АГМК футзал клубидан нима кутамиз?
07 авг 2019 12:05
Новости
АГМК футзал клубидан нима кутамиз?
Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
17 августга қадар давом этадиган мусобақада ОФК тарихида иккинчи марта 16та жамоа иштирок этади. Маълумки, ўтган йил Индонезияда бўлиб ўтган футзал бўйича қитъа биринчилигида ҳам 16та жамоа қатнашганди. Мамлакатимиз шарафини кетма-кет тўртинчи марта Олмалиқнинг АГМК футзал клуби ҳимоя қилади.
Иштирокчилар ҳақида эслатма
27 июнь куни Куала Лумпурда жойлашган ОФК штаб-квартирасида футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионатига қуръа ташланганди. Қуръа натижаларига кўра, АГМК "B" гуруҳида Вьетнамнинг "Тай Сон Нам", Ироқнинг "Нафт Ал Васат" ҳамда Қатарнинг "Ал Раййан" клубларига қарши баҳс олиб боради. Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа кейинги босқичга йўл олади. Шу ўринда гуруҳларни келтириб ўтсак.
"A" гуруҳи: "Порт ФК" (Таиланд), "Ош Эрем" (Қирғизистон), "Шензень Нанлинг" (Хитой), "ФК Сеул" (Жанубий Корея).
"B" гуруҳи: "Тай Сон Нам" (Вьетнам), "Нафт Ал Васат (Ироқ), АГМК (Ўзбекистон), "Ал Раййан" (Қатар).
"C" гуруҳи: "Банк Бейрут" (Ливан), "Вамос Матарам" (Индонезия), "Соро Компани" (Тожикистон), "Викториа Юниверсити" (Мьянма).
"D" гуруҳи: "Мес Сунгун " (Эрон), "Нагойя Ошинз " (Япония), "Ал Дафра" (БАА), "Казма" (Қувайт).
АГМК ўз ўйинларини қачон ўтказади?
Ўзбекистон чемпиони сифатида тўртинчи бор иштирок этадиган АГМК футзал клуби гуруҳ баҳсларини бугун 15:00да бошлайди. Дастлабки рақиб: Вьетнамнинг "Тай Сон Нам" футзал клуби. Айтиш мумкинки, бу жиддий рақиб ҳисобланади. Александр Петров шогирдлари 2-тур учрашувини 9 август куни Ироқнинг "Нафт Ал Васат" жамоасига қарши ўтказишади. 3-тур беллашуви эса 11 августда Қатарнинг "Ал Раййан" клуби билан кечади.
Шу ўринда АГМКнинг мусобақага йўл олган таркиби келтириб ўтсак. Футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати регламентига кўра, ҳар бир клуб 14 нафар футзалчини рўйхатдан ўтказиши мумкин ва улардан икки нафари дарвозабон бўлиши шарт. АГМК Таиландга 14 футзалчи билан йўл олди.
Дарвозабонлар: Рустам Умаров, Аббосбек Ўлмасбеков.
Футзалчилар: Машраб Одилов, Ихтиёр Ропиев, Илҳомжон Ҳамроев, Ҳусниддин Нишонов, Дилшод Раҳматов, Даврон Валижонов, Алан Аминов, Акбар Усмонов, Темур Бердиев, Даврон Чориев, Исломбек Бийтўраев, Анасхон Раҳматов.
Бош мураббий: Александр Петров.
Мусобақа тарихига назар
Футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати бу йил 10-бор ташкил этилмоқда. Бу ўзига хос кичик юбилей ҳисобланади. Ушбу турнир илк бор 2010 йил Эроннинг Исфаҳон шаҳрида ўтказилган. Мусобақанинг амалдаги чемпиони ҳам Эрон вакили "Мес Сунгун" жамоаси.
"Мес Сунгун" ўтган йил АГМК билан битта гуруҳда баҳс олиб бориб, 9:1 ҳисобида зафар қучганди. Шу ўринда мусобақа тарихини қисқача ёдга оладиган бўлсак, 2010 йил ўтказилган илк чемпионатда 10та жамоа қатнашган. Кейинчалик қаторасига тўрт йил 8тадан клуб қатнашди ва 2015-2016 йилларда 12та жамоа иштирокида ўйинлар ўтказилди. 2017 йил Вьетнамда бўлиб ўтган турнирда 14та жамоа қатнашганди. Ўтган йилдан иштирокчилар сони оширилиб 16тага етказилди.
Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати йўлга қўйилганидан бери Ўзбекистондан мунтазам футзал жамоалари иштирок этиб келмоқда. Энг яхши натижани 2012 йил Тошкентнинг "Ардус" футзал клуби қайд этган. Қувайтда бўлиб ўтган мусобақада "Ардус" финалга қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Эроннинг "Гити Пасанд" клубига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган. Шундан бери Ўзбекистон футзал клублари финалга чиқа олишмаяпти.
Барча ғолиблар кимлар?
Албатта, футзал ихлосмандларини кимлар чемпион бўлгани қизиқтириши шубҳасиз. Шу пайтгача 9 бор ўтказилган клублар ўртасидаги футзал бўйича Осиё чемпионатида тўрт марта Эрон, уч марта Япония ва икки бор Таиланд клублари зафар қучган. Умуман олганда мусобақада жами 11та мамлакат вакиллари иштирок этган. Бу йил мусобақа тарихида иккинчи марта Жанубий Кореядан ҳам жамоа қатнашади. Мусобақанинг барча ғолиблари билан танишинг:
2010 йил. "Фулад Маҳан" (Эрон, мусобақа ўтказилган жой: Исфаҳон, Эрон)
2011 йил. "Нагойя Ошинс" (Япония, мусобақа ўтказилган жой: Доҳа, Қатар)
2012 йил. "Гити Пасанд" (Эрон, мусобақа ўтказилган жой: Кувайт, Қувайт)
2013 йил. "Чонбури Блювейв" (Таиланд, мусобақа ўтказилган жой: Нагоя, Япония)
2014 йил. "Нагоя Ошинс" (Япония, мусобақа ўтказилган жой: Ченгду, Хитой)
2015 йил. "Тасисат Дарёи" (Эрон, мусобақа ўтказилган жой: Исфаҳон, Эрон)
2016 йил. "Нагоя Ошинс" (Япония, мусобақа ўтказилган жой: Бангкок, Таиланд)
2017 йил. "Чонбури Блювейв" (Таиланд, мусобақа ўтказилган жой: Хошимин, Вьетнам)
2018 йил. "Мес Сунгун" (Эрон, мусобақа ўтказилган жой: Йогякарта, Индонезия)
Ўзбекистондан кимлар қатнашган?
Юқорида айтиб ўтганимиздек, футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати барча финал босқичларида Ўзбекистондан доим жамоа қатнашган. Ҳаммаси бўлиб тўртта жамоа мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган. Булар - "Ардус" (2011, 2012, 2013), "Локомотив" (2014, 2015), АГМК (2016, 2017, 2018) ва "Строитель" (2010).
АГМКнинг мазкур иштироки тўртинчиси эканини ҳисобга олсак, бу борада олмалиқликлар якка пешқадам бўлиб олишди. Тўртта жамоадан фақат иккитаси турли йилларда гуруҳдан чиқишни уддалаган. "Ардус" 2012 йил финалга қадар етиб борган бўлса, 2016 йилги мусобақада АГМК ҳам гуруҳдан чиққан, бироқ чорак финалда мағлуб бўлиб қайтган.
Мусобақа лауреатлари
Ҳар бир турнир якунига етганидан сўнг ғолиб ва совриндорлар тақдирланишидан ташқари мусобақанинг энг яхши ўйинчиси ҳамда тўпурари эътирофга лойиқ кўрилади. Шу пайтгача ўтказилган 9та мусобақанинг олтитасида эронлик футзалчилар "Энг яхши футзалчи" деб топилган. Шунингдек, "Энг яхши тўпурарлар" рўйхатида ҳам Эрон пешқадамлик қилмоқда. Ўтган йил энг яхши футзалчи ҳамда тўпурар деб топилган Меҳди Жавид эронлик бўлгани билан мусобақада Ливаннинг "Банк Бейрут" жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
"Энг яхши футзалчилар" рўйхати:
2010 йил. Воҳид Шамсайи (Эрон, "Фулад Маҳан")
2011 йил. Муҳаммад Кешаварз (Эрон, "Шаҳид Мансури")
2012 йил. Муҳаммад Кешаварз (Эрон, "Гити Пасанд")
2013 йил. Супхавут Туеанкланг (Таиланд, "Чонбури Блювейв")
2014 йил. Каору Мориока (Япония, "Нагоя Ошинс")
2015 йил. Воҳид Шамсайи (Эрон, "Тасисат Дарёи")
2016 йил. Фарҳад Таваколи (Эрон, "Нафт Ал Васат")
2017 йил. Али Асгар Ҳассанзода (Эрон, "Гити Пасанд")
2018 йил. Маҳди Жавид (Эрон, "Банк Бейрут" (Ливан)
"Энг яхши тўпурарлар" рўйхати:
2010 йил. Воҳид Шамсайи (Эрон, "Фулад Маҳан", 17 гол)
2011 йил. Али Асгар Ҳассанзода (Эрон, "Ал Райан", 10 гол)
2012 йил. Аҳмад Исмоилпур (Эрон, "Гити Пасанд", 9 гол)
2013 йил. Каору Мориока (Япония, "Нагоя Ошинс", 8 гол)
2014 йил. Каору Мориока (Япония, "Нагоя Ошинс", 5 гол)
2015 йил. Воҳид Шамсайи (Эрон, "Тасисат Дарёи", 10 гол)
2016 йил. Жирават Сорнвичиан (Таиланд, "Чонбури Блювейв", 7 гол)
2017 йил. Жирават Сорнвичиан (Таиланд, "Чонбури Блювейв", 9 гол)
2018 йил. Маҳди Жавид (Эрон, "Банк Бейрут" (Ливан), 12 гол)
Ўзбекистонлик футзалчилар орасида Дилшод Ирсалиев жами 9та гол урган. У "Ардус" ва АГМК клубларида ўйнаб шу натижага эришган. Ҳозирча бу бизнинг футзалчилар орасида энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди. Яна бир маълумот шуки, Фаррух Зокиров 2010 йил "Строитель" таркибида Қирғизистоннинг "Олтин тош" клуби дарвозасига учта тўп киритган.
2012 йил "Ардус" сафида ҳаракат қилган Дилшод Ирсалиев Таиланднинг энг номдор футзал клуби "Чонбури Блювейв" дарвозасини тўрт бор аниқ нишонга олган. Ўша ўйинда вакилларимиз 9:2 ҳисобида зафар қучишган.
Бу йил ўз тарихида тўртинчи бор иштирок этадиган АГМК афсуски охирги икки йилдан бери фақат мағлубиятга учраб келмоқда. Александр Петров бошқарувидаги жамоа ўтган иккита мусобақада жами 5та ўйин ўтказиб, ҳаммасида имкониятни бой берган. Тўплар нисбати 6-28. Шунга қарамай клуб раҳбарияти яна Петровга ишонч билдирди. Кўрамиз, АГМКнинг бу йилги натижаси қандай кўриниш оларкин.
Комментарии