RU

Последние новости

20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  1 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  1 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  0 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  2 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  1 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  6 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3 15:58Балотелли январь ойидаёқ "Женоа"ни тарк этиши мумкин  2 15:44Винисиус "Реал"дан Мбаппе даражасидаги маош талаб қилмоқда  8 15:00Championat.asia ходимлари томонидан йил давомида эълон қилинган мақолалар  5 14:30"Ливерпуль" ҳимоячиси "Реал"га ўтмоқчи  5

"Гуллар шаҳри"га саёҳат нимаси билан ёдда қолди? Новости

"Гуллар шаҳри"га саёҳат нимаси билан ёдда қолди?

Наманган вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги нишонланди.


Ўзбек футболининг 110 йиллиги доирасида навбатдаги саёҳатимиз Наманган вилоятига бўлиши лозим эди. Водийга оёғимиз ердан узилган ҳолда борадиган бўлдик. Тонгги рейсга улгуриш учун доимгидек будилнигимга шарафли вазифани топширдим. Шунга қарамай, туғилган ўлкамдаги қўшнимиз таъкидлаганидек, битта коптокнинг ортидан 22 киши қувиб юрадиган спорт турига оид юмушларим кўплиги боис, ўша лаҳзаларда эртакдаги маликалардан-да роҳатлироқ кўринадиган уйқумдан воз кечишга мажбур эдим. Ёнимда шерикларим юқорига қараб ётганча, чарчаган одам томонидан ижро этиладиган икки бўғинли мусиқани такрорлаётган бир пайтда бугунги ишни эртага қолдирмаслик мақсадида ноутбукимни ҳам мизғиб олишига йўл қўймадим. Ҳаттоки пинакка кетмаслик учун "Жаноб Бин" образи билан машҳур инглиз актёри Роуэн Аткинсон томонидан гугурт чўплари иштирокида синовдан ўтказилган усулни ҳам тажриба қилиб кўрмоқчи бўлдим. Хайриятки, ишимни битказдим, дам олишга ҳам, аэропортга вақтида боришга ҳам улгурдим. Тайёрагоҳда доимгидек туристлар, шунингдек, "Бегона баҳор" фильмида рол ижро этган, қўшиқлар ҳам куйлаган Анвар Собиров ва яна бир қанча санъаткорларни учратдим. Биз парвоз қиладиган "темир қуш" Фарғонага қўнар экан. У ердан эса автобус орқали манзил томон йўл олдик. Йўл-йўлакай чала қолган уйқуни давом эттириб, қолаверса, далада жавлон ураётган деҳқонларни, кимдир келиши учун бўлса керак, қўл текказилмаган баъзи пахта далаларини кузатиб, қўшни вилоятга етиб олдик. 

Вилоятга келгач, наманганлик футбол фахрийларини йўқладик. Дастлаб Анвар Боқиев хонадонига ташриф буюрдик. Хизматдаги автомобиллардан тушгач, Боқиевнинг хонадони сари қатор бўлиб қадам босдик. Фахрийлар расмий кийимда эди. Таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев "Бу юришимиз куёвнавкарга ўхшади, ўртада юрган галстукли Тўлаган ака куёв бўладилар", дея ҳазиллашди.

Анвар Боқиев фаолиятининг асосий қисмини Жиззахнинг "Звезда" клубида ўтказган. Ушбу жамоа СССР чемпионатининг Биринчи лигасида иштирок этган. Кейинчалик Наманган бир неча жамоаларида тўп тепган. 

У кишига совғаларни топшириб, энди қайтмоқчи бўлиб турганимизда, яна бир нуроний отахонга дуч келдик. 85 ёшли Камолхон Жамолов ўзбек футболи афсоналари билан учрашиб, ич-ичидан хурсанд бўлиб қолди, назаримда. Айниқса, Биродар Абдураимовни кўрганидан мамнун бўлди. "Сиз ўзбек футболидаги "Пеле"сиз, деди Камолхон Бобо. — 77-йил болаларимни уйда қолдириб, сизнинг ўйинингизни кўраман деб Москвага борганман".

Шундан сўнг яна бир футбол фахрийси Рашид Убайдуллаев хонадони сари йўлга отландик. Рашид Убайдуллаев фаолиятининг бутун қисмини ўзи туғилиб-ўсган вилоят клубдарида ўтказган. "Текстильшик" жамоаси бунга мисол бўла олади. Ҳатто Ўзбекистон терма жамоасига ҳам чақирилган экан.

У кишининг ҳам уйи томон борар эканмиз, бир гуруҳ одамларнинг келаётганини кўриб, ён қўшнилари "Тинчликми", дея ҳайрат билан тикилиб қолишди. 

Сўнгра Наманган вилояти 1-сонли футбол академиясида замонавий футзал залининг очилиш маросими ўтказилди. Тадбир давомида футбол фахрийлари бўлажак "қалдирғочлар"га омад тилади. Жумладан, Биродар Абдураимов етук футболчи бўлиш учун машаққатли меҳнат қилиш лозимлигини таъкидлади. Тўлаган Исоқов ҳам Абдураимовнинг фикрини давом эттирган ҳолда унинг фаолиятини мисол қилиб келтирди ҳамда "Абдуримов СССР чемпионатида 100 дан ортиқ гол урган. Сурангларчи, шундан 50 тасига ким пас берган", — дея болаларга қувонч бағишлади. Кузатув давомида махсус чиқарилган баннерда ўтмишдаги "Пахтакор" либосидаги Исоқовнинг суратини кўриб қолдик. Ёш, жишоатга тўла футболчига кўзи тушган ЎФА ходимларидан бири "Тўлаган ака, ёшлигингизда келишган бўлган экансиз" деса, Исоқов: "Ёшликда чиройли бўлганман, қизлар мен билан учрашиш учун навбатда туришарди", — дея жавоб қайтарди.

Ўша ерда футбол фахрийларидан Наманган хотиралари тўғрисидаги қизиқарли воқеалардан баҳраманд бўлдик.

ЎХШАМАГАН “ТАКТИКА” ЁХУД ҲИБСГА ОЛИНГАН ИСОҚОВ (Тўлаган Исоқов ҳикояси)

"Шаҳрихончи" клуби мураббийи сифатида ишлаб юрганимда, чемпионатдаги келгуси рақибимиз бўлган наманганликларни ўрганиш мақсадида уларнинг ўйинига ташриф буюрдим. Стадионга кираётганимда, биттаси "Ока, юринг сизда гап бор", дея бир хонага обкириб қўйди. Мен "Нима бўлди ўзи, тинчликми" десам, "Қўрқманг, ҳаммаси жойида, мана бу ерда ўтириб турасиз", деди. Бир пайт қарасам, Василенко кириб келяпти. Шокир ака мухлисларга кўрсатган экан, буниям кўздан панага, шу ерга олиб келишибди. Ўйин якунлангач, бизни қўйиб юборишди. Кейин билсак, биз рақибнинг ўйинини ўрганмаслигимиз учун шу йўлни тутишган экан. "Ҳали қўлимга тушасизлар", деб ҳазиллашиб қўйдим. Наманганликларнинг бу "тактикаси" ишламади ва биз келгуси баҳсда уларни 2:0 ҳисобида мағлуб этдик.

Кейинчалик Наманган вилояти Маърифат марказида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, вице-президент Одил Аҳмедов ҳамда ўзбек футболи фахрийлари ва ОАВ вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи қисмида "Навбаҳор" клубининг захира ўйингоҳида ЎФА ҳамда Наманган вилояти фахрийлари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли ва голларга бой ўтган учрашувда жанговар дуранг қайд этилди — 4:4. 

Ушбу учрашувда ЎФА таркибида Равшан Эрматов, Одил Аҳмедовлар ҳам тўп тепди. Қолаверса, Наманган ФА таркибида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов майдонга тушди ва хет-трик қайд этди. 

Танаффус чоғида барчамизга маълум "Браво" жамоаси ўз чиқишлари билан учрашувга ташриф буюрган талаба-томошабинларни хурсанд қилди. 

Шунингдек, кулги усталари Суперлигада ким чемпион бўлиши ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси нечанчи асрда жаҳон чемпионати чиқишини Championat.asia сайтига маълум қилди. Учрашув якунлангач, томошабин болакайлардан бири жамоа сардори бўлган вилояти ҳокимидан сардорлик боғини сўради, Шавкат Абдураззоқов эса бу сўровни амалга оширди.

Наманган ФА — Ўзбекистон ФА 4:4

Голлар: Шавкат Абдураззоқов (3 та), Шуҳрат Мирхолдиршоев — Павел Соломин (2 та), Равшан Эрматов, Одил Аҳмедов

Наманган ФА: 1.Сайдулло Жабборов, 2.Салоҳиддин Холматов, 4.Илҳомжон Расулов, 15.Шерзод Жўраев, 9.Заҳриддин Акбаров, 13.Санжар Асқаралиев, 12.Рашид Ғофуров, Отабек Саматов, 20.Абдувосит Азизов, 8.Шавкат Абдураззоқов, 11.Шуҳрат Мирхолдиршоев

Захира: 16.Зафар Мусабоев, Комил Юнусбоев, 3.Сайдулло Турсунов, 5.Ғулом Обиджонов, 19.Аҳад Юсупов, 13.Усмон Асқаралиев, 17.Соҳибжон Набиев

Ўзбекистон ФА: 1.Равшанбек Маъмуров, 11.Равшан Эрматов, 7.Одил Аҳмедов, 8.Раҳмиддин Зикрияев, 10.Азамат Абдураимов, 15.Алексей Естафеев, 17.Павел Соломин, 14.Элбек Мусаев, 18.Низом Насриддинов, 3.Файзулло Шаимқулов, 6.Фаррух Ҳамраев

Захира: 2.Миржавлон Мирсагатов, 5.Александр Шапран, 21.Бинямин Муратов, 16.Тоирқул Усмонов, 13.Олим Мўминов

Якшанба кунги дастуримиз Наманган шаҳридаги "Ёш куч" стадионида болалар ўртасида байрам фестивали билан бошланди. Унда тахминан 6-7 ёшлардаги жужуқлар маҳорат машғулотларида иштирок этди. Шумтакалар гол урганда қийқириб; тўқнашиб кетганда, бир-бирлари билан аразлашиб, инсонга завқ бағишлади. Уларга ҳам эсдалик совғалари топширилди. Четга қолиб кетган бир болакай ҳам ўз насибасини ололмасдан, йиғлаб турган экан, униям мураббийлари сафга тортишди.

Шундан сўнг ЎФА делегацияси ва ОАВ вакиллари Наманган вилояти 1-сонли футбол академиясига ташриф буюрдик. Қайд этилишича, академия 2020-йилда қайта таъмирланган бўлиб, унинг ётоқхонасида 154 нафар бўлажак футболчи истиқомат қилар экан. Шунингдек, академияда 1 та катта ва 2 та кичик ҳажмадаги сунъий қопламали майдонлар, қумли футбол учун майдон ва спорт зал мавжуд экан.

Тушлик вақти Наманган ошининг мазасини татиб кўриш мақсадида анҳор бўйида жойлашган чойхонага йўл олдик. Умримиз сингари оқиб ўтаётган сув бўйидаги ўриндиқларга ўтирганимиз ҳамоноқ анҳорнинг нариги тарафида икки-уч болакай машина босиб кетганми ёки бошқа сабабданми, хуллас, оёғи рентген қилиш ҳолатига етган итни ҳалок қилиш учун атрофи бетон қопламали, шу боис чиқиш мураккаб бўлган сувга ирғатди. Шундоқ ҳам оёғи синган инсоннинг вафодор дўсти жон ҳолатда типирчилади. Бу бизнинг диққатимизни тортмай қолмади. Кўпчилик туриб, дарҳол эътироз билдирди. Хайриятки, эътирозимиз ўринсиз қолмади, ёши каттароқ киши истар-истамас олапарнинг бу дунё билан хайрлашишига йўл қўймади ҳамда ўтирганларнинг олқишига сазовор бўлди. Ўша ит кейинчалик тирик қолдими-йўқми, билмайман, лекин ўша воқеа негадир этимни жимирлатди. Болакайлардан нега бундай иш қилганини сўраганимизда, "Барибир, пичоқ тортиб юборардик", дея жавоб берди. Иштаҳамиз ҳам ювғон иштаҳага айланди.


Қуёш ҳам ўз ишини якунлаб, бола-чақасининг ёнига равона бўлаётган бир паллада, ниҳоят, ташрифимизнинг асосий воқеаси етиб келди. Coca-Cola Суперлигаси доирасида "Навбаҳор" ва "Динамо" жамоалари беллашди. Учрашувдан аввал наманганликларнинг имконияти юқорироқ баҳоланаётган эди ва якунда ҳам "Америка кашф этилмади". Учрашувдан олдин ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов ва ўзбек футболи фахрийлари барчани ўзбек футболининг 110 йиллиги билан табрикладилар. Шундан сўнг ЎФА томонидан бир қатор вилоят футболи фахрийлари тақдирланди. Уларга кўкрак нишонлари ва совғалар топширилди.

"Навбаҳор" – "Динамо" 2:0

Наманган. "Марказий" стадиони. 18:00

Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Элнур Дониёров, Шоҳнур Йўлдошев, Достон Мирзараимов

Назоратчи: Рустам Бобомуродов

Комиссар: Шерзод Ражабов

Голлар: Боян Цигер, 18 (1:0), Жамшид Искандеров, 34 (2:0)

"Навбаҳор" - 1. Ўткир Юсупов, 4. Боян Цигер, 6. Рустамжон Ашурматов, 7. Азимжон Аҳмедов (9. Владимир Козак, 75), 10. Жамшид Искандеров, 11. Жасур Яхшибоев (17. Диёржон Туропов, 40), 20. Дониёр Абдуманнопов (19. Нурилло Тўхтасинов, 65), 23. Йован Жокич, 24. Давронбек Ҳошимов, 28. Станислав Андреев, 55. Асадбек Жўрабоев (30. Александр Касян, 65)

Захирадагилар: 35. Раҳим Давронов, 2. Егор Кримец, 14. Жамшид Болтабоев, 22. Игорь Голбан, 64. Музаффар Мўминов.

"Динамо" - 1. Фарҳод Раҳматов, 6. Иброҳим Йўлдошев (77. Воҳиджон Оқбўтаев, 63), 7. Шоҳруҳбек Абдураҳмонов, 13. Жавлонбек Маликов (88. Евгений Чумак, 63), 15. Жўрабек Маннонов, 16. Бобур Мамадолимов, 17. Эркин Бойдуллаев, 18. Мехриддин Мусурмонов (11. Саҳоб Рашидов, 49), 22. Абдужамол Исроилов, 78. Элгужа Григалашвили, 87. Элнурбек Саитмуратов (21. Шоҳруҳ Маҳмудхожиев, 28)

Захирадагилар: 12. Милое Прекович, 35. Аслонбек Ахроров, 70. Ойбек Нурматов, 97. Фахриддин Алимов.

Огоҳлантириш: Иброҳим Йўлдошев (59)


Ушбу учрашув нимаси билан ёдда қолди?


Собиқ терма жамоа мураббийларининг тўқнашуви

"Навбаҳор" бош мураббийи Самвел Бабаян ҳам, "Динамо" устози Вадим Абрамов ҳам Ўзбекистон терма жамоасини бошқарганини-ю, охир-оқибат қандай натижалар қайд этганини мендан-да яхшироқ билсангиз керак. Мазкур баҳс ҳам икки "собиқ" ўртасида ўзига хос аҳамият касб этади.

Омади чопган "Навбаҳор"

Наманганликларнинг мазкур ғалаба орқали 7 очко қўлга киритди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, клубдан олдинроқда бораётган "Насаф" ва "Пахтакор" мазкур турда 2 очкодан маҳрум бўлди. Қолаверса, "лочинлар"ни таъқиб этаётган "Сўғдиёна" ҳам навбатдаги очколарини бой берди.

Тиббий ёрдам кўрсатилган ва қўполлик ишлатган ҳакам

Бошни чангаллайдиган воқеа эмасу, ёдга олса бўладиган воқеалардан бири деб айтиш мумкин. Учрашувнинг 58-дақиқасида Фирдавс Норсафаровнинг кўзига қандайдир чанг ёки гард кириб қолди, шекилли, унга шифокорлар томонидан кичик тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, орадан ўн дақиқа вақт ўтгач, Туроповга нисбатан қўполлик ишлатилди. Ҳакам футболчиларни тинчлантириш учун уларнинг ёнига борганда, Тўропов яна йиқилиб тушди. Бироқ кадрларда бизга бу ҳолат равшан кўринмагани сабабли бу вазиятга аниқ баҳо бера олмаймиз.

Мураббийлар ва футболчилар ўйин ҳақида қандай фикрда?

Самвел Бабаян: "Такрорлайман - бизга рақиблар қизиқ эмас, ўзимизнинг муаммоларимиз эса бошдан ошиб ётибди"

Вадим Абрамов: "Суперлигада жамоалар сонини ошириш лозим. Бу эса менга боғлиқ эмас"

Азим Аҳмедов: "Чемпионлик учун охиригача курашамиз"

"Динамо"га қарши ўйинда шикастланган Жасур Яхшибоев жароҳати ҳақида гапирди


Шу тариқа, Наманган сафаримиз ҳам ўз поёнига етди. Эрталаб довон оша йўлга отландик.

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика