Андрей Шевченко: «Мен учун юлдуз ёки дахлсиз футболчи йўқ»
25 сен 2016 10:00
Новости
Андрей Шевченко: «Мен учун юлдуз ёки дахлсиз футболчи йўқ»
Табиийки, у янги соҳада ҳам муваффақият қозонишни кўнглига тугиб қўйган. Шеванинг Украина миллий жамоаси бош мураббийи ролидаги расмий дебюти икки хил таассурот қолдирди. Бир томондан, машҳур собиқ ҳужумчининг шогирдлари ЖЧ-2018 саралаши 1-туридан ўрин олган ўйинда Исландия термаси дарвозасини бир мартагина ишғол қилишди ва дуранг натижа билан чекланишди. Иккинчи томондан қарасак, улар Евро-2016да чинакам шов-шув кўтарган исландлардан енгилишмади, ҳар ҳолда. Буюк Шева шу ўйиндан кейин ҳам Football.ua сайтига эксклюзив интервью бериб, миллий жамоадаги иши ҳақида тўхталди. Шунинг баробарида «Милан»нинг айни ҳолати каби бошқа мавзулар бўйича ҳам фикр алмашди.
- Андрей, Украина термасини бошқариш масаласида қанчалик кўп бош қотирдингиз?
- Очиғи, менда мамлакат бош жамоасига устозлик қилиш орзуси анча олдин туғилганди. Дейлик, жамоани бошқариш бўйича тушган илк таклиф (Украина футбол федерацияси Евро-2012дан сўнг бошқарувни айнан Шевченкога топширишни хоҳлаганди)га рад жавоби беришим жуда қийин бўлганди. Лекин ўшанда бундай ишга қўл уриш пайти ҳали келмаганини яхши тушунганман. Ортда қолган 4 йилда ўз устимда тинимсиз ишладим - ўқидим, билимимни оширдим, таҳлилларга зўр бердим. Мана, ниҳоят, энди терма жамоани бошқаришга тўлиқ тайёрман, дея оламан. Хуллас, номзодлардан бири бўлиш таклифини ўйламай қабул қилдим. Айнан мени бош мураббий сифатида тасдиқлашганида эса, беҳад қувондим.
- Лекин кўплаб мухлисларда хавотир бор. Уларнинг фикрларига кўра, тажрибангиз йўқлиги сабаб, бу ишни яхши уддалай олмаслигингиз мумкин экан. Ўзингиз нимадандир чўчимаяпсизми?
- Йўқ, қўрқишимга асос йўқ. Тажриба масаласига келсак, терма жамоада етарли муддат ўйнаганман. Ўйлайманки, энг катта ва муҳим тажрибам айнан шу. Бошқача айтсам, Украина термаси фаолиятимдаги бош жамоа ҳисобланарди. Айтайлик, миллий термамизнинг шаклланиш даври, унинг эволюцияси ва «базавий жамоа» моделидан воз кечиб, замонавий тизим бўйича иш бошлаганига бевосита гувоҳ бўлганман. Қолаверса, аввалги мураббийлар ниманинг ҳисобига натижага эришганларию, қандай камчиликлар туфайли муваффақиятсизликка учрашганини кўрганман. Ўйинчилик фаолиятимнинг охирги йиллари майдонда энг ёши катта футболчидек эдим ва зиммамга жамоани бошқариш функцияси ҳам юклатилган. Хуллас, футболчилар ҳаракатига бошчилик қилардим. Шундай экан, қандай иш тутишни ҳам, ижобий натижа таъминлаш йўлларини ҳам биламан.
- Мураббийлик тажрибаси ҳақида сўз очилганида, бир неча ой айнан миллий жамоада Михаил Фоменкога ассистентлик қилганингизни ҳам айтиш мумкин. Сизнингча, ўша вақтдаги муваффақиятсизликнинг асосий сабаби нима эди?
- Доимгидек, сабаблар кўп. Мен якуний қарор қабул қилувчи эмас, балки ёрдамчи эдим. Айтишим жоиз, зиммамга юклатилган вазифани сидқидилдан бажарганман. Бироқ барчасини фақат Фоменко назорат қиларди. Бинобарин, у кўрсаткичларни чуқур таҳлил этиб, футболчилар билан индивидуал суҳбатлар олиб борарди. Штабдаги ёрдамчи мураббийлар функцияси аниқ кўрсатиб қўйилган ва ҳеч ким ундан ортиғига жазм этолмайди. Чунки якуний натижага бир киши - бош мураббий масъул. Шундай экан, унинг ишига жиддий аралашиш ярамайди. Ўз ўрнида, алоҳида таъкидлашим керак, ўшанда Украина термаси ўта ношуд кўрингани йўқ. Мисол учун, Германия ва Польша термаларига қарши учрашувларда қизиқарли ва ўйланган услуб вазиятлари кўзга ташланганди. Бироқ ўша иш ҳеч қандай натижа келтирмаган экан, барчасини обдон ўйлаб кўриш ва хатолар илдизини топиш зарур.
- Bild нашри Украина термасининг немисларга қарши ўйинидан сўнг битта суратни чоп этганди. У гўёки, украинлар кийиниш хонасида олинган бўлиб, пол сигарета қолдиқларига тўла эди. Нима, жамоа футболчилари ўйинлардан сўнг дарҳақиқат, тамаки тутатишадими?
- Йўқ, асло. Боз устига, кийиниш хонасида чекиш мутлақо ақлга сиғмайди. Хуллас, матбуот «сенсация» ўйлаб топишга уста.
- Айтганча, яна бир латифанамо ҳикоя бор. Унга кўра, турклар билан ўйинда Александр Рикун сизга заргарона тўп узатган ва танаффус чоғи ким «пас» берганига қизиққансиз. Шунда атрофдагилар Рикунни кўрсатиб, унга таъриф бера бошлашган: «Ажойиб футболчи, бироқ ёмон тарафи - спиртли ичимликларга суяги йўқ». Сиз эса кулиб, агар шундай узатмаларни амалга ошириб турса, унга ўзингиз қуйиб беришингизни айтган экансиз. Бунда ҳақиқат улуши қанча?
- Ишонинг, фаолиятим давомида терма жамоада мен билан бирга ўйнаган ҳар бир футболчини яхши билганман. Бошқача бўлиши мумкинми? Шевченко ўз жамоадошини танимаса-я... Қисқаси, Саша Рикунни ҳам олдиндан яхши танийман. У ўта иқтидорли йигит, узатмаларига эса дарҳақиқат, гап йўқ. Унинг ичиш-ичмаслиги эса мени ўша вақтда ҳам заррача қизиқтирмаган, ҳозир ҳам шундай.
- Энди саволни бошқача қўямиз - мабода терма жамоа футболчиларидан бири базага маст ҳолда келса, уни қандай қабул қиласиз?
- Бизда битта бош қоида бор - бу тартиб-интизом. Ўйлайманки, йигитлар ҳозирдан ички тартиб-интизомга риоя қилиш қатъий талаб эканлигини тушуниб улгуришди. Демакки, маст ҳолда келиш ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Зеро, тартиб, йиғинчоқлик, ўзини яхши тутиш ва ишга жиддий ёндашишни жиддий талаб сифатида белгилаб қўйганмиз. Йигитлар терма жамоа ихтиёрига келишгач, худди мен ўйнагандек ҳаракат қилишлари шарт. Табиийки, қоидани бузганлар қатъий жазоланишади. Шу жойда битта гапни алоҳида таъкидлайман: мен учун жамоада на юлдуз ва на дахлсиз футболчи бор, ҳаммага бир хил ёндашаман.
- Дейлик, «Конкордия»да чакки ўйнамаслигини қайта исботлаган Артём Милевский аввалги савиясини тикласа, уни терма жамоага чақиришингиз мумкинми?
- Жамоага айни пайтдаги энг кучли ижрочиларни чорлаяпмиз. Бу шундан далолат берадики, терма эшиклари барчага очиқ. Фақат, миллий жамоа либосини кийишни хоҳлаган футболчи муносиб ўйин орқали ўзини намоён этса, бас. Шунда мамлакат шаънини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
- Исландия терма жамоасига қарши ўйин учун биров кутмаган ҳолатда «Днепр»дан ҳужумчилар дуэти - Баланюк-Довбикни чақирдингиз. Бу ҳойнаҳой истиқболни ўйлаб қилинаётган иш бўлса керак. Ёки улар чиндан ҳам, яқин орада самара келтиришга қодирмилар?
- Номзодлар сафи қанча кенгайса, шунча яхши. Шахсан мен шундай ёндашувни маъқул кўраман. Табиийки, йигитларни йиғинга чақиришдан мақсад уларнинг ҳолати билан яқиндан танишишгина эмас. Бу истиқбол учун катта ишнинг бошланиши, холос. Йиғинлар чоғи ёш футболчиларга терма жамоа муҳити, кучли масъулият, мураббийлар талаби ва тайёргарлик жараёни динамикасига мослашиш имконини берамиз. Шунинг баробарида келажакда улардан умидимиз катта эканлигига шаъма қиламиз. Менимча, бундай ёндашув ёшларнинг тезроқ ўсишларига туртки беради. Қолаверса, терма жамоага номзод футболчини босқичма-босқич тайёрлаб бориш керак. Зеро, хоҳлаган футболчини бирданига терма жамоага қўшсангиз, у қандайдир ноқулайликни ҳис қилади, босим туфайли ўзини кўрсатолмаслиги мумкин.
- Марко Девичнинг жамоага чақирилмаётганини нима билан изоҳлайсиз?
- Қайтараман, айни ҳолат бўйича энг кучли кўринган йигитларни жалб қилдик. Бу гап биргина Девич эмас, барчага тааллуқли.
- Кўпчилик роса гапирган Тайсон Бразилия миллий жамоасидан чақирув олгани ҳамоно Украина термаси шарафини ҳимоя қилиш иштиёқини унутган экан, футболчиларни маҳаллийлаштиришдан қандай маъно бор?
- Маҳаллийлаштириш билан ҳукумат шуғулланади. Бизнинг вазифамиз эса, Украина паспортига эга ўйинчилар билан ишлаш. Шундай экан, уларнинг ўзлари масъулият ва таваккаллик даражасини аниқлаштиришлари зарур. Биздаги қоида оддий: Украина фуқаролигига эга ва айни пайтдаги энг яхши футболчиларга эътибор қаратамиз. Хуллас, ҳеч ким - хоҳ украин бўлсин, хоҳ маҳаллийлаштирилган бошқа миллат вакили - унинг келажагига кафолат йўқ.
- Умуман, Украина чемпионатида хорижликларга чеклов қўйилишига муносабатингиз қандай?
- Чет элдан келган футболчиларга лимит жорий этиш-этмаслик - лига раҳбариятинг иши. Табиийки, бунда турли-туман факторлар инобатга олинади. Терма жамоада эса лимит йўқ - барча йигитлар украиналик.
- Охирги йилларда украиналиклар хорижга чиқишга кўпроқ ошиқишмоқда. Бу терма жамоа фойдасига хизмат қилиши мумкинми?
- Битта нарса аниқ - футболчиларнинг ўзларига доимо ўйин амалиёти фойда беради. Йигитларимиз айнан шу мақсадда кетаётган бўлсалар, уларни фақат олқишлайман.
- Сизнингча, Украина футболи вакилларига топ-чемпионатларда ўйнаб кетиш учун аввало, нима етишмаяпти?
- Ҳар бир муайян ҳолатда ўзига хос томонлари бор. Кўпинча, барчаси футболчининг ўзи ёки унинг иқтидоригагина боғлиқ бўлмайди. Бироқ битта умумий қоида борки, у доимо ёрдам беради. Демоқчиманки, футболчи нима бўлишидан қатъий назар, ўз олдига юқори мақсад қўйиши ва унга интилиши керак. Якунда муваффақият албатта, келади.
- Айтингчи, вазият тақозо этса, собиқ мураббийларингиздан маслаҳат-ёрдам сўрашингиз мумкинми?
- Кўплаб устозларим ва жамоадошларим билан яхши муносабатларни сақлаб қолганман. Биз тез-тез кўришиб турамиз, ўзаро қўнғироқлашамиз. Бироқ мураббийлар доим ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлашмайди. Моҳиятан олганда, улар ўзаро рақобатчи саналишади. Демак, кимдандир бевосита ёрдам сўраш ўрнига, унинг кучли жиҳатларини зимдан ўрганиш маъқул.
- Шахсий мураббийлик қарашларингизга кимлар кўпроқ таъсир ўтказишганини айта оласизми?
- Ҳа, Валерий Лобановский ва Карло Анчелотти. Лобановскийдан барча масалаларга тизимли ёндашишни ўрганганман. У ҳаттоки, арзимасдек туюлган ҳолатга ҳам эътиборсиз қарамасди. Анчелотти билан иш жараёнида эса тактик билимларимни оширдим. Ахир ҳеч қаерда тактикага Италиядаги каби жиддий ёндашмасалар керак.
- Собиқ клубингиз - «Милан» охирги йилларда обрўсини анча йўқотди. Сизнингча, хитойлик сармоядорлар жамоани аввалги чўққиларга етаклай олишармикин?
- «Милан» доимо қалбим тўрида. Афсуски, ҳаттоки, энг буюк клублар ҳаёти ҳам фақат зафарлардан иборат эмас. Шубҳа йўқ, «Милан» ҳали яна юқорига кўтарилади ва миллионлаб мухлисларни оҳанрабодек ўзига тортади.
- «Милан» раҳбарияти Карло Анчелотти кетганидан буён клубнинг бир қатор собиқ футболчиларидан топ-мураббий кашф этишга уринди - Леонардо, Кларенс Зеедорф, Филиппо Инзаги, Кристиан Брокки... Сиз ҳам вақти келиб, «россонерлар»га устозлик қилишни хоҳлармидингиз?
Интервьюнинг тўлиқ қисмини "ИнтерФутбол" сайтида ўқиш мумкин.
Комментарии