"Аталанта", "Чертаново" ва шунинг ҳаракатидаги "Odil Junior" ҳақида
05 дек 2018 15:49
Новости
"Аталанта", "Чертаново" ва шунинг ҳаракатидаги "Odil Junior" ҳақида
2000 йилларга келиб "Барселона" бу борада жуда катта ишни амалга ошириб, клубни ўз тарбияланувчилари билан суперклубга айлантирди. "Краснодар" борасида ҳам жуда кўп гапларни эшитамиз. Структура жиҳатидан энг катта клублардан бири.
Лекин кўпчилик бугун яхши билмаган икки клуб борки, улар томонидан бажарилаётган ишлар тақсинга лойиқ. Улардан бири Италиянинг "Аталанта"си бўлса, иккиничиси Россияда ҳеч ким шу пайтгача амалга ошира олмаган вазифани уддалай олган "Чертаново" академияси.
"Аталанта" Европада ўртамиёна, молиявий ҳолати паст бўлган клублардан бири эди. Вазиятдан чиқиш учун ечим битта қолганди: 90-йиллар бошида клуб тепасига келган Антонио Перкасси эътиборни болалар футболига қаратади. Антонионинг биринчи қилган иши қўшни "Комо"да айнан шу бўлим бошлиғи бўлган Мино Фавинини клубга олиб келиш бўлди. Бунга қадар Фавини Италияда ўз номига эга бўлиб улгурганди. Пьетро Верховода, Жанфранко Маттеоли, Марко Симоне, Жанлука Замбротта каби футболчилар айнан унинг топилмаси бўлган.
Натижа ўзини узоқ куттириб қўймади. Сўнгги маротаба 40-йилларда ёшлар ўртасида чемпионликни қўлга киритган "Аталанта" учун "Милан", "Ювентус", "Рома" ва "Интер" бор лигада ҳозир бу оддий иш бўлиб қолган. "Аталанта" академияси ўз ҳудудидаги болаларни 9-10 ёшидан ажрата бошлайди. Қўшни шаҳарлардаги истеъдод эгалари 14 ёшга тўлиб, умумий мактабни битирган бўлишлари керак бўлади.
13 ёшга қадар асосан техникага эътибор қаратилади. Бу орада тактик машғулотлар ҳам қўлланилади. 14 ёшга келганда жисмоний машғулотларнинг биринчи босқичига ўтилади. 15 ёшда эса футболчи ҳар қандай курашларга тайёр бўлиши керак. 16 ёшда улар профессионал тактик сабоқларни ола бошлайдилар.
Шунинг учун 9-12 ёшда фарзандингизга жисмоний зўриқиш бераётган мураббийлардан воз кечинг. Яхши футболчи учун ҳар қандай клубда жой топилади. Шунинг учун балоғат ёшига қадар имкон қадар клубга эмас, яхши мураббийнинг қўлига тушиш ҳақида ўйлаш керак.
Италиядаги кўплаб болалар билан ишлайдиган мураббийлар "Аталанта"да фаолият юритишни истайдилар. 21та табиий майдонига эга клубда ким ҳам ишлашни истамайди дейсиз? Келинг, энди деярли катта имкониятга эга бўлмаган Москванинг чеккасидаги "Чертаново" клуби ҳақида сўз юритамиз.
"Чертаново" клуби шу кунгача болалар ва ўсмирлар футбол интернати кўринишида фаолият юритиб келган. Шароитлари одмигина. Стандартга мос бўлмаган машғулот базаси, 3та кичик сунъий майдонча ва битта кичкина зал. Лекин "Чертаново" кўрсатаётган иш маҳсулини кўрган одам уларда "Краснодар"дан кам бўлмаган шароит бор деган фикрга келади. Аслида эса ундай эмас. Статус бўйича Москвада "Локомотив", "Спартак", "Динамо" ва ЦСКА жамоаларининг яқинига ҳам келмаган болалар клубига ҳозир кириш амримаҳол. Қисқа давр ичида клуб Москванинг топ жамоаларига ҳақиқий бошоғриқ бўла олди.
2017/18 йилда жамоанинг катталари қайд этган натижага ҳавас қилсангиз арзийди. Ўртача ёши 19ни ташкил этган "Чертанова" шарқий зонада 1-ўринни эгаллаган ҳолда Россия 1-лигаси (ФНЛ) йўлланмасини қўлга киритди. Айни пайтда Россия биринчи лигасининг 24-тур ўйинлари ортда қолди. Йил бошида ўз тарбияланувчиларига ўйин амалиёти беришни мақсад қилиб кучлилар сафига қўшилган москваликлар омади кутилганидан кўпроқ келяпти. 20та жамоа иштирок этадиган мусобақада ҳозир улар 4-поғонадан жой олганлар. Қизиғи машҳур "Зенит" академияси тарбияланувчилари 20-ўринда турибди. "Краснодар" ва "Спартак" 8 ҳамда 9-ўринларни банд этган.
Яна бир эътиборга молик томони шундаки, 20та жамоадан фақат учтасида тўлиқ Россия фуқаролари рўйхатдан ўтган. Энг қизиғи эса биргина "Чертаново" рўйхатдан ўтказган ўйинчиларнинг барчаси (100%) сўнгги уч йилни клуб сафида ўтказаётган футболчилардир. Уларнинг катта қисми Москва болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилинадиган шаҳар биринчилигида "Чертаново" шарафини ҳимоя қилишган.
ЖЧ сафари туфайли "Чертаново" клуби раҳбарияти билан учрашган эдим. Мақсадим болалар футболида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзимизда тарбияланаётган футболчиларни мазкур клуб орқали Европага тайёрлаш. Илқ кутиб олишди. Базасига ташриф буюрганимда ҳайрон қолгандим. Жуда ҳам оддийгина шароит. Лекин клубнинг стратегияси кучли бўлиб, энг яхши мутахассисларни йиққан. Уларнинг муваффақияти мана шунда бўлаётганини сезиш қийин эмасди. "Чертаново" клуби Европада ҳам ўз ўрнига эга бўлиб боряпти. МДҲ давлатларида ташкил қилинадиган мусобақаларда уларни таклиф этишни истасангиз, барча сарф-харажатларни кўтаришингиз керак.
Айни пайтда Россия ўсмир ва ёшлар терма жамоаларини "Чертаново" тарбияланувчиларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. 1996 йилда таваллуд топган терма жамоанинг 23 нафар футболчисидан 11 нафари айнан шу клуб вакиллари эди. 2013 йил Словакияда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Россия терма жамоасида 5 нафар мактаб тарбияланувчиси олтин медалларни қўлга киритган.
Энди ўзимизга қайтсак. "Odil Junior" жамоасидан аввал "JFL" болалар клуби асосчиларидан бири бўлдим. Пуллик жамоани шакллантириш жуда қийин эди. Клуб бадал пули туфайли фаолият олиб бориши мумкин эди, холос. 2017 йилнинг сентябрь ойида Одил Аҳмедов билан келишувга эришдик. Терма жамоамиз сардори клуб ҳомийсига айланди ва биз энди истеъдод эгаларини бепул ўргата бошладик. Ундан ташқари клуб энг тажрибали мураббийларни ўз сафига жалб эта бошлади. Айни пайтда 2014 йилдан 2006 йилга қадар тарбия топаётган барча ёш тоифа тарбияланувчилари пойтахтнинг етакчилари қаторидан жой олиб бўлдилар ва селекция ишлари тинмай давом этмоқда. Энг муҳим жиҳатларидан бири, 13 ёшгача бўлган мусобақалар танқислигини клуб ўзи ечяпти. Иккинчи таркиб аъзоларига ҳам кучли мусобақаларни ташкил қилиб ўйин амалиётини тақдим қилиб келмоқда. Бу эса клуб футболчилари ўртасидаги рақобатни оширяпти.
Италиянинг "Карпи" жамоаси билан яқиндан тузилган алоқалар самараси ўлароқ, Европада кенг қўлланилиб келинаётган методикалар катта хажмда тақдим этилди. Айнан шу сабаб ҳам клуб 1,5 йил ичида катта натижаларга эриша олди.
Клуб 14 ёшга тўлган футболчини Европадаги ҳамкорларига тавсия қилишни бошлайди ва буларнинг барчаси бепул бўлади.
Комментарии