Championat.asia Виталий Денисовдан узр сўрайди
29 янв 2019 12:00
Новости
Championat.asia Виталий Денисовдан узр сўрайди
Championat.asiaда чоп этилган мақолалардан бирида айни пайтда Россиянинг "Крилья Советов" клубида тўп тепаётган футболчимиз ҳақида нотўғри маълумот кетган.
Мақоладан парча келтириб ўтамиз: "Виталий Денисов нима учун МТЖга чақирилмай қўйилди? Сабаби у Купернинг 5 кунлаб меҳмонхонада ётиш кераклиги бўйича кўрсатмасига қарши чиқди. МТЖ футболчилари профессионаллар, улар маъсулиятни ҳис қиладилар. Кечқурун бирон ерга бориб ичиб ўтирмайдилар. Шундоқ ҳам 5 ойда бир Ўзбекистонга келсанг-у, оиланг, яқинларинг даврасида бўлмай майхонага бормайсан-ку! Денисов шу бугунги ҳолатида Зотеевдан ҳам, Сайфиевдан ҳам кучли. Тағин ҳам Зотеев чидаб берди!"
Мақола сайтда эълон қилингач, орадан кўп ўтмай Виталий Денисов биз билан алоқага чиқди. У "Крилья Советов" билан Абу Дабида йиғин ўтказаётган экан. Биз эса Дубайда эканимиздан фойдаланиб футболчи билан учрашиш учун Абу Дабига йўл олдик ва мақолада келтирилган фикрга аниқлик киритишга ҳаракат қилдик.
Футболчи билан учрашганимизда у бизга аслида ҳеч қандай гап бўлмаганини, терма жамоа бош мураббийи Эктор Купернинг қарорларини асло муҳокама қилмаслигини маълум қилди. Денисов шунингдек, ФИФА кунларида ташкил этиладиган йиғинлар пайтида футболчиларни меҳмонхонага йиғиш унинг учун янгилик эмаслигини, ҳамма биргаликда бўлса жамоа янада аҳил бўлишини ҳамда бўлажак ўйинларга шу орқали пухта тайёргарлик кўрилишини айтиб ўтди.
Ўз навбатида биз ҳам Виталий Денисовни диққат билан эшитдик. Унинг қанчалик профессионал эканини биламиз. Денисов - бош мураббий қарорини ҳурмат қиладиган футболчилардан бири. Умид қиламизки ҳимоячи ҳали кўп йиллар давомида Ўзбекистон терма жамоасига фойда келтиради.
Яна бир бор сайтимиз номидан мақолада келтирилган асоссиз гаплар учун Виталий Денисовдан узр сўраймиз.
Комментарии