Абдураҳмон Фозилов: “Каталониядаги иккинчи “Эль класико” учрашуви чипталарига буюртма берганмиз”
03 дек 2015 13:34
Новости
Абдураҳмон Фозилов: “Каталониядаги иккинчи “Эль класико” учрашуви чипталарига буюртма берганмиз”
Ушбу сафарни ташкил этишда бош-қош бўлган Абдураҳмон Фозилов билан суҳбатлашдик.
- “Эль Класико” кўпчилик кўришни истайдиган баҳс. Ўйин ва ўйин атрофидаги ташкилотчилик билан ўртоқлашсангиз...
- Ўзингиз кўрганингиздек хавфсизлик чоралари биринчи ўринда эди, қолган ташкилий ишлар ўз ўрнида, ҳар ким ўз вазифасини бажарди. Мадриддаги стадион атрофи ва ичкарисидаги ташкилий ишларга беш баҳо қўяман. Мен “Барса” ёки “Реал”чи эмасман, ўғлим ҳақиқий “Барселона” мухлиси. Шу боис мен ҳам Каталония клубига мухлислик қилдим.
Ўйинга келсак “Барселона” дарвозабони ўз ишини аъло даражада бажарди, “Барселона” ҳужумчилари эса камида иккита вазиятда “Реал”ни кечирди, акс ҳолда голлар янада кўпроқ бўлар эди. “Реал” “Реал”га ўхшамади. Роналду? Кечирасиз мен Роналдуни майдонда кўрмадим.
- Сайёҳатчилар нозик таъб бўладилар, уларнинг кўнглини қанчалик олдик деб ўйлайсиз?
- Иш борки камчилик бўлади, барчанинг кўнглини олиш жуда мушкул, аммо ушбу сафарга борган 91 нафар мухлисдан фақатгина биттасидан шикоят бўлди холос.
- Сир бўлмаса шикоятнинг сабабини айта оласизми?
- Парижда ушбу мухлисга ажратилган меҳмонхона хонасининг ойнаси йўқ экан. Рости мен ҳам хонага кирганимда ҳайрон қолдим ва ўша заҳотиёқ меҳмонхона бошқарувчисига айтиб хонани алмаштирдик.
- Олдимизда Қатарда бўлиб ўтадиган муҳим мусобақа турибди. Бу борада ишлар бошландими?
- Аллақачон бошланган. Ҳозирги кунга келиб тахминан 30тача жой қолган холос. Ўзбек мухлисларини Қатар марказидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар, автобуслар тайёр ҳолда кутишмоқда. Меҳмонхоналарни юлдуз даражасига қараб нархлари фарқ қилади, лекин биз ушбу сафарни Форс кўрфазидаги энг катта сайёҳлик ширкати билан ҳамкорликда ташкил этдик. Катта ширкатлар учун эса меҳмонхоналарда катта чегирмалар бор. Масалан 5 юлдузли меҳмонхонада бизнинг мухлислар учун хоналарга 40 фоиз чегирма ва бошқа хизматлар учун ҳам катта чегирмалар мавжуд. Мақсадимиз пул топиш эмас, мақсадимиз кўплаб мухлислар билан бир-тану, бир-жон бўлиб олимпия терма жамоамизни қўллаб-қувватлаб ватанимиз байроғини янада баланд кўтариш ва албатта Рио-2016 йўлланмасини қўлга киритиш.
- Кейинги "класико"ларга сафар уюштириш режангизда борми?
- Ҳозирнинг ўзида бизга жуда ҳам кўп мурожаатлар, таклиф ва тилаклар келмокда. Ҳозирдан “Барселона”даги иккинчи “Эль класико” учрашуви чипталарига буюртма берганмиз. Фурсатдан фойдаланиб барча юрдошларимизни 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун билан чин дилдан табрилайман. Қонун устивор бўлган жойда ҳар доим тинчлик ва барқарорлик бўлади. Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин. Олға Ўзбекистон!
Комментарии