RU

Последние новости

10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  2 09:45Игор Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  13 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  1 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  8 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  11 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  7 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  2 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  1

Азиз Ибрагимов: “Андижон” олий лигада қолганидан хурсандман, лекин пулимни беришмаганидан хафаман” Новости

Азиз Ибрагимов: “Андижон” олий лигада қолганидан хурсандман, лекин пулимни беришмаганидан хафаман”

Осиё Кубоги-2007да ўз ўйинлари орқали халққа танилган Азиз Ибрагимов жорий мавсумнинг иккинчи ярмини “Андижон”да ўтказди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи фаолияти давомида Словакия, Чехия, Хитой чемпионатларида ҳам ўзини синаб кўрди. Ибрагимов терма жамоада охирги марта 2011 йили ўйганди ва шундан бери чақирилмаётганди. Мана энди Миржалол Қосимов унга яна имконият бериб, йиғинга жалб қилди. Бизда эса шу муносабат билан Азиздан интервью олиш фикри туғилди. Суҳбат давомида тошкентлик футболчи “Андижон”дан хафа эканлигини айтиб ўтди.

-   Анчадан бери миллий терма жамоага чақирилмагандингиз. Таассуротлар қандай?
-   Тўғри айтдингиз, узоқ вақтдан бери терма жамоадан чақирув олмагандим. Охирги марта Осиё Кубоги-2011да иштирок этганимдан бери термак жамоадан узоқда қолиб келаётгандим. Мана энди мавсум якунига етганидан сўнг илк йиғинга мени ҳам таклиф этишди, бунинг учун Миржалол Қосимовга катта раҳмат айтмоқчиман. Биласиз, иккинчи даврани “Андижон”да ўтказдим. Менимча, Ўзбекистон олий лигасига қайтишим ҳам терма жамоага яна қайтишимга сабабчи бўлди.

-   Бошида ҳаяжон бўлгандир?
-   Албатта, ҳаяжон бўлди. Чунки терма жамоага келганимда футболчиларнинг кўпчилиги янги болалар экан. Улар билан шу ерда кўришиб танишдим. Қолаверса, салкам тўрт йил деганда биринчи бор йиғинга чақирилдим, бу ҳам ҳаяжонга сабаб бўлди.

-   Терма жамоада мунтазам ўйнаб келган футболчи бирданига уч йил чақирилмай қолса, ўзини қандай ҳис қилади? Ҳар ҳолда сиз буни бошдан ўтказдингиз.
-   Шахсан менга жуда қаттиқ таъсир қилгани аниқ. Балки ўйинимда пасайиш юзага келгандир ёки мен ўйнаётган чемпионат борасида мураббийларда маълумот кам бўлса керак деб кўп ўйладим. Лекин терма жамоада ўйнашни ҳар доим хоҳлаганман. Чет элда эканлигимда интернет орқали кимлар таклиф этилгани-ю, ўйинларда қандай ҳисоб қайд этилгани хусусида доим ўқиб борардим. Насиб қилган экан, яна чақиришди ва мураббийларнинг ишончини оқлаш учун қаттиқ ишлаяпман. Ўйлайманки, Осиё чемпионатига бориш менга ҳам насиб қилади.

-   Терма жамоа эшиги барча учун очиқ деган гап бежиз эмас. Ҳатто олий лигада қолиш учун кураш олиб борган клуб сафида ўйнаб ҳам термага таклиф этилиш мумкин экан, тўғрими?
-   Менимча, терма жамоага чақираётганда мураббийлар жамоа натижаларига эмас, балки футболчининг индивидуал ҳаракатига қараб таклиф этишади. Гарчи “Андижон” олий лигадан тушиб кетиб, кейинчалик яна олиб қолинган бўлса-да, ёмон ўйин кўрсатди дея олмайман. Биз охиригача курашдик. Чехияда эканлигимда мен билан андижонликлар телефон орқали боғланиб, клубга таклиф қилишганди. Мен шунақа инсонман: ваъда бердимми, бажаришга ҳаракат қиламан. Ўшанда ваъда бериб қўйганим учун иккинчи даврада “Андижон”га келдим. Энди мен ўз ваъдамнинг устидан чиқдим, бироқ клубдагилардан ҳозирча садо чиқмаяпти.

-   Клубнинг ваъдасини бажармаётгани пул билан боғлиқ бўлса керак-а?
-   Ҳа, шундай. “Андижон” биринчи лигага тушиб кетган бўлса-да, ЎФФ раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли жамоанинг олий лигада олиб қолингани мени қанчалик хурсанд қилган бўлса, пулимни беришмаётганидан шунча хафаман.



-   Мукофот пулларини қўя турайлик, наҳотки ойликлар ҳам ҳалигача ҳисоб-китоб қилинмаган бўлса?
-   Шу клубга келганимдан бери битта ойликни ва кўтарма пулидан озроқ қисмини ўтказиб беришди. Ҳали сентябрь, октябрь учун ойлик маошларни олганимиз йўқ. Яқинда шунақа гап эшитдим: Мираброр Зуфарович Андижонга бориб келдилар, энди буёғига ўзгаришлар бўлади. Аммо ўзгаришдан ҳеч дарак кўринмаяпти. Ҳамма кутиш билан овора.

-   Чет эл клубларида ўйнаб ҳеч шунақа вазиятга дуч келганмисиз? Ҳатто биринчи лигада ҳам тўп тепгансиз.
-   Чет элда ҳам ойликни вақтида бермаслик ҳоллари учраб туради, лекин бу муддат кўпи билан икки ҳафта ёки бўлмаса 20 кунга чўзилиши мумкин. Ҳар ҳолда икки-уч ойлаб пул бермаслик кузатилмайди.

-   Терма жамоага йиғилган ҳозирги таркибдан ўз вақтида сиз билан ўйнаган футболчилар камчилик қолгандир?
-   Юқорида айтиб ўтганимдек, мен унчалик танимайдиган футболчилар кўпроқ экан. Ўзим билан бирга тўп сурганлардан Игнатий Нестеров, Шавкат Саломов, Лутфулла Тўраев, Камолиддин Мурзоев, Жасур Ҳасанов, Ислом Тўхтахўжаев сингари ўйинчилар қолган.

-   Жамшид Искандеров, Сардор Рашидов, Игорь Сергеев сингари номлар сиз учун янги бўлса керак. Бу ўйинчилар ҳақида “Андижон”га келмасдан олдин эшитганмидингиз?
-   Интернетни тез-тез кузатиб борганим учун бу ўйинчиларни шахсан танимасам-да, номини эшитгандим. Лекин олий лигага қайтгач, уларни кўрдим ва ўйинлари илиқ таассурот қолдирди.

-   Агар Осиё Кубогига борадиган таркибдан жой олсангиз, бу сиз учун кутилмаган янгилик бўладими?
-   Бу энди футболчининг ўзига боғлиқ. Агар машғулот ва ўртоқлик баҳсларида ўзимни кўрсата олсам, ўйлайманки, мураббийлар мени ҳам рўйхатга киритишади. Йиғинда иштирок этаётган ҳар бир футболчининг мақсади битта: ўзини кўрсатиб, чемпионатга борадиган таркибга кириш. Бошқалар қатори менинг ҳам мақсадим шу: Австралияда ўтадиган қитъа биринчилигига боришни жуда-жуда хоҳлайман ва бунинг учун астойдил ҳаракат қиламан.

-   “Андижон”даги қисқа муддатли фаолиятдан қандай хотиралар қолди?
-   Қўлдан келганча ўз ўйиним билан жамоага ёрдам бердим деб ўйлайман. Учта гол урдим, бир нечта тўп узатишларни амалга оширдим. Мен тўп киритган ўйинларда “Навбаҳор” билан “Қизилқум”ни мағлуб этдик. Фақат “Машъал”га қарши омадимиз келмади. Аммо жамоанинг олий лигадан тушиб кетганидан роса хафа бўлдим. Бошқа томондан эса клубни элитада олиб қолиш учун етарлича эътибор бўлмади.  

-   Лекин жамоа тушиб кетгани билан барибир олиб қолинди.
-   Бунинг учун аввало Мираброр Усмоновга раҳмат айтиш керак. Шу киши имконият бермаганида клуб олиб қолинмасди. Келаси йилдан бошлаб элитада 16та жамоа бўлади. Шу туфайли ҳам олиб қолинди. Лекин барибир спорт тамойилларига кўра, клубнинг биринчи лигага тушиб кетгани менга қаттиқ таъсир қилди.



-   Ҳисоблаб кўрсак, саккиз йилдан бери Ўзбекистон чемпионатида ўйнамаган экансиз. 2005-2006 йилги чемпионатлар билан таққослаганда ҳозирги олий лиганинг савияси сизга қандай кўринди?
-   Анча ўсиш борлигини сездим. Ўша йиллари бизда легионерлар бунчалик кўп эмасди. Ҳозир эса олий лиганинг ҳар бир клубида легионер ўйнаяпти. Чемпионлик учун деярли охиригача кураш кечди, ўртамиёна жамоаларнинг очкоси бир-бирига жуда яқин.  

-   Лекин нима учундир биз ўйинларга бориб кескин курашни кўрмадик. Аксарият беллашувлар зерикарли кечди.
-   Бу бизда ҳалиям техник футбол биринчи ўринга қўйилаётганидан бўлса керак. Ўзим Европада ўйнаб шунга гувоқ бўлдим: у ёқларда жисмоний кураш биринчи планга чиқади. Бизда эса ҳамон техник футбол ўйналмоқда. Шу боис курашлар деярли кўринмайди.

-   Олий лигада бирданига ўйнаб кетиш сиз учун қийин туюлдими?
-   Тўғрисини айтсам, умуман қийналганим йўқ. Европа футболида тўп сизга келиб тушгани ҳамон атрофингизни рақиб ўйинчилари ўраб олишади ва қарор чиқариш учун вақт кам бўлади. Бизда эса масалан тўп менга тушса, ўйлаш учун икки-уч сония кўпроқ вақт бўлади.

-   “Андижон” таркибида сиз майдонга тушган ўйинларда сизларга қарши тўп тепган жамоаларнинг ҳақиқатдан ҳам кучли эканлиги кўриндими?
-   Биз учун ҳар бир ўйин қийин кечди. Олий лигада қолиш учун кураш борган жамоага ҳеч қайси баҳс осон бўлмади, шу жумладан ўзим учун ҳам. Таркибимиз ёмон эмасди, лекин бизга озгина вақт ва эътибор етмади.

-   Мураббийлар алмашгани нимадир плюс олиб келдими?
-   Ҳар бир мураббий ўз имкониятидан келиб чиқиб клубга ёрдам беришга ҳаракат қилди. Агар бирорта дарахт эксангиз, у бирданига мева бермайди. Футболда ҳам шундай: жамоани юқорига олиб чиқиш учун йиллар керак бўлади. Сергей Шевченко келгач, унинг тактикасига кўникишни бошлагандик, лекин нимагадир у киши кетиб қолди. Кейин Ориф Маматказин билан ишлай бошладик. Аммо орадан кўп ўтмай яна мураббий ўзгарди ва мавсумнинг охирги турларини Эдгар Гесс қўл остида ўтказдик. Менимча, шулар ҳам таъсир кўрсатди.  

-   Айтайлик, футболчи клубдан икки-уч ойлаб пулини ололмаяпти. Бу вазиятда қандай йўл тутиш керак?
-   Бу ўринда ишонч катта роль ўйнайди. Футболчи фақат футбол ўйнаб оиласини боқади. Тўғри, мағлубиятлар бўлди, жамоа биринчи лигага тушиб кетди, лекин бу ҳаёт. Спортда ҳаммаям медал олавермайди. Раҳбарларга пул ҳақида гап очсангиз, сизни эшитишниям хоҳлашмайди, кўпинча телефонларни ўчириб қўйишади. Бошқа рақамдан қўнғироқ қилсангиз, кечирасиз, мен ҳозир йиғилишдаман, кейинроқ ўзим чиқаман деб гапни қисқа қилишади ва қайтиб телефон ҳам қилишмайди. Шундай бўлгач, нима қилиш керак? Иложсизликдан ЎФФга мурожаат қиласиз.



-   Клуб пулларимни бермади деяпсиз. Наҳотки бош мураббий вазиятга аралашиб, футболчиларга ёрдам бермаётган бўлса? Ахир ҳеч бир мураббий ўйинчиларсиз натижага эриша олмайди.
-   Тўғри айтдингиз, футболда натижа кўрсатиш учун мураббий ва футболчилар бир-бирига боғлиқ бўлади. Бусиз иложи йўқ. Лекин чемпионат тугаганидан бери мен ҳали бош мураббий футболчиларни ҳимоя қилиб раҳбариятга чиқибди деган гапни эшитганим йўқ. Қолаверса, бунга кўп ҳам эътибор бермаяпман, ҳозир бор ўй-фикрим тўлиқ миллий терма жамоага қаратилган. Мақсадим, Осиё чемпионатида иштирок этиш, шу боис бошқа ишлар билан чалғиб қолишни хоҳламайман.

-   Вазият шунақа бўлса, клубдан кетсангиз керак?
-   Ҳа, бу аниқ. “Андижон”да бошқа қолмоқчи эмасман.

-   Ўтган саккиз йил ичида олий лигамизда ташкилий ишларни ҳал қилиш бўйича катта ўзгаришлар бўлганми?
-   Клублар бундан саккиз йил олдин ташкилий муаммоларни қандай ҳал қилган бўлишса, ҳозир ҳам шундайлигича қолган. Бу борада катта ўзгариш кўрмадим. Масалан, сафар ўйинларига бориш тартиби олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича қолган.

-   Олий лигага қайтиш яна четга чиқиш борасидаги имкониятларни пасайтирадими?
-   Бундай деб ўйламайман. Мен исталган пайтда яна Чехия чемпионатига қайтиб боришим мумкин. Негаки ўз вақтида Чехиядан Хитойга борганимда ҳам кейин яна Чехияга қайтгандим. Ўйлайманки, Прагада кўпчилик мени танийди ва ўзимга жамоа топишим қийин кечмайди.

-   Ҳозир биздан кўпчилик Малайзияга ошиқяпти. Бу борада нима дея оласиз?
-   Малайзияга аксарият ўйинчилар пул ишлаш учун йўл олишяпти, ваҳоланки у ерда чемпионат кучли эмас. Лекин бошқа томондан футболчининг фаолиятини узоқ давом этмайди ва у ҳам оиласини боқиши керак, шу боис четга кетишни маъқул кўряпти. Бу борада ҳамманинг ўз фикри бор деб ўйлайман.

-   Қайси чет тилларни биласиз?
-   Русча ва инглизчадан ташқари словак, чех тилларини биламан. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим украиналик бўлгани учун украин тилини ҳам биламан.

-   Сизнингча, олий лиганинг энг яхши футболчиси ким?
-   Ўзим ўйинини кўрмаган бўлсам-да, Жамшид Искандеров ҳақида кўп яхши гапларни эшитяпман. Менимча, шу ўйинчи олий лиганинг энг кучли футболчиси бўлса керак.

-   Суҳбатимиз охирида шу даражага етишингизга катта ҳисса қўшган мураббийларни айтиб ўтсангиз?
-   Олий лигага Вадим Абрамов туфайли кириб келганман. Ўшанда “Трактор” олий лигадаги менинг илк жамоам бўлганди. Умуман футболга кириб келишимга Бахтиёр Нуралиев сабабчи бўлган. Кейинчалик Анвар Ўрунов “Чилонзор” жамоасида менга сабоқ берган. Терма жамоада ўйнаб кетишимга эса Рауф Инилеевнинг ҳиссаси катта.

-   Азиз, суҳбат учун раҳмат. Кейинги ишларга омад тилаб қоламиз.
-   Сизга ҳам раҳмат.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика