"Бу ердаги шароит Суперлиганинг кўп клубларида йўқ. Беш йилдан кейин ўзимни АПЛда тасаввур қиляпман" - "Олимпик" футболчиси Даврон Анваров билан интервью
16 ноя 2021 16:18
Новости
"Бу ердаги шароит Суперлиганинг кўп клубларида йўқ. Беш йилдан кейин ўзимни АПЛда тасаввур қиляпман" - "Олимпик" футболчиси Даврон Анваров билан интервью
Жорий мавсум ҳам бундан мустасно эмас. Ўтган йили "Металлург"да асосий таркибда катта футболда дебют қилган Даврон Анваров ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Андрей Шипилов бошқарувида бекободликлар сафида бир қанча янги иқтидорлар бош жамоада дебют қилди, Даврон Анваров ҳам шулар жумласидандир. Бу мавсум иккинчи даврасини "Олимпик"да ўтказаётган футболчи Тошкентда ўтган U-23 Осиё чемпионати саралашида ҳам ўзини кўрсатди. Узоқдан бериладиган зарбалар, ностандарт қарорлар, айёрона паслар рақиб ҳимоячиларини шошириб қўйди. Яқинда Даврон Анваровни суҳбатга чорладик ва бир қатор саволлар билан юзландик.
- Доимгидек футболимизда энди етишиб чиқаётган, танилаётган ёш ижрочилар билан футболга кириб келиши ҳақидаги савол билан суҳбатни бошлаймиз. Шундай экан футболдаги илк қадамлар ҳақида айтиб берсангиз?
- Футболга кириб келишим Тошкент вилояти Чиноз туманидан бошланган. Биринчи мураббийим Фарруҳ Дўстмуҳаммедов ҳисобланади. Айнан улар бир йилдан сўнг "Бунёдкор" клуби академиясига олиб бордилар. Кўрикдан ўтишим натижасида мураббийларда илиқ таассурот қолдирдим шекилли, якунда қабул қилишди. Омад кулиб боқди, шундай катта академиянинг аъзосига айландим.
- Бугунги кунда кўп жамоаларда "Бунёдкор" ва "Пахтакор" академиялари орқали футболдаги илк қадамларини ташлаган футболчилар топилади. Лекин уларнинг аксарияти мураббийларга маъқул келмай ёки ўзини кўрсата олмай бошқа жамоаларга йўл олишган. Бу борада сиз ҳам қийинчиликларга дуч келганмисиз?
- Менда ҳам бу йўлда ўзига яраша қийинчилик ва муаммолар бўлган, дея оламан. Мураббийлар алмашинуви кўп юз берадиган ҳолат эди. Денис Владимирович бизни олганларида услубларига тўғри келмаганим учун "Бунёдкор"дан кетишга мажбур эдим. Ўйин амалиёти ва ўсиш учун Тошкентнинг "Спартак" жамоасида 2 йил тўп тепдим. У ерда Зокир Хайитов кўп нарсани ўргатдилар. Кейинчалик яна Денис Владимирович ортга қайтариб менга ишонч билдирдилар.
- Юқорида айтганимиздек ностандарт қарорлар ва узоқдан кутилмаган зарбаларингиз бор. Бу борада қайси футболчидан андоза оласиз? Бундай услубдаги қайси футболчининг ўйинлари ёқади?
- Ўзбек футболидан Одил Аҳмедовнинг ўйинларини кўп кузатаман. Клубдаги, Европа лигаларидаги, терма жамоадаги ҳаракатларини кўриб кўп нарса олишга ҳаракат қиламан. Қолаверса ҳозирда бутсаларини михга илган Тимур Кападзе, Азизбек Ҳайдаров, Сервер Жепаровнинг ҳам ўйинлари манзур келади. Уларга ҳавас қилиб меҳнат қилишда давом этмоқдаман.
- "Металлург" бош жамоасига жалб қилинишингиз қай тариқа рўй берди?
- "Металлург"га келишимда Отабек Ғуломхўжаевни сабабчи сифатида кўрсатаман. Терма жамоа йиғинлари пайтида бекободликлар қизиқиш билдираётганини, кўрикка боришимни айтдилар. Бу пайт мен "Бунёдкор-2" жамоасида ўйнаётгандим. "Металлург" ўринбосарларида Артём Петросян бош мураббий эди. 2018 йилдан бошлаб "Металлург" ўринбосарлари сафига бориб қўшилдим. Кейинчалик Андрей Шипилов ўринбосарлар жамоасининг ҳар бир ўйинини кўриб асосий таркибга бир неча нафар ёшларни жалб қилди. Ушбу мутахассис ёшларга кўп имконият берарди.
- Айрим клубларда бош мураббий ўринбосарлар жамоасини деярли кузатмайди. Нима, деб ўйлайсиз, бош жамоа мураббийи ўринбосарларининг ҳар бир учрашувини кузатса, ёшларга қўшимча мотивация бўладими?
- Албатта. Бош мураббийлар ўринбосарлар таркибини ҳам кузатса, ўйинларини томоша қилса ёшлар учун фойдали бўлиши шубҳасиз. Улар асосий жамоага интилиб янада кўпроқ ҳаракат қилишади.
- Ўринбосарлар яъни U-21 жамоаси билан кўп вилоятларга сафар қилиш жараёнида кийиниш хоналари, майдон, ювиниш жойлари ҳолати борасида тасаввурга эга бўлгансиз. У ерлардаги ҳолат ва аҳвол ҳақида фикрингиз қандай?
- Барча жамоаларнинг кийиниш хоналари, майдонлари ёмон эмас. Тўғри идеал ҳолат бўлмаса ҳам, футбол ўйнаш мумкин.
- Сафар ўйинларида кўпроқ нима қийинчилик туғдиради?
- Кўпроқ йўл чарчатади. Лекин биз сафар ўйинларига 1 кун олдин борамиз ва тикланиш учун вақтимиз бўлади.
- "Олимпик"ка ўтиш футболчи сифатида олдинга ташланган қадамми? Ўсишингиз учун бу жамоа қай даражада фойда беради? Таркибда рақобат қандай?
- Ўсишимга катта ёрдам бермоқда, деб ўйлайман. Чунки бу ерда ҳамма шароитлар бор. Кўпгина Суперлига жамоаларида ҳам бундай шароит йўқ. Ички муҳит яхши. Барча бир-бирига ҳурмат ва аҳил муносабатда. Ҳамма нарса кўнгилдагидек. Ҳар бир позицияда рақобат жуда кучли. Терма жамоада ҳеч кимнинг жойи кафолатланмайди. Футболда ҳамма нарса тез ўзгаради. Бугун сиз кучлисиз, ўсишдан тўхтаб қолсангиз эртага бошқа футболчи чиқади. Терма жамоада тўп тепиш учун барчада имконият бир хил. Фақат кучлилар таркибга киради.
- Тошкентда ўтган U-23 Осиё чемпионати саралаш босқичи терма жамоамизга тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Бангладеш ва Қувайт билан ўз даражамизни кўрсата олган бўлсак, Саудия Арабистони билан доимгидек муаммога дуч келдик. Улар ютиб бўлмайдиган жамоами? Аҳир кейинги йил Осиё чемпионатида Тошкентда Саудия Арабистони билан яна тўқнаш келишимиз мумкин...
- Саудия Арабистони яхши жамоа. Лекин биз улардан кучли ўйин кўрсата олишимизга ишонаман. Ҳар қандай кучли жамоага қарши ўйнаб ғалаба қозониш мумкин. Мисол тариқасида "Шериф"ни "Реал Мадрид" устидан ғалаба қозонганини кўрсата оламан. Молдова клубининг ғалабасини ҳеч ким кутмаганди. Футболда ким ютишини олдиндан айтиш қийин.
- Даврон Анваров 5 йилдан сўнг ўзини қаерда тасаввур қилмоқда?
- Беш йилдан кейин ўзимни Англия Премьер-Лигасида тасаввур қилмоқдаман. Орзуларим кўп. Меҳнат қилиш ва интилишда давом этишим кераклигини тушуняпман. Мақсад сари тўхтамай ишлаш зарур.
- Сизнингча жорий йилги мавсум кашфиёти ким?
- "Насаф" ҳужумчиси Хусайин Норчаев
- 20 ёшдан ошган футболчиларни ёш дейиш тўғрими?
- Йўқ, бу нотўғри нарса. 20 ёшдан ошган футболчиларни ёш, деб бўлмайди.
Абдулазиз Искандаров
Комментарии