АПЛ. "Манчестер Сити" "Арсенал"ни мағлуб этиб, лондонликларнинг чемпионлик имкониятини кескин пасайтирди
27 апр 2023 01:58
Новости
АПЛ. "Манчестер Сити" "Арсенал"ни мағлуб этиб, лондонликларнинг чемпионлик имкониятини кескин пасайтирди
Манчестер Сити – Арсенал 4:1
Гол: 1:0 – 7 де Брюйне, 2:0 – 45 Стоунз, 3:0 – 54 де Брюйне, 3:1 – 86 Холдинг, 4:1 – 90 Холанд.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Стоунз, Рубен Диаш, Аканджи, Гюндоган (Марез, 72), де Брюйне (Альварес, 80), Родри, Грилиш (Фоден, 87), Бернарду Силва, Холанд.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Холдинг, Габриэл, Зинченко, Джака (Жоржиньо, 60), Парти, Эдегор (Смит-Роу, 71), Сака (Нелсон, 80), Мартинелли (Троссард, 60), Габриэл Жезус (Нкетиа, 80).
Огоҳлантиришлар: Рубен Диаш (45), Грилиш (75), Парти (76), Родри (88).
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
Бугунги учрашувдан сўнг турнир жадвали шундай кўриниш олди.
УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ!
90+5. ГООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Сочлари талабаликдаги қиз курсдошларимнинг барчасиникидан узун бўлган Ҳоланд "Реал Мадрид" мухлисларига салом йўллади!
90. Иккинчи бўлимга 5 дақиқа қўшиб берилди.
86. ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! "Арсенал" осмонида қуёш лип этди. Ҳолдинг уйқуга кетмаган содиқ мухлислари ҳурмати учун гол туҳфа этди.
83. Нкетианинг зарбасига аниқлик етишмади.
80. Саканинг жаримадан йўллаган зарбаси дарвоза устидан сакраб кетди.
75. "Разбор" бошланди. Ҳакам ўйинчиларни тинчлантириш мақсадида чўнтагида зерикиб ўтирган карточкасини ёрдамга чақирди.
71. Учрашув темпи кечки об-ҳаво сингари ҳароратга келмоқда.
Бугунги ўйинда Жезус...
64. Уч рақиби қаршисида қолган Родри уларни уялтирадиган ҳолатга солиб қўйди.
60. "Арсенал" янги кучларни майдонга ташлади. Кўрамиз, улар жамоани кучайтирармикан ёки кучан...
54. ГОООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ!!! Де Брюйне Ҳоланднинг пасидан кейин гол уриш бўйича маҳорат дарси ўтиб берди.
53. Уолкер қанотда собиқ жамоадоши Зинченконинг ўтиб кетишига йўл қўймади. Кейинги ҳужумда эса Рэмсдейл яккама-якка вазиятда жамоасини навбатдаги голдан қутқариб қолди.
46. Иккинчи бўлим бошланди. Танаффусда "Арсенал" футболчилари мактабдан икки баҳо олганимдаги эшитганларимдан бадтарроғини қулоғига қуйиб олишган бўлса, ажабмас.
Биринчи бўлим якунланди.
45+5. Жанжал шайдолари кутган лаҳза бошланди, оқибатда Рубен Диаш огоҳлантирилди.
45+1. ГООООООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Стоунз Де Брюйненинг жаримадан узатмасига бош билан зарба йўллаб, кўпгина "Арсенал" ишқибозларининг эртароқ ҳордиқ чиқариши ҳамда ишга кечикмаслигини таъминлайдиган бўлди.
45. Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.
Зарбалар: 7-2, аниқ зарбалар: 5-0
41. Рэмсдейлллллл! Ҳоланднинг яқин масофадан йўллаган зарбасини меҳмонлар посбони оёқлари орасидан ўтишига йўл қўймади.
36. Энди эса Ҳоланд ҳам Де Брюйне бўлолмаслиги аён бўлди.
35. Парти зарба беришда Де Брюйне бўлолмаслиги аён бўлди. Иккисининг ҳам тепган нуқтаси ва услуби ўхшаш эди.
Бизнинг мураббийлар нега Гвардиоладек бўла олмайди. Чунки кўп ўйлайвериб, ташқи кўринишдан ҳам ўхшаш бўлиб қолишини истамайди. Сиз ўйлаётган киши эса фаолиятини Гвардиоладан аввалроқ бошлаган.
28. Ҳазиллашманглар-эй. Де Брюйне учинчи маротаба жуда қулай имкониятга эга бўлмоқда. "Арсенал" таянч зонаси қаёққа қараб анграйиб турибди.
26. Де Брюйне учрашув тақдирини ҳал қилиб қўйишига бир баҳя қолди, Рэмсдейлнинг қўл билан бажарадиган ҳаракатини Уайт оёғи билан амалга оширди.
22. Бернардунинг зарбасини Рэмсдейл эгаллаб олди.
21. Парти майдон марказида Родрининг кир ювиш машинасига иш ҳозирлаб қўйди.
19. "Сити" ўз ярим мобайнида "собачка" ўйинини ижро этишмоқда.
15. Мезбонлар прессинг натижасида рақибни тўп йўқотишга мажбур қилди.
9. Катта тезликда бораётган Зинченкони "Сити" ҳимоячилари тўхтатишга қийналаётганди, бироқ майдон четида турган ён ҳакам биргина байроқчаси билан уни "стоп" қилишга эришди.
7. ГОООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Де Брюйне ҳисобни очди! Бельгиялик ярим ҳимоячи марказдан юриш қилди ва рақиб посбонининг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.
2. Мезбонлар дастлабки дақиқадан хавфли ҳужум амалга оширди, қанотдан оширилган тўпдан сўнг Рэмсдейл тўпни қўлидан чиқариб юборди, қайтган тўпга эса Де Брюйне зарба бера олмади ва қўполлик ишлатди.
1. Ҳакам йўл-патрул хизмати ходимлари кўп бора қўллайдиган ҳаркатлардан бирини амалга оширди ва учрашув бошланди. Бугун "Сити" кўк-оқ, "Арсенал" қизил-оқ рангли либосда ҳаракат қилади.
Жамоалар майдонга чиқиб келишмоқда. Учрашувга шайланинг.
Мана бу ишқибозлар стадиондан туриб матнли трансляцияни кузатиб бормоқчи.
Тўрт кун қолди...
Бугунги учрашувни Майкл Оливер бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Тўғри, бугун у диққат марказида турмаслиги мумкин. Унинг айби Ўзбекистонда туғилмаганида. Агарда Суперлиганинг марказий учрашуви ушбу ҳакамга топширилганда, эртасига номи ижтимоий тармоқларда тилга олинган бўларди эҳтимол.
Ассалому алайкум, қадрли футбол мухлислари ва мухлисалари! Бугун Англиядаги даҳшатли тўқнашув гувоҳига айланамиз. Бунинг учун ортиқча юмушларни йиғиштириб, экран қаршисига яхшилаб ўрнашиб олинг. Сўнгги йилларда ойнайи жаҳонда намойиш этиладиган футболга эътибор жудаям ошди. Мана, масалан, ўтган йили АПЛни телевизор орқали кўрган бўлсак, эндиликда интернет орқали томоша қиляпмиз. Узр, узр, телевизордаги роликларга кўзим тушавериб, ундаги баъзи жумлаларни беихтиёр ўзлаштириб олибман. АПЛ якунланишига оз вақт қолди. "Арсенал" учун бугун чемпионлик йўлидаги энг жиддий ва энг оғир кураш бўлиб ўтади. Қолаверса, Микель Артетани ҳам жиддий имтиҳон кутиб турибди. Агарда бугун унинг жамоаси ғалаба қозонса, том маънода мураббий қаҳрамонга айланади. Агар акси бўлса, "тўпчилар" устози эртадан кўчада наушник билан юришига тўғри келади.
Мен ҳам сизларни зериктирмаслик ва ўйин муҳити билан таништириб бориш мақсадида учрашувга пухта тайёргарлик кўрдим ва ярим соат аввал зўрға кўзимни очдим. Ўйлайманки, сиз бу ишни беллашув якунига қадар такрорламайсиз. Учрашув атрофида даҳшатли атмосфера ҳукм сурмоқда. Энергияга бой мухлислар томошабинлар ҳуштаклар билан ўйин бошланишини сабрсизлик билан кутмоқда. Яна бир бор узр, даҳшатли атмосфера марказини топдим. Шеригим кўзларини юмиб, ўзини Манчестер шаҳрида ҳис қилганча, хуррак отаётган экан. Нма бўлган тақдирда ҳам "Эттиҳад Арена"да шундай муҳит бўлишини сезиб турибман.
Комментарии