Аброр Пирриев: "Нефтчи" нопрофессионал йўлни танлади"
19 янв 14:45
Новости
Аброр Пирриев: "Нефтчи" нопрофессионал йўлни танлади"
Жумладан футболимиз тиббиёти ҳам янги даврни бошидан ўтказмоқда. Буни яқиндагина очилган Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Унинг фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида таниқли мутахассис, тиббий марказ директори ва бош спорт шифокори Аброр Пирриев билан қисқа суҳбат қурдик:
- Аброр ака, футболимиз тиббиётидаги бугунги жараёнда нималарни алоҳида урғулаб ўтган бўлардингиз?
- Аввало футболимиз Миллий футбол маркази кўринишида ўз уйига эга бўлгани, шу қаторда Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази фаолияти йўлга қўйилгани футболимиз, футбол тиббиёти учун муҳим қадам бўлди. Тиббий марказ фаолиятидаги илк қадамлардан энг эътиборлиси сифатида терма жамоа ва футбол клублар аъзоларининг режа асосида тиббий марказдан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишини ташкиллаштиришни келтириб ўтиш мумкин.
- Энди барча футболчилар ушбу марказдан тиббий кўрикдан ўтишади, тўғрими?
- Худди шундай. Барча терма жамоалар, шунингдек ПФЛ рўйхатидан ўтувчи футбол клубларимиз аъзолари тиббий марказимизда кўрикдан ўтишмоқда. Эндиликда футболчиларимиз турли тиббий муассасаларда саргардон бўлмай, режа асосида тиббий марказимизнинг малакали хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Мана жаҳон футболи тажрибасида кўрар эдик-ки, бирор футбол клуби қайсидир футболчи билан шартнома тузишни режа қилса, аввал тиббий кўрикдан ўтиши борасида айтиларди ва унга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳаммаси яхши бўлса кейингина шартнома имзоланади. Бизда эса бундай қилинмасди. Аввал шартномани тузиб қўйиб, кейин эса турли муаммолар келиб чиққан турфа воқеаларни кўп эшитганмиз. Энди эса биз шу одатга чек қўйиб, жаҳон тажрибаси ила ишлашни йўлга қўя бошладик. Яъни эндиликда ихтиёрий клуб бирор бир футболчини, айниқса легионерларни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлса, бизга мурожаат қилади. Биз футболчини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом ёки бирор тиббий муаммоси борлигини аниқлаймиз ва батафсил маълумот берамиз. Шу асосда футбол клуб барча “риск”ларни инобатга олиб, шартнома имзолаш ёки имзоламаслик масаласини кўра олади.
- Ҳозирги кунда тиббий кўрикдан ўтиш тартиби қанақа йўлга қўйилган?
Жавоб: Илгари футбол клублари бетартиб ҳолда, хоҳлаган пайт тиббий кўрикдан ўтарди. Яъни “заявка” учун... Ҳозирда белгиланган тартиб ва регламентга кўра футбол клублари ўз футболчиларини қишки ўқув-машғулот йиғини аввалидан ёки йиғин бошида – кучли жисмоний юкламалар беришни бошлашдан аввал, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишлари лозим. Яъни аввал футболчини соғлиги, унинг жисмоний ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, кейин машғулотлар бошланади.
- Бу мантиқан ҳам тўғри ёндошув. Шунда барча жамоалар ҳозир тиббий кўрикдан ўтиб бўлишдими?
- Ҳозирда қарийб барча жамоалар айни дамда шаклланган таркибини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб бўлишди. Янги шартнома тузганлар ва кўрикдагилар эса алоҳида тартибда ўтказиб борилмоқда. Аммо биргина жамоа – "Нефтчи" умуман тиббий кўрикдан ўтмай, нақ бир ярим ойга бутун бошли жамоани чет эл йиғинига олиб кетди. Ўйлаб кўринг, жисмоний юкламалар, ўртоқлик ўйинлари ила давом этувчи узоқ муддатли чет эл йиғинига.., балки чемпионларга мумкин деб ўйлашгандир (кулади). Бу масалада Нефтчи янгича ёндошувни эмас, балки эски усулни – нопрофессионал йўлни танлади. Жамоаларга қулайлик яратиш мақсадида раҳбарият тиббий марказимизнинг дам олиш ва байрам кунлари давомида ҳам узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаб берган бир пайтда бундай муносабатни бошқача таърифлаб бўлмайди. Бу сўзлар аввало жамоа тиббий штабига тааллуқли. Хуллас, бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги керак. Жаҳон тажрибаси анча йилдан бери юриб келган йўлни тезроқ босиб ўтиб, футбол тиббиётида ҳам янги – профессионал ёндошувга ўтиб олишимиз керак.
- Тиббий кўрикдан ташқари тиббий хизматлар ҳақида гапирсангиз.
- Биласиз миллий футбол марказида турли ёшдаги терма жамоалар ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишади. Улар тренажёр зали, сув ҳавзаси, физиотерапия бўлимларидан, реабилитацион тадбирлар ила фойдаланишади. Бу фаолиятни тўлиқ ёритиб бериш учун алоҳида, узоқ суҳбат қуриш керак...
- Легионерлар тиббий кўрикдан ўтиш давомидаги таассуротлари билан ўртоқлашишадими?
- Ўзим ҳам қизиқиб легионерлар билан, улар аввал тўп тепган жамоаларида қандай тиббий кўрикдан ўтгани борасида қизиқаман. Улар қизиқиш ва ҳавас билан бутун бинони бир сидра кўздан кечиришади мудом. Ўз мамлакатларидаги футбол тиббиёти билан солиштириб, “анча илгарилаб кетибсизлар” дейишгани анча.
Похожие новости
championat.asia
Ўзбекистон терма жамоаси Хитой билан жанговар дуранг қайд этди
Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди (тўлиқ тақвим)
Хитой компанияси "Истиқлол" стадионини реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича лойиҳа таклиф этди
Туркманистон терма жамоаси футболчиси "Арал"га ўтди
Комментарии