АПЛ 2018/19. Рекордлар, рақамлар ва қизиқарли маълумотлар
12 июн 2019 02:00
Новости
АПЛ 2018/19. Рекордлар, рақамлар ва қизиқарли маълумотлар
Соврин учун энг қайноқ кураш
Жорий мавсум АПЛни кўришимиз учун сабаб бўлган нарса "Манчестер Сити" ҳамда "Ливерпуль" ўртасидаги чемпионлик пойгаси бўлди. Ғолиб номи сўнгги тур баҳсидан кейин аниқланди. Бу пойга 2011/12 мавсумдан кейинги энг ёрқини бўлди, фақат ўша 7 йил олдинги мавсумда "Сити" тўплар нисбати бўйича МЮдан ўтиб кетганди.
Премьер-лига яратилганидан сўнг фақат 5 марта ғолиб ва иккинчи ўринни бир ёки ундан кам очко ажратиб қолган, буниси олтинчиси бўлди.
Ўтган мавсум "Манчестер Сити" рекорд фарқ билан чемпионга айланди, бу сафар эса "шаҳарликлар" қувувчи ролида бўлиб, декабрь охирида "Ливерпуль"дан 10 очко орқада эди. Кўрсатилган ирода, даражани ҳисобга олсак, улар учун чемпионат муҳимроқ аҳамиятга эга бўлди.
"Ливерпуль"га алоҳида раҳмат айтиш лозим, чунки жамоа аввалги мавсумга қараганда 22 очко кўп тўплади, 16та кам гол ўтказди ва 5та кўп гол киритди. Бошқа мавсумларда бу натижа чемпионлик учун етарли бўларди, аммо бунисида эмас.
Икки етакчи
Чемпионлик учун кураш авжига чиққанида, икки жамоа қолганлардан фарқни йириклаштириб олишди. Мавсум бошида "Челси" улар билан тенг кураш олиб борди, бироқ кейин пастга тушиб кетишди. "Тоттенхэм" ҳам яқин эди, аммо бу пойгани тез тарк этди. Қолганлар икки етакчига етиб олиш учун ҳаракат ҳам қилишмади.
Бу билан яна бир АПЛ рекорди ўрнатилди. Премьер-лига тарихида биринчи марта иккинчи ва учинчи ўрин ўртасидаги фарқ 25 очкога етди. Аввалги рекорд 2011/12 мавсумда бўлган. Ўшанда фарқ 19 очко эди.
Бу рақиблар кучсизлигидан эмас, етакчиларнинг кучидан далолат беради. "Сити" ва "Ливерпуль" биргаликда 195 очко тўплаб, рекорд ўрнатишди.
Катта олтилик
Фарқ ҳақида гап очилган экан, демак 6 ва 7-ўрин ўртасидаги "жарлик" ҳақида ҳам эслаб ўтиш лозим. Агар авваллари АПЛда "катта тўртлик" мавжуд бўлса, ҳозир унинг ўрнини катта "олтилик" эгаллади: "Манчестер Сити", "Ливерпуль", "Челси", "Тоттенхэм", "Арсенал" ва МЮ.
Бу мавсум 7-ўрин бир йил олдин Чемпионшипда ўйнаб юрган "Вулверхэмптон"га насиб этди. Улар жорий мавсум "кучли олтилик" жамоаларининг деряли барчасидан очко тортиб олишга муваффақ бўлди. Бу жамоа МЮдан 9 очко ортда қолиб кетди.
Схемалар эволюцияси
Бир неча йил олдин 4-2-3-1 схемаси инглиз футболидаги асосий тактика эди, 2015/16 мавсумда инглиз жамоаларининг ярмидан кўпи ундан фойдаланган. Аста-секинлик билан бундай жамоалар камайиб борди ва энди бу схема чўққидагиларга керак бўлмай қолди.
Жорий мавсум 4-3-3 катта фойда берди, аммо унинг мухлислари ҳозирча кўп эмас, аммо келаси мавсумда Клопп ва Гвардиоладек ўйнашни истаганлар кўпайиб қолиши мумкин. Тўғри, 4-3-3 4-2-3-1 давридаги каби машҳур эмас, чунки ҳозир жамоалар кўп тажриба схемаларини ишлатиб кўришмоқда ва янги схемалар сони кўпайган.
Фулбеклар даври
Қанот ҳимоячиларининг жамоадаги роли йилдан-йилга муҳимлашиб бормоқда. Сўнгги беш мавсумда уларнинг голли узатмалари сезиларли даражада ошган. 2013/14 мавсумда уларнинг ассистлари 75тани ташкил қилган бўлса, бу мавсум 135та голли узатма бўлди.
Юрген Клоппнинг "Ливерпульи" муваффақиятларига айнан фулбеклар катта ҳисса қўшишди (23та голли пас). Иккинчи ўриндаги "Арсенал"да эса бу натижа деярли икки баравар паст (13та).
Трент Александр-Арнолд ва Эндрю Робертсонлар АПЛнинг энг яхши ассистентлари бешлигига киришди. Трент ҳамкасбини сўнгги турда қувиб ўтди, унда 12та узатма, шотландияликда 11та. Улардан кейинги ўринларни Хосе Холебас ва Рикарду Перейралар (6тадан ассист) эгаллаб туришибди.
"Бёрнли" фулбеклари ҳаммани ачинарли натижа билан ҳайрон қолдиришди. Чақат Чарли Тейлор ягона голли паси билан ажралди. Ўтган мавсум Чемпионшипда 14та голга ассистентлик қилган "Вулверхэмптон" фулбеки Барри Дуглас, жорий мавсум чемпионатнинг кучини ҳис қилди. Бу сафар "бўрилар" фулбекларининг умумий узатмалари сони 6та бўлди, чунки Дуглас жамоада йўқ эдида.
Узоқдан берилган зарбалар сони камайди
Жорий мавсум узоқдан зарба бериш бўйича энг паст натижа қайд этилди. Бу кўрсаткич анчадан бери пасайиб бормоқда, аммо ҳозир у энг паст нуқтага етди. АПЛ футболчилари бу мавсум жарима майдончаси ташқарисидан 3644та зарба беришибди, 2003/04 мавсумда ушбу кўрсаткич 5038та зарбани ташкил қиларди.
Энди эса кутилмаган натижа: Бу 3644та зарбанинг 4,2% голга айланган ва бу тарихдаги энг катта натижа. Узоқдан берилган зарбалар сони камайди, аммо футболчиларнинг маҳорати ошди.
Меҳмонлар муваффақияти ошиб, дуранг камайиб кетмоқда
Жорий мавсум меҳмонда қозонилган ғалабалар фоизи тарихдаги энг яхшисига айланди. 380та учрашувнинг 128тасида меҳмонлар уйга уч очко билан қайтишди, бу 33,68% дегани. Мезбонларнинг муваффақияти меҳмонларникидан бироз фарқ қилмоқда.
Ҳаммадан кўпроқ "Манчестер Сити" (14та) ва "Ливерпуль" (13та) меҳмонда зафар қучишди. Бу борада энг ёмон натижа "Хаддерсфилд" (1та) ва "Фулхэм"да (1та).
Жорий мавсум Премьер-лига тарихида энг кам дуранг қайд этилди. 71та яъни барча учрашувларнинг 18,7%.
Баҳорнинг март ва апрель ойларида кетма-кет 35та ўйинда дуранг қайд этилмади.
Ўтган мавсумнинг якуни билан қўшиб ҳисобласак, "Тоттенхэм" кетма-кет 32та баҳсда бирорта дурангга эришмади. Жорий мавсум энг кам дуранг "Сити" ва "шпорлар" ҳисобига ёзилди (2тадан). "Саутгемптон" муроса кўчасини танлаш бўйича етакчи бўлди.
Европада ҳукмронлик
Жорий мавсум Премьер-лига клублари еврокубок баҳсларида ҳукмрон бўлишди. Европа лигаси ва Чемпионлар лигаси финалларида фақат инглиз клублари иштирок этишди. Авваллари бунақаси бўлмаган.
Айтганча, иккита инглиз клуби иккинчи марта Европа лигаси/УЕФА Кубоги финалида тўқнаш келмоқда. Биринчи марта "Тоттенхэм" ва "Вулверхэмптон" ўзаро куч синашишган.
Бу мавсум инглиз футболи учун энг яхшиси бўлди. Улар еврокубокларда финалга чиқиш бўйича биринчи ўринни эгаллашди. Инглиз жамоалари жорий мавсум билан қўшиб ҳисоблаганда 37 марта финалда тўп тепишди, испанларда бу кўрсаткич 36тани ташкил қилади.
Голлар
"Тоттенхэм" ҳамда "Эвертон" ўртасидаги сўнгги тур учрашувининг 75-дақиқасида Кристиан Эриксен ўз жамоаси учун дуранг қайд этди ва мавсумдаги сўнгги (1072) голни уришга муваффақ бўлди. Бу 1995 йилдан сўнг ўрнатилган энг яхши натижа. Ўша йили АПЛ жамоалари сони 20тага камайтирилган эди. 20та жамоа билан қайд этилган аввалги рекорд 2011/12 мавсумда (1066та гол) бўлган.
Энг кўп гол "Манчестер Сити" ҳисобига тўғри келади (95та), рақиб дарвозасини жуда кам ишғол этган жамоа "Хаддерсфилд" бўлди. Мавсум тўпурари соврини бирданига уч футболчига топширилди. Муҳаммад Салоҳ, Пьер-Эмерик Обамейянг ва Садио Манелар 22тадан гол уришга муваффақ бўлишди. Сўнгги марта 2010/11 мавсумда Карлос Тевас ва Димитар Бербатовлар жорий мавсумдагидан камроқ гол уриб (20та), тўпурар совринини қўлга киритишган эди.
Чет эллик - муваффақият калити
Инглиз клублари айнан шу қоида бўйича мураббий танлашмоқда. Қачонлардир Англия мураббийлар мактаби ўз иқтидорлари билан ном таратган эди, аммо ҳозир кўпроқ чет эллик мутахассисларга ишонч билдирилмоқда. Иқтидорли мураббийлар Чемпионшипда етарлича, аммо АПЛда бундайлар кам. Агар Англия чемпионати клубида ёш инглиз мураббий бўлса, демак, тез орада у жамоани тарк этади.
Жорий мавсум фақат тўрт англиялик мураббий мавсумни бошидан охиригача бир жамоада ишлади.
Ўтган мавсумда ўн беш нафар британиялик Премьер-клубларида ишлашга муваффақ бўлишди, уларнинг 7 нафари вақтинчалик мутахассис бўлиб, 10тадан ортиқ учрашув ўтказишмади. Уларнинг фақат учтаси чемпионатни бошидан охиригача бир жамоада ўтказишди.
Бу вазият ҳар йили такрорланмоқда ва инглиз мураббийлари цехидан чиқаётганлар юқори жойлар учун курашишмаяпти. Британиялик мураббий биринчи олтиликда камдан-кам пайдо бўлади. Сўнгги марта Брендан Рожерс 2013/14 мавсумда "Ливерпуль" билан совринга яқин келганди.
Комментарии