Чемпионлик интригалари
20 фев 2023 10:30
Новости
Жаҳон чемпионатидан кейин ПСЖ 5 марта мағлуб бўлди ва рақобатчилар билан фарқ деярли йўққа чиқди
Парижда ПСЖ устози Кристоф Гальтье устида қора булутлар тўплана бошлади. Мундиал якунлангач ва клуб футболи қайтагнидан бери унинг шогирдлари чемпионатнинг 3 учрашувида мағлубиятга учради, мамлакат Кубогидан чиқиб кетишди, шунингдек, Чемпионлар Лигаси 1/8 финалида ўз уйларида "Бавария"га имкониятни бой беришди.
Барча натижалар, муаммолардан ташқари жамоадаги ички муҳит ҳам ҳозир унчалик яхши эмас. Юлдузлар Кристоф Гальтьенинг иш услубига шубҳа билан қарай бошлаган ва эскирган тактик ишланмалардан фойдаланишда айблашмоқда. Французнинг эҳтимолий истеъфоси ва ишсиз юрган Зинедин Зидан борлиги сабабли мавсумлар оралиғида янги бош мураббий тайинланиши ҳақидаги миш-мишлар ортиб бормоқда. Анчадан буён Зизуни ПСЖ бошқарувини қўлга олиши ҳақида гапирилаётгани туфайли, унинг ўзидан ҳам бу борада сўраб улгуришди:
"Мен ҳали ҳам мураббийлик қилишни истайман. Ҳозирча бўш вақтим етарли, лекин бу қанча давом этишини билмайман. Вақтим балки июнгача бордир, лекин барча унданда тез ўзгариб кетиши мумкин".
Бундан ташқари клубдагиларнинг можаролари туфайли вазият янада таранглашмоқда. "Монако"га қарши ўйин танаффусида Неймар ва Маркиньос ҳамда Луиш Кампуш ўртасида низо келиб чиққан. Хабар қилинишича, Кампуш ПСЖнинг ўйинидан норозилигини яширмаган ва баъзи футболчилар манзилига кескин фикрлар билдирган. Баҳсдан кейин Неймар ушбу маълумотни тасдиқлади.
Бразилияликнинг клубдаги ҳолати ҳам аввалгидагидек эмас. Футболчининг ўзи қолишни истаётган бўлсада, жамоа раҳбарияти ҳужумчини сотиб юбориш учун вариантлар излашни бошлаб юборган. Неймарнинг Парижни тарк этиш нияти йўқлигига яна бир исбот сифатида, у 6 ўйинда, жамоага ёрдами керак бўлгани учун, тўпиғи жароҳатланганига қарамай, майдонга тушганини келтириш мумкин.
Буларнинг барчаси жамоани заифлаштиради ва "Марсель", "Монако" ва ҳатто "Ланс" парижликларнинг такрор қоқилишидан умидвор бўлиши учун замин яратади. 24-турга келиб, биринчи ва иккинчи ўриндаги жамоалар ўртасидаги фарқ 5 очко — етиб бўлмас масофа эмасдек туюлмоқда. Кеча ПСЖ "Лилль" билан ўйнади ва оғир баҳсни қўшимча дақиқаларда урилган гол эвазига ўз фойдасига ҳал қилди. Олдинда "Марсель" билан тўқнашув бор. Агар очко йўқотилса, чемпионатдаги интрига янада ошади.
"Бавария" кутилмаганда чемпионликдан қуруқ қолиши мумкин
Клублар футболи қайтгач, мюнхенликлар ғалаба қозонишдан кўра, кўпроқ очко йўқотишмоқда. Бундеслиганинг 6 турида "Бавария" ҳисобида 2 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият. Эътиборлиси, бундан аввалги мағлубият сентябрда қайд этилганди.
21-турда мюнхенликлар Гладбахнинг "Боруссия"сига қарши тўп тепишди. 2011 йил ёзидан буёғини ҳисоблайдиган бўлсак, тенгликни кўришимиз мумкин эди. Бироқ энди ўзаро тўқнашувларда гладбахликлар етакчилик қилишмоқда. Улар яна "Бавария"ни енга олишди.
Йўқотилган очколарни инобатга олсак, интрига ошиб бормоқда. Амалдаги чемпионга қаршилик қилаётган "Унион" ва Дортмунднинг "Боруссия"си орзуси анча реаллашиб бораётганидан руҳланиши мумкин. Улар ажойиб спорт формасида ва ва чемпионат рестартидан кейин мағлуб бўлишмади. Натижада ҳар икки жамоа "Бавария"га етиб олди. Чемпионат якунигача ҳали анча бор ва бу вақт оралиғида кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин.
Аммо "Бавария" ҳар қандай ҳолатда ҳам чемпионлик учун асосий фаворитлигича қолаверади. Қишда клуб таркибини бирмунча кучайтириб олди. Жароҳатланган Ману Нойер ўрнига Ян Зоммер, ҳимояга "Аякс"дан ярим йилга Блинд олиб келинди ва "Сити"дан Канселу сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олинди.
"Арсенал" ва "Манчестер Сити" ўртасидаги кураш ҳали олдинда
Англияда нафақат еврокубоклар йўлланмалари учун, балки чемпионат етакчилиги учун ҳам жиддий кураш кечмоқда. "Канонирлар" учун охирги бир ярим ойни омадли деб бўлмайди. Жамоа 3 бор мағлубиятга учради, "Брентфорд" билан дуранг ва "Манчестер Сити" деярли етиб олди.
Очко йўқотилган ўйинлардан бири ўзаро курашда қайд этилди. "Арсенал" "Эмирейтс"да "Сити"ни енга олмади. Бир қарашда Гвардиола буёғига ўйин борасида ҳам, натижаларни ҳам яхшилаб, худди "Ливерпуль"ни ортидан қувгандагидек темп оладигандек туюлганди. Бунга футболчилар ҳам ишонди Жек Грилиш "Арсенал" билан ўйиндан кейин қуйидагича фикрларни билдирди:
"Менимча, энг яхши ўйинимизни кўрсата олмадик. Тан олиш керак, "Арсенал" яхшироқ ўйин кўрсатди. Одамлар охирги йилларда "Сити"нинг албатта қандайдир ғалабали серияларига гувоҳ бўлиб ўрганиб қолишган. Шунга ўхшаш ҳолат ЖЧ-2022дан кейин ҳам юз беришини умид қилгандик. Биз баъзи ўйинларда очко йўқотдик, лекин буёғига барчаси яхши бўлади деб ўйлайман – ғалабали серия бошланиш арафасида, буни сезяпман".
24-турда лондонликлар бахтига фарқ ошди "Арсенал" "Астон Вилла" билан баҳсда камбэкка эришди, "шаҳарликлар" эса кутилмаганда Ноттингемда очко йўқотишди. Қизиқ томони "Сити" бу мавсум баъзи муаммоларга дуч келмоқда. Фақатгина бир марта ғалабали серия 3 та ғалабагача борди – кузнинг ўрталарида. Шундан буён ғалабали одимлар 2 ўйиндан ошмаятпи, юзага келган вазиятда эса Пеп шогирдлари очко йўқотишлари мумкин эмас.
Бугунги кунда "канонирлар" "Сити"ни 2 очкога ортда қолдиряпти ва 1 та ўйин захирасида бор. Анчадан буён захирада қолиб келаётган ўша ўйин ҳам кейинги ҳафта ўтказилиши режа қилинган. Февраль охирида жамоалар ўтказган ўйинлари сони тенглашади ва йўқотилган очколарни ҳисоблашга ҳожат қолмайди. Яқиндагина орадаги фарқ жуда катта эди, кейин кўз очиб-юмгунча "Сити" рақибга етиб олди ва кимлар учундир чемпионликни илиб ҳам кетганди. Бироқ яна 1 тур ўтиб, энди "Арсенал" эҳтимолий 5 очко фарқ билан етакчи. Бу курашда ким ғолиб бўлиши осонликча аниқланмайдиганга ўхшайди.
Нозима Тўхтамирзаева таржимаси
Комментарии