Этьен Это'О, Максим Гуллит ва Исаак Дрогба: яқин ўтмишдаги афсоналарнинг болалари ўйнашмоқда! (мутолаа учун)
09 янв 03:48
Новости
Этьен Это'О, Максим Гуллит ва Исаак Дрогба: яқин ўтмишдаги афсоналарнинг болалари ўйнашмоқда! (мутолаа учун)
Клюйверт АПЛда гол урмоқда, Симеоне А Серияда ёндирмоқда, Тюрам эса Франция терма жамоасида ўйнамоқда. Йўқ, бу муқобил коинот ва 2000-йилларга қайтиш эмас. Шунчаки севимли юлдузларимизнинг ўғиллари ўсди.
Жастин Клюйверт, 24 ёш, "Борнмут"
Кичик Клюйверт "Аякс" академиясини битирганидан сўнг ҳозирча ҳеч қаерда ўз ўрнини топа олмади: ўз клуби асосий жамоасидаги икки мавсум, "Рома"даги икки йил, "Лейпциг", "Ницца", "Валенсия"даги мавсум ва эндиликда "Борнмут"даги фаолият.
Патрик Клюйвертнинг ўғли яқинда тарихга кирди: барча топ-5 лигаларида гол урган илк ўйинчи. Ва буни атиги олти мавсумда қилди! Оқланмаган умидларнинг акс эффекти.
Зиданлар: Элиас (18 ёш), Тео (21 ёш), Люка (25 ёш) ва Энцо (28 ёш)
Уларнинг барчаси "Реал" академиясини битиришди, аммо улардан икки нафари аллақачон бошқа клубларда.
Катта Энцо "Реал"дан кетганидан сўнг асосан камтарона клубларда ўйнади ва сўнгги йилларни учинчи лигадаги "Фуэнлабрада"да ўтказмоқда. Айтганча, ярим ҳимоячини машҳур уругвайлик Энцо Франческоли шарафига номлашган, у аввалига отаси билан солиштиришлардан қочиш учун она томондан фамилияси (Фернандес) остида ўйнаган.
25 ёшли Люка Зиданнинг ишлари яхшироқ: дарвозабон Ла Лигада "Райо Вальекано" сафида ўйнади, ҳозир эса Сегундада "Эйбар"нинг асосий таркибида. Ҳозирча бундан юқорига чиқмади.
Элиас ва Тео Зиданлар ҳозирча Мадрид клуби тизимида, аммо турли ёшларда: биринчиси 19 ёшгача бўлган жамоада, иккинчиси эса учинчи дивизиондаги "Кастилья"да.
Симеонелар: Жанлука (25 ёш), Жулиано (21 ёш) ва Жованни (28 ёш)
Ўғиллардан энг машҳури "Наполи"даги Жованни Симеонедир. У фаолиятини Аргентинада бошлади, аммо Италияда танилди: "Женоа", "Фиорентина", "Кальяри", "Верона" ва "Наполи" сафида голлар урди.
Жанлукага эса омад камроқ кулиб боқди: 25 ёшли ҳужумчи "Ривер Плейт"да тарбияланди, аммо фақатгина оддий клубларда ўйнади. Масалан, ҳозирда Испаниянинг тўртинчи лигасидаги "Туделано" шарафини ҳимоя қилмоқда.
21 ёшли Жулиано Симеоненинг истиқболи бор: "Атлетико" академиясидан сўнг "Сарагоса" таркибида испан Сегундасида порлади ва юқори дивизиондаги "Алавес"га ўтди. Аммо, мавсумлар оралиғида рақибнинг оёқ билан қаттиқ ташланиши оқибатида оёғини синдириб олди ва номаълум муддатга сафдан чиқди: тахминан олтидан саккиз ойгача футболдан ташқарида бўлиши тахмин қилинган.
Тюрамлар: Кефрен (22 ёш) ва Маркус (26 ёш)
Агар катта Маркус ҳақида анчадан бери етарлича билсак ("Боруссия", Мёнхенгладбах, ҳозирда "Интер"), 22 ёшли Кефрен энди-энди чиқмоқда. Аммо, у "Ницца" таркибида аллақачон юздан ортиқ ўйинда иштирок этди ва 2023 йилда Франция терма жамоасидан таклиф олди.
Ярим ҳимоячи катталар даражасида бешинчи мавсумини ўтказмоқда унга топ-клублар қизиқиш билдирмоқда: "Ливерпуль" унга даъвогар, Томас Тухелнинг шахсан ўзи "Бавария"да кўрмоқчи, "Ювентус" эса Поль Погбага ўринбосар сифатида кўриб чиқмоқда. Ҳозирча улардан ҳеч бири билан битим тузилмади, аммо ҳозир ҳам барчаси яхши кетмоқда.
Янис Хаджи, 25 ёш, "Алавес"
Кичик Хаджи фаолиятини отаси қўл остида Руминиянинг "Вииторул" жамоасида бошлаган. У "Фиорентина"даги бир ярим йилда кўзга ташланмади, "Генк"даги мавсум сабаб ўйинчини "Рейнжерс" пайқади. Шотландиядаги 3,5 йилдаги 16+21 уни ижара асосида "Алавес"га олиб келди. Испанияда эса ҳозирча 16та ўйинда 2+1.
Даниэль Мальдини, 22 ёш, "Эмполи"
Сулоланинг ёш вакили "Милан"да 2020 йилда дебют қилди ва асосий клубда Чезаре ва Паоло Мальдинидан сўнг авлоднинг учинчи рўйхатдан ўтказилган ўйинчиси бўлди. Акаси Кристиан ҳам академияда тарбия топди, аммо биринчи жамоада ўйнамади ва ёшлар даражасида чекланди.
Даниэль 2022 йилдан бери ижарада юрибди ва ҳали ҳеч қаерда ўрнини топгани йўқ. Ҳужумчи 2022/23 йилги мавсумни "Специя"да ўтказди, ҳозир эса "Эмполи"да тўп тепмоқда.
Жонатан Клинсманн, 26 ёш, "Лос-Анжелес Гэлакси"
Дарвозабон АҚШда туғилган, асосан Америка клублари академияларида шуғулланган, икки йилни эса "Грюнвальде" ва "Бавария"да ўтказган. Кейинроқ "Герта"нинг ёшлар жамоасида ҳаракат қилган, 2019/20 йилги мавсум Швейцариянинг "Санкт-Галлен" жамоасида сафида битта ўйинда дарвозани қўриқлаган.
Ўғли отасидан фарқли равишда дарвозада туради. Аммо, у аввалига ҳужумдан бошлаган: дўстининг маслаҳатига кўра позициясини алмаштирган ва уйидаги боғда шуғулланган. Катта Клинсманн янги танловни қўллаб-қувватлади, болага жуда ҳам катта босим беришни ва ортиқча солиштиришларини хоҳламади.
Жонатан 2020 йилдан бери "Лос-Анжелес Гэлакси"да, аммо у ерда асосисй таркибга кира олмади: уч йилда 17та ўйин, улардан 10таси 2023 йилги мавсумда. Дарвозабон ҳозирча АҚШ терма жамоасига қадар бормаган: турли ёш тоифасидаги жамоаларда 21та ўйин ўтказган.
Ромео Бекхэм, 21 ёш, "Брентфорд Б"
Ромео болалигидан футболга қизиқади ва "Арсенал"га мухлислик қилади. Ҳатто 2014 йилдан 2015 йилгача Лондон клуби академиясида акалари Бруклин ва Крус билан бирга шуғулланган.
Кутилмаган факт: Ромео беш йилга футболни ташлаган! У 2015 йилда теннисга ўтди ва ҳатто Энди Маррей билан шуғулланди. Катта Бекхэм ўша пайтни эслайди: "Ромео бир марта олдимга келиб ортиқ футбол ўйнашни хоҳламаслигини айтди. Бир қисмим вайрон бўлди, лекин бошқаси енгил тортди, сабаби унинг бошқа хоббилари бор ва бу мени тинчлантирди".
Барибир футболга бўлган муҳаббат кучлилик қилди: у 2020 йилда қайтди ва Дэвид Бекхэм эгалик қиладиган "Интер Майами"га йўл олди. Ромео фақатгина ўринбосарлар сафида ўйнади ва у ерда Фил Невиллнинг ўғли Харви билан рўбаро келди! Ромео 2022 йилда "Брентфорд" (яна ўринбосарлар сафига)га ижара асосида йўл олди ва 2023 йилнинг ёзига келиб янги клуби билан бир йиллик шартнома имзолади.
Харви Невилл, 21 ёш, "Лаудон"
Харви ёшлар даражасида Манчестернинг ҳар икки клубида ўйнаган ва отаси Испанияда ишлаган пайти "Валенсия"га бориб келган. Катталар даражасидаги карьераси эса тўлиқ АҚШда: "Интер Майами" (у ҳам отаси ёнига келган)нинг асосий ва ўринбосарлар таркибида ўйнаган, ҳозирда эса иккинчи лига клубида ижарада юрибди.
Кичик Невилл отасидан фарқли равишда Ирландия ёшлар терма жамоасида ўйнамоқда: ҳозирча Данияга қарши фақатгина битта ўйин. Гап авлодлар ҳақида: Фил аёли томондан барча ирланд, у томондан эса инглизлар эканлигини айтган. У ўғлининг танловидан хафа эмас: "Данияга қарши жума кунги ўйиндан сўнг ақлбоварқилмас даражада фахр туйғусини туяман".
Чарли Сэвиж, 20 ёш, "Рединг"
Кичик Сэвиж – МЮ тарбияланувчиси. Чарли ёшлар даражасида тез-тез ўйнаган, аммо асосий жамоагача етиб бормаган: у аввалига Англиянинг тўртинчи лигасидаги "Форест Грин"га борган, сўнгра учинчи дивизиондаги "Рединг" билан 4 йиллик шартнома имзолаган.
У "Рединг"да кўпроқ ўйнамоқда: асосан захирадан ўйинга қўшилади, аммо икки бор асосий таркибда кўриниш берган. Ўйинчи 2023/24 йилги мавсум 25та ўйин ўтказган.
Сэвиж Уэльс терма жамоасини танлаган ва ҳаттоки катталар жамоасигача етиб борган: у 2023 йилда "Гибралтар" (4:0)га қарши ўйинда дебют қилди. Чарли шунингдек у МЮда учрашган келган Скотт Мактоминейдан илҳом олади: "Скотт – мен учун энг катта мотивация манбаи. У ёшлар жамоасидаги ўйинчилар олдига келиб биз билан гаплашган".
Этьен Это'О, 21 ёш, "Кольядо Вильяльба"
Камерунлик бир неча испан академияларини алмаштирган, 2021 йилда эса "Бенфика"да кўрикдан ўтган, аммо илк шартномасини "Витория Гимараэш" билан имзолаган. Ўринбосарлар сафидаги бир мавсумдан сўнг Испанияга қайтди ва ҳали бешинчи лигадан юқорига кўтарилмади.
Этьен терма жамоада бир бор ўзини кўрсатди: 20 ёшгача бўлган ўйинчилар ўртасидаги Африка миллатлар кубоги-2021да Мозамбик дарвозасига дубль йўллади, аммо Камерун 1/8 финалда турнир билан хайрлашди, Это'О эса қутқара олмади. У ҳали катталар жамоасигача етиб боргани йўқ.
Исаак Дрогба, 23 ёш, "Ла Лувьер"
Кичик Дрогба ҳақида кам маълумот бор: 23 ёшли марказий ҳужумчи Франция, Италия ва Португалиянинг қуйи лигаларида ўйнаган, 2023 йилнинг августидан эса Бельгиянинг тўртинчи лигасида иштирок этувчи "Ла Лувьер" сафида ҳаракат қилади.
Андри Гудьонсен, 21 ёш, "Люнгбю"
Эйдур Гудьонсеннинг ўғли "Реал" ва "Барса"нинг ёшлари сафида ўйнаган, аммо асосий жамоага қадар етиб бормаган. Ҳужумчи Швециянинг "Норчепинге" жамоасида очилди, у ердан эса Даниянинг "Люнгбю"сига йўл олди. Кичик Гудьонсен 2023/24 йилги мавсумда 13та ўйинда 6та гол урди.
Андри ёшига қарамай Исландиянинг катталар терма жамоаси билан бирга: 18та ўйинда 5+1. Ёшлар сафида кўпроқ тўп киритган: масалан, Исландия U-17 таркибида 19та ўйинда 10та гол!
"Ҳар томонлама ривожланган ўйинчи, – дея ҳайратга тушди "Реал" ёшлар жамоаси мураббийи Мануэль Фернандес. – У ақлли футбол ўйнайди, тўп учун чуқурроқ тушишни ва жамоадошларига ёрдам беришни яхши кўради. У ўйинни талқин қилишни билиш бўйича жуда ҳам ўсди".
Жеймс Каррагер, 21 ёш, "Уиган"
Жеймс ҳам отаси каби "Ливерпуль"да бошлаган, аммо болалигидаёқ "Уиган" академиясига йўл олган. Кичик Каррагер "Латикс" билан катталар даражасидаги илк шартномасини имзолаган, аммо асосий жамоада ўйнамаган.
Футболчи "Олдхэм Атлетик"даги ижарадан сўнг "Уиган"га қайтди ва ёшлар жамоасида тер текмоқда.
Маурисио Почеттино, 22 ёш, "Химнастик"
Отаси "Саутгемптон"ни бошқараётган пайти шу клуб академиясига келди ва 2015 йилда отаси ортидан "Тоттенхэм"га ўтди. Аммо, улар кейинги клубларда бирга бўлишмади ва Маурицио 2021 йилга келибгина Лондонни тарк этди.
Кичик Почеттино "Уотфорд" ёшларидаги бир ярим йилдан сўнг Испанияга йўл олди ва ҳозирда Таррагонанинг "Химнастик" (учинчи лига) жамоасида ҳаракат қилмоқда.
Максим Гуллит, 22 ёш, клубсиз
Руд Гуллитнинг ўғли АЗда бошлади, аммо ёшлар сафида кейинчалик олдинга юрмади. Ўйинчига Эредивизининг "Камбюр" жамоаси шартнома таклиф қилди, аммо кичик Гуллит яхши ўтган мавсумнинг биринчи ярмидан сўнг тиззасидан жиддий жароҳат олди ва шу сабаб бошқа ўйнамади. У 2023 йилнинг 1 июлида "Камбюр"ни эркин агент мақомида тарк этди.
Sports.ru сайтидан Алишер Остонов таржимаси
Комментарии