RU

Последние новости

01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  1 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  0 00:51"Комо" Рафаэль Вараннинг трансферини эълон қилди  2 00:22"Жирона" "Тоттенхэм" форвардини ижарага олиш бўйича келишувга эришди  0 23:51"Манчестер Юнайтед" яқин вақтларда Санчонинг тақдирини ҳал қилади  0 23:21"Барселона" собиқ футболчиси "Ювентус"га ўтишга яқин  0 22:55Мбаппесиз: "Реал" АҚШдаги турне учун таркибини эълон қилди  2 22:31"Реал" 2025 йилда Трент ва Дэвис билан текинга шартнома имзолаш устида ишламоқда  4 22:06"Галатасарой" 22 млн еврога РПЛдан ўйинчи харид қилади?  0 21:23"Челси" "Реал" посбони билан шартнома имзоламайди  5 20:56Сержи Роберто "Аякс"га ўтиши мумкин. У "Барса"дан эркин агент мақомида кетади  0 20:31МЮ 25 млн евро эвазига Мазрауининг ўтиши борасида "Бавария" билан келишувга эришди  1 20:04"Атлетико" "Вильярреал" форвардига қизиқмоқда  0 19:32"Тоттенхэм" кореялик ўйинчини трансфер қилди  3 19:07Расман: "Шабаб Ал Аҳли" Азмуннинг трансферини эълон қилди  14

«Футболни сен кашф қилдингми?!» Новости

«Футболни сен кашф қилдингми?!»

Ёдингизда бор, Англиянинг камтаргина «Лестер» клуби ўтган мавсум АПЛ ва бутун дунёни ҳайратга солиб, чемпионликни нишонлади.

Энди эса Германияда «Хоффенхайм» кетма-кет муваффақиятларга эришиб, барчанинг эътиборини ўзига қаратмоқда. Биргина фарқ шуки, «Лестер»га футбол оламида донг таратишга улгурган кекса ва тажрибали мураббий - Клаудио Раньери устозлик қилади. «Хоффе»ни эса бундеслига тарихидаги энг ёш, энг малакаси кам мутахассис - Юлиан Нагельсманн бошқармоқда. Бугун Championat.com маълумотлари асосида айнан шу серғайрат мураббий ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

- Тез орада «Хоффенхайм» у учун торлик қилиб қолади, - деганди Дитмар Хопп («қишлоқилар»ни Германиянинг энг қуйи лигаларидан юқорига олиб чиққан инсон, клуб хўжайини) Юлиан Нагельсманннинг ўз жамоасида узоқ вақт қолиши мумкинлигига ишонқирамай. Негаки, 3 йил аввал Нагельсманн ўз даражасидан кўра, юқорироқ ўринга ишга таклиф қилинди: у билан «Бавария» раҳбарлари қизиқиб қолишди. Натижада Юлиан Зебенер-Штрассда шахсан Карл-Хайнц Румменигге ва Маттиас Заммер билан учрашди, Хосеп Гвардиола эса ёш мутахассиснинг қўлини қалин оғайнилардек маҳкам сиқиб қўйди. «Бавария»нинг Нагельсманнга таклифи эса қуйидагича эди: U-17 жамоасини бошқариш. Бироқ Юлиан аксарият ёш мураббийлар учун орзу саналган бу вазифадан бош тортди: «Тан оламан, таклиф қизиқарли эди. Аммо мен «Хоффенхайм»даги мақсадларимнинг ҳаммасига ҳали эришмадим. Бу клубда каминага қанчалик масъулият юклатилганини ҳис қилиб турибман. Қачондир «Бавария»дан яна таклиф тушса, нима қиламан? Агар U-7 ёки U-8 жамоасини беришмаса, албатта, ишлашга тайёрман».

Мюнхендаги суҳбатдан кўп ўтмай, Юлиан «Хоффе»нинг U-17 жамоаси билан чемпионатнинг кумуш медалларига эга бўлди. Аммо аксига олиб, бу пайтда асосий таркибнинг ишлари чаппасига кетганди. Крайхгаунинг омадсиз клуби бошқарувига эса Нагельсманндан кўра, муносиброқ номзоднинг ўзи йўқдек туюларди. Аслида у «Хоффенхайм» бош мураббийи сифатида иш бошлашни кейинроққа, шу йил ёзига режалаштириб қўйганди. Бироқ, ҳаммаси бирдан ўзгариб кетди - клуб устози Хуб Стевенс соғлиғини рўкач қилиб, қишдаёқ истеъфога чиқди. Жамоанинг ўйини эса ҳар қандай мухлисни ташвишлантирадиган даражада оқсаётганди. Февраль ойида мана шу ҳолатдаги жамоа бошқарувини қўлга олган Нагельсманн вазиятни тубдан ўзгартирди: бундеслигадан «учиб кетиш»га тайёр турган «Хоффе» мавсумни 15-ўринда тугатди. Клубнинг янги мавсумдаги кўрсаткичлари ҳам кескин яхшиланди. Мисол учун, ноябргача бундеслигада фақат «Бавария» ва «Лейпциг» клублари Нагельсманн шогирдларидан кўпроқ очко тўплашди. Энг муҳими, «қишлоқилар» шу пайтгача бирор-бир ўйинда мағлубиятга учрамай, ҳозирча 3-ўринда боришмоқда.

Нагельсманнинг фикрича, жамоадаги бундай ижобий ўзгаришларга бош сабаб - ўйинчилар билан руҳий муносабатнинг тўғри ўрнатилгани:  «Ютуқларимизнинг 30 фоизи мураббийлик иши, яъни тактикага боғлиқ, 70 фоиз муваффақият гарови эса - ижтимоий муносабат. Агар жамоанинг руҳий ҳолати жойида бўлса, тактик тайёргарлик натижа бераверади». Аслини олганда, жамоа раҳбарлари Нагельсманн янги иш бошлаган кезлари унинг футболчилар билан қандай тил топишиб кетишидан жиддий хавотирга тушишганди. Зеро, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, айрим футболчилар ёш жиҳатидан Юлиандан катта эдилар. Шу боис, мутахассиснинг ўзи ҳам жамоага таништирилаётган вақтда анчагина ҳаяжонланиб, нутқи чалкашиб кетишига бир баҳя қолганди. Энг қизиғи, Нагельсманн кейинроқ ZDF нашрига интервью берар экан, ўша ҳолатни эслаб, футболчилар билан илк мулоқотни худди севишганларнинг биринчи «расмий» учрашувларига қиёслади. Дейлик, ҳар икки ҳолатда ҳам, уялиб қолмаслик учун яхшилаб ўйлаб, кейин гапириш керак, ахир.

Ҳа, ўша ҳолат, жуда мураккаб эди. Аммо шунга қарамай, Нагельсманн ўзини йўқотиб қўймади. «Шогирдларим омадсизликдан жабр чекаётганларида, ҳар доим уларга ёрдам бера оламан. Чунки ўз вақтида бошимдан шундай кунлар ўтганки, бунақасини ҳеч кимга раво кўрмасдим», - дейди Юлиан ёшлигини эслаб. Бу ўринда ёш мутахассис ҳақ. Чунки у 20 ёшлик пайти тиззасидан орттирилган оғир жароҳат сабаб, катта футбол билан бутунлай хайрлашишга мажбур бўлганди. Устига-устак, айнан ўша кезлари меҳрибон отасидан айрилади. Хуллас, Нагельсманнинг ҳаёт аталмиш мураккаб мактабни бирдан ўташига тўғри келади: ундан ҳам мураббийлик касбини эгаллаш учун футболни таҳлил қилишни ўрганиши, ҳам оилада отаси ўрнини босиш учун елиб-югуриши талаб этиларди. Бу эса табиийки, Юлианнинг бирдан улғайиб, қариндошлари ва оила аъзолари, умуман, барча яқинларига ғамхўрлик қилишини тақозо этади.

Ҳозирги пайтга келиб, «Хоффенхайм»нинг кийиниш хонасида ҳавасга арзирли ажойиб муҳит ҳукмрон. Чунки янги бош мураббий ёзда футболчиларни мавсумга илгари кузатилмаган антиқа усулда тайёрладики, бунинг самараси ўлароқ, ўртада кучли ишонч юзага келди. Дейлик, Юрген Клопп ўз вақтида «Боруссия» футболчиларини ўрмонга олиб бориб, чодирда тунашга, яшаш учун мустақил курашишга мажбур қилгани ҳақида эшитганмиз. Нагельсманн эса жамоасини Гармиш-Партенкирхендаги тоғли курортга олиб борди ва йигитларни каньонинг ва алпинизм билан шуғулланишга ундади. Ўзи эса биринчи бўлиб, 5 метрлик чўққидан пастга сакраб, парвоз вақти сальто машқини ҳам бажарди. Тўғри, бу хавфли трюк чоғи Юлианнинг бармоғи тирналди, аммо «йигитчилик» - ҳеч нарса қилмайди. Жамоа ўйинчилари бу пайт мураббийга қанчалик ҳайрат билан тикилиб туришганини тасаввур қилаётгандирсиз? «Биз - супержамоамиз», - дейди «Хоффе» футболчиларидан бири Карим Демирбай. У «қишлоқилар» сафига ёзда қўшилди. Эътиборлиси, бу йигит узоқ вақтгача «Гамбург»да ўз ўрнини тополмагани, қолаверса, аёл ҳакам - Бибиан Штайнхаус билан боғлиқ можаролар туфайли анчагина танилиб қолганди. Бироқ «Хоффенхайм»га келганидан сўнг тубдан ўзгарди. Ҳозирги Демирбай узоқ масофаларга аниқ тўп ошириш, жарима зарбаларини қойиллатиб амалга ошириш бобида тенги йўқ футболчилардан бири. Шунингдек, Андрей Крамарич ҳам умуман бошқа футболчига айланди. Бунгача у Хорватияда ҳам, «Лестер» таркибида ҳам муваффақиятга эришолмаганди. «Хоффенхайм»даги ҳозирги Крамарич эса - энг яхши ассистент. Ижобий томонга ўзгарганлар қаторига аввалги мавсумда «мусиқачилар» «нота»сига тушолмаган Кадержабекни, нисбатан дадиллашиб қолган Бауманни, ўзига ишончи беҳад ошган Рудини ҳам киритиш мумкин. Ваҳоланки, ярим йилгина олдин бу футболчиларни ҳеч ким менсимасди. Қисқа қилиб айтганда, Нагельсманн «Хоффенхайм»ни ўзи истаган даражага олиб чиқиш учун энг аввало, жамоани жипслаштирди. Кейин эса машғулотлар жараёнига эътибор қаратди. Юлианнинг машғулотларида «Хоффенхайм» учун чинакам қаҳрамон саналадиган инсон - Ральф Рангникнинг услуби сезилади. Лекин у вақтида Томас Тухелдан ҳам кўп нарсаларни ўзлаштирган. Хусусан, худди Тухель сингари машғулотлардаги ранг-барангликка катта эътибор қаратмоқда. Бошқача айтганда, ҳозирги «Хоффе»нинг ҳеч бир машғулоти кечагисига ўхшамайди.

Нагельсманнинг бошқаларга ўхшамайдиган яна бир жиҳати - тактик чизмалар ҳақида оғиз очавермайди: «Жамоам 4-4-2 ёки 4-2-3-1 бўйича ҳаракат қилаётгани борасида ҳеч нарса айтолмайман, чунки бундай ҳолат бир ўйин давомида кўпи билан 8 марта кузатилиши мумкин, холос». Аммо ўжарлик билан «Хоффенхайм» ўйин услубини чизмага туширсак, унда 5-3-2, 3-1-4-2 ёки 3-3-4 кўринишидаги қандайдир янги тактик ечимлар ҳам юзага келади. Аслида Нагельсманн ҳам энди иш бошлаган кезлари кўпчилик қатори 4 нафар ҳимоячидан фойдаланарди. Лекин баҳорнинг ўрталарига келиб, катта таваккал билан 3 нафар марказий ҳимоячи ҳамда Варгас ва Фолланд каби икки тезкор вингерни асосий таркибга киритди.

Нагельсманн ўйин давомида қўллашни ёқтирадиган яна бир усул - «ёлғон очилиш». Бошқача айтсак, ўтган мавсум «Дармштадт» шарафини ҳимоя қилган Сандро Вагнер «Хоффе»да «қашшоқ клубларнинг Роберт Левандовскиси» ролини қойиллатиб ижро этмоқда. Дейлик, Гвардиоланинг «Бавария»сида Левандовски 2-3 рақибини чалғитиб юрар, бундан фойдаланган Томас Мюллер гол ураверарди. Худди шу жараённи ҳозир «Хоффе»да кузатасиз: Вагнернинг «очилиши» майдон марказидан Крамарич ёки Лукас Руппнинг ёриб чиқишига замин яратади. Умуман олганда, «Хоффенхайм» ҳужумида футболчилар учун мунтазам позициянинг ўзи йўқ. Дейлик, ҳужумкор ярим ҳимоячи саналган Демирбай ўнг қанотга ўтса, унинг ўрнини Жереми Тольян эгаллайди, агар асли турк саналган немис марказга қараб ҳаракатланса, Тольян чапга сурилади. Бунинг натижаси ўлароқ, «Хоффенхайм»нинг ҳужумкор 4 футболчиси деярли бир хил кўрсаткичга эга: Вагнерда 4та гол, Крамарич ва Утда 3тадан, Демирбай ва Руппда 2тадан. Бир сўз билан айтганда, ҳужумга сўнгги нуқтани бу футболчиларнинг ҳар бири қўйиши мумкин. Шу ҳолат рақибларни чўчитиш билан бирга жамоага етарлича наф келтирмоқда.

Дарвоқе, Нагельсманн шогирдларининг тўпсиз ҳаракатларида ҳам Хосеп Гвардиола услуби кўзга ташланади. Биринчидан, унинг жамоаси жуда тартибли ва ижрочилар ўзаро яқин жойлашишади. Дейлик, сўнгги ҳимоячи Фогт ва ҳужумчи Вагнер орасидаги масофа тахминан 18 метрдан ошмайди. Иккинчидан, Юлиан ҳам прессингга катта эътибор қаратади.

Эътиборга молик яна бир жиҳат, Нагельсманн услубни рақибга қараб танлайди ва зарурат туғилса, жамоасини «иккинчи рақам» остида тўп суришини таъминлайди. «Хоффе» футболчиларининг энг яхши ҳаракатлари ҳам айнан қарши ҳужумларда яққол кўзга ташланади. Буларни барчаси 29 ёшли мураббий учун чакки эмас, албатта. Аксарият янги авлод немис мураббийлари сингари Нагельсманн ҳам етарли ҳиссиётга эга. Жумладан, «Хоффенхайм» омадсиз «Байер»ни Леверкузеннинг ўзида «янчиб» ташлаган куни Юлиан «қизил» олиб майдондан чиқиб кетаётган Кевин Фолланднинг қўлига «беш»ни ташлади. Кейин эса шогирдларининг икки голини шунчалик эҳтирос билан нишонладики, Рожер Шмидт буни масхара ўрнида қабул қилиб, Юлиандан гина қилди: «Жимгина ўтир! Нима, сен жиннимисан? Ё футболни мен кашф қилганман, деб ўйлайсанми?» Ҳа, чиндан ҳам, ўшанда Нагельсманн ҳиссиётларга берилиб кетди, аммо адолат юзасидан айтганда, айнан шу мураббий туфайли ўртамиёна жамоа худди «Барселона» ёхуд «Бавария» каби тўп сура бошлади. Унинг муваффақиятлари сири оддий ва шу билан бирга фойдали: ўзгаларнинг ғояларига озгина ўзингникини қўшасан - тамом-вассалом.

Нагельсманн мана шу йўл билан омадсизликларга кўникиб қолган руҳсиз жамоани қайта жонлантирди. Ҳарқалай, ҳозирги «Хоффенхайм» - дейлик, «Бавария» билан тенгма-тенг кураша оладиган умуман бошқа клуб. Бунақасини ким ҳам ўйлабди? Ҳайратланарлиси, шунча муваффақиятнинг ортида қайсидир таниқли инсон эмас, оддийгина, камтаргина, атиги 29 ёшли тажрибасизгина мураббий турибди...

И. РАҲИМОВ тайёрлади

Рейтинг: +3   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика