Эссиз шунча гаплар…
02 дек 2015 16:24
Новости
Эссиз шунча гаплар…
Лекин яна бир ҳақиқат борки, агар у бўлмаса танқид ҳеч қачон мевага айланмайди. Бу хафсала. Аниқроғи, танқидни тўғри қабул қилиш ва айтилган камчиликларга хафсала билан ёндошиш. Бизда бу ҳозир энг катта камчиликлардан бири бўлиб турибди.
Инсон шунақа - танқидни деярли ҳеч ким тўғри қабул қила олмайди. Танқидга камида жуда оширворибсан ёки менинг шароитимни қаердан билардинг, деган жавоб қайтарилади. Деярли ҳеч ким раҳмат, камчиликларимни айтдинг, энди шунга қараб ишлайман, демайди ва бу қайсидир маънода табиий ҳолат. Аслида инсон шундай жавоб қайтаргани ҳам маъқул. Боиси, Чунки бундай характердаги инсонлар сизга эътироз билдиргани билан кейинги сафар хато қилмасликка ҳаракат қилади. Аксинча, танқидингизга муносабат билдирмаган, бехафсала инсонлардан хавотир олиш керак.
Шу йил ёзган мақолаларимнинг бирида футболимиз айрим расмийларининг фаолиятини “қоғозга ўраб” танқид қилгандим. Мақола газета ва сайтларда чоп этилгач, футболимизда фаолият кўрсатаётган бошқа бир расмий инсон қўнғироқ қилиб, фикрларим учун илиқ илиқ муносабатда эканлигини билдирди. Кейин “Нима деб ўйлайсиз, бу танқидлар таъсир қилармикан”, дея сўрасам, “Сен қоғозга ўраб танқид қилибсан, бу инсонлар очиқ танқидларни тушунмаяпти-ку?! Қолаверса, танқид қилинганини билиш учун улар ё газета ўқиши керак ёки интернетга кириб, футболга ихтисослашган сайтларни кузатиши лозим. Агар сен танқид қилган инсонлар ОАВнинг шу икки бўғинида нималар ёритилаётганидан хабардор бўлиб турган тақдирда ҳам танқидга жавоб бериши қийин эди”, - деган жавобни олдим.
Футболимиз кеча ёки бугун танқид қилинаётгани йўқ. Анча йиллардан буён танқид остига олиб келинади. Лекин ўзгаришлар деярли кузатилмаётгани ҳам айни ҳақиқат. ОАВни асоссиз танқид қилишда айблашади. Хўп, биз асоссиз танқид қилар эканмиз, айтингчи, футболимиз бу йил нималарга эришди? Даставвал, миллий терма жамоамиз Осиё Кубогининг чорак финалида курашни тўхтатди. Кейин Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этган тўрттала клубимиз ҳам гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этди. Олий лига, биринчи лига, Ўзбекистон Кубоги баҳслари ҳам одатдагидек бошланди ва якунланди. Узр, шу ерда бир ҳақиқатни тан олмасак бўлмайди, олий лига клублари мутасаддилари йил бошида келишмасликка келишиб олиб, мухлисларга “тоза” футбол намойиш қилиб беришга ҳаракат қилишди. Лекин якунда нима ўзгарди? Ҳаммаси ўша-ўша - “Пахтакор” чемпион, “Локомотив” кумуш, “Насаф” бронза ва “Бунёдкор” тўртинчи ўрин билан кифояланди. Биргина фарқ – “Насаф” кўп йиллик уринишдан сўнг Кубокни қўлга киритди. Энг ёмони, ўша кубок деб, жамоа чемпионлик курашидан четга чиқиб қолди.
Биринчи лигада нима ўзгарди? Мусобақа иштирокчилари орасида соф олий лига клублари бўлмагани туфайли “Обод” ва “Оқ-тепа”ни олий лигага чиқиш учун асосий даъвогар сифатида қаралди. Охир-оқибат шундай ҳам бўлди. Энг қизиғи, ўтиш ўйинида олий лига клуби ғалаба қозониши тахмин қилинганди ва бу тахминлар ҳам ўзини оқлади. Иккинчи босқичда жамоалар сафар ўйинларига маблағ топа олмай, бормай қўя қолишганига ҳам гувоҳ бўлдик. Демак, ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ёки биринчи босқичдан кейин “кучли саккизлик” дея эътироф қилинадиган ўринларга илина олмаган клублар лига билан бир йўла хайрлашиб қўя қолишди. Илгари жамоалар ҳеч бўлмаса пулька баҳсларида майдонга тушишарди. Энди бунисини ҳам ўтказилмади. Футболимизни ривожлантириш йўлини қарангки, жамоалар ярим йилдан кейин ҳеч қандай мусобақада қатнашишмаса?! Натижада клуб фаолиятини тўхтатиб қўя қолса?! Қизиқ-а!
Тақвим энг катта муаммоларимиздан бири десак муболаға бўлмайди. ФИФА, ОФК бир неча йиллик тақвимларни олдиндан тузиб, бизга қулайлик яратиб қўйган бўлса-да, бизникилар ҳали ҳам йўл-йўлакай тақвим тузаверади. Бу одат 2015 йил ҳам ўзгаргани йўқ. Ҳаммаси одатдагидек давом этди. Терма жамоалар сабабли йил бошидан тақвим ўзгарди. Кейин кубок ўйинлари, сўнг яна терма жамоалар. Орада Кубокнинг навбатдаги босқичига чиқиб қўйиб, тақвим тузувчиларнинг режасидан ташқари иш қилган биринчи лига клубларининг ҳам ўйинлари санасига ўзгартиришлар киритилди ва ёзнинг қоқ чилласида сунъий майдонга чиқиб тўп тепишди. Терма жамоа мураббийлар штабида ўзгариш бўлгач, яна саналар ўзгартирилди. Кубок финалидан тортиб, бир вақтда бошланиши лозим бўлган сўнгги тур ўйинларининг муддатлари ҳам исталган пайтга алмаштирилди. Ўтиш ўйини деган ортиқча ўйиннинг ўтказилиш муддатига ҳам сўнгги кунларда ойдинлик киритилди. Аниғи шуки, бу ўзгаришларнинг аксарида қайси тарафнинг манфаати турганини тушуна олмай ҳалак бўлдик.
Ҳар йили танқид қилинса-да, олий лигада ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ўтган мавсум иштирокчилар сони оширилгани кескин танқид остига олинганди, аммо расмийлар эътибор бермасликка ҳаракат қилишди. Оқибати нима бўлди? Ҳаммаси ўзгаришсиз – аутсайдерлар аутсайдерлигича қолди, ўртаҳоллар марказдан юқорига ҳам чиқмади, қуйига ҳам тушмади. Оқибатда кучли тўртлик ўз ўрнида қолди.
Айтганча, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоамиз одатдагидек Осиё чемпионатининг финал босқичига йўл олди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшларимиз жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар етиб келди. Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларининг дебютидаги муваффақиятсизликдан сўнг кетма-кет бешта ўйинда ғалаба қозониб, барчамизни хурсанд қилди. Шунисига ҳам раҳмат! Лекин шуни унутмаслик керакки, биз хўрозқанд ейдиган ёшдан ўтганмиз.
Энг қизиғи эсдан чиқибди, Ўзбекистон Кубоги ва чемпионлигини қўлга киритган жамоаларни тақдирлаш маросими ёдда қоларли бўлди. ОАВ томонидан қилинаётган танқидлар “самара” беряпти чоғи, тақдирлаш маросими йилдан-йилга “камбағаллашиб” бормоқда?! Бекорга “Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга”, демайди доно халқимиз!
Ўйлаб қаралса, футболимизда қандайдир ўзгаришларни амалга ошириш учун танқид қилишга ҳожат қолмабди. Сабаби, танқид билан иш битганида аллақачон ривожланишнинг биринчи босқичидан ўтиб бўлардик. Ёки сабзи еб бўй ўсганида қуён жирафага яқинлашиб қоларди. Қуён сабзи еб ҳеч қачон бўй борасида жирафага етиб ололмаганидек, бу кетишда футболимиз танқидлар билан бирор бир ютуққа эриша олмайди, шекилли?! Ўзгаришлар бўлиши учун энди тўртинчи ҳокимият бўлган ОАВ танқидлари камлик қилади. Бу ёғига фақат амалий чорагина ниманидир ўзгартириши мумкин. Ўша амалий чораларни футболимиз раҳбаридан кутиб қоламиз!
Фурқатбек НИШОНОВ
Комментарии