"Динамо"нинг хатоси бугун бошлангани йўқ ёхуд клубнинг олиб бораётган тушунарсиз сиёсати
29 авг 2022 11:32
Новости
"Динамо"нинг хатоси бугун бошлангани йўқ ёхуд клубнинг олиб бораётган тушунарсиз сиёсати
Зинадан чиқасиз. Лекин биргина хато сабаб пастга тушишингиз ҳеч гап эмас. Хатони тушуниб етиб яна кўтарилганингизда аввалги хатони такрорлаш эски жойингизга тушириб қўяди.
Самарқанднинг "Динамо" жамоаси сўнгги 7 йилликда юқоридаги мисол каби бўлиб қолди. Келинг қуйидаги фактга эътибор қаратамиз.
2015 йил Суперлигадан тушиб кетди.
2016 йил Про лигада биринчи ўрин билан қайтди.
2017 йил" Динамо" 12 ўрин билан Суперлигада қолганига қарамай Про лигага тушириб юборилди.
2019 йил "қулоғи"дан тортиб яна Суперлигага олиб чиқилди.
2019 йил 14 ўринни эгаллади ва яна қуйи лигага тушиб кетди.
2022 йил клуб Суперлигага қайтди ва яна ўша ҳолат.
1. Ҳаким Фузайловга чиқиш эшиклари кўрсатилиши
Про лигада камтарин таркиб билан барқарор жамоа шакллантирган Ҳаким Фузайловга мавсум якунига "раҳмат" дея истеъфога чиқарилди. Нима учун бундай қарор қабул қилингани тушунарсиз. Энг тўғри йўл тожикистонлик мураббий ва таркибни сақлаб қолиб ишонишда давом этиш эди. Ҳар ҳолда тожикистонлик мутахассис шунча меҳнат қилиб жамоани элитага қайтарганди. Эътибор берсангиз "Динамо" Фузайловга қадар сўнгги мавсумларни барқарор ўтказмаган, мураббийлар алмашинуви, истеъфоларга мунтазам қўл уриб келганини айтиш жоиз. Фузайловнинг кетказилиши биринчи хато бўлди.
2. Роган нима учун олиб келинди ва нега хайдалди?
Суперлигага қайтган "Динамо" буёғига жамоа бошқарувини хорижлик мураббийларга топширишга қарор қилди. Предраг Роганга деярли янги таркиб берилди. Айтганимдек бари нолдан бошланди, дея оламиз. Хорижда йиғин ташкил қилиб берилди. Легионерлар таклиф қилинди. Лекин 9-турдан сўнг Роганга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилгани тушунарсиз қарор. Жамоа 9та турнинг 3тасида сўнгги сонияларда гол ўтказиб мағлуб бўлганини эсласангиз керак. Бир нарсани аниқ айтаман, "Динамо"да жамоавий ўйин шаклланишни бошлаганди. Бу иккинчи хато.
ФАРҚ. Роган бошқарувида жамоа 9та турда 6 очко ишлади ва 14 ўринда кетаётганди. Кейинги 8та ўйинда жамоа 1 очко ишлади, 14 ўрин.
3. Қутқарувчи вазифасидаги Андрей Шипилов
Рогандан сўнг клубда спорт директори сифатида фаолият олиб бораётган Андрей Шипиловга бош мураббийлик вазифаси юклатилди. Сербиялик мураббийдан қолган тишланган "нон" ўзбекистонлик мутахассисга берилди. Биринчи давра сўнггига қадар жамоа ўйини ва натижаларида айтарли бирорта ижобий ўзгариш сезилгани йўқ, 3та ўйин, 3та мағлубият. Иккинчи даврага жамоани Шипилов тайёрлади, таркибга янги ижрочилар, етакчилар қўшилди. Афтидан стартдаги "Пахтакор" билан учрашувда жамоа ўйинида бироз бўлсада мазмун пайдо бўлгандек кўринганди. Бироқ кейинги баҳсда "Насаф"дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг Шипилов ҳам жойини бўшатди, тамом.
3. Абрамов тагига олган "қозон"га келди
Бу пайтга келиб "қозон" тагига олиб бўлган, "Динамо" 7 очко билан охирги ўринга мустаҳкам жойлашиб олганди. Вадим Абрамовнинг келиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги кундек равшан. У келгунига қадар кўп нарса ҳал бўлган. Лекин Абрамов клубдаги вазиятни билиб келди, катта таваккалга қўл урди. Жамоани қутқара олмаган тақдирда, мен келгунча ҳаммаси ҳал эди, деб интервью беришини тахмин қилиш қийин эмас. Жамоа мавсум якунида Про лигага тушиб кетган тақдирда ҳам Абрамов таркибни ўзи йиғмаганини рўкач қилиб сувдан қуруқ чиқади, холос. Ҳозир янги футболчилар ололмайди. Демак қўлидаги бор таркиб билан нимадир қилиши керак. 3та ўйин ўтди. Вазият аввалгиларидан ёмонлашса, ёмонлашяптики, яхши томонга ўзгармаяпти. буёғига фақат таваккал. Буни Карленовични ўзи ҳам тушунмоқда. У ҳали жамоавий ўйин шаклланмаганини айтди. Хўш, бўлмаса нима учун клуб иши кўринаётган Роганни истеъфога чиқарди? Фактларга таянсак мавсум давомида мураббий ўзгариши "Динамо"га ҳеч қачон фойда бермаган.
2015 йил. Тачмурод Агамуродов, Баҳром Ҳакимов. Якун: Про лига.
2016. Илҳом Шарипов. Якун: Суперлига йўлланмаси.
2017. Олег Тюлкин. Якун: Суперлигада 12 ўрин .
2019. Даврон Файзиев, Тачмурод Агамуродов. Якун: Про лига
2020. Тачмурод Агамуродов, Равшан Аҳмедов, Сергей Лушчан, Жасур Ҳамроев. Якун: Про лигада 3 ўрин
2021. Ҳаким Фузайлов. Якун: Суперлига йўлланмаси.
2022. Предраг Роган, Андрей Шипилов, Вадим Абрамов. Якун?
Самарқандликларнинг кейинги 5та турдаги рақиблари
18-тур "Локомотив"
19-тур. "Нефтчи"
20-тур. "Олимпик"
21-тур. "Навбаҳор"
22-тур. "Металлург"
Тўғри олдинда ҳали ўйинлар етарли. Балки Абрамов нимадир ўйлаб топар. Бироқ вақт ўтиб боряпти. Очколар йўқотилмоқда. Бу эса "Динамо"нинг имкониятларини кескин камайтиряпти.
Комментарии