Coca Cola Суперлигаси. Стадионлар ёритиш тизими қандай? "Сурхон" ва "Қўқон-1912" энг сўнгги ўринда
30 июн 2020 11:25
Новости
Coca Cola Суперлигаси. Стадионлар ёритиш тизими қандай? "Сурхон" ва "Қўқон-1912" энг сўнгги ўринда
Жорий йилдан эътиборан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Про лига клубларининг ҳам барчасини мазкур жараёнга жалб этган ҳолда клубларимизнинг умумий инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаб бориш, Про лига иштирокчиларини ташкилий тузилма жиҳатидан Coca Cola Суперлига вакилларига яқинлаштириш амалиётини жорий этмоқда.
Лицензиялаш Регламентига асосан клуб уй ўйинларини қабул қиладиган стадион ОФК ва ЎзПФЛ тасарруфидаги клублар мусобақаларини ўтказадиган стадионлар учун махсус қоидаларда кўрсатилган талабларга жавоб бериши шарт саналади.
Хусусан, Стадионлар тўғрисида Низомда белгиланганган энг муҳим жиҳатлардан бири – бу стадионда қониқарли ёритиш тизимининг таъминлангани саналади. Зеро ёруғлик даражасининг юқори бўлиши ўйинни бевосита стадиондан кузатадиган мухлисларга, шунингдек майдондаги вазиятларни ёритиб борувчи фотосуратчиларга қулайлик яратади, қолаверса учрашув телетрансляцияси янада сифатли бўлишини таъминлайди.
Стадионлар тўғрисида Низомда стадион минимал талаб қилинган горизонтал ёруғлик даражаси камида 1200 люкс бўлган ёритиш тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим экани белгиланган.
Мавсум олдидан стадионнинг ёритиш гувоҳномаси тақдим этилади. Лекин ЎзПФЛ мавсум давомида ҳам стадионлар ёритиш тизими талаб даражасида сақланиб турганини текшириб боради. Coca Cola Суперлиганинг ортда қолган турлари давомида юқори дивизионимиз клубларининг уй ўйинларини ўтказадиган стадионларида ёритиш тизимини ўлчаш ишлари олиб борилди.
Унга кўра, ёруғлик даражаси энг баланд ёритиш тизимига эга стадион “Бунёдкор” ўйингоҳи бўлиб турибди. “Бунёдкор” футбол клуби уй ўйинлари ўтказиладиган стадионда ёруғлик даражаси ўртача 1900 люксни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Навоийдаги “Ёшлар” спорт мажмуаси, “Бухоро” стадиони, Қарши ва Намангандаги “Марказий” ўйингоҳлар, “Сўғдиёна”, “Пахтакор” ва “Локомотив” стадионларида ҳам ёруғлик даражаси талаб даражасида.
Суперлига клублари стадионлари ёритиш тизими кўрсаткичлари
№ | Клуб | Стадион | Ўртача LUX ўлчами | Ўлчанган сана |
1 | БУНЁДКОР | “Бунёдкор” | 1900 | 25.06.2020 |
2 | ҚИЗИЛҚУМ | “Ёшлар” спорт мажмуаси | 1700 | 13.06.2020 |
3 | БУХОРО | “Бухоро” | 1600 | 25.06.2020 |
4 | НАСАФ | “Марказий” | 1500 | 14.06.2020 |
5 | НАВБАҲОР | “Марказий” | 1500 | 19.06.2020 |
6 | СЎҒДИЁНА | “Сўғдиёна” | 1500 | 14.06.2020 |
7 | ПАХТАКОР | “Пахтакор” | 1400 | 14.06.2020 |
8 | ЛОКОМОТИВ | “Локомотив” | 1300 | 17.06.2020 |
9 | АГМК | ОКМК спорт мажмуаси | 1000 | 19.06.2020 |
10 | МЕТАЛЛУРГ | “Металлург” | 900 | 26.06.2020 |
11 | МАШЪАЛ | “Б. Вафоев” | 200 | 15.06.2020 |
12 | АНДИЖОН | “Соғлом авлод” | 200 | 20.06.2020 |
13 | СУРХОН | “Сурхон” спорт мажмуаси | 100 | 14.06.2020 |
14 | ҚЎҚОН-1912 | “Марказий” | 100 | 18.06.2020 |
Олмалиқ ва Бекободдаги стадионлар ёритиш тизими эса узоғи билан бир йил муддатга бериладиган ёритиш гувоҳномасида тақдим этилган кўрсаткичлардан бироз пастлагани, ёритиш тизими қайта созланиши лозим экани маълум бўлди. Зеро майдондаги 15 та нуқтада олиб борилган ўлчаш ишлари ёруғлик майдоннинг турли нуқталарига турлича тушаётганини кўрсатди.
Муборакдаги “Баҳром Вафоев” номли стадион, Aндижондаги “Соғлом авлод” стадиони, Термиздаги “Сурхон” спорт мажмуаси ҳамда Қўқондаги “Марказий” ўйингоҳлар ёритиш тизими эса талаб даражасидан анча паст. Бу борада мазкур стадионларда уй учрашувларини ўтказадиган клубларга ёритиш тизимини талаб даражасига етказиш лозим экани маълум қилинди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, Осиё Футбол Конфедерацияси 2021 йилдан бошлаб қитъа миқиёсида ташкил этиладиган мусобақалар ўтадиган стадионларда ёритиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида иш олиб бормоқда.
Хусусан, эндиликда Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи ўйинларини қабул қиладиган стадионларда ёруғлик даражаси 1800 люксдан кам бўлмаслиги талаб этилади. Бу кўрсаткич ОФК кубоги гуруҳ босқичида 1400 люксни ташкил қилади.
Шу боисдан халқаро мусобақаларда қатнашишни ўз олдига мақсад қилган клубларимиз ҳам келаси мавсумга қадар стадион ёритиш тизимини янада яхшилаш бўйича иш олиб боришлари лозим бўлади.
Келаси мавсумдан эътиборан ёруғлик даражаси 1200 люксдан кам бўлган стадионларда учрашувлар ўтказишга асло рухсат берилмайди.
Зохиржон Aкрамхонов, Клубларни лицензиялаш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи
Жаҳонгир Раҳматуллаев, Спорт иншоотлари бўйича бош мутахассис
Комментарии