Альваро Мората билан интервью
08 сен 2016 23:30
Новости
Альваро Мората билан интервью
Унда у ўзининг қайтиши, Зинедин Зидан ва Хулен Лопетеги билан ишлаётгани,
голлар, танқидлар ва “Қироллик клуби”даги босим хусусида берилган саволларга
жавоб қайтарди.
- Терма жамоада “I have a dream” (“Менда орзу бор”) ёзувли либосда пайдо бўлдингиз. Бу қандай орзу экан?
- Менда турлича бўлган: бу ерда бўлиш ва терма жамоа билан бирор соврин ютиш, чунки кўплаб кубокларга эга чиққанман. Бироқ терма жамоа билан ғалаба қозониш футболчида рўй бериш мумкин бўлган энг ажойиб нарса. Бунинг қийинлигини биламан, лекин жамоада муваффақият учун етарлича иқтидорли ўйинчилар бор деб ўйлайман.
- 23 ёшда “Реал” билан Европада, “Ювентус” билан Италияда ва 21 ёшгача терма жамоа билан зафар қучишга эришдингиз. Шунингдек, миллий терма сафида Европа чемпионатида иштирок этдингиз. Таассуротларингиз қандай?
- Ҳаммаси жуда тез ўтади ва тин олиб, эришган нарсаларинг ҳақида ўйлаб кўриш даркор. Бундан баъзида роҳатланиш керак, чунки бари жуда тез ўзгариб кетиши мумкин. Қачон бунча кўп ўйинлар, сафарлар, йиғинлар ва юқори ҳаёт тарзи бўлишини тушуниш қийин. Тўхташ ва лаҳзадан роҳат олиш лозим. Менга ўн йил аввал нима кутаётганини айтишганда ишонмаган бўлардим. Кўп жиҳатлар тўғри келиши керак: омад, меҳнат, жароҳатлар. Шу сабабли ҳар лаҳзадан завқ олиш лозим, чунки бунга етишиш қийин.
- Лопетеги қўл остида ишлаш қандай бошланди?
- Ажойиб. Уни анчадан бери биламан ва унинг терма жамоага келиши ҳамда бу ўзгаришлар жуда муҳим. Унда етарлича иштиёқ бўлмаганда ҳамма нарсани ютиб бўлган терма жамоани бошқаришга рози бўлмасди. Бу унинг иштиёқи ва характерини кўрсатади. У биз каби ҳолатда турибди: қийин вазият, эҳтимол, бу атрофдан билинмас. Биз кетма-кет икки марта Европа чемпиони бўлган терма жамоага келдик. Бирор нарса яхши кўриниш олмаганда елкамизга катта босим тушади. Олдин ҳам айтганимдек, бу жамоа ва ўйинчиларга ишонаман. Унинг таркибида афсонавий футболчилар ўйнашди ва янгилари ҳам келади. Масалан, Тиаго терма жамоага лойиқ эди, аммо кўп жароҳат оларди. Ҳозир у бу ерда ва жуда яхши ҳолатда. Биз ундан ўрнак олишимиз керак, чунки Тиаго аввалги футболчиларга хос услубда ҳаракат қилади. Менимча, бу жамоага ишонишга арзирли сабаблар етарли.
- Икерни терма жамоада кўрмаслик ғалати эмасми?
- Тўғриси, ҳа, жуда ғалати. Машғулотларда бу тўғрисида ўйламайсан, аммо овқатланиш ёки бўш вақтда шундай бўлади. Уни барчамиз соғиняпмиз ва бутун Испания учун ҳам уни шунча йилдан кейин терма жамоада кўрмаслик ғалати бўлса керак.
- Сиз Дель Боскедан миннатдорсиз деб ўйлайман.
- Ҳа, албатта. У менга яхши ўйнамаган пайтимда ҳам ишонди ва терма жамоага жалб этишда давом этди. Европа чемпионатида асосий таркибда ўйнадим. Дель Боске менга катта имкониятлар берди, ундан бунинг учун миннатдорман. Шунингдек, барча испанлар сингари у бизни жаҳон чемпионига айлантиргани учун раҳмат айтаман.
- Европа чемпионатидан завқ олдингизми ёки йўқ?
- Умуман олганда, ҳа. Кекин ҳолатлар бўлди, масалан биринчи ўйинда гол ура олмадим ва биз кичик ҳисобда ғалаба қозондик. Ўшанда тезроқ танаффус тугаб, кейинги ўйинда майдонга тушиш ҳамда гол уришни хоҳладим. Биринчи голимдан кейин анча осон бўлди. Испания каби яхши жамоа бўлган пайтингда ҳамиша роҳатланасан. Бошқа томондан Европа чемпионатида яхшироқ иштирок эта олишимиз мумкин эди деб ўйлайман.
- Ҳозир ўзингизни анча хотиржам сезяпсизми? Ёз мобайнида келажагингиз ҳақида турли гап-сўзлар учради.
- Ҳа, бу анча ғалати ёзга айланди. Европа чемпионати вақтида ҳар куни 5-6 жойдан қўнғироқларга жавоб бердим, аммо эътиборни жамлаб, бундай вазиятда профессионалликни сақлашга тўғри келди.
- Бунда турли жамоаларни назарда тутдингизми?
- Ҳа – жамоалар, мураббийлар, одамлар. Бундай бўлишини кутмагандим. “Реал” мени қайтарганда ҳам таркибига қўшиб олишни истаган жамоалар учради. Ўзим ҳам ҳалигача бундан ҳайратдаман, чунки бирор мавсумда 20тадан ортиқ тўп киритмаганман. Ҳали анча ўсишим керак.
- Ҳозир бахтлимисиз?
- Албатта, бахтлиман. “Реал” таркибида дастлабки дақиқалардан ўйнаб, терма жамоага чақирилганимда бахтли бўлмасам, унда фақат лотереядан ютиш қолади холос. Ҳозиргидан каттароқ хурсандчиликни орзу қилишим қийин. “Реал” ва терма жамоада қолишим учун кўп меҳнат қилишимга тўғри келади. Бунга тайёрман.
- Нега “Реал”да қолишга қарор қилдингиз?
- Чунки “Реал”да Испания ва Европада совринлар ютишим учун имконият кўпроқ. Яна кетганимдан бундан бутун умр афсусланиб юришимни билардим.
- Буни бутун ҳаётингиздаги имконият деб ҳисоблайсизми?
- Албатта. Қачондир “Реал”дан кетишни хоҳлаган бўлсам, бу фақат клуб менга ўзим умид қилгандек ишонмаганидан рўй берган. Кетганимда бунинг учун ўзимни ҳеч қачон кечира олмасдим.
- “ВВС” – асосий таркибнинг ўзгартириб бўлмас аъзолари эканини эшитганингизда нимани ўйлайсиз ва ҳис қиласиз?
- Биз жаҳоннинг энг кучли ҳужумчиларидан бири ҳақида гапираётганимиз ва у билан таркибдаги жой учун курашиш мумкинлигини. Жамоада барча ўйинчилар муҳим, лекин улар жароҳат, жазо ва бошқа сабаблар туфайли ҳамма ўйинларда бирга ҳаракат қилишмайди. Ҳар қандай баҳснинг исталган дақиқасида майдонга тушишинг мумкин ва бунга тайёр туриш лозим.
- Гол урмаганингизда бундан жуда хафа бўласиз. “Сельта” дарвозасига урилган голдан кейин сизга енгилроқ бўлдими?
- Балки, атрофдан шундай кўринар, лекин ҳар қандай ҳужумчи гол урмаган тақдирда уйига хафа бўлган ҳолда кетади. Сан-Себастьянда яхши ўйин ўтказдим, “Сельта”га икки гол уришим мумкин эди, бироқ футбол шундай қийин нарса. “Аноэта”да яхшироқ ўйнадим, аммо “Сельта” билан беллашувда қайтган тўпни йўлладим. Гол – бу гол ва ҳеч ким кейин унинг қандай урилганини эсга олмайди. Хотиржамман ва жамоага голлардан бошқа ёрдам бера оламан. Бизда “ВВС”дан ташқари ҳам тўп киритадиган футболчилар бор.
- Зидан сизга нималарни гапиради?
- У мен билан кўп суҳбатлашади ва бундан хурсандман. Аввал Зидан иккинчи мураббийим эди. Илгари бошқа ролни бажарарди, энди эса деярли ҳар куни гаплашамиз. Ўйиндан 10-15 дақиқа аввал майдонда нима қилишим кераклигини айтади. Бу менга ўзимни муҳим футболчи сифатида ҳис қилишга ёрдам беради. Яхши ўйин учун менга айнан шу керак. Шу сабабли ҳар сафар одамларнинг фикри ва танқиди камроқ аҳамиятли бўлиб бормоқда. Ҳар доим сени танқид қиладиган одам топилади. Роналду ёки Мессини танқид қилишар экан, мени қўяверинг. Газеталарни камроқ ўқиб, телевизорни камроқ кўриш лозим. Сен ҳақингдаги гапларга камроқ эътибор қилиш учун кўпроқ ишлашга тўғри келади. Мен учун мураббий ва клубнинг кўнгли тўлиши муҳимроқ.
- “Реал”да босим “Ювентус”дагига нисбатан кўпроқми?
- Шундай. Бу ерда ёмон ўйнасанг ёки одамларга ёқмайдиган бирор нарса қилсанг, дарҳол сезилади. Хато қилганингни биласан ва кейин буни такрорламаслик лозимлигини биласан. Лекин энди икки йил олдин жамоадан кетган ўйинчи эмасман: муҳим баҳсларда қатнашдим, Европа чемпионати ва Чемпионлар лигаси финалида иштирок этдим. Ўзимга босим қилаётгандек туюлишим мумкин, аммо аслида бундай эмас. Яхши бўлмаган ҳолатда ўйнашимга тўғри келганини камчилик билади, бу менга завқ келтирмайди. Аммо барчасидан қониқяпман. Майдонда кўпроқ кулишни ўрганишим керак.
- Италия сизни қандай ўзгартирди?
- У мени ҳар томонлама ўзгартирди: футбол, жисмоний, куч, тактика ва ақлли ўйин тарафдан. Шунга қарамай, ҳали кўп нарсаларни ўрганишим даркор.
- Буффон, Пирло ва Кьеллини сизни нимага ўргатди?
- Уларнинг одамларга муносабати мени ҳайрон қолдирди. “Ювентус” ва Италия терма жамоаси посбони дастхат олишни истовчилар тугамагунга қадар кетиб қолганини кўрмаганман. Пирлога барча қулоқ солади – у жуда хотиржам ва эътиборни жалб қилмайди, аммо зарур пайтда ҳақиқий етакчи. Кьеллини – майдон ва ҳаётда умуман бошқа инсон. Майдонда у ҳақиқий жангчига айланади. Ҳаётда эса барча ишда ёрдам берадиган раҳмдил инсон. Бу унутилмас тажриба бўлди ва у ердан кетишимга тўғри келгани афсусланарли. Бироқ мен орзуларим сабабли кетдим. “Ювентус”да мени жуда яхши кўрган ўртоқ ва дўстларим қолди.
Комментарии