ЕЧЛ ярим финалида гол урган завод ўйинчиси Диа ҳақида
06 мая 2022 13:05
Новости
ЕЧЛ ярим финалида гол урган завод ўйинчиси Диа ҳақида
Бу ҳикоянинг ўз қаҳрамонлари бор. Улардан бири 20 ёшида пластикни қайта ишлаб чиқариш заводида ишлаган, 25 ёшида эса Чемпионлар Лигаси ярим финалида гол ура олган форвард — Булайе Диа. Қаҳрамонимиз бузилган машинаси ҳамда билакдан олинган ғалати тест сабабли академияга бора олмаган. Уэльсда тўп тепиши мумкин эди, аммо заводда ишлашни маъқул кўрган. Булайе Дианинг профессионал футболдаги йўли "ҳеч қачон таслим бўлмаслик — муваффақиятнинг калити" эканлигига ёрқин исбот десак, адашмаймиз.
• Диа 12 ёшида отаси билан "Сент-Этьен" базаси томон йўл олади, лекин етиб бора олмайди:
"Мени икки кунлик кўрикка таклиф қилишди ва бундан жуда хурсанд бўлдим. Отам билан 9:00да уйғондик ва "Рено"га қараб отландик. Қандай бўлмасин, тезроқ боришни истадик ва ҳаттоки, пулли йўл маршрутини танладик. Аммо йўлда машина бузилиб қолди. Аввалига тузатишга уриниб кўрдик, бироқ иш ўхшамагач, такси буюртма қилдик ва уйга қайтдик".
Дианинг айтишича, узоқ пайтгача машина билан оввора бўлиб қолишган ва клуб вазиятни тушунади деб ўйлашган. Лекин "Сент-Этьен" қайтадан кўрик ўтказишни рад этган. Булайе жуда хафа бўлмаган: "12 ёшда бу катта фожиа эмас. Икки кун ғамгин юрган бўлса-да, кейин унутиб юборган".
• 13 ёшли Диа иккинчи марта уриниб кўришга қарор қилди:
"Лион" академияси томон йўл олди. У ерда ғалати сабаб туфайли уни рад этишган: "Келгусидаги тахминий бўйимни билиш учун, билагимни тест қилишди. Натижа ёмон чиқди. Айтишларича, бўйим яхши ўсмас экан ва уларга керак бўлган форвард талабларига жавоб бера олмас эканман".
Ҳозир Дианинг бўйи — 1.80 см. Тўғри, "таргетмен" эмас, аммо яхши сакрай олади ва боши билан ҳам гол ура олади
• Қатор муваффақиятсизликлардан сўнг Булайе профессионал футбол ҳақидаги орзуларини бир четга суриб қўйди. Кейин эса бор эътиборини оиласига қаратди, электрик лицензиясини олди ва пластикни қайта ишлаб чиқариш фабрикасида ишлади. Диа жисмоний меҳнатни ҳурмат қилади:
"Электриклик касбини менга акам ўргатган. Бу жуда қизиқарли иш, фақат қишда ярим кунлик ишлар излаганман, ўшанда бироз қийинчиликлар бўлган. Масалан, кечаси юк ташувчи бўлиб ишлаганман".
У оғир ишда ишлар ва Франциянинг 7-дивизионида тўп тепарди — жамоада завод йигитлари йиғилганди. Бирдан ажойиб ҳодиса рўй берди — Дианинг болаликдаги дўсти уни Уэльсга чақирди:
"Бу "Эйрбас" эди, клуб Уэльснинг олий дивизионида ўйнарди. Келдим, кўрикдан яхши ўтдим, лекин яна Францияга қайтиб кетдим. Чунки оиламсиз яшаш қийин. Менинг режам француз тизими лигаси орқали профессионал даражага кўтарилиш эди".
• Қизиғи шундаки, бу нарса амалга ошди. 21 ёшида "Юра Суд" варианти пайдо бўлди — у ҳаваскор даража бўлса-да, 4-лигада ўйнарди. Диа 2017/18 йилги мавсумнинг 21 учрашувида майдонга тушиб, 15та гол урди. Кейин эса "Реймс" (Лига 1!) эътиборига тушди.
Диа тактика ва доимий машғулотларга кўникиши учун узоқ вақт керак бўлди. Қолаверса, Маненинг мақтовларидан жуда уяларди
Булайе профессионал даражада ўзини йўқотиб қўймади. "Реймс"нинг ўринбосарлар таркибидан фаолиятини бошлаган қаҳрамонимиз, аста-секин биринчи жамоага қўшилди. 2018/19 йилги мавсум 18 ўйинда 3та гол, 2019/20 йилги мавсум 24 ўйинда 7та гол, 2020/21 йилги мавсум 36 ўйинда 14та гол урди. Шунингдек, кучли (ПСЖ, "Марсель", "Ренн" каби) жамоаларга қарши баҳсларда доим яхши ўйнай олган.
Албатта, қийинчиликлар ҳам бўлган:
"Аввалига ёшларни тайёрлаш марказларидан ўтган ўйинчилар билан солиштирганда қатор жиҳатлар устида кўп ишлашим кераклигини англаб, бироз ваҳимага тушганман. Шундай бўлса-да, катта иштиёқ билан камчиликларим устида ишлай бошладим, техник жиҳатдан янгиликларни тезда ўзлаштириб олишга уринардим. Энг қийини — ҳар куни шуғулланиш эди. Жамоа билан бўлиши шартмас, асосийси ҳар куни танани яхшилашга ҳаракат қилиш. Яна бир қийин жиҳати — тактикага мослашиш. Буни ўзимда синаб кўрдим: жисмоний томондан рақобатчиларга етиб олиш, тактик томондан бу ишни амалга оширишдан осонроқ".
2021 йил ёзда энг яхши ёш юлдузлар трансфери ҳисобига кун кўрувчи "Реймс" жамоаси Диани "Вильярреал"га сотди. Клуб форвард учун 12 миллион еврога эга бўлди — энг манфаатли трансферлар бўйича иккинчи ўрин. Диа ўйинларни шиддат билан бошлади — УЕФА Суперкубогидаги "Челси"га қарши баҳсда ассист қайд этди. Бироқ клубдаги биринчи мавсум унчалик ҳам кўзга ташланмаяпти: Ла Лига 22 баҳсида 5+4. Унда жароҳатлар ва янги лигага мослашиш жараёни қийин кечмоқда. Аммо Булайенинг термага катта фойдаси тегмоқда.
Тўғри, Африка Кубогида гол уролмади, лекин тўпсиз ҳаракат ва ҳимояланишда фойда келтирди. ЖЧ-2022 саралашида эса Диа Миср дарвозасига ўта муҳим гол уришга эришди — Сенегал учун 210 дақиқалик оғир баҳсдаги ягона гол. Пенальтилар сериясида форвард майдонни тарк этиб бўлганди, аммо жамоадошлари Мисрни яна бир бор мағлуб этишди ва Африка Кубогини ҳам, ЖЧ йўлланмасини ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Диа иқтидорининг мухлисларидан бири — Сенегал термаси етакчиси Садьо Мане ҳисобланади. У Булайени 2020/21 йилги мавсум давомида билди. Ўша пайтларда ҳужумчи "Реймс" таркибида мунтазам гол ура бошлаганди:
"У Францияда узоқ ушланиб қолмаса керак. Унинг ўйинидан ҳайратдаман", — деганди Садьо.
"Бундай гапларни эшитиш ёқимли ва юрагимга қаттиқ таъсир қилди. Мен ҳақида шундай футболчилар гапираётганига ишониш қийин", — деб жавоб берган эди мақтовлар ҳақидаги саволга Диа.
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии