушундим.

- Ва бу нима экан?
- Юқори даражада футбол ўйнаш ва ижобий натижага эришиш учун ажойиб индивидуал маҳорат ва ўз кучинг ҳамда иқтидорингга бўлган ишонч зарур. Агар футболчига дарҳол характерини кўрсатиш насиб этмаса, у дарҳол захира ўриндиғидан жой олади ёки сотиб юборилади. Бу осон эмас, лекин кимнинг нимага қодир эканлиги тезда маълум бўлади. “МЮ”нинг етакчи футболчилари билан рақобатда бўлиш ва ўйнаш учун мендек кичик жуссали ўйинчи икки баравар кўпроқ машқ қилиши лозим. Яна ҳар куни ўсиб боришга ишончини кўрсатиши керак. Бошқа йўл йўқ.

- Алекс Фергюсон ҳақида нима дейсиз? Сизнинг жамоадаги биринчи мавсумингиз унинг клубдаги сўнгги йилига тўғри келганди.
- Машғулотларни ёрдамчилари ўтказишарди. У жамоа билан ўйинга бир кун қолганда ишларди. Унинг инглизча гапиришини тушуниш бизга қандай қийин бўлганини эслайман. Унинг қўл остида бир мавсум ўтказганим мен учун катта ҳодиса. У кўплаб совринларни қўлга киритган ва афсонавий мураббий ҳисобланади.

- У жамоа билан баланд овозда ва ҳиссиёт билан гаплашармиди?
- Ҳа. У етакчи ўйинчилар доирасида туриб, қизарган юзи билан уларга баланд овозда қичқира оларди.

- Ҳеч ким унга эътиброз билдирмасмиди?
- Ҳар қандай ҳолатда йўқ. Руни, Гиггз, Скоулз, Фердинанд каби футболчилардан ҳеч бири унга қарши гапира олмасди. Улар ўзларини босиб туришарди ва ҳеч ким мураббийга бирор сўз гапирмасди. Чунки барча уни жуда ҳурмат қиларди. Фергюсон аслида жуда қаттиққўл мураббий. Шу сабабли у юқори савиядаги ўйинчиларни тарбиялади ва уларга бошчилик қилди.



- “МЮ” Дортмунддагидек юқори савияда ўйнай олмадингиз. Икки йилдан кейин “Боруссия”га қайтдингиз. Ортга боқиб, 2012 йил “Боруссия”ни тарк этганингиздан афсусланмайсизми?
- Йўқ, ҳеч қандай афсусланиш йўқ. “МЮ”га ўтиб, тўғри қарор қабул қилгандим. У ерда шундай нарсаларни ўргандимки, буларга бир клубда ўйнаб эга чиқмасдим. “МЮ”нинг буюк клуб эканлигини, у жаҳондаги ҳар қандай мухлисни қизиқтиришини тушуниб етдим. Бундай клубда яхши ўйнасанг, буни бутун дунё билади. У ерда ўтказган икки йилим мен учун фойдали бўлди.

- “МЮ”га ўтишингиз аниқ бўлганда сиз хайрлашув чоғида Клоппни қучоқлаб, узоқ муддат йиғлаган экансиз. Ростдан шундай бўлганми?
- Ҳа. Трансфер амалга оширилганда у билан учрашдим. Унга “Борусия”даги икки унутилмас мавсум учун миннатдорчилик билдиришни хоҳлагандим. Япония иккинчи лигасини тарк этганимдан кейин болаликдан ўзим ўйнашни хоҳлаган клубда ўтган икки йил учун. У мен учун жуда хурсанд бўлганди. У мени қучоқлаганда шу ҳақида ўйладим. Ва кўз ёшларимни тия олмадим. Гарчи, кейин менга ноқулай бўлса-да.



- Клопп даврида сизга нима маъқул келарди?
- У ҳиссиётларини яширмасди. Ва бу унинг фақат голни нишонлашида эмас, балки жамоани руҳлантириши, ўйинчилар билан мулоқот қилиши ва шогирдларини ёқтиришида ҳам акс этиб турарди. У менга ишонди ва Япония иккинчи лигасидан келган номаълум футболчи бўлсам ҳам ўйнашимга имкон берди. Буни ҳеч қачон унутмайман. Ютуқларимиз ва ҳиссиётли воқеалар билан биз тобора яқинлашиб бордик.

- 2014 йил Клопп сабабли қайтишга қарор қилдингизми?
- Ҳа. Клопп – асосий сабаб. Унинг қўл остида яна ўйнаш имконияти ҳал қилувчи омил бўлди. Лекин клуб вакиллари ҳам қайтишимга қизиқиш билдиришганди, буни таъкидлаб ўтишим лозим. Шунинг учун қарорни иккиланишсиз қабул қилдим.

- Клоппнинг “Ливерпул”даги ишини кузатиб боряпсизми?
- Ҳа. У “Ливерпул”ни қандай ўзгартириши мен учун қизиқ. Ҳозирнинг ўзида жамоа ўйинида ўзгариш юзага келди. Мавсумнинг қолган қисмини жамоа қандай ўтказиши қизиқ. “Ливерпуль” мваффақиятли ўйнашни бошлади ва бу унинг ажойиб мураббий эканлигини исботлайди. Умид қиламанки, Клопп катта муваффақиятга эришади.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика