Биринчи лига. Бугунги ўйинларда кимнинг имконияти қандай?
21 сен 2015 12:18
Новости
Биринчи лига. Бугунги ўйинларда кимнинг имконияти қандай?
16:30 - “Обод” – “Оқ-тепа”
Олий лигага чиқиш учун кураш олиб бораётган ушбу икки жамоа ўртасидаги баҳс биринчи ўрин эгаси кимлигини аниқлаб берса ажаб эмас. Сабаби ҳозирга қадар бир хил очко жамғариб, турнир жадвалида кетма-кетликда ўрин олган тошкент клублари бир-бирини очко йўқотишини кутишмоқда. Кўрамиз бугун кимнинг омади чопаркин. Ўтган йили ўзаро икки ўйинда, “Обод” мағлубиятга учрамаганини ҳам айтиш лозим. Ўз майдонидаги баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, “Оқ-тепа” майдонидан 3:3 ҳисобида дурангга имзо чеккан. Бугунги учрашувда ҳам қайсидир маънода “Обод”нинг ғалабага бўлган имкониятини юқори баҳолаш мумкин. Эхтимол “Оқ-тепа” футболчилари матонат кўрсатиб, сафардан уч очко билан қайтар. Таркиб борасида “Оқ-тепа” номдор футболчиларга эга бўлсада, лекин шунга қарамай жамоа барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти. “Обод”да эса икки йилдан буён айтарли бир хил таркиб мавжуд. Қолаверса кўпинча мутахассислар бу жамоада аҳиллик ва жамовий ўйин юқори даражада эканлигини айтишади.
Имкониятлар: 55х45.
16:00 - “Локомотив-БФК” – “Хотира-79”
Суннат Абдурасулов бошқарувидаги “темирйўлчилар”нинг бугунги баҳсда ғалабага бўлган имконияти юқорироқ, назаримизда. Асосан ёшлар билан иштирок этаётган “Локомотив-БФК” аста-секин ўз ўйин услубига эга бўлиб бораётгандек. Йўқса, “НБУ-Осиё” ва “Оқ-тепа” сингари лиганинг етакчи клубларидан очко тортиб олмасди. “Хотира-79”да эса вазият бироз бошқачароқ. Уйчиликлар иккинч босқичда “Ғиждувон” билан ўйинда ютди холос. Қолган баҳсларда қимматли очколарни бой берди. Афтидан “Хотира-79”га ўз майдонидагина ғалаба қозониш кифоядек кўринмоқда. Чунки жамоа хавфли зонада эмас. 8-ўринни олди нима-ю, 13-ўринни олди нима ақидасига амал қилаётгандек туюлмоқда. Бунги ўйин олдидан таркибда йўқотиш бўлиб – Мирзоҳид Собиров дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди.
Имкониятлар: 65х35.
Комментарии