Азиз Ибрагимов: "Бу йил ҳам голни отамга бағишладим"
25 мая 2016 23:58
Новости
Азиз Ибрагимов: "Бу йил ҳам голни отамга бағишладим"
Жамшид Саидов шогирдлари амалдаги мамлакат чемпиони “Пахтакор” билан бир хил очко тўплашган. Фақат “шерлар” тўплар нисбатига кўра 6-ўриндан жой олишган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, “Пахтакор” жамоаси Ўзбекистон Кубоги 1/8 финали доирасидаги илк учрашувни ўз майдонида айнан “Бухоро”га қарши ўтказиб, кутилмаганда 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Биз “Бухоро”нинг ўзига хос тарихий ғалабаси билан якунланган ўйиндан сўнг учрашувдаги ягона гол муаллифи Азиз Ибрагимовдан интервью олдик. Тан олиш керак, Ибрагимовнинг голи жуда чиройли чиқди. Жарима майдончаси ташқарисидан йўлланган тўп Никита Рибкин қўриқлаётган дарвозанинг юқори “тўққизлиги”дан жой олган эди.
- Азиз, бу учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрган эдингларми ёки одатдагидекми?
- “Пахтакор” жамоасига қарши ўтказиладиган учрашувларга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт эмас. Ҳар бир футболчи бундай ўйинларда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Боиси, бу каби учрашувларни терма жамоа мураббийлари кузатиб боришади. Мана биргина мисол, клубдошимиз Саламат Қуттибоев ўз ўйинлари билан терма жамоа мураббийлар штабини ўзига жалб қила олди. Уни терма жамоамизнинг яқинда бўладиган йиғинига таклиф қилишди. Қолган футболчилар ҳам терма жамоадан чақирув олишни исташади. Шу боис, бу ўйинга одатдагидек тайёргарлик кўргандик. “Пахтакор”нинг дерби ўйинидаги “Локомотив” билан бўлиб ўтган учрашувини бир неча маротаба кўриб, ўрганиб чиқдик. Учрашувдан олдин йигитлар билан “Бухоро”га бежизга ўтмаганимизни исботлайлик, деб ўзаро келишиб олгандик. Таркибимиздаги Александр Мерзляков, Баҳодир Пардаев ўтган йили айнан “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпиони бўлишганди. Тан олиш керак, ҳозирда “Пахтакор” ўзининг қийин кунларини бошидан ўтказмоқда.
- Учрашувдан аввал мураббийлар сизларга қандай кўрсатма беришди?
- Ҳимоядан иккинчи рақам остида ўйнашимиз кераклигини айтишганди. Боиси, “Пахтакор”га қарши очиқ футбол намойиш этиб бўлмасди. Бундан аввалги учрашувимизда айнан очиқ ўйин сабаб “Бунёдкор”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйгандик. Ўша мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариб олган эдик. “Пахтакор” билан ўйинга мураббийлар 4-4-2 тактик схемасини танлашди. Яъни, илк дақиқалардан икки ҳужумчи билан ўйнай бошладик. Бу билан “Пахтакор” футболчиларини ҳимояга ҳам эътибор қаратишларига мажбур қила олдик.
- Ғалабага умид бормиди?
- Биринчи галдаги вазифамиз ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбормаслик эди. Агар бу вазифани уддаласак, рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун ҳеч бўлмаса битта имконият юзага келарди. Шунга умид қилгандик. Бундай имкониятлар бир эмас, бир неча маротаба юзага келди. Бир вазиятда гол ҳам киритгандик, лекин ҳакамлар буни инобатга олишмади. Кейин ўйиндан кейин такрорий лавҳани кўрганимизда, тўп ҳаводан узатиб берилган вазиятда майдон ташқарисига чиқиб кетган экан. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалаба тўпини киритганимдан хурсанд бўлдим.
- Гол киритилган вазиятда таваккал қилдингизми ёки тўпни бурчакка аниқ йўналтирдингизми?
- Тўғрисини айтаман, ўзи тўпни ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кираётган жамоадошимга узатмоқчи бўлгандим. Лекин кейин қароримни ўзгартирдим. Дарвозага масофа яқин бўлгани учун таваккал қилиб кўрдим. Тўп эса дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди.
- Голни ўзига хос тарзда нишонладингиз. Бу гол сиз учун қанчалиқ аҳамиятга эга бўлди?
- Жуда аҳамиятли гол бўлди. Биринчидан, амалдаги Ўзбекистон чемпиони, барча футболчилар болалигида унинг сафида ўйнашни орзу қилган жамоа дарвозасини ишғол қилдим. Иккинчидан, бу гол ўйинда ягона бўлиб, жамоамга ғалаба келтирди. Бу голимни отамга бағишладим. Уларнинг туғилган кунлари эди. Ўзи аслида айнан отамлар учун 61-рақамли футболкани танлагандим. Биласизми, худди атайин қилинаётганга ўхшайди. Ўтган йили ҳам отамнинг туғилган кунлари рақиб дарвозасига тўп киритгандим. Аниқ эсимда, 17 май куни Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасига қарши кечган учрашувда иккита тўп киритиб, дубль муаллифига айландим. Ўшанда Самарқанднинг “Динамо” клуби таркибида тўп тепардим. Бу голларим дадамнинг айнан туғилган кунлари киритилган эди. Бу сафар эса 18 май оқшомида ўтказилган ўйинда, кимсан “Пахтакор” дарвозасини ишғол қилдим. Дадамларга муносиб совға ҳозирлай олганимдан хурсанд бўлдим.
- “Бухоро” олий лиганинг 9та ўйинидан 2тасида мағлубиятга учради, уч учрашувда дуранг қайд этди. Таркибни кўриб чиқадиган бўлсак, бемалол совринли ўринлар учун кураша оладиган жамоа шаклланганига гувоҳ бўламиз. Қимматли очколар бой берилган ўйинларга таърифингиз қандай?
- Олий лига дебютанти “Обод” жамоаси билан кечган учрашувда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ эди. Ўша ўйинда катта ташаббусга эга бўла туриб, икки очкодан маҳрум бўлдик. Кейин “Металлург” билан ўйинда ҳам шундай ҳолат рўй берди. Энди бир томондан “Металлург”ни “Обод” билан таққослаб бўлмайди. Бекободликлар бу йил жуда яхши футбол намойиш этишяпти. Улар хатто “Насаф”ни ҳам мағлубиятга учратишди. Кейин айнан “Насаф”га ўз майдонимизда кутилмаганда ютқазиб (0:2) қўйдик. Мана шу ўйинларнинг барчасида ташаббус биз томонда эди. Энди 10-тур учрашувини ўз майдонимизда ўтказамиз. Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси Бухорода меҳмон бўлади. Бу ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда бир гапни айтиш ёдимдан чиқибди, кеча (суҳбат 19 май куни уюштирилган, - муаллиф) “Пахтакор” устидан қозонилган ғалабамизни Бухоро кўчаларида мухлислар катта хурсандчилик билан нишонлашибди. Улар учун ҳам мавсумнинг қолган ўйинларини юқори темпда ўтказишимиз шарт.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Комментарии