RU

Последние новости

11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  1 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли швециялик ҳужумчи билан шартнома тузди  6 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  16 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  9 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1

Бекзод Каримов: “Футболимиз равнақи йўлида бор билим ва маҳоратимни ишга солишга тайёрман” Новости

Бекзод Каримов: “Футболимиз равнақи йўлида бор билим ва маҳоратимни ишга солишга тайёрман”

Аввал хабар берганимиздек, Андижон вилояти футбол федерациясининг вице-президенти этиб Бекзод Каримов тайинланди.
Шу муносабат билан янги раҳбардан интервью олиш мақсадида у кишининг ўзи билан боғланганимизда, янги иш жойига таклиф этди. Суҳбатимиз давомида Каримов теран фикрлари ва ҳар бир саволга атрофлича кенг тарзда ёндошиб жавоб бериши билан эътиборимизни тортди. Ўзи учун янги бўлган соҳада режалари улкан эканлигини билиб олиш қийин кечмади. Ҳали расман тасдиғини топмаган бўлсада, ўзимиз учун айрим лойихаларини айтиб ўтди. Суҳбатимиз эса унинг футболчилик давридаги фаолиятини эслаш билан бошланди.

- Футболчилик фаолиятингизни яхши биламан. Ўз вақтида “Андижон”, “Шаҳрихон”, “Пахтакор” ёшлар жамоаси ва “Бухоро”да ўйнагансиз. Келинг қарши бўлмасангиз тарихни бир эсга олсак.
- Айни ўйнайдиган ёшда бўла туриб, ўз севган касбинг билан хайрлашиш нақадар оғир эканлигини, мен каби бундай даврни бошидан ўтказган футболчилар жуда яхши билади. Миллионлар ўйини билан 8 ёшимдан буён шуғуллана бошлаганман. Дадам Андижон вилояти болалар ва ўсмирлар футбол мактабига олиб борган. У ерда мактаб директори Муҳаммадқосим Тўхтасинов ва биринчи мураббийим бўлган Абдурашид Исмоилов футболнинг илк сир-синоатларини ўргатган. Биласизми ушбу даргоҳ халқимиз учун иқтидорли футболчиларни ва шу билан бирга кўплаб яхши инсонларни тарбиялаб берган.  Профессионал клубга ўтгунимга қадар, бир қатор қийинчиликларни бошдан кечирдим. Ҳаммасини сабар-бардош билан енгиб ўтдим. 18 ёшимда биринчи лига иштирокчиси “Шаҳрихон” рўйхатидан ўтганман. Ўша пайтда таркибдаги ўйинчилар орасида энг ёши бўлганим учунми ё бошқа сабабми мураббийлар унчалик ишонч билдиришмасди. Шу йили 1987-1988 йилларда туғилган футболчилар ўртасида ёшлар терма жамоасига саралаш ўтказилди.



Ёдингизда бўлса ўшанда ёшлар терма жамоасига англиялик мураббий Тоел Коллин устозлик қилган. Мураббийлар гуруҳи мамалакатимизнинг ҳар бир вилоятидан мазкур ёшдаги энг иқтидорли йигитларни танлаб олиб, уларнинг географик жойлашувига қараб тўрт гуруҳга ажратган. 4та жамоа ўртасида кечган ўйинлардан келиб чиқиб, Тоел Коллин ёшлар терма жамоасига номзодларни саралаб олган. Хуллас водийдан Вагиз Галиулин мен ва фарғоналик Шерзод Ҳакимовни тез-тез йиғинларга жалб эта бошлаган. 2005 йили Хитойда ёшлар терма жамоаси билан йиғин ўтказиб қайтдик. Юртимизга келганимизда дадам аеропортда мени кутиб олган. Шунда “Пахтакор”нинг ҳозирги менежери Самвел Бабаян дадамга мени “Пахтакор”га таклиф этишини билдирган. Шу пайт менга “Бухоро”дан ҳам чорлов бўлётганди. Уйга қайтиб келиб ҳаммасини бафуржа ўйлаб кўрганимиздан сўнг, “шерлар” билан шартнома имзолашга рози бўлганман. Ёшлар жамоасида мен билан водийдан Одил Аҳмедов бўлган. Мураббийимиз Сергей Ковшов.

Ишонасизми ўша йиллари “Пахтакор” ёшлар жамоаси ҳам жуда кучли таркибга эга эди. Олий лигада бемалол 5-ўрин учун давогарлик қила олардик деб ўйлайман. Бемалол айта оламан, “Пахтакор” ёшлар жамоасида ўйнаб футболчи сифатида ўсишга эришдим. Жамоа билан бир қатор халқаро турнирларда иштирок этганман. Асосий таркибга кириш жуда қийин бўлган. Рақобат кучли кўриниш олганди. Лекин шунга қарамай ўша пайтда “Пахтакор”ни бошқарган россиялик мутахассис Валерий Непомняший ёшлар таркибидан Одил Аҳмедов, Мирзакамол Камолов ва мени асосий таркибда ўйнашимиз учун фурсат бўлишини айтиб, ишонч билан қараган. Адашмасам 2007 йили “Бухоро”га ижарага беришган. У ерда ҳам асосий таркибда ўйнаб кетиш осон кечмаган. Усмон Тошев ва Искандер Галиулиндан кўп нарса ўрганганман. Асосий таркиб аъзолари ичида энг кичиги мен бўлганим учун қийинчиликлар бўлган. Тушкунликка тушмасдан, фақат олдинга интилганман. Озми-кўпми “Бухоро”да асосий таркибда ўйнаб, ўз ўрнимга эга бўла бошладим.

2009 йили эса “Андижон”га таклиф этишди. Маҳаллий мухлислар она шаҳрим жамоаси учун ҳам ўйнашимни жуда хоҳлаётганини билдиришганида йўқ дея олмадим. Чунки бу ўзим учун ҳам фахр ҳисобланарди. Ёшлигимдан вилоятнинг бош жамоасида ўйнашни орзу қилганман. Футболчи учун муносиб баҳони ишқибозлар беришади. Андижонлик футбол шинавандаларини менга билдирган ишончини оқлаш учун бор кучим билан ишладим. Минг афсуски оғир жарохатлар амалда футболчи сифатида ишқибозларни олқишига сазовор бўлиш насиб этмади.  



- Айтишларича оғир жароҳатдан кейин, бутсаларингизни михга илган экансиз. Жароҳат жиддиймиди ёки бунинг бошқа сабаблари ҳам борми?
- 2009 йили “Андижон” билан Туркияда хориж йиғинини ўтказиш учун боргандик. Кунларнинг бирида адашмасам Руминия жамоасига қарши синов-назорат ўйинида майдонга тушдик. Мазкур баҳсда кутилмаганда жарохатга йўлиқдим. Оғриқлар ортда қолгач яна машғулотларни бошладим. Футболчи учун операция ҳеч нима эмас. Асосийси ундан кейин тикланиш жараёнини тўғри ўтказишдир. Кўпинча бу нарса панд беради. Менда ҳам шундай холат бўлган. 2009 йилги мавсумнинг биринчи турида “Локомотив”ни қабул қилганмиз. Ушбу ўйиндан бир кун олдинги машғулотда иштирок этдим. Машғулотнинг ўрталарига келиб, тўпни дарвозага зарб билан йўллаш машқи бажарилиши лозим эди. Ёмғир ёғиб, майдон сирпанчиқ холатга келиб қолганди. Вазиятларнинг бирида тўпга зарба беришим билан ўнг оёғимда жуда кучли товуш пайдо бўлиб, майдонга қуладим. Ишонасизми тиззамдаги учта боғлиқ жой узилиб кетган экан. Ундан чиққан товуш шу даражада юқори бўлганки, хатто мухлислар ҳам четдан туриб эшитган. Оёғимга қарасам, тиззам худди тўп каби шишиб кетган. Оғриқни энди ўзиз тушуниб олаверинг.

- Адашмасам эртасига “Локомотив” билан ўйинга 18талик рўйхатга киритилган эдингиз. Жарохатдан кейин ўзингизда қандай куч топа олгансиз?

- Ўша ўйиндан олдин таркибда айрим муаммолар юзага келганди. Шунда клуб шифокори ўйин қайдномасига тушишим мумкин эканлигини билдирди. Шу даражада бўлса ҳам мухлисларнинг талабига биноан, уларнинг ишонч билдираётганини кўриб, уйга кетиб юборишни ўзимга эп кўрмаганман. Қандай қийинчилик бўлишини билардим. Майдонда ҳақиқий жангчи бўлганман. Якка курашлардан ўзимни олиб қочмасдим. Ютқазишни истамаганим учун ҳам бор кучимни бериб ўйнаганман. Бундан роҳатланганман. Шунинг учун ҳам тез-тез жарохатга дуч йўлиқдим. Минг афсуски 2009 йилги жарохат ҳаммасидан жиддий бўлиб чиқди. Шифокорлар тўғри ташхис қўя олишмаганди. Бу борада уларни айблашдан йироқман.  

- Футбол ўйнашни бас қилганингиздан кейин вақти келиб яна футбол соҳасида ишлашингизни ўйлаганмидингиз?
- 2009 йили “Андижон”га келганимни яхши эслайман. Мухлислар менга катта ишонч билан қараганди. Ўзим ҳам мазза қилиб, туғилиб ўсган шаҳрим жамоаси учун ўйнайман деб ният қилгандим. Аммо тақдирдан қочиб қутилиб бўлмас экан. Шунисига ҳам шукур айтиш керак. Мухлислар ишончини футболчи сифатида оқлай олмаганим учун ҳам футболда энди мутахассис сифатида уларни хурсанд қилишга бор билим ва кучимни беришга тайёрман. Албатта яна футболга қачондир қайтиш режаси бор эди. Футболчиликни тугатганимдан кейин “С” мураббийлик лицензияси учун таҳсил олганман.



- 24 ёшда жарохат сабаб футболчиликни тугатиш ҳар қандай кишига руҳий зарба бўлса керак?
- Нимасини айтасиз?! Жуда оғир жараён. Буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Лекин кейинчалик хаёт бу билан тўхтаб қолмаслигини тушуниб етиб, янги ғоялар устида иш олиб бордим.

- Сир бўлмаса бунгача қандай ишлар билан шуғулландингиз?
- Тадбиркорлик қилдим. Худога шукур шароитим ёмон эмас.
 
- Вилоят футбол федерациясига вице-президент этиб тайинланишингиз қандай юз берди?
- Андижонлик мухлислар билан фахрийларнинг талаб ва истаклари асосий ўринга чиқди. Қолаверса вилоятимиз ҳокими ва вилоят футбол федерацияси президенти Абдураҳмонов Шуҳратбек Қўшоқбоевичнинг ҳам менга бўлган ишончи юқори эди. Бу лавозимни узоқдан ўйлаб келганим йўқ. Ҳаммаси тўсатдан юз берди. Гапимга ишонинг, бундан олдин ҳам ўзимга яраша бизнес ишларим бўлган. Шуни ўзи ҳам етарди. Лекин ундан лаззатлана олмаётгандим. Андижон футболи учун мехнат қилишим керак эканлигини ич-ичимдан истадим. Шу кунгача тўплаган озми-кўпми билимларимни амалда тадбиқ этиб, Андижон футболини тараққий этишида улушимни қўшишни бурч деб билдим. Мана қаранг вилоятимизда қад ростлаган осмонўпар биноларни кўриб кўзингиз қувнайди. Бундан бир неча йиллар олдин эса у жойларда паст-паст уйлар бўлган. Шуни мисол қилиб айтганда, вилоятимиз футболини ҳам кўтариш пайти келди. Ўзим футболчи бўлганим учун бошқа вилоятдаги дўстларим билан суҳбатлашганимда кўпинча Андижон футболи ҳақида қайғули саволлар билан мурожаат қилишади. Насиб қилса ҳаммаси яхши бўлади. Мен бунга ишонаман. 

- Сиз учун янги ва шу билан бирга масъулиятли бўлган соҳада иш бошладингиз. Буни ўзингиз ҳам хис этиб турган бўлсангиз керак?
- Албатта! Жиддий қараш лозим. Муҳими ўзимиз учун тўғри йўналишни танлаб олиш керак бўлади. 



- Таклифни қабул қилишдан олдин узоқ ўйландингизми?
- Ҳа. Ота-онам ва яқинларим, табиийки футболдаги устозларимнинг фикрларига қулоқ тутдим. Ҳаммасини ўйлаб кўргач, таклифга розилик бердим.

- Олий маълумотли дипломга эгасиз. Аммо сизда бу соҳада тажриба кам дейиш мумкин. Қандайдир ҳавотир йўқми?
- Қандай ҳавотир бўлиши мумкин? Ахир мен ўз севган касбим билан шуғуллана бошладим. Инсон зоти ҳеч қачон билиб туғилмайди. Ҳаммани ўзига яраша камчилик томони бўлади. Асосийси хатолардан тўғри хулоса чиқариб олиш керак. Тўғри, битта ўзим бу ерда катта ўзгаришлар қилиб юбора олмайман. Шунинг учун ҳаммамизни мақсадимиз бир бўлиш жоиз. Мен қўлимдан нимаики келса, каттами ёки кичикми ёрдам беришга тайёрман.

- Фаолиятини якунлаган футболчиларинг кўпчилиги мураббийлик ёки ҳакамликни танлайди. Сиз билан эса аксинча холатни кўряпмиз?
- Зиёли оилани фарзандиман. Ота-онам ҳам институтни тамомлаган. Укам давлат корхонасида фаолият юритади. Ўзим эса “Андижон мухандислик иқтисодиёт” институтида таҳсил олганман.

- Демак, қоғозбозлик ишларидан қандайдир тушунча бор. Шундайми?
- Ҳаммасини иш жараёнида ўрганиб борамиз.



- Янги лавозимда ишни энг аввало нимадан бошладингиз?
- Ходимлар билан танишиб чиқдим. Кейин бу йилги хужжатларни кўриб, танишиб боряпман. Шундан келиб чиқиб, ўзгариш қилинади. Олдинги ишлаб кетганлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Лекин энди биз ўзимиз учун тўғри йўналишни белгилаб олишимиз зарур.

- Ишлаш фалсафангиз қандай?
- Ички муҳит яхши бўлса ишда унум бўлади. Режалар бисёр.

- Федерация ўз биносига эга эмас...

- Ҳа, шундай. Шахсий фикрим: федерация бу – Андижон футболини уйи бўлиш керак. Вилоятимиз ҳокими, шаҳар ҳокими ва ЎФФ президенти билан биргаликда, имкониятлардан фойдаланиб вақти келиб федерациясимиз ҳам ўз биносига эга бўлади деган умиддаман.

- Бугунги кунда кўп вилоят федерацияларида ишлаш жараёни эскириб кетгандек туюлмоқда.
- Замонавий ишлашга ўтиш вақти талаб қиляпти. Бу борада ҳар ишда асосийси профессионал инфратузилма асосий таянч бўлиши керак. Менинг эътиборим шунга қаратилиши лозим.

 - Андижонда футболни янада ривожлантириш учун табиийки федерациянинг ўрни катта бўлади. Болалар ўртасида турли хил мусобақаларни кўпайтириш лозим. Бу борада талаб кучли бўладими ёки ички имкониятдан келиб чиқиб иш тутиладими?
- Бу саволингизнинг биринчи қисмига юқорида жавоб бердим. Энди иккинчи қсмига келадиган бўлсак, амалиёт муҳим саналади. Ҳар бир ёшга мўлжалланган турнирлар ташкил этилади.

- Кейин вилоят иккинчи лигасида ҳақида нима дейсиз?
- Бу йил нечта жамоа иштирок этишни билдирган ва якунда улардан нечтаси қолгани ҳақида танишиб чиқдим. Фикримча ҳар бир жамоа бу мусобақага жиддий қараш керак.
Вилоятимиз фахрийлари ва мутахассислари билан бирга бу ишга аниқ бир тўхтамга келамиз деб ўйлайман.



- Сиз учун иккинчи лига мусобақасини қай тартибда ўтказган маъқул?
- Албатта вилоятимизнинг ҳар бир туманида жамоалар бўлишини истардим. Боиси ҳар бир туманда ўзига яраша ашаддий ишқибозлар бор. Уларни футболдан баҳраманд бўлишини хоҳлардим

- Илгари иккинчи лигада футболчиларнинг ёши ҳеч қандай аҳамият касб этмасди. Охирги йилларда эса ёш борасида чегара жорий этилди. Бунга қандай муносабатдасиз?

- Футбол бу – миллионлар ўйини. Бунинг ижобий ва салбий томони бор. Буларни ҳаммасини қўмита аъзолари билан ўрганиб чиқамиз.  



- Ҳар бир туманнинг ўзига яраша мухлиси бор. Уларни стадионга жалб этиш учун ҳам қандайдир ишларни амалга ошириш керак бўлади?

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Маркетингни ривожлантириш ҳам асосий қилинадиган ишларимиздан биридир. Стадионга келган ишқибозлар учун керак бўлса, ўйиндан олдин концертлар ташкил этиш режамизда бор. Бу шунчаки ҳомаки режалар. Вилоятимиз раҳбари билан бу борада ҳам маслаҳатлашиб кўрмоқчиман. Ҳамма стадионда энг аввало мухлислик маданият ва тартиб интизом бўлиши тарафдориман. 

- Чемпионат аввалида ҳамма туман жамоаси турнирда иштирок этиш истагини билдиради. Бироқ натижалари ижобий бўлавермагач, ярим йўлда издан чиқиш холатлари ҳам бўлиб келган. Шундай холатларга дуч келинса кескин чоралар кўриш мумкинми?
- Шуни олдини олиш мақсадида, ҳар бир туманнинг раҳбари ва бириктирилган ҳомийлар кўмагида ташкил этилган жамоалар ўз ишқибозлари олдида жавобгар бўлиши шарт деб ўйлайман. Мен бир нарсага ишонаманки, ҳар бир туманда тадбиркор ва футболнинг ашаддий ишқибозлари бор. Улар керак бўлса ўз туман жамоасини ютуғи учун кўп нарсадан воз кечишга ҳам тайёр. Фақат уларни топиб, янада футболга қизиқтириш керак бўлади. Мана шундай саҳоватпеша инсонлар кўмаги орқали ҳам ҳар бир жамоани турли усуллар билан рағбатлантириб борилса, қизиқиш ортади.  

- Янги ишда кўпроқ кимдан маслаҳат олишингиз мумкин?
- Ҳар бир ишда қийинчилик бўлади. Фикримча мени тарбиялаган устозларим ва виломятимиздаги футбол мутахассислари билан бирга маслаҳат қилишим мумкин. Бу мен учун муҳим. Ёши каттами кичикми эътибор қилиш керак. 



- Ходимлар билан танишиб чиқган бўлсангиз керак?
- Бу ерда энди иккинчи иш кунимни ўтказдим. Ходимлар беш нафар. Улар билан гаплашдик. Ҳаммамизни мақсадимиз бир бўлиш даркор. Ахил бир оиладек ишлаш муҳим. Бунинг учун илик муносабатни йўлга қўйиш лозим бўлади. Кимдир хато қилса унга тўғри йўналишни кўрсатиб қўйиш керак. Шунда ҳам ўз билганидан қолмаса, бироз кескин чора кўрилади. Ўзим ҳам керак бўлса хато қиладиган бўлсам, ундан тўғри хулоса чиқариб олишга уринаман. Ўйлайманки барча ишчи ходим ва вилоятимиздаги бари футболга алоқадор бўлган кишилар билан илиқ муносабатда бўлиб, кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Барчамизни мақсадимиз битта – Андижон футболининг довруғини юксакларга кўтариш. Ишқибозларни хурсанд қилиш. Футбол аслида улар учун ўйналади. Ишимизга муносиб баҳони айнан мухлислар беради. Уларни алдай олмайсиз.

Бизнинг маълумот:
Бекзод Каримов
Туғилган йили:
05.06. 1987
Туғилган жойи: Андижон шаҳри
Андижон футбол мактаби тарбияланувчиси
Биринчи мураббийи: Абдурашид Исмоилов
Ўйнаган жамоалари: “Андижон” – 2003-04 йил. “Шаҳрихон” – 2005 йил бир давра. “Пахтакор” – 2005-06 йил. “Бухоро” – 2007-08 йил. “Андижон” – 2009-10-йил.


Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди. 
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика