RU

Последние новости

10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6

Диёр Туропов: “Фаолиятимда бошқа 70 метрдан гол урмасам керак” Новости

Диёр Туропов: “Фаолиятимда бошқа 70 метрдан гол урмасам керак”

Ўтган ҳафта "Олмалиқ" ярим ҳимоячиси Диёр Туропов барчанинг тилига тушиб қолди десак янглишмаймиз.

Сабаби ўз вақтида ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтган футболчи "Андижон" билан ўйинда 70 метрда гол уришга муваффақ бўлди. Биз мухлислар талабига кўра Туропов билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

- Жиззах вилояти Ғалларол туманида туғилганман, - деб гап бошлади Диёр Туропов. Ёшлигимда барча болаларга ўхшаб маҳаллада тўп тепиб юрардим. Негалигини аниқ билмайману лекин менга фақат копток ўйнаш ёқарди, балки дадам футболчи бўлганлиги учундир. Тўғриси бошқа ҳеч нарсага қизиқмаганман. Уйимнинг орқасида стадион бор. Стадион билан уйимни биргина девор ажратиб турарди, шу боис кўп вақтимни ўртоқларим билан ўша стадионда ўтказганман.

- Қачондан футболга қатнай бошлагансиз?
- Адашмасам 7 ёки 8 ёшимдан бошлаб Ғаллаоролдаги болалар футбол мактабига қатнай бошлганман. У ердаги мураббийим Абдуғани ака эди. Лекин футболдаги биринчи мураббийим деб ўз дадам, Қаҳрамон Абдумўминовни айтган бўлардим. Сабаби дадам ўша вақтлари “Ғаллакор” жамоасида ўйнаган. Машғулотларга ўзи билан мени ҳам бирга олиб кетар эди. Машғулотни кузатиб ўтирар эдим. Футболчилар шуғулланишни тугатганидан кейин дадам билан бирга тўп тепардик.

- Профессионал фаолият “Ғаллакор” клубида бошланганми?

- Ҳа дастлаб икки йил давомида “Ғаллакор” клубида ўйнадим. 2012 йилда “Олмалиқ” ёшлар жамосига келиб қўшлганман. 2013 йилдан асосий таркибдаман.



- “Олмалиқ”қа ким чақирган?
- 2012 йилда “Олмалиқ” ёшлар жамоаси мураббийига дадам мени тавсия қилганлар. Менинг ҳаракатларим мураббийларга ёқиб қолган шекилли жамоада олиб қолишган.

“Олмалиқ” ёшлари сафида бир йил ўйнадим. Чемпионат тугаганидан кейин ким керак бўлса кейинги йиғинда ўзимиз чақирамиз дейишган. Ёшлар сафида 2 футболчини асосий таркиб йиғинига чақиришган, улар орасида мен ҳам бор эдим. Асосий таркиб йиғинига келганимда Игорь Шквирин ўз ёнига чақирганди. “Агар ўзингни курсатсанг, футбол ўйнашга қўрқмасанг жамоада олиб қоламан” деб айтган.

- Игорь Шквирин қандай мураббий?
- Игорь Анатольевич яхши мураббий, ёш ўйинчларга ишонч билдириб уларни кашф қилиш борасида танилган инсон. Игорь Шквирин мени футболчи сифатида ўсишимда жуда катта хисса қўшган.

- “Олмалиқ” жамоаси сизга нима берди?
- “Олмалиқ” ёшлигимда мен орзу қилган деярли барча нарсани берди десам янглишмайман. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ўйнадим, олий лигада иштирок этаяпман. Бу клуб менга кўп нарса берган.

- Диёр Туроповни қанот ярим ҳимоячиси сифатида билардик. Бу йил эса Шквирин сиздан бошқа жойда фойдаланмоқда...
- Ҳа бу йил қанот ярим ҳимоясида умуман ўйнаганим йўқ. Охирги ўйинларда мураббий мени ҳужумчи ортида ўйнатмоқда. Бошида бошқа жойда ўзимни ноқулай ҳис қилдим, аммо барча нарсага ўрганса бўлади. Бу позицияга ҳам кўникиб қолдим.

- Ўз вақтида Москванинг ЦСКА клуби йиғинида бўлиб қайтгансиз...

- Ҳа, ЦСКАга мен билан бирга Сардор Собирхўжаев ҳам борганди. Биз бир ҳафта давомида клуб йиғинида бўлганмиз. Менимча мураббийларга бизнинг ҳаракатлар маъқул келганди. Сабаби улар клубда қолиш учун бизга Россия фуқаролигини олишимизни таклиф қилишганди. Ўша пайтда биз ёш эдик легионер бўлиб асосий таркибда ўйнашга тайёр эмасдик. Москва клубидагилар бизга ёшлар таркибида ўйнашимизни ва тажриба оширишимизни таклиф қилишди. Бироқ Россияда регламентга кўра ёшлар жамоаларида легионер футболчи ўйнай олмайди. Шундай қилиб уларнинг таклифини рад қилганмиз.



- Мана 3 йилдан буён олий лигада ўйнаяпсиз. Нима деб ўйлайсиз хориж клубига ўтишга тайёр бўлдизми?
- Тўғриси ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. Лекин менимча хорижда ўйнашга ҳали тайёрман дея олмайман. Ҳали яна кўп ишлашим керак, тўғриси бор эътиборим “Олмалиқ”даги фаолиятимга қаратилган. Хориж ҳақида ўйлаб кўрганим ҳам йўқ.

- Матбуот орқали шу даражага чиқишингизда кимларга раҳмат айтмоқчисиз?
- “Олмалиқ” клубидаги барча мураббийлар штабига раҳмат айтмоқчиман. Шу билан бирга  “Олмалиқ” ёшларида ўйнаганимда футбол сирларини ўргатган барча мураббийларга ҳам раҳмат айтаман. Ёшлигимдаги мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдираман.

- "Андижон"га 70 метрлардан урган голингиз ҳақида сўрамасак бўлмайди. ВИДЕО
- Голимга келадиган бўлсак “Андижон” охирги дақиқаларда бор кучини бериб ҳаракат қилди ва бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтди. Бурчак тўпи вақтида уларнинг дарвозобони ҳам келган эди, ўша вазиятда тўпни шерикларим менга ошириб юборишди. Шеригим Рўзимбой Аҳмедов дарвоза бўшлигини айтди, таваккал майдон ярмига етмай туриб дарвозага зарба бердим. Тўп дарвозага аниқ борди ва гол бўлди. Бунчалик узоқ масофадан гол уриш, шунчаки ажойиб. Менимча фаолиятимда бошқа бундай гол бўлмаса ҳам керак.

- Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан қандай тассуротлар қолган?
- Жаҳон чемпионатида ўйнашни ҳар бир ўйинчи орзу қилса керак. 2013 йилдаги мундиалдан ажойиб таассуротлар қолган. Ўша чемпионат Туркияда ўтказилгани бизга жуда ҳам яхши бўлган. У ерда кўплаб ватандошлармиз бизни қўллаб қувватлаб туришганди. Бундан ташқари Ўзбекистондан ҳам 100га яқин мухлислар боришганди. Хуллас ҳар бир ўйинда биз ўзимизни уйдагидек ҳис қилардик. Гуруҳдан чиқиб Жаҳоннинг энг кучли 8 жамоаси орасига кирганимизнинг сабабларидан бири айнан мухлислар бўлган.

- Футболни тарк этишни ўйлаб қолган вақтларингиз ҳам бўлганми?
- Бундай вазият бўлган. Ёшлигимда “Пахтакор” академиясида ўқиб юрган вақтларда мени талабга жавоб бермайди деб кетказишганида шундай фикр пайдо бўлганди. Лекин дадам ва акам туфайли футболда қолишга аҳд қилганман.

- Акангиз ҳам футболчи бўлган...
- Ҳа, Бекзод Абдумўминов ўз вақтида футбол ўйнаган. “Сўғдиёна”, “Шўртан”, “Қизилқум” каби клубларда ўйнаган. Бироқ оғир жароҳат туфайли футболдан кетишга мажбур бўлган.




- Диёр Туроповнинг орзуси нима?
- Энг катта орзуим Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида ўйнаш.

- Ёшликда қайси футболига ҳавас қилгансиз?

- Кичкиналигимда Девид Бекхэмнинг ўйинларини мароқ билан кузатардим. Унинг жарима зарбалари ва ажойиб тўп узатишларига қойил қолардим.

- Демак “Манчестер Юнайтед” клуби мухлисисиз?
- Бекхэм ўйнаган пайтларда бу жамоага мухлислик қилардим. Ҳозирги пайтда Мадриднинг “Реал” клуби ўйинларини кузатиб бораман.

- Францияда ўтаётган Европа чемпионатини кузатаётган бўлсангиз керак. Мусобақа ҳақида нима дея оласиз?
- Тўғриси Европа чемпионати ўйинларини деярли кўрмаяпман. Сабаби мен мухлислик қиладиган жамоа бу Голландия. “Лолалар юрти” жамоаси Франциядаги чемпионатга чиқа олмаган. Шу боис негадир ЕВРО-2016га менда қизиқиш пастроқ.

Нарзулла Сайдуллаев

Рейтинг: +3   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика