Абрамов vs Кападзе. Жадвалда ким юқорироқда бўлади?
19 фев 15:40
Новости
Абрамов vs Кападзе. Жадвалда ким юқорироқда бўлади?
Бу йилги Ўзбекистон Суперлигаси ҳам истисно эмас. Биринчи турданоқ бир нечта қизиқарли қарама-қаршиликлар мухлислар эътиборини тортмоқда. Улар орасида Вадим Абрамов ва Тимур Кападзе ўртасидаги устоз-шогирд дуэли алоҳида ўрин тутади.
Икки мураббий ҳам ўз услуби, характер ва қарашларида ўхшашликлар бор. Абрамов ҳам, Кападзе ҳам позицион ва ҳужумкор, тўп билан олдинга юрадиган футболни афзал кўради. Шу боис бу тўқнашув нафақат жамоалар, балки ғоялар рақобати сифатида ҳам қизиқ кечиши кутилмоқда.
Мураббийлар: бир-бирига муносиб устозлар дуэли
Тимур Кападзе миллий терма жамоадаги фаолиятидан сўнг клуб футболига қайтишга қарор қилди ва "Навбаҳор" жамоасини бошқарувга олди. Унинг олдида "Пахтакор" ва "Нефтчи" каби вариантлар бўлганига қарамай, ўзи учун тўғри деб билган "лочинлар"ни танлади. Аслида клуб билан ишлаш Тимур Тоҳирович учун бегона эмас. Унинг йўли 2019 йилда "Локомотив" ўринбосарлар жамоасидан бошланиб, Қўқонда давом этди. Кейин яна "Локомотив" ва "Олимпик" клубларида ишлади. Мутахассис ҳар бир жамоада олдига қўйилган вазифани бажара олган.
"Навбаҳор" эса юқоридаги клублардан фарқ қилади. Энди Кападзе аввалги натижалари тасодиф эмаслигини яна бир бор исботлаши лозим. Наманганда бундай имконият мавжуд.
Абрамовга ортиқча таъриф шарт эмас. У Динамо Самарқандни "лифт" мақомидаги жамоадан совринли ўринлар учун курашадиган даражага олиб чиқди. Жамоа 25 йил аввалги тарихий натижасини такрорлади ва ҳатто бронза медалларга даъвогарлик қилди. Унинг жамоаси иштирокидаги ўйинлар доим мароқли кечади: "Динамо" ҳам ўйнайди, рақибга ҳам имконият қолдиради.
Бу икки устоз-шогирд дуэли Суперлиганинг биринчи турига алоҳида безак бериши кутилмоқда. Янги мавсумда юқори рақобат шароитида Кападзе ва Абрамов жамоалари қандай натижаларга эришиши қизиқ.
Дарвоза: “лочинлар” дарвозаси ишончли қўлда, “Динамо”да ўсиш жараёни
Қишки трансферларда энг фаол клублардан бири “Навбаҳор” бўлди. Жароҳатлар ва бошқа сабабларга кўра "Фулад"да захирада қолган Ўткир Юсупов ўз клубига қайтди. Айнан унинг ўзи жамоа кучини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Шунингдек, Валижон Раҳимов ва Шукрон Йўлдошев ҳам рақобатни оширади.
Кападзе ишни дарвоза чизиғини мустаҳкамлашдан бошлади ва бу қарор икки томон учун ҳам фойдали. Жаҳон чемпионати олдидан Юсупов ўйин амалиётига эга бўлади.
"Динамо"да асосий дарвозабон сифатида Эдем Немановга ишонч билдирилган. У йил сайин ўз устидан ишламоқда. Ўтган мавсумда 12 ўйинда майдонга тушиб, 6 та қуруқ ўйин ўтказди. Иккинчи посбон Равшан Ягудин ҳам бор. Катта саҳнада асосан Немановни кўришимиз эҳтимол. Бу чизиқда устунлик "Навбаҳор" томонида.

Ҳимояда нима гаплар?
Ўтган йилгидан фарқли равишда бу мавсум самарқандликлар ҳимоясида кучли рақобат муҳити шаклланмоқда. Абрамов бу мавсум орқа чизиқда Жалолиддин Жумабоев, Жаҳонгир Ўрозов, Муҳаммаду Дембеле, Мауро Бразил ва Салим Мустафоев хизматидан фойдаланади. Марказий ҳимояда асосий юк Ўрозов зиммасига тушиши кутилмоқда. У ўтган йили сезиларли ўсишга эришди. Абрамовнинг кашфиёт қилиш қобилиятини ҳисобга олсак, Дембеле ва Бразил ҳам ижобий янгилик бўлиши мумкин ёки йўқ.
У одатда тайёр футболчиларни эмас, балки иқтидорли, аммо номаълум ўйинчиларни топиб, ривожлантиришни афзал кўради. Масалан, Ратиньони илгари деярли ҳеч ким танимасди. Бугун эса у чемпион жамоа таркибида. Жоэль Кожо ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
"Навбаҳор"да эса Ислом Маматказин, Дилшод Комилов, Гиорги Жгереная, Умар Адҳамзода, Саидазамат Мирсаидов ва Анри Чичинадзе каби тажрибали ва турли услубдаги ҳимоячилар жамланган. Ном ва тажриба жиҳатидан "лочинлар" бироз устун кўринади.

Ярим ҳимоя
Ҳар бир клуб ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда селекция олиб боради. Тўхтасинов бир неча йиллик танаффусдан кейин Суперлигага қайтди ва "Динамо" унинг учун яхши вариант бўлди. Янги номлар кўп, аммо уларнинг аксарияти Абрамовга яхши таниш. Салоу ва Мавретичнинг имкониятлари ҳали тўлиқ очилгани йўқ. Ойбек Ўрмонжонов ҳам қўшилса, бу чизиқда жипслик юзага келиши мумкин. Ҳислат Ҳалилов ва Санжар Қодирқуловнинг имкониятлари барчага таниш.
"Навбаҳор"да эса терма жамоа даражасидаги ўйинчилар бор: Диёр Холматов, Бенжамин Тейди, Қувондиқ Рўзиев, Аббос Ғуломов ва Муҳаммадали Ғиёсов. Ҳужумкор ролда Руслан Жиянов асосий фигура ҳисобланади. Шоҳмалик Комилов, Шохруҳ Абдураҳмонов ҳам бу рўйхатга қўшилади.
"Динамо"да истиқболли ва ҳаракатчан ярим ҳимоя, "Навбаҳор"да эса тажриба ва сифат юқорироқ.

Ҳужум: Абрамовнинг форвадлари шай ҳолатда, Кападзеда бироз муаммоли вазият
"Навбаҳор" учун энг муаммоли позиция — соф ҳужумчи. Ҳозирча жамоада тайёр ҳолатда фақат Забиҳилло Ўринбоев бор. Ҳусайн Норчаев жароҳатдан кейин ҳали тўлиқ тикланмаган, шундай экан стартда ёрдам бера олмаслиги аниқ.
Алекс Фернандес ва Катулонди Кати охирги марта ўтган йил май ойида майдонга тушган. Уларнинг ўйин амалиёти узоқ вақт узилиб қолгани сабаб, тезда юқори формага қайтиши осон кечмаслиги мумкин. Шу боис, улар ўзларини оқлаб кета оладими-йўқми — ҳозирча катта сўроқ остида. Илк турларда бу муаммо Кападзени жиддий қийнаши эҳтимоли юқори.
"Динамо"да эса Анвар Ҳожимирзаев яхши формада. Ундан ташқари Улуғбек Ҳошимов, Миржаҳон Мираҳмадов, Фирдавс Абдураҳмонов, Азизбек Амонов ва Жаҳонгир Абдусаломовлар ҳам бир-бирининг ўрнини тўлдира олади. Бу позицияда устунлик Абрамов жамоаси томонида.

Дарвоза — "Навбаҳор"
Ҳимоя — "Навбаҳор"
Ярим ҳимоя — "Навбаҳор"
Ҳужум — "Динамо"
Қоғоздаги таққослаш "Навбаҳор"нинг бир нечта чизиқда устунлигини кўрсатмоқда. Аммо футбол доим рақам ва номлардан устун турадиган ўйин. Абрамов жамоалари ҳар доим ташкил этилган, курашувчан ва сюрпризларга бой бўлган. Кападзе эса янги босқичда ўзини яна бир бор исботлаш арафасида.
Мавсум давомида қайси йўл тўғри эканига амалда жавоб топилади. Бир нарса аниқ: бу икки мураббий жамоалари жадвалнинг юқори қисми учун курашади. Ким юқорироқ бўлиши эса нафақат трансфер ва номларга, балки барқарорлик, руҳий тайёргарлик ва мураббий қарорларига ҳам боғлиқ бўлади.
Похожие новости
championat.asia
Ла Лига. "Осасуна" ўз майдонида "Реал Мадрид"ни мағлуб этди
Туркия Суперлигаси. "Истанбул Башакшехир" меҳмонда "Аланяспор"ни мағлуб этди, Шомуродов ғалаба голини урди
"Реал" Винисиусга нисбатан ирқчилик ҳақоратлари иши бўйича УЕФАга далилларни топширди
Тьерри Анри Винисиус билан боғлиқ ирқчилик ҳодисаси ҳақида: "Мен "Реал"ни ёқтирмайман, лекин бугун мадридистман"
Комментарии
Шу йил факат марказий химоячи олдик 1та зур марказий хужумчи олсек яхши буларди менимча
1-Paxtakor
2-Neftchi (Agar Ismoilov tajribali futbolchilarni aniqrog'i yulduzlarni o'ynatishga qiynalsa sovrinli o'rinlardan ham quriq qolishi mumkin o'xshab qolsa chimpion saqlashi ham mumkin)
3- Nasaf (agar tarkib saqlanib qolsa 2 o'rinni ham olishi mumkin)
4 Dinamo
5 Navbahor
Yana xafa bo'lish yo'q
faqat futbol yoki futbolchi tarkub emas yil davomida futbolchilarni maoshlari ham vaqtda berilmasa natijaga jiddiy tasir qilishi mumkin hammasi stabilni ketsa bu boshqa gap
Динамо факат Чемпионлик учун курашади.
Абрамов ва Динамо Футболчиларига Омад ёр булсин Дуодамиз ИншаАллох.
Нуробод тумани Тим Кишлоги Ашадий Футбол Мухлислари сизлар билан.