Асосий жанглар бошланмоқда. Унда "ўлдирасан" ёки "ўласан"
26 сен 2020 16:25
Новости
Асосий жанглар бошланмоқда. Унда "ўлдирасан" ёки "ўласан"
Ўзбекистон чемпиони "Пахтакор" ўзининг 1/8 финалдаги ўйинини айнан бугун Эроннинг "Истиқлол" жамоасига қарши ўтказади.
Пахтакор Драган Черан - 43', Эрен Дердийок - 47' |
AFC Лига чемпионов Азии. Финалный этап . Тур 1/8 26/09/2020, 23:45 1
:
2
Завершен
|
Эстеглал Тегеран Али Карими - 32' |
Гуруҳ ўйинларида энг кам гол ўтказган, вазиятлар яратишда эса энг яхшилардан бири бўлган "Пахтакор"
Шота Арвеладзе шогирдлари ОЧЛ-2020да Ғарб минтақаси клублари орасида гуруҳ ўйинларида ўз дарвозаларидан бор йўғи битта тўп олиб чиқишди. Бу энг яхши натижа. Жамоа тўртта баҳсдан учтасида нолга ўйнай олди, Чемпионлар лигасида бундай натижа олқишга лойиқ. "A" гуруҳида ҳам бир жамоа ("Ал Ваҳда", БАА) мусобақадан чиқариб юборилди ва у ерда ҳам қолган 3 клубнинг тўрттадан ўйини ҳисобга олинди. "A" квартетида "Истиқлол" ва "Ал Шорта" тўрттадан гол ўтказиб юборишди, "Ал Аҳли" эса 6та. Кўриб турганингиздек, тошкентликлар ҳимояда анча тартибли ҳаракат қилишмоқда. Буни статистика ҳам кўрсатиб турибди.
"Пахтакор" вазиятлар яратиш борасида энг яхши жамоалардан бири бўлиб турибди. Арвеладзе шогирдлари ҳар ўйинда ўртача 9та вазият яратишмоқда. Солиштириш учун "Истиқлол" ўртача 6та вазият яратмоқда. Бу яққол голли вазиятлар эмас, умумий вазият яратиш. Жамоа ҳар икки қанотдан ҳам, марказдан ҳам хавфли ҳужум уюштириши мумкин. Ҳужумлардаги асосий таянч Драган Черан ва Жалолиддин Машарипов. Бу икки ўйинчи бир-бирини тўлдириб туради, улар биргаликда ҳаракат қилганда кучли. Улардан бири майдонга тушмай қолса, бу иккинчисининг ўйинига ҳам таъсир қилади. Яратилаётган вазиятларнинг асосий қисми ҳам айнан улар орқали юзага келади. Шу сабаб ҳам марказлашган беллашувларда айнан шу икки футболчини рақиблар диққат билан қўриқлашмоқда. Гарчи гол уришда муаммолар юзага келаётган бўлса-да, вазиятлар яратилмоқда. Агар гол ҳам, вазият ҳам бўлмаганида бу фожиа бўларди.
Устунлиги ҳам, камчилиги ҳам ҳужумда бўлган "Пахтакор"
"Шерлар"нинг ҳужумкор ўйинчилари кучли, бу уларнинг устунлиги. Тўпни назорат қилишни ёқтиришади, ҳужумларни у қанотдан бунисига кўчиришни ҳам хуш кўришади. Чап қанотдан нисбатан кўпроқ кескинлик юзага келтирилади, бу Машарипов билан боғлиқ. Лекин, футболчилар ҳужум йўналишини тезда ўзгартириб юбора олишади. Яратувчанликда ортиқча муаммо йўқдек.
Буни қарангки, жамоанинг бугунги кундаги камчилиги ҳам айнан ҳужумда бўлиб турибди. Бу вазиятларни голга айлантира олмаслик. Марказлашган тарзда ўтаётган ўйинларда Сергеев ва Дердийок керагидан ортиқ имкониятларни кўкка совуриб улгуришди. Хатто, бирга-бир ҳолатларда ҳам гол кўрмадик. Сергеев майдонда энг кўп меҳнат қиладиган ўйинчилардан бири, ҳимоячиларда доим босимда ушлаб туради, лекин энди гол ҳам урадиган пайт келди. Умид қиламиз, буёғига ҳужумчилар якунни қойиллатишади. Зеро, плей-офф учрашувларида хато қилиб бўлмайди. Ҳар бир хато қимматга тушиши мумкин. Буёғига "ўлдирасан" ёки "ўласан".
Бугунги рақиблар бир-бирига жуда муносиб дейиш мумкин. Уларнинг ҳар иккиси тўпни назорат қилишни ёқтиради, иккисида ҳам бош билан жуда яхши ўйнайдиган ижрочилар етарли, иккисида ҳам ўзининг "месси"лари ("Истиқлол"да Меҳди Гаеди, "Пахтакор"да Машарипов) бор, иккиси ҳам жисмонан кучли. Ҳа, охирги жумлада муболаға ишлатганим йўқ. Ҳозирги пайтда мамлакатимиз чемпиони жисмоний ҳолати энг яхши бўлган клублардан бири. Форслар эса бу борада доим кучли бўлишган.
Негадир плей-офф ўйинлари олдидан "Пахтакор" футболчилари голларни айнан ҳал қилувчи босқичга олиб қўйишган деган умид бор. Бугундан яратилажак вазиятларга голлар ҳам ҳамроҳ бўлишини кўриш насиб қилсин. Зеро, фотоаппарат обьективлари сизларнинг гол нишонлаш кадрларингизни кутиб қолди.
Комментарии