Бразилиялик Роналдонинг келиб чиқиш тарихи. 1-қисм
24 янв 2019 22:05
Новости
Бразилиялик Роналдонинг келиб чиқиш тарихи. 1-қисм
Ёш Роналдо шунчалар ажойиб эди
Роналдонинг иқтидори шу қадар ҳайратланарли эдики, 1992 йил “Сан-Кристован” жамоаси бош мураббийи Роберто Галиаоне шу сўзларни айтган эди: ”Биз "Крузейро"га бир болани бердик. У Бразилия термасининг буюк ҳужумчиси бўлади. У албатта, 1998 йилги Жаҳон Чемпионатида ўйнайди. Унинг исми Роналдо”.
Шундай ҳам бўлди, ҳатто ундан ҳам ажойиб. Роналдо фаолиятини шу даражада муваффақиятли бошладики, 1994 йилги мундиалда иштирок этди, 1998 йил эса дунёнинг энг яхши футболчиси бўлди. 1994 йил АҚШдаги Жаҳон Чемпионатидан сўнг, у ҳамюрти Ромарио тавсияси билан ПСВга ўтди. “У ўзга сайёраликка ўхшарди. У билан йўлларимиз Голландияда кесишди. У соатига 3000 километр тезликда ҳаракатланарди. Фаолиятининг сўнгида ҳам, жароҳатидан кейин ҳам майдондаги ҳар қандай ўйинчидан 10 баробар тезроқ югурадигандек кўринар эди.”, — деб ғурурланди Клариенс Зейдорф.
Роналдо ПСВ таркибида УЕФА Кубоги доирасида “Байер Леверкузен”га қарши баҳсда энг яхши ўйинини ўтказганди. Учрашувдан сўнг “Байер” бош мураббийи Руди Фёллер шок ҳолатида шундай деган: “Мен ҳеч қачон 18 ёшли болакайнинг бундай тез ҳаракатланганини кўрмаганман”. Ўшанда якуний ҳисоб "Байер" фойдасига 5:4 бўлган эди.
Учрашув Роналдо учун ёрқин тарзда ўтди. У хет-трик қилишга муваффақ бўлди. Лекин гап фақат голларда эмас. Мисол учун, бир вазиятда, ўнг қанот ҳимоячиси унинг ортидан келиб тўпга ташланди. У эса тўпни чап оёғининг ташқи томони билан кўтариб ҳимоячи яқинига ташлади, уни қувиб ўтди ва ажойиб “юриш”ни амалга оширди. "Ўша пайтларда Роналдонинг кимлигини бутун Европа билиб олди”, — дея ёдга олди ПСВда техник директор бўлиб ишлаган Франк Арнесен.
Голландияда ўтказган икки мавсуми давомида “сўйлоқ тиш” (лақаби) жами 58 учрашувда 54та гол урди. “Мен унинг ПСВдаги ўйинларини телевизор орқали кузатардим ва “Вау!” деб қичқирардим. Кейин эса у “Барселона”га ўтди ва биз биргаликда ўйнадик. Роналдо — мен кўрган футболчилар ичида энг ажойиб ўйинчи. У унгача ҳеч ким бажармаган ишларни қила олди”, — деган эди Луис Энрике.
"Барселона"даги 1996/97 йилги мавсум футболчи ҳаракатлари туфайли янграган "вау"лар бўйича энг яхшиси бўлган бўлса ажабмас. Уларнинг энг асосийси — "Компостела" дарвозасига урилган гол.
“Бундай голлар ура оладиган футболчини дунёнинг ҳеч қайси бир бурчагидан тополмайсиз”, — дея ҳайратланганди Сер Бобби Робсон. Ўша пайтларда мураббийлар ўриндиғида Робсон билан биргаликда ҳаммамиз биладиган Жозе Моуриньо ҳам бор эди. Эҳтимол, у шу сабабли ҳанузгача Роналдони энг зўр футболчи деса керак. “АS” нашри эса эртасига “Пеле қайтди”, — деб хабар чоп этган эди.
Ўша Роналдонинг кучли эканини Робсон ҳам, Пеле ҳам тан олган. Хусусан, 2007 йил Робсон бу ҳақида шундай дейганди: ”Мен Англия терма жамоасида Билли Райт, Жон Хейнс, Бобби Чарлтон билан ўйнаганман. Қолаверса, Терри Бутчер, Браян Робсон, Пол Гаскойн, Ромарио, Гарри Линекер, Алан Ширер каби буюк ўйинчиларни шуғуллантирганман. Жамоамда ёш Руд Ван Нистелруй, Луиш Фиго ҳам тўп тепган. Терма жамоам билан Диего Марадонанинг "барака топгур қўллари" туфайли эса ЖЧдан чиқиб кетгандим. Кўрган ва таниганларим орасида энг кучли футболчи — бразилиялик Роналдо”.
Ўша пайт “Барса”да тўп тепган Оскар Гарсиянинг айтишича клубдошлари Роналдо билан шундай ҳазиллашишарди: “Ҳеч бўлмаганда гол ургандан кейин сал секинлаш”. Бир вазиятда Роналдонинг голидан сўнг унга Гарсия яқинлашди-да, жиддий оҳангда ундан секинлашишини сўради. Алберт Саладеснинг айтишича, машғулот пайтида Роналдо 10 кишини алдаб ўтарди (баъзиларни бир мартадан ортиқ) ва гол урарди.
“Барселона” билан баҳсдан сўнг Роналдони “ақлбовар қилмас иқтидор эгаси ва ажойиб каркидон" (мураббий бу вазиятда у рақибларини йиқитиб кетишини назарда тутган бўлса керак), — деб атаган эди “Лас-Пальмас” бош мураббийи Анхель Каппа. Хорхе Вальдано эса “феномен”ни қуйидагича тарифлаган: “Роналдо ҳужумга ўтганида, худди бутун стадион ҳужумга ўтгандек бўлади”.
Ла Лига ўша мавсуми энг ғалатиларидан бири бўлган: ”Севилья” ва “Сельта”ни эса молиявий сабаблар туфайли иккинчи лигага тушириб юбормоқчи эдилар. Лекин сўнгги паллада бу қарор бекор қилиниб, чемпионатда 22 жамоа иштирок этадиган бўлди. Натижада "палапартиш календар" вужудга келди ва чемпионат июннинг ўртасигача давом этади. Терма жамоага чақирув сабаб Роналдо сўнгги уч турни ва Кубок финалини ўтказиб юборди. “Барса” эса ҳаддан ташқари бразилияликка боғланиб қолганди ва чемпионлик пойгасида мағлуб бўлди.
“Агар ўша баҳсларда ҳам Роналдо иштирок этганида, биз ғолибликни қўлга киритган бўлардик”, — деган эди Бобби Робсон. Бу фикрга “Барса”да Роналдога рақобатчи бўлган ҳужумчи Хуан Антонио Пицци ҳам қўшилган: “Мен шунчаки футболчиман, у эса бизнинг сайёрадан эмас”.
1996/97 йилги мавсумда Роналдо 48 ўйинда 45та гол уради. Бу ўша давр учун жуда юқори кўрсаткич. У пайтларда бир ўйин учун яримта гол топ натижа ҳисобланар эди. Бир ўйинда битта гол эса эришиб бўлмас натижа эди. ФИФА ҳужумкор ярим ҳимоячилар фойдасига қоидаларни ўзгартираётган, марказий ҳимоячилар кучли техникага эга бўлмаган, лекин яхши ҳимояланган, жамоалар таркиблари эса нисбатан тенг бўлган замонлар эди. Шундай вақтларда Роналдо эришган бундай юқори натижаларнинг ўзи бир мўжиза.
Роналдо келаси мавсумни “Интер”да бошлади. Ўша пайтлар Италия А Серияси сайёранинг энг кучли чемпионати эди. Лигада эса энг ажойиб ва кучли ҳимоячилар ҳаракат қилардди. Қуйида ўша пайтлар ҳимоядаги катта фигуралар бўлган футболчилар фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин. Роналдога рақиблик қилган ҳимоячиларга нақадар қийин бўлганлигини уларнинг сўзларидан тушуниб олиш мумкин.
“Мен фаолиятимни Диего Марадона билан бир жамоада бошладим. У менга жуда буюк бўлиб туюларди, лекин Роналдо ундан ҳам буюкроқ экан”, — деб эслайди Фабио Каннаваро. “Роналдо майдонда мўжиза кўрсатарди. Мен тўпни бундай катта тезликда назорат қиладиган футболчини кўрмаганман. Мен учун у футбол тарихида энг кучлиси”, — деган эди Марсель Десайи. Аллесандро Костакуртанинг фикри эса кўпроқ шикоятга ўхшаб кетади: “Биз Мальдини билан биргаликда Марадонанинг "юришлари"ни тўхтатар эдик. Лекин Роналдога келганда бу ишни амалга ошириш мушкул бўлган. У тарихдаги энг кучли ҳужумчи. Ҳаттоки, Ван Бастен ва Пеледан ҳам кучлироқ. Уни тўхтатишнинг иложи йўқ”.
Мавсум ўрталарига келиб “Роналдо дунёда тенгсизми?” деган саволни беришга ҳожат қолмаганди. Бу савол эса "World Soccer" журналида Роналдонинг сурати остида бироз бошқачароқ тарзда жойлашди: “Футбол тарихида тенгсизми?” Роналдонинг ажойиб ўйинларидан бири УЕФА Кубоги финалида “Лацио”га қарши баҳс бўлди. Роналдога қарши Неста турарди. “Парижда бўлган ўша финал — фаолиятимдаги энг ёмони. У ажойиб ўйинчи. Мен хатоларимни кўриб чиқиш учун учрашувни қайта-қайта томоша қилганман. Биз 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганмиз, лекин бунга менинг хатоларим сабаб бўлмаган. Шунчаки, Роналдони тўхтатишнинг умуман иложи йўқ эди. У шунчалар тез югурардики, майдондаги қолган футболчилар шунчаки юраётгандек эди гўё”, — дея эслайди Неста.
Зизу ўша финални телевизор орқали томоша қилган ва бир вазиятни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигини табассум билан таъкидлаган: “Мен Роналдони жуда ҳурмат қиламан, бироқ битта вазиятни алоҳида эътибор билан кузатганман. Унинг чап қанотда Нестага ишлатган финти. Мен айтаётган финт унинг ноёб иқтидорга эга эканини кўрсатади. Балки баъзилар бу финтни ижро эта олар. Бироқ Роналдодан ташқари ҳеч ким буни бундай тезликда амалга ошира олмайди. Энг қизиғи, у буни Нестага қарши амалга оширганди, менинг бувимга қарши эмас! “Интер” мураббийи Луижжи Симёне эса секин аста бундай ҳаракатларга ўрганиб кетганини айтади: “Роналдо — ажойиб иқтидор эгаси. У машина каби тезкор ўйинчи. У машғулотларда янада кучлироқ эди. Баъзида шундай вазиятлар бўлардики, кўзларимга ишонолмас эдим. У учун эса бу одат эди. Фақат у учун!”
1998 йилги мундиаль пайтида Хорхе Вальдано шундай ёзганди: “Роналдо Францияга ўз даврининг футболчиларига рақиблик қилиш учун эмас, минг йиллик ва яна кейинги икки минг йилликдаги энг кучли футболчи унвони учун курашишга келди. Финалдан олдин французлар агар Роналдо билан ҳаммаси жойида бўлса, уларга ҳеч нарса ёрдам бера олмаслиги ҳақида машғулотда баланд овозларда суҳбат уюштиришганди.
Мана сизга ўша машғулотдаги суҳбатдан парча: “Мен "Милан”да унинг жамоасига қарши ўйнаганимда, ҳаттоки тўпни кўрмаганман. Унинг қаерга ҳаракатланаётгани муҳим эмас, чунки сиз тўпни кўрмайсиз ҳам. Қани тўп? Тўп йўқ. Бу — сеҳр”, — деган эди Десайи. Тюрам эса унга қўшимча қилиб, "Сен унинг ёнида эканингда сен пастга қарашга улгурмайсан. Чунки унгача ё тўп йўқ бўлади, ёки у.”
Французларнинг бахтига Роналдо билан финалда ҳаммаси жойида бўлмади. Унинг финалдаги иштироки футбол тарихидаги энг махфий масалалардан бири сифатида қолди. Бу ҳатто Бразилия парламентида ҳам муҳокама қилинди. Ўшанда бош мураббий Марио Загалло шундай деган эди: “Тасаввур қилинг, агар у билан ҳақиқатдан ҳам ҳаммаси жойида бўлмаганда, табиийки, мен уни майдонга туширмас эдим. Натижада Бразилия ютқазарди. Агар Роналдо менинг қарорим сабаб майдонга тушмаганда, мен ҳамма нарсаларимни йиғиштириб Шимолий Қутбга кетишимга тўғри келар эди”.
Роналдонинг футбол тарихидаги ўрнини ҳаммадан ҳам Жанлуижжи Буффон аниқ ифода қилади: “Роналдо баҳслар тақдирини бир ўзи осонгина ҳал қиларди. Уни тарихдаги энг буюк футболчилардан бири сифатида эслашади. У ҳатто Пеле ва Марадонадан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин эди. Мен бахтлиман, чунки унинг фаолиятига катта таъсир қилган жароҳатни олгунга қадар, унга қарши ўйнаганман. Роналдо ўзга сайёралик эди ва ҳамма нарса қила оларди. Шундай футболчи тарихда энг кучлига айлана олмагани — ҳақиқий фожеа“. Бобби Робсоннинг айтишича, у футбол тарихида 20 ёшида бундай хусусиятга эга бўлган футболчини аввал кўрмаган экан. Замонавий футболда ҳам бундай хусусиятга эга бўлган ўйинчи мавжуд эмас. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди.
Элита турнирдаги ёш футболчилар (20 ёшгача) натижалари (топ-лига, Чемпионлар Лигаси, Европа ва Жаҳон чемпионати)
Бу расмда фақат сермаҳсуллик ҳисобга олинган ва бу Роналдо ва замонавий юлдузларнинг таққосланишига мисол бўла олади. Ҳозирги футболда ҳатто Роналдонинг нурсиз намунаси ҳам йўқ. Жаҳон Чемпионати вақтида Килиан Мбаппе баъзи ҳаракатлари орқали бразилияликни эслатиб юборди, бироқ бирибир нимасидир ўхшамайди. Тўп билан тезликда муомала қилиш бўйича Мбаппе ва Муҳаммад Салоҳ Роналдога яқинроқ даражада. Аммо уларнинг майдондаги роллари нисбатан кичикроқ, финтлардаги сеҳр даражаси — унга яқин ҳам келмайди.
Буни қуйидаги Зиданнинг фикрлари мисолида ҳам кўриш мумкин: “Роналдо — мен қарши ўйнаганлар ичида энг зўри. Унда тўп билан муомала қилишда қандайдир енгиллик бўлган. Ҳар бир машғулотда у янги ва амалга ошириш иложсиз бўлган трюкларни бажарарди. Шу ерда яхши ўйинчи ва “алоҳида” нинг фарқи билинади. Роналдо — “алоҳида” эди.
Тўғри таърифлар. Роналдонинг истеъдоди бунга арзийди. Ёшлик даврларида унинг иқтидори космик даражада эди. Унинг олдида ҳатто Леонель Месси оддий “яхши ўйинчи” бўлиб қолади. “Роналдо — тарихдаги энг зўри. У такрорланмас. У сеҳргар. Мен доим у бу ишларни қандай қилади деб ўйланганман, лекин ҳалигача билмайман. Унинг ишларини ҳеч ким такрорлай олмайди”, — бу эса Самуель Это’Онинг сўзлари эди.
Давоми бор...
Маъмуржон Ибрагимов таржимаси
Комментарии