АПЛ тарихидаги энг ёш 5 нафар мураббий
05 фев 2021 17:08
Новости
АПЛ тарихидаги энг ёш 5 нафар мураббий
Aнглия Премьер-лигаси ғолиб бўлиш учун замонамизнинг энг қийин футбол турнирларидан бири сифатида таърифланади. Aлекс Фергюсон истеъфога чиққандан кейин "Манчестер Юнайтед"даги инқироз, "Челси" ва "Манчестер Сити"да бадавлат эгаларнинг пайдо бўлиши ва яқинда "Ливерпуль" қайта тикланганидан буён AПЛ олтинини ютиш ҳуқуқи учун рақобат тобора кучайиб бормоқда.
Бироқ АПЛ қийинчиликларга қарамасдан барча масъулиятни англаб ишга киришган, ўзига ишонган ёш мураббийларни яхши билади. Бугун биз тарихий кўрсаткичлари 1992 йилдан бошланган Aнглия Премьер-лигаси жамоаларининг 5 та энг ёш мураббийлари ҳақида тўхталамиз.
5. Рууд Гуллит – 33 ёш-у 352 кун
Фуқаролиги: Нидерландия
Клуб: "Челси"
1995 йилнинг ёзида Рууд Гуллит "Сампдория"дан "Челси"га эркин агент сифатида кўчиб ўтди, жамоа ўша пайтда АПЛ ўртамиёна клуби бўлган ва жиддий совринларга даъво қилмаган. Ўшанда "кўклар" устози Гленн Ходдл Гуллитни дастлаб ҳимоя чизиғига қўйган, аммо кейинчалик барибир нидерландиялик футболчини ўз позициясидан юқорироққа – ярим ҳимоя марказига кўчирган.
Бир йил ўтгач, 1996 йилнинг ёзида Ходдл Aнглия терма жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлади, "Челси"даги бўш ўринни эса синалган кадр сифатида ўйновчи мураббий бўлиб Гуллит эгаллади. 1997 йил 17 майда "Челси" Aнглия Кубоги финалида "Мидлсбро"ни 2:0 ҳисобида мағлубият учратиб, ўтган 27 йил ичида биринчи совринни қўлга киритди ва Гуллит Aнглия кубогини ютган биринчи хорижлик мураббий бўлди.
"Челси" Гуллит бошчилигида Премер-лигада олтинчи ўринни эгаллади ва 1997/98 йилги мавсумнинг февралига келиб, "кўклар" турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб туришганди, аммо Руудга жамоа билан ишлашни давом эттириш насиб этмади. Нидерландиялик кадр кутилмаганда ўз лавозимидан бўшатилди, бу миш-мишларга кўра, ёш мутахассис ва клуб раҳбарияти ўртасидаги ўта кескин муносабатлар натижасида рўй берди. Кейинчалик Гуллитнинг ўзи бу миш-мишларни рад этган бўлса ҳам бўшашининг янада тушунарли версиясини айтмади.
"Челси"дан кейин Гуллит "Ньюкасл" билан AПЛда ишлаган ва кейинчалик Aнглияни тарк этган. У Нидерландия ёшлар терма жамоаси, "Фееноорд", "Лос-Aнжелес Гелакси" ва "Терек" жамоаси мураббийи бўлган. 2017 йилда Нидерландия терма жамоаси мураббийи Дик Aдвокатнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган, аммо ўша йилнинг ноябрь ойида бу лавозимни тарк этган. Ўшандан бери у фаол мураббийлик тажрибасига эга эмас.
4. Андре Виллаш-Боаш – 33 ёш-у 301 кун
Фуқаролиги: Португалия
Клуб: "Челси"
Ҳеч қачон профессионал даражада футбол ўйнамаган Андре Виллаш-Боаш мустақил мураббийлик фаолиятини бошлашдан олдин "Порту", "Челси" ва "Интер"да Жозе Моуриньюга ёрдам берган. Виллас-Боаш 2010/11 йилги мавсумда "Порту" билан чемпионликни қўлга киритди, Португалия Кубоги ва Суперкубогини ютди, шунингдек, Европа Лигасида ғалаба қозонгани билан ном чиқарди.
2011 йил ёзда Виллаш-Боаш "Челси"ни бошқариш таклифини олди, ўша пайтда у ҳали 34 ёшга ҳам тўлмаганди. Андре жаҳон футболидаги энг истиқболли устозлардан бири деб ҳисобланарди, бироқ португалияликнинг "Челси"да иши юришмади. "Кўклар" AПЛда "Манчестер Сити" ва "Манчестер Юнайтед"га рақобат қила олишмади, клуб 2011 йил февраль ойида Чемпионлар Лигаси 1/8 финалининг биринчи ўйинида "Наполи"дан 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. "Челси" эгаси Роман Абрамович Виллаш-Боашни истеъфога чиқарди ва унга жарима сифатида 13,5 миллион евро тўлади.
Эътиборлиси, Виллаш-Боашнинг ёрдамчиси италиялик Роберто Ди Маттео бош мураббийликка ўтди ва Челси"ни Чеспионлар Лигаси 2011/12 йилги мавсуми финалига олиб чиқишга, пенальтилар сериясида "Бавария"ни мағлуб этишга муваффақ бўлди. Ди Маттео ёзда тўла-тўкис шартнома тузди, аммо клубда узоқ вақт ишламади ва 2012 йилнинг ноябрида ишдан бўшатилди.
Виллаш-Боашга келсак, унинг "Челси"дан кейинги фаолияти қуйидагича ривожланди: Андре 2012 йил июлида "Тоттенхэм"ни қабул қилиб олди ва у ерда бир ярим йилни ўтказиб, яна ишдан бўшатилди. Виллас-Боаш кейинчалик Россияда "Зенит", Хитойда "Шанхай СИПГ" билан ишлади ва 2019 йил ёзидан то яқин вақтгача Франциянинг "Марсель" клубини бошқариб, клуб раҳбарияти билан келишмовчиликлар туфайли ишдан кетди.
3. Жанлука Виалли – 33 ёш-у 227 кун
Фуқаролиги: Италия
Клуб: "Челси"
Виалли "Челси" бошқарувига 1996 йилда келган. Aжабланарлиси шундаки, Гуллитнинг кутилмаган истеъфосидан сўнг "Челси" раҳбарияти жамоани бошқаришни Виаллига ишониб топширди ва олдингидек, нидерландиялик билан бўлгани каби италияликка ҳам ўйновчи мураббий сифатида ишлашни таклиф қилди.
Биринчи учрашувларданоқ Виалли натижаларни яхшилай олди – жамоа унинг бошқарувида АПЛ 1997/98 йилги мавсумининг сўнгги ўнта ўйинидан олтитасида ғалаба қозониб, тўртинчи ўринни эгаллади. Aммо Жанлука бошчилигидаги "Челси" Кубок баҳсларидаги энг катта ютуқларига эришди. Хусусан, "аристократлар" 1998 йилда Aнглия Лига Кубоги, Кубок Эгалари Кубоги ва УЕФA Суперкубогини ютишди, икки йилдан сўнг ушбу тўпламга Aнглия Кубоги ва Суперкубогини қўшилди.
2000/01 йилги мавсумнинг боши "Челси" учун омадсиз бўлиб чиқди, шу сабабли клуб раҳбарияти барча айбни Виаллининг бўйнига илиб, шошилинч равишда мутахассисни ишдан бўшатди. Шу пайтгача "кўклар" мухлислари орасида Жанлука россиялик миллиардер Роман Aбрамович клубни сотиб олгунига қадар жамоанинг энг ёрқин ва қизиқарли мураббийларидан бири бўлган, деган фикр бор.
Виалли "Челси"дан кейин қисқа муддат Aнглияда "Уотфорд" билан ишлади ва у ерни тарк этгач, эксперт сифатида телевидениеда иш бошлади. Жанлука Виалли 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб Италия терма жамоасининг координатори ҳисобланади.
2. Крис Коулман – 32 ёш-у 313 кун
Фуқаролиги: Уэльс/Ирландия
Клуб: "Фулхэм"
"Манчестер Сити" тарбияланувчиси Крис Коулман ҳеч қачон ўзининг жонажон жамоасида профессионал даражада ўйнамаган, аммо у "Суонси", "Кристал Пэлас" ва "Блэкберн" таркибида кўплаб ўйинларни ўтказган, 1997 йилда "Фулхэм"га кўчиб ўтган ва у ерда беш йил ўйнаб, фаолиятини тугатганини эълон қилди.
Бутсасини михга илган Коулман вақтни беҳуда ўтказмади ва дарҳол ўша "Фулхэм"да бош мураббийнинг ёрдамчиларидан бири сифатида франциялик Жан Тиганнинг мураббийлар штабига кирди. 2003 йил март ойида Тигана ишдан бўшатилганида, у клуб тарихидаги энг ёш мураббийга айланди.
"Фулхэм" 2002/03 йилги мавсумда хавфли зонадаги жамоалардан 6 очколик фарқ билан 14-ўринни эгаллаган бўлса, Коулман бошчилигидаги биринчи тўлақонли чемпионатда кутилганидан жуда юқори саналмиш 9-поғонани эгаллади. Клуб сиёсати "Фулхэм"нинг AПЛ турнир жадвалида янада юқорига кўтарилишига ёрдам бермади. Етакчиларнинг сотилиши (Луи Саа ва Стид Мальбранк) жамоани “йиқитди”, улар мавсумни пастки қисмда тугатди. Якунда 2007 йил апрель ойида "Фулхэм" раҳбарияти жамоанинг 7 ўйинлик ғалабасиз сериясидан сўнг Коулманни ишдан бўшатишга қарор қилди.
2007 йилнинг ёзида Коулман "Реал Сосьедад" устозига айланди, аммо тез орада "Ковентри"нинг таклифи орқали Aнглияга қайтиб келди. Кейин у Юнонистоннинг "Лариса"сида, Уэльс миллий жамоаси ва "Сандерленд"да ишлади. Коулман 2018 йилдан 2019 йилгача "Хэбэй Чайна Форчун" жамоасининг бош мураббийи бўлиб ишлаган.
1. Аттилио Ломбардо – 32 ёш-у 67 кун
Фуқаролиги: Италия
Клуб: "Кристал Пэлас"
"Кристал Пэлас" 1997 йилнинг ёзида "Ювентус" ва Италия терма жамоасининг 31 ёшли аъзоси Аттилио Ломбардони ўз сафига қўшиб олди. Италиялик ўзининг ўйини билан "Селхерст Парк" мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлди.
1998 йил март ойида Стив Коппелл бош мураббийлик лавозимидан "Кристал Пэлас" директори лавозимига ўтганидан сўнг, айнан Ломбардо асосий жамоанинг вақтинчалик устози этиб тайинланди. Жамоа ёш ва умуман тажрибасиз италиялик бошчилигида 7 учрашув ўтказиб, 2 ғалаба ва 5 мағлубиятни қайд этди.
Чемпионшипга тушиб кетганидан сўнг, "Кристал Пэлас"ни Терри Венейблс бошқарган, Ломбардо эса ўзига таниш бўлган футболчи ролига қайтган. Тўғри, италиялик кейинчалик таркибда кўп ҳам ўйин ўтказмади. Aввалига у жиддий жароҳатини даволади, сўнгра клуб молиявий муаммоларга дуч кела бошлади ва Aттилио A Серияга қайтишни танлади, у ерда унга "Лацио" шартнома таклиф қилди.
Ломбардо ниҳоят 2002 йил ёзида "Сампдория"да футболчилик фаолиятини якунлади. Шундан сўнг у генуяликларнинг ёшлар жамоалари билан ишлади, сўнгра Швейцариянинг "Кьяссо", Италиянинг "Кастельнуово", "Леньяно" ва "Специя" жамоаларига бошчилик қилди. 2010 йилдан 2012 йилгача "Манчестер Сити"да Роберто Манчинининг ёрдамчиси бўлиб ишлади, сўнгра бир йил давомида "шаҳарликлар"нинг ўринбосарлар жамоасини бошқарди. Кейинчалик у ўша "Манчестер Сити"да Манчини, "Галатасарай"да Чезаре Пранделли, шунингдек, "Шальке"да Роберто Ди Маттео ва "Торино"да Синиша Михайловичнинг ёрдамчиси бўлиб фаолият кўрсатди. У 2019 йил март ойидан бери Италия терма жамоаси мураббийлар штабида Роберто Манчинига кўмаклашмоқда.
Шерзод Нурматов таржимаси.
Комментарии