Hallo Fußball!
26 авг 2016 22:40
Новости
Ҳа, адашмадингиз, бугун Бундеслиганинг 2016/2017 йилги мавсумига старт берилади.
Германия чемпионатини кўпчилик "Бавария" ҳамда бошқа жамоалар лигаси, деб номлашни ёқтиради. Бунга сабаб "Бавария" охирги 4 йилдан буён бош тожни фақат ўзиники қилиб олаётгани ва камида ҳар трасфер бозори пайтида асосий рақиби саналган Дортмунднинг "Боруссия" клубидан етакчи футболчини сотиб олишидир.
Ҳар сафар рақибини кучсизлантириш натижасида ўз таркибини кучайтирадиган "Бавария" мавсум бошланмасиданоқ чемпион бўлади, деган тахминлар жуда авж олади. Бу эса Бундеслига интригадан холи деган хулосани беради.
Тўғри, "Бавария" охирги 3 йилдан буён "Боруссия Дортмунд"дан футболчи сотиб олади. Бу йили ҳам Хуммельс Дортмунддаги жойини Мюнхенга алмашди.
Хуммельс: "Мен шунча йил Дортмундда ўйнаб, бир неча маротаба "Бавария"га рад жавобини бергандим. Энди уйимга қайтяпман, бу сотқинлик ҳисобланмайди"
Ҳаммаси Марио Гётцени сотиб олишдан бошланганди. Ўшанда дортмундликлар сафида порлаб чиқаётган юлдуз 2013/2014 йилги мавсум олдидан "Бавария"га ўтди. Кейинги йили Роберт Левандовски "Боруссия Дортмунд" мухлислари учун "сотқин"га айланди. Бу сафар эса Матс Хуммельс ўзининг собиқ жамоасига қайтди.
Марио Гётце асли мюнхенлик саналгани учун "Бавария"га ўтишга жазм этиб, мени виждоним тоза, бу сотқинлик эмас, шунчаки ўз шаҳримга қайтдим, деганди. Роберт Левандовски эса отасини истагини амалга ошириб, "Бавария" либосидаги 9-рақамни олганди. Матс Хуммельс эса ўзи тарбия топган клубига қайтди.
Бу орада эса Марио Гётцени "Бавария"даги ишлари юришмади. Гётце "Боруссия Дортмунд"дан кетганидан сўнг фақатгина ЖЧ-2014 финалидаги олтин-голи билан ёдда қолди.
Дортмунд клуби ниҳоят янги мавсум олдидан дайди ўғлини ортга қайтарди.
"Боруссия Дортмунд"ни ҳар йили камида бир етакчи футболчиси тарк этади. Чунки жамоа ҳар сафар юқорига парвоз қилади, янги номлар кашф этилади ва футболчиларига талаб кучаяди.
Дортмунд клуби аввалгидек ўртамиёна жамоа эмас. Юрген Клопп "Боруссия"ни топ жамоалар қаторига юришга ўргатиб қўйганди. Томас Тухель келганидан сўнг ҳам вазият ўзгаргани йўқ.
Улар яна бирга, фақат "Бавария"да...
Кўпчилик "Боруссия Дортмунд"ни янада кучсизланди, деган фикрларни билдирмоқда. Ишонтириб айта оламанки, ундай эмас. Тўғри, жамоанинг ҳимоя қўрғонини асл эгаси Матс Хуммельсни кетгани катта йўқотиш.
Генрих Мхитарян ҳам охирги йилларда "Боруссия"ни ҳақиқий етакчи футболчилари қаторига кириб улгурганди, ҳа.
Лекин кейинги йили шартномаси тугайдиган футболчини катта пулга пуллаган Вацтке ушбу трансфердан хурсанд. Тўғрида, жаҳон футболида шартномаси тугашига бир йил қолган футболчини 42 миллион евро маблағ эвазига сотиш, бу шубҳасиз клуб учун фойдали.
Жароҳатларга мойиллиги бор Илкай Гюндоганнинг йўқлиги жамоанинг ўйинига катта таъсир кўрсатмайди. Унинг ўрнида ўйнайдиган футболчилар бу йилги мавсумда "Боруссия Дортмунд"да керагидан ортиқроқ топилади.
"Боруссия Дортмунд" ҳар доим йўқотилган ўринларни муносиб тўлдирган. Бунга мисоллар етарли. Дортмунд учун бу сафарги трансфер компанияси ҳар доимгидан ҳам муваффақиятлироқ чиқди. Клуб ўз тарихидаги энг йирик харидни амалга оширди. Яъни дортмунликлар 30 миллион евро эвазига Андре Шюррлени "Вольфсбург"дан сотиб олишди.
Келажаги бор иқтидор эгалари Марк Бартра, Эмре Мор, Рафаэль Геррейру, Себастьян Роде, Усмон Дембеле каби футболчилар манзилда адашишмади.
"Боруссия Дортмунд" жамоаси мухлислари учун қувонарлиси, энди яна ўша эски дўстлар Ройс ва Гётце тандемини кўриш имконияти бор.
Улар ҳам яна бирга...
Фақат муаммо шундаки, Марко Ройс жароҳатлар гирдобида қолганлиги учун ҳисобдан чиқарилаётган бўлса, Марио Гётце аввалига порлаб, кейинчалик кўринмай қолган юлдуз сифатида қаралмоқда. Бу икки дўст яна аввалгидек катта иштиёқ билан юқори савияда ўйнаб кета олишадими? Менимча, бу савол Бундеслиганинг янги мавсуми олдидан кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши аниқ. Жавобни эса мавсум давомида билиб оламиз.
Бундеслигада интрига йўқ, ким чемпион бўлиши аниқ, дейдиган мухлислар чемпионатни кузатмасликка қарор қилишга шошилишмасин.
Ўтган йилги "Боруссия Дортмунд" "Бавария"га етарли муаммоларни келтириб чиқарди ва чемпионлик фақатгина сўнгги турларга келиб аниқланганди.
Ҳа, "Бавария" янги мавсум олдидан янада кучайгани, эндиликда катта тажрибага эга жуда кучли мутахассис - Анчелоттининг қўл остига ўтгани уларга устунлик бериши аниқ.
Таркибга кўп эмас, керакли бўлган икки нафар янги футболчилар қўшиб олинди.
"Бавария" марказий ҳимояда Боатенгга ажойиб ҳамрох, терма жамоадаги жамоадоши Хуммельсни опкелди.
Шунингдек, марказий ярим ҳимояда, керак пайтда қанотларда, умуман универсал футболчи, жаҳон футболининг бўлажак юлдузи сифатида қаралаётган Ренату Саншеш ҳам "Бавария"га ўтди. Бу футболчи янги мавсумда асосий таркибдан муқим жой олмаслиги мумкин. Аммо Ренату ўйин давомида захирадан майдонга тушиб, жамоанинг ўйинига керакли тезлик ва зарур пайтда куч қўшиб бера олади. Бу Анчелотти учун рақибни нишонга олиш учун қўшимча "ўқ".
"Бавария"да охирги йилларда фақат захирада ўтириб қолаётган Роде ва Гётцедан ташқари яна Бенатиа ҳам жамоани тарк этди. Бенатиа "Бавария"да ўз ўрнини топа олмади. Клуб захирада ўтиришни истамаган Бенатиани "Ювентус"га ижарага бериб юборди.
"Бавария"да ушбу мавсумда ҳимоя марказида кимлар ўйнаши аниқ. Шу боис Бенатианинг қарорини клуб раҳбарияти ҳурмат қилган ҳолда, унинг кетишига тўсқинлик қилмади.
"Бавария" кучли, кучайди, лекин Дортмунднинг "Боруссия" жамоаси ҳар доим хавфли рақиб сифатида қолади. Охирги йилларда "Боруссия Дортмунд"га етишмаган бир жиҳат, узун захира эндиликда Томас Тухель қўл остида мавжуд.
"Боруссия Дортмунд" деярли тенг кучли иккита таркибга эга. Ҳар бир позиция учун уларда рақобатлашадиган камида икки футболчи бор. Марио Гётце қадрдон жамоасига қайтгани билан осонгина асосий таркибдан жой ололмайди. Энди унга ҳам жой кафолатланмаган. Усмон Дембеле ўзининг дастлабки ўйинлари орқали Ройс ва Шюррле учун катта рақобат тақдим этишини кўрсатди. Томас Тухель энди Дембелени бошқа позицияда ёки Ройсни бошқа жойда ўйнатса ҳам ажабланмаймиз.
Томас Тухель учун янги мавсумда таркибни аниқлаш ёқимли бош оғриқларини келтириб чиқаради, бу аниқ.
"Боруссия Дортмунд" вазифа ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш асосий вазифа эканлигини билдирмоқда. Аммо улар чемпионлик учун курашишларини инкор этишмаяпти. Бу шунчаки ортиқча босимдан холи бўлиш учун танланган йўл.
"Бавария" чемпионликка асосий номзод, бунга шубҳа йўқ. "Бавария"га бу йўлда энг катта тўсқинлик қиладиган ва қилиши мумкин бўлган жамоа - "Боруссия Дортмунд".
Айнан шу иккала жамоа мавсумдаги энг муҳим саволга жавоб қидиришади.
Лекин қолган жамоалар, масалан "Вольфсбург", "Байер", "Боруссия Мёнхенгладбах", "Шальке" каби клублар ҳам уларга муаммо туғдириш учун бор кучини ишга солади.
Дракслер анчадан буён "бўрилар" сафини тарк этмоқчи бўлаётганини таъкидлаб келаётганди. Дракслерни кетмоқчи бўлаётганига асосий сабаб ўтган йили "Вольфсбург" ЕЧЛ йўлланмасини қўлга кирита олмаганлигида.
Клуб эса уни қўйиб юбормаслигини билдирди. "Вольфсбург" раҳбарияти Дракслерга жамоадан кетиш нияти борлигини айтгани учун жарима қўллади. Ҳозир футболчи ва клуб ўртасида можаро пайдо бўлган. Энг қизиғи, эндиликда Дракслер яна жамоада қолиб, иштиёқ билан ўйнаши учун клуб қандай йўл тутиши қизиқ.
"Вольфсбург" янги мавсум олдидан жамоанинг етакчи футболчиси саналган Дракслер билан кераксиз ва жуда ёқимсиз муаммолар гирдобига тушиб қолгани зиёнга ишлаши мумкин. Андре Шюррледан кейин Дракслерни ҳам йўқотишни истамаётган "бўрилар" раҳбарияти бор имкониятни ишга солмоқда.
"Бўрилар" мухлислари учун ҳозирча энг ёқимли ва уларни юпантириб турган ягона ҳолат бу Марио Гомесни жамоага келгани.
"Байер" жамоасининг янги мавсумда Чичаритодан умиди жуда катта. Ўтган мавсумнинг ярмидан жамоага қўшилган Чичарито кўплаб голлари билан барчани хушнуд этганди.
Бу йили кўпчилик Чичаритодан яна ўша сермаҳсулликни кутмоқда.
Бундеслиганинг янги жамоаси "РБ Лейпциг"нинг иштироки кўпчилик учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу жамоанинг ўртача ёши 23,7ни ташкил қилади. "РБ Лейпциг" асосан 24 ёшдан кичик футболчиларга имконият тақдим этади.
Бу клубнинг олиб бораётган сиёсати. Лекин Бундеслигада бу иш ўзини оқлайдими? Чунки фақат ёшлик шижоати ва иштиёқ билан керакли натижани қайд этиш осон иш эмас. "РБ Лейпциг" жамоасига тажриба футболчиларнинг йўқлиги панд бермайдими? Буни амалда кўрамиз.
"РБ Лейпциг" бош мураббийи австриялик Ральф Хазенхютлни ҳақиқий имтиҳон кутмоқда.
Бундеслиганинг ушбу мавсумдаги энг ёш мураббийи саналган 29 ёшли Юлиан Нагельсманн бошчилигидаги "Хоффенхайм" нима каромат кўрсатиши кўпчилик учун қизиқ бўлади.
Германия чемпионатидаги энг қария мураббий бу "Дамрштадт" бош қўмондони Норберт Майер саналади. Майер Карло Анчелоттидан бир ёшга катта, яъни Норберт айни пайтда 57 ёшда.
Бундеслигада янги мавсумда ким тўпурар бўлади? Номзодлар кўп. Масалан Роберт Левандовски, Томас Мюллер, Обамеянг, Марио Гомес, Чичарито, Хунтелаар каби ҳужумчилар ушбу соврин учун яққол фаворитлар қаторида. Уларнинг сафига Эмболо, Гётце, Пизарро каби ёш ва қария "снайпер"ларни қўшиш мумкин.
Роберт Левандовски, Мюллер ва Обамеянг учун бу йилги мавсумда бундеслиганинг эски "бўриси", яъни "бўрилар" сафига келган Марио Гомес қўшилди. Буёғига ҳеч кимга осон бўлмайди.
Бундеслиганинг янги мавсуми ҳа қачонгидан ҳам қизиқарлироқ ва воқеларга бой бўлиши кутилмоқда. Бунга сабаблар етарли.
Бу чемпионатда нафақат чемпионлик, балки элитада жон сақлаб қолиш, еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун ҳам аёвсиз жанг кечади.
"Боруссия Дортмунд"нинг тажовузкор ўйинлари, "Бавария"нинг шиддаткор ҳужумларига бой баҳсларни томоша қилиш исталган футбол ишқибозини ўзига ром эта олади.
Буёғига "Бавария" клубида янги бош мураббий иш бошлади. "Бавария" мухлислари энди аввалги уч йилда бўлгани каби мақсадсиз ва зерикарли тус оладиган тўп узатмалар, тўпни назорат қилишга бўлган уринишлар ўрнига чиройли, ҳужумкор, тезликка асосланган футбол кўришлари мумкин. "Бавария" энди тўп узатмаларни сонига эмас, унинг сифатида ва фойдали эффектига кўпроқ урғу беради. Буни Анчелотти алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, "Бавария" иштирокидаги ўйинларда мухлисларни уйқуси келмаслиги табиий.
Бундеслиганинг энг қувноқ жамоаси ҳисобланган "Хоффенхайм" жамоаси иштирокидаги учрашувларни кузатини алоҳида маслаҳат берган бўлардим. Бу жамоа нафақат ўзи ҳужум қилади, балки рақибга ҳам ҳужум қилиш имкониятини кўп тақдим этиб туради. Шу сабабли ушбу жамоа иштирокидаги ўйинларда асосан кўпроқ голлар, чиройли, томошабоп ўйин кўрсатилади. "Хоффенхайм" натижа кўрсатишни зўр эплолмасада, кўпроқ мухлисларни ўйлаб футбол ўйнайди. Бу йили 29 ёшли Юлиан Нагельсманн жамоани қай тартибда ўйнатишини амалда гувоҳи бўламиз. Факт шуки, ўтган мавсумда Нагельсманн "Хоффенхайм"ни ботқоқликдан олиб чиқиб кетганди ва жамоа Бундеслигада ўз ўрнини сақлаб қолди.
Кўп гапириб юбордим, а? Кимга қандай билмадим-у, менга бундеслига стадионларида муҳит, футбол сифати кўпроқ ёқади. Ушбу чемпионатнинг ички динамикаси ҳар доим кишини ҳайратлантириб келган.
Европанинг ҳеч бир чемпионатида Бундеслигада бўлгани каби мухлислар йўқ. Бу ердаги барча 18та жамоанинг учрашувлари стадион тўла мухлислар билан ўтади. Бу эса аввало футбол безаги.
Мухлислар маданияти ҳам бу ерда анча юқори ўринда туради.
Бундеслига ўйинларининг яна бир ажралиб турадиган жиҳати бу ҳакамлар. Бу ерда ҳакамлар энг кўп тўхталиш бўладиган учрашувларда ҳам максимум 3 дақиқа қўшиб беришади. Асосан эса 1 дақиқа қўшиб берилади. "Бавария" иштирокидаги кўплаб беллашувларда, агарда мюнхенликлар ҳисобда олдинда боришаётган бўлса, унда баъзан умуман вақт ҳам қўшиб беришмайди. Агарда сиз ойнаи-жаҳон орқали футбол кўраётган бўлсангиз ва учрашувга ҳакам вақт қўшиб бермаса, унда билингки бу Бундеслига ўйини бўлади.
"Бавария" янги мавсумга шай...
Бугун тунда Бундеслиганинг навбатдаги карвони йўлга тушади. Карвон учун май ойидаги сўнгги бекат Дортмунд ёки Мюнхен бўладими? Бу саволга яхшиси, чемпионатнинг сўнгги туридан кейин жавоб олганимиз маъқул.
Демак Германия чемпионатининг янги мавсум очилик ўйини "Бавария" ҳамда "Вердер" ўртасида кечади.
Италиялик Карло Анчелотти бундеслигадаги ўзиниг дебют баҳсини украиналик ҳамкасби Виктор Скрипник бошчилигидаги бременликларга қарши ўтказади.
Бу тўқнашувда шабҳасиз "Бавария" фаворит. "Вердер" жамоаси кутилмаганда Германия Кубогининг илк раундида қуйи лига вакилидан мағлуб бўлди ва турнирдан чиқиб кетди. Бу эса "Вердер" энди бор эътиборини, куч-ғайратини чемпионатга қаратишига туртки бўлади. Виктор Скрипник олдида муҳим баҳс олдидан йўқотишлар мавжуд. Хусусан "Бавария" ҳамда "Вердер" клуби тарихидан ўрин олган Клаудио Пизарро жароҳати боис эски қадрдонларига қарши майдонга туша олмайди. Жамоага янги келиб қўшилган Макс Крузе ҳам бу ўйинда "Вердер"га кўмаклаша олмайди. Шунингдек, Филипп Баргфреде, Сантьяго Гарсия ҳам баҳсни ўтказиб юборади. Жамоа етакчиси Златко Юнузовичнинг ҳам иштироки сўроқ остида турибди.
Бу йўотишларга қарамай, Виктор Скрипник мавсумни яхши кайфиятда бошлаш учун бор кучимизни ишга соламиз, деб айтиб ўтди. "Вердер" "Альянц Арена"да "Бавария" муаммо туғдириш учун ҳаракат қилади.
"Бавария"да ҳам йўқотишлар йўқ эмас. Арьен Роббен жароҳати боис ўйинда иштирок этолмаслиги анча аввал маълум эди. Ренату Саншеш ҳам бу учрашувда ўйнамайди. Тьяго Алькантара ва Хаби Алонсо жароҳатларидан фориғ бўлишган ва бугунги баҳсга тўлиқ тайёр.
Янги мавсум янги қиёфаларни, янги номларни, янги кашфиётларни тақдим этишига шубҳа йўқ. Бундеслига ўйинлари орқали ҳақиқий футбол завқини ҳис этиш учун албатта бу ўйинларни томоша қилмоқ даркор.
Янги мавсум ўтказиб юборманг!
Бундеслига, 1-тур.
26 август.
"Бавария" - "Вердер"
27 август.
"Аугсбург" - "Вольфсбург"
"Гамбург" - "Ингольштадт"
"Айнтрахт" - "Шальке"
"Кёльн" - "Дармштадт"
"Боруссия Дортмунд" - "Майнц"
"Боруссия Мёнхенгладбах" - "Байер"
28 август.
"Герта" - "Фрайбург"
"Хоффенхайм" - "РБ Лейпциг"
Бундеслигани "www.Aleziya.com" сайти орқали ҳам кузатиб боришингиз мумкин.
Hallo Fußball!
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии