"Барселона" таклифини рад қилган футболчилар
01 июн 2020 13:58
Новости
"Барселона" таклифини рад қилган футболчилар
Одатда катта бюджет ва шонли ўтмишга эга бўлган гранд клубларнинг исталган футболчи билан шартнома имзолаш жараёни осон кечади. Бир неча кишигина "Реал" ёки "Бавария" таклифини рад қила олади. "Барселона"ни ҳам шундай жамоалар сафига киритишимиз мумкин. Каталонияликлар сафига қўшилиш орқали Месси билан бирга тўп тепиш ва кубок(лар) ютиб олиш имкониятига эга бўласиз.
Аммо сўнгги йилларда "Барса" трансфер режаларининг барчасини ҳам амалга ошира олмади. Қуйида турли сабаблар билан "Камп Ноу"да тўп тепиш имкониятидан воз кечганлар ҳақида сўз юритилади.
Кевин Гамейро
"Севилья" билан муваффақиятли мавсум, ЕЛдаги ғалабадан сўнг (2016 йилнинг ёзида) Кевин Гамейро Европанинг қатор клублари, жумладан, "Барселона"нинг ҳам шорт-листидан ўрин эгаллади.
"Менинг олдимда "Барселона" ёки "Атлетико" клубларидан бирини танлаш имконияти бор эди. "Барса"да нима қилишим мумкин? У ерда Неймар, Месси ва Суарес бор. Бу ўйинчилар ҳар бир баҳсда ўйнашни, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳам майдонни такр этмасликни хоҳлашини биламан. Ибрагимович билан рўй берган воқеани эсланг", – изоҳлади форвард ўзининг якуний қарорини "Le10 Sport"га берган интервьюсида.
Якунда Гамейро 30 миллион евро эвазига "Атлетико"га кўчиб ўтди, "Барселона" эса эътиборини Пако Алькасерга ("Валенсия") қаратди. Пакога "Камп Ноу"да етарли ўйин амалиёти берилмади ва Кевиннинг фикрлари ўз тасдиғини топди. Таъкидлаш жоизки, франциялик футболчи "Атлетико"да ўзидан кутилган ўйинни намойиш қилолмади ва 2018 йилда "Валенсия"га кўчиб ўтди (16 млн евро).
Коке
2014 йил Ла Лигадаги ғалаба ва ЕЧЛ финалидан кейин "Атлетико" асосий юлдузларини жамоада сақлаб қолиш учун курашишга мажбур эди. Филипе Луис, Диего Коста ва ижарага олинган Тибо Куртуа "Челси"га, Жоао Миранда "Интер"га йўл олди. "Барселона"да Кокега нисбатан қизиқиш уйғонган, катта эҳтимол билан испаниялик хавбек Хавининг ўрнини эгаллаши кутилган эди, аммо футболчи "матрасчилар" сафида қолишни маъқул кўрди.
"Барселона"дан воз кечиш қийин эди, аммо "Атлетико"да ўйнашда давом этмоқчиман. Ҳозир кетиш пайти эмас. Бу ер менинг уйим, мен ўзимга нисбатан эҳтиёжни cезяпман. Қандай қилиб клуб энг юқори чўққисига чиққан пайтда "Атлетико"ни тарк этишим мумкин? "Барселона"нинг таклифи мени хурсанд қилди. Бу менинг ишим қадрланаётганидан далолат беради, аммо "Атлетико" – менинг уйим", – деган эди футболчи.
Ўшандан бери Коке "Атлетико" билан Европа Лигаси ва УЕФА Суперкубогида зафар қучди.
Марко Асенсио
Марко Асенсио Зиданнинг "Реал"даги севимли футболчиларидан бири ҳисобланади, аммо у "Барселона"ни танлаганида фаолияти бошқа йўсинда давом этиши мумкин эди.
"Менда "Барселона" ва бошқа гранд клубларга ўтиш имконияти бор эди, аммо "Реал Мадрид"ни танладим. Жамоада узоқ вақтдан бери ўйнаб келаётган муҳим ўйинчилар бор. Мен ҳам асосий таркибдан ўрин эгалламоқчиман. Энди ҳеч қачон "Барселона" футболкасида майдонга тушолмайман", – деганди хавбек.
Рафаэл Геррейру
"Евро-2016"даги тарихий ғалабадан кейин "Лорьян" ҳимоячиси Рафаэл Геррейруда фаолиятини испан грандида давом эттириш имконияти пайдо бўлганди.
"Албатта, "Барселона" варианти жуда ёқимли. Аммо менга "Боруссия Дортмунд"нинг таклифи ишончлироқдек туюлди", – деганди футболчи.
Гамейро каби Геррейру ҳам мунтазам равишда асосий таркибда ўйнаш учун "Барселона" таклифини рад қилди. Ортда қолган вақт кўрсатдики, у адашмаган. Португалиялик футболчи ҳозир "Боруссия"нинг асосий футболчиларидан бирига айланган. Жорий мавсум 32 баҳсда майонга тушган ҳимоячи 8 гол, 5та асистга муаллифлик қилди.
Маурисио Лемос
Бир неча йил олдин "кўк-анорранглилар" Маурисио Лемосага шартнома таклиф қилишди, аммо ҳимоячи ўзининг ўсиши ва ўйин амалиёти учун "Лас-Пальмас"да қолишга қарор қилди.
"Барселона" – дунёнинг энг яхши клубларидан бири. Бу жамоа 20 ёшимда мени майдонга тушишриши қийин масала. Менимча, "Лас-Пальмас"да қолиш энг яхши қарор ҳисобланади. Футболда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин, сиз ҳеч қачон энг яхши даражага чиқиш учун қанча вақт кераклигини билмайсиз", – деганди уругвайлик футболчи "La Provincial" нашрига.
Лемос "Лас-Пальмас"да бир муддат ўйнагач, "Сассуоло"га ижарага берилди. Ёзда Канар оролларига қайтди, ҳозир эса Сегундада тўп тепяпти.
Тиаго Силва
ПСЖнинг охирги 10 йилликдаги йутуқлари Тьяго Силва номи билан бевосита боғлиқ. Аммо у Париж клубига келмаслиги ҳам мумкин эди. Қачонки, "Барселона" раҳбарияти унинг талабларини қондирганида.
"Менда "Барса" бажара олмайдиган қатор муҳим талаблар бор эди. Вазиятни дарҳол англадим ва клуб призеденти Сандро Роселль таклифини қабул қилмадим", – деди бразилиялик ҳимоячи.
Эҳтимол, Силва "Камп Ноу"даги тарихий мағлубиятдан (2017) кейин ўша қарори учун афсуслангандир.
Дарио Срна
Агар ёш футболчилар "Барселона" таклифини рад этишса, уларни тушуниш мумкин. Ўйин амалиётисиз қолиб кетишдан қўрқиши табиий. Клуб тажрибали, қария футболчиларга таклиф жўнатса, кўпчилик дарҳол қабул қилади. Бироқ Дарио Срна эмас. Хорватиялик афсуонавий ҳимоячи фаолиятининг сўнгги йилларини "Кальяри"да ўтказишни лозим кўрганди.
Давид Луис
2014 йилда ПСЖ Луис учун 50 млн евро тўлади. Бразилиялик ҳимоячининг сўзларига кўра, ПСЖ ягона даъвогар бўлмаган.
"Ҳақиқатан ҳам "Барселона" мен билан шартнома имзолашга бир неча бор уриниб кўрди. Вариантлар орасидан ПСЖни танлашга қарор қилдим", – деганди футболчи.
Луис 2016 йилда Лондонга қайтди, "аристократлар" билан АПЛ, Англия кубоги ва Европа Лигасида зафар қучди ва 2019 йилда "Арсенал"га кўчиб ўтди.
"Барса"нинг таклифини рад қилган яна кимларни биласиз?
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Комментарии