Алексей Миранчук Кварацхелиядан қимматроқ?!
16 фев 2023 18:25
Новости
Ўзига мос мураббийни топди
Хорватларда ёш мураббийларнинг қизиқ авлоди етишиб чиқди. Блажевич ўтмишга айланиб улгурди, аммо янги авлод, ўринбосарлар тайёр. Нафақат терма жамоада, Далич ЖЧда янги медал билан ҳаммани ҳайрон қолдирди, балки топ лигалардаги клублар миқёсида ҳам. Игор Тудор бошчилигидаги "Марсель" – Европа футболидаги жуда қизиқ лойиҳалардан бири. "Шахтёр"да Йованович бор. Биличнинг "Уотфорд"даги ишлари бироз юришмаётган бўлиши мумкин, лекин Чемпионшип – мураккаб мусобақа, Шота Арвеладзе гапимизни тасдиқлайди.
Миранчук эса "Торино"нинг хорватиялик мураббийи Юрич уни Гасперинидан кўра яхшироқ тушунаётганини айтишига ишончимиз комил. Тўғри, Иван ҳали "Бавария" ва "Монако"дек клубларда ишлаган Нико Ковач даражасига етмагандир, лекин Влашич ва Миранчук устози ҳам анча сифатли жамоа туза олишини исботлаб улгурган. Мухлислар севимли жамоаларининг ғалабаларини ва Миранчукнинг самарали ҳаракатларини кутишади.
Алексей А Серияда жамоасининг тўпурари (Санабрия билан бирга) ва самарали узатмалар бўйича иккинчи ўринда. "Торино"нинг иштирокини мавсум кашфиёти дейишга арзимасада, раҳбарият футболчини тўлиқ сотиб олиш ҳақида ўйлашига арзийди. Влашич ва Миранчукнинг ижараси ва Лукичнинг Италияни тарк этганидан кейин "Торино" янги трансферлар амалга ошириши жуда зарур.
"Аталанта"дан кетиб олиш муҳим
Гасперинида кетмоқчи бўлганлар билан ишлашда бир нечта фаза мавжуд. Биринчиси – жанжалли, бунда кетиш учун маъқул паллани ўтказиб юбориб, жанжалсиз кетиб бўлмайди. Иккинчиси – чиройли хайрлашиш. Ромеро, Кулусевски, Кессье, Бастони, Госенс ва Конти катта пул эвазига ва ўзлари учун тўғри вақтда кета олишган. Тўғри, ҳамма ҳам янги клубида порлаб кета олмагандир, аммо аксарият футболчилар янги даражага чиқа олишди.
"Аталанта" трансферлар орқали юзлаб миллионлар ишлайдиган "Бенфика" эмас. Бироқ фойдали таклиф бўлса, йўқ деб оёқ тираб ҳам олишмайди. Миранчук ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган жамоа захирасидаги ўрнини, ўртамиёна жамоанинг асосий таркибига алишди. "Локомотив"да қолганида ҳали ҳам "Зенит"дан таклиф кутиб ўтирган бўлармиди.
Миранчук "Торино"ни танлаб тўғри қилди. Энди кейинги қадам муҳим. Гасперини Алексейни қўйиб юбориши мумкин. Агар мураббий футболчининг ижарадаги муваффақиятли иштирокини уни таркибда олиб қолишга сабаб сифатида кўрсатиб, яна захирага ўтқизиб қўйса, алам қилиши аниқ. Ўша Малиновский ҳам Бергамода қолиб кетди ва "Интер"га кўчиб ўтиб, "Аталанта"га ҳам катта пул олиб келиш имкониятини қўлдан бой берди. Алексейнинг муаммоси ўхшаш.
Миранчук Кварацхелиядан қимматроқ?
"Наполи" ёш грузиялик учун 10 млн евро тўлади, "Аталанта" эса "Торино"дан Миранчук учун 12 млн евро сўрамоқда. Бироз ғалатироқдек туюлиши мумкин, лекин "Торино" россияликни таркибида сақлаб қолишни истаса, "Наполи" Хвича трансферига берган суммадан кўпроқ сарфлаши зарур.
Хвича Италияга келишидан аввал вазият ҳозиргидан анча фарқ қиларди. Ҳозир эса грузиялик "Олтин тўп" номзодлари ТОП-10да, уни кўплаб топ-клублар таркибида кўришни истамоқда. Миранчук эса ҳеч бўлмаганда Головин Францияда эришган репутацияга эга бўлиш учун ҳам астойдил меҳнат қилиши зарур. Ўшанда Юрич бор эътиборини Алексейга қаратади. Фақат келишувда битта хавфли банд мавжуд.
Миранчук билан шартномани 2026 йилгача узайтириш мумкин. "Аталанта"дагилар трансфер бозорида юзинг-кўзинг деб ўтирмайдиганлар тоифасидан. "Торино" эҳтимолий трансфер ҳақида тарқалган хабарларга эҳтиёткорлик билан муносабат билдиришди. Сабаби бу ўйин ва миш-миш "Торино"нинг эгасига бевосита боғлиқ бўлган газета орқали тарқалди. Миранчук – "Фулхэм"га кетган сербиялик муҳим ўйинчиси Лукични йўқотган жамоанинг янги етакчиси.
Туриндан ташқаридан жамоа излаган маъқулми?
Балки "Торино" ҳам эмас, "Аталанта" ҳам эмасдир? Туринликлар ҳужумини у қадар ёрқин, самарали деб бўлмайди. А Сериядаги 22 голдан 6 тасини юзага келтирган Миранчукда бошқа таклифлар ҳам бўлиши мумкин. Пул борасида келишиш ва Алексей мавсумни жароҳатларсиз ўтказиши кифоя. Хавбек Гасперини машғулотларидаги юкламаларга узоқ вақт кўникди.
Тажрибали италиялик билан ишлаганлар айтишича, баъзан мураббий ошириб юбораркан. Керак эмас майда жароҳатлар аслида шунинг натижаси. Туринда Миранчук ўзини яхшироқ ҳис қилмоқда ва бу унинг ўйинидан ҳам кўриниб турибди. "Фиорентина" дарвозасига ғалаба голи, "Эмполи" билан ўйинда мағлубиятдан қутқарувчи голга ассист. Юрични жамоаси балки топ эмасдир, аммо Алексей аксарият ўйинларда яққол ажралиб турибди.
Бир нарса аниқ — Миранчукни сабр-тоқати учун мақтаса арзийди. Бергамодаги оғир даврни енгиб ўтиб, россиялик машҳур легионерлар изидан кетяпти. Миранчук яхши жамоанинг асосий таркибидан жой олишга лойиқ. Бироқ футболчи агентининг "Торино"дан кучлироқ вариант топиб бера олиши қийин бўлса керак. "Аталанта"дан кетиш вақти келгани аниқ. Бергамода Алексей яна ротация футболчисига айланиб қолади, унинг ёшида эса мунтазам равишда асосий таркибда ўйнаш зарур.
Нозима Тўхтамирзаева soccer.ru сайтидан таржима қилди
Комментарии