Ҳикмат Ҳошимов: “Машғулотларда ёшлар билан тенгма-тенг ишлаётганим учун ҳам жисмоний тайёргарлигим жойида деб ўйлайман”
09 дек 2015 16:30
Новости
Ҳикмат Ҳошимов: “Машғулотларда ёшлар билан тенгма-тенг ишлаётганим учун ҳам жисмоний тайёргарлигим жойида деб ўйлайман”
Тажрибали футболчига кўпчилик Рустам Мирсодиқовнинг майдондаги ёрдамчиси дея эътироф беради. Ҳақиқатдан ҳам футболчилик фаолиятии давомида асосан ушбу мутахассис билан ҳамкорлик қилиб келаётган Ҳошимовнинг Бекобод жамоасида тутган ўрни катта. Бу йилги чемпионатда “Металлург” сардори 30та учрашувни алмаштиришларсиз ўтказгани эса таҳсинга лойиқдир. Ҳикмат Ҳошимов билан суҳбатлашганимизда, энг аввало шу ҳақда сўрадик.
- Ҳикмат ака, бу йилги чемпионатда 30та учрашувда майдонга тушиб, аҳамиятлиси ўйинларни алмаштиришларсиз ўтказганингизни кўриш мумкин. 36 ёшда бўла туриб, бундай натижага қандай эришмоқдасиз?
- (Кулиб) Бу биринчи марта эмас-ку! Ўтган йили ҳам шундай бўлганди. Бунинг сабаби шундаки, машғулотларда ёшлар билан қолишмасдан тенгма-тенг ишлайман. Жисмоний тайёргарлигим шунинг учун меёрида бўлса керак. Режимга ҳам қаттиқ амал қиламан. Бусиз бўлмайди. Менда шундай одат бор-ки, ёшларга насиҳат қилиб, кўрсатма беришдан олдин ўшани олдин ўзим бажараман. Машғулотда ҳам астойдил тер тўкаман. Ўз устингизда ишламасангиз истайсизми йўқми, майдонга чиққач барибир қийналиб қолишиз турган гап.
- Якунига етган мавсум хусусида фикрингиз қандай?
- “Металлург” учун мавсум ўртача якун топди дейиш мумкин. Аввалига қайд этаётган натижамиз чакки бўлмаётганди. Аммо Тошкентда “Пахтакор”га қарши кечган учрашувдан сўнгги турли гап-сўзлар ва бош мураббийимизнинг йил охирига қадар лицензияси олиб қўйилгани салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Бу ҳолат футболчиларни руҳий жиҳатдан “синдириб” қўйди. Кейинчалик сафарда “Қўқон-1912”га қарши учрашувда тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Сўнгра ўз майдонимизда “Бухоро”га имкониятни бой бердик. Агарда ушбу ўйинларда очко йўқотганимизда, янада юқорироқ ўринни банд этган бўлардик. Ўзимга келадиган бўлсак, 30та учрашувни алмаштиришларсиз ўтказдим. Шундай экан қандай қилиб қониқиш хосил қилмаслигим мумкин?!
- Тенгдошларингиздан айримлари бу йил бутсаларини михга илишга қарор қилмоқда. Хусусан Анвар Солиев ва Асрор Алиқулов. Сиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрмадингизми?
- Ёшингиз улғайиб боргач, хоҳлайсизми йўқми барибир миянгизни ушбу холат юзасидан фикрлар чулғаб олади. Қачондир футбол ўйнашни бас қилиш ва кейинчалик мураббий сифатида фаолият юритиш борасида мен ҳам кўп ўйлайман. Аммо бу қачон амалга ошишини ёлғиз Яратганнинг ўзи билади. Қуч-қувватим бор экан, ўйнашда давом этаман. Насиб қилса келаси йил ҳам майдонда жавлон урмоқчиман. Бунинг учун ҳозирдан ўзимни қишки йиғинларга тайёрлаб бормоқдаман.
- Ўз вақтида сиз билан бирга “Металлург”да ўйнаган Одил Исабоев айни дамда ёшлар жамоасини бошқармоқда. Саидкомил Акбаров билан Маъмур Икромов эса мавсум аввалида бошқа клубларга ўтиб кетишди. Айтингчи уларсиз бу йил сизга қийин бўлмадими?
- Жуда қийналдим. Бу ҳақда ўша футболчилар билан учрашиб қолганимизда ҳам айтиб берганман. Илгари Исабоев, Акбаров, Икромов, Файзулло Аҳмедов, Илёс Қурбонов ва Ғулом Ҳалимтоев сингари ўз тенгдошларим билан бирга ўйнаганимда, майдонда менга ҳам енгилроқ бўларди. Ўша пайтлари ёшлардан учта – Дониёр Одилов, Дилмурод Икромов ва Сардор Расулов бўлган. Бу йил “Металлург”да ёшлар билан ўзим қолдим. Ҳозирги йигитларни камситмоқчи эмасман. Аммо илгари барибир осон бўлган. Футболда ўзи шунақа. Буни оддий қабул қилиш керак.
- Бу йил жамоангиз таркибида кимни кашфиёт бўлди дея оласиз?
- Саиджон Абдужабборовни кўрсатган бўлардим. Шу йигит бир неча йилдан буён ёшлар жамоасида ўйнаб келаётганди. Ниҳоят жорий мавсумдан бошлаб асосий таркибда барқарор ўйнади. Ўз ҳисобига 7та гол ёздириб қўйди. Кўз тегмасин унга бугунги кунда бир қатор клублардан таклифлар келиб тушмоқда. Лекин Абдужабборов “Металлург”да ўйнай бошлаганини ва бу ерда яна кўп йиллар давомида фаолият юритишини айтиб, ўзини профессионалларга хос тарзда тутмоқда. Жамоамизда бундан ташқари яна кўплаб иқтидорли ўйинлар бор. Насиб қилса келгуси мавсумда ҳам янги номларни учратасизлар.
- Чемпионат бошида тажрибали посбон Маъмур Икромов “Локомотив”дан тушган таклифни қабул қилгач, дарвозабонлар муаммоси юзага келгандек туюлганди. Аммо кейинчалик мураббийлар штаби Зафар Сафоев билан Суҳроб Султоновга ишонч билдира бошлади. Натижада 24 ёшли Сафоев олий лигада дебют мавсумини ўтказиш билан бир қаторда, ўзидан ижобий таассурот қолдирди. Фикримизга сиз ҳам қўшилсангиз керак?
- Албатта. Сафоев иқтидорли дарвозабон эканлигини бу йил кўрсатиб қўйди. Зафар ўз устида ишлашни истайди ва ундай футболга ўйнашга бўлган иштиёқ юқори. Энг муҳими ҳам шу аслида. Унинг олий лигадаги дебют мавсумини ижобий баҳолаш мумкин. Умид қиламизки Сафоевнинг ёрқин ўйинлари ҳали олдинда. Султоновни ҳам эътироф этган бўлардим.
- Бу йил қайси футболчидан ёрқин ўйин кутгандиз-у лекин бундай бўлиб чиқмади?
- Йўқ, мен бу борада алоҳида бир номга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Эътибор берган бўлсангиз жорий мавсум таркибимиз анчагина ёшартирилди. Аслида уларни ёш деб ҳам бўлмайди. Мен йигитларнинг ўзига камчиликлари хусусида доим айтаман ва керакли кўрсатмаларни бериб бораман. Футболчилар ҳам ўз вақтида буни тўғри қабул қилади ва машғулотларда ишлайди.
- Бу йил қайси футболчилар билан хайрлашасизлар?
- Яқин кунларда мураббийлар штаби йиғилиб, мавсум сарҳисоби ва келгуси режалар борасида масҳатлашиб олади. Менимча шунда кўп нарсага ойдинлик киритилади.
- Лекин таркибда ўзгаришлар бўлади. Тўғрими?
- Бўлиши керак. Аммо у қадар жиддий ўзгариш қилинмайди. Биласиз “Металлург” трансфер ойнасида юлдуз даражасидаги ўйинчиларни харид қилишга қизиқмайди. Бизга мехнаткаш ва футбол ўйнашга иштиёқи юқори бўлган ўйинчилар керак. Шундай футболчилар билан ишлаш осонроқ. Шу боис бирор ўйинчини таклиф этишдан олдин, ҳар томонлама обдон ўрганамиз. Энг аввало инсонийлиги ва мехнаткашлигига қаралади. Сизга бир гап айтаман, номини ошкор этмоқчи эмасман-у, лекин ўтган йиллар давомида сафимизга битта футболчи келиб қўшилганди. У кўпинча машғулотинглар ёқмаяпти, ўйин услубинглар яхши эмас экан дея гапириб юрарди. Шунда ундан сўрадим, бунгача ўйнаган клубинг нечанчи ўринни олгану, “Металлург” қайси ўринни банд этганига эътибор қилдингми деб. Биз мазкур ўйин услуб ва машғулот билан шу ўринни эгалладик. Сени жамоангчи дея айтганимда жим бўлиб қолганди. Кейин у футболчи мавсум бошида 2та ва чемпионат сўнггида яна 2та ўйинда майдонга тушиб, жамоамизни тарк этганди. Демоқчиманки, бизга мос тушадиган йигит бўлса шундагина чақирамиз. Қолаверса жамоада айрим паллаларда пул бўлмай қолиши ҳам мумкин. Илгари 5 ой маош олмасдан ўйнаганмиз. Шунда ҳам йигитлар бу ҳақда ҳеч қачон нолиб, ўз устида ишлашни сусайтириб юбормаган. Агарда таркибда бирорта булғайдиган ўйинчи бўлганида шунда кўпчилик ўйнагиси келмай қоларди. Бу йил Худога шукур молиявий муаммога дуч келмадик. Йигитлар вақтида маош олди. Буни ўйинчиларимиздан сўрасангиз ҳам тасдиқлайди. Яқинда клуб раҳбариятига шахсан ўзим мурожаат қилиб, мукофот пулларини ойма-ой бериб боришини сабаби, янаги чемпионат бошлангунга қадар ўйинчиларнинг қўлида пул узилмаслигини сўрадим. Қишки йиғин пайтида ҳам футболчиларимизда пул бўлсин деб шундай қарорга келинди.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Комментарии