А Серия: Дибала ва Икарди тўхтамаяпти, Иммобиле эса "Милан"ни "ёндирди"
11 сен 2017 16:48
Новости
А Серия: Дибала ва Икарди тўхтамаяпти, Иммобиле эса "Милан"ни "ёндирди"
Амалдаги чемпион "Ювентус" ўз уйида "Кьево"ни иккинчи таркиби билан ҳам ортиқча қийинчиликсиз таслим этди. Дибала захирадан тушиб ҳам яна гол уришга эришди. Аллегри эса "Ювентус"га келганидан буён ўзининг энг яхши стартини ўтказмоқда.
Лучано Спалетти эса "Интер" бошқарувидаги ўзининг кетма-кет учинчи ғалабасини нишонлади. "СПАЛ 2013" А Серияга қайтганидан кейин ўзининг илк мағлубиятини айнан "Интер"дан қабул қилиб олди. Икарди ва Перишичнинг ажойиб ўйинлари "Интер"нинг ҳар ўйинда 3 очкодан жамғариб боришига энг асосий сабаблардан бири бўлмоқда.
Ушбу турда Стефано Пиоли бошчилигидаги "Фиорентина" ниҳоят "портлади". Чемпионатни грандларга қарши муваффақиятсиз бошлаган "Фиорентина", сафарда "Верона"ни аяб ўтирмади.
Бу ғалаба "Фиорентина"га жуда зарур эди ва Пиолининг иши буёғига бирмунча осонроқ кечади. Чунки ушбу ғалаба орқали жамоадаги ортиқча босим бартараф этилди.
"Торино" учун янги мавсум яхши кайфиятда бошланди. Синиша Михайлович Туринда яхши жамоани шакллантирмоқда. Бу турда Белотти жамоадошлари "Беневенто" билан меҳмонда куч синашишди. Ҳамма нарса дурангга қараб кетаётган бир пайтда ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Яго Фальке томонидан киритилган гол "Торино"га ғалабани тақдим этди.
"Торино" эса мағлубиятсиз одимини давом эттирмоқда.
Турнинг марказий баҳси сўзсиз Римда ўтказилди. Ўтмишдаги моҳир ҳужумчилар Симоне Инзаги ва Винченцо Монтелла қарама-қаршилиги барчанинг диққат-эътиборида бўлди.
Футболчилик даврида Монтелла Инзагидан кўра кучлироқ бўлгани аниқ. Аммо мураббийлик бобида Симоне Инзаги ҳамкасбига мастер-класс кўрсатди. Римда "Милан" "Лацио" қаршисида чорасиз қолди. Иммобиленинг бенефисига айланган учрашувда "Лацио" "Милан" дарвозасини тўрт бор ишғол этди. Меҳмонлар эса Монтоливонинг биргина голи билан уларга жавоб қайтаришди.
Ёзги трансферлар компанияси фонида кучайгандек кўринган "Милан"ни "Лацио" Римда попугини пасайтириб қўйди. Бу эса ушбу мавсумда А Серияда кучли тўртлик учун асосий номзодлар "Ювентус", "Наполи", "Интер" ҳамда "Лацио" бўлишига шаъма қилди.
Турнинг яна бир эътиборга молик ўйинларидан бири Генуада бўлиши кўзда тутилганди. Аммо у ердаги ноқулай об-ҳаво туфайли "Сампдория" - "Рома" беллашуви номаълум муддатга қолдирилди.
А Сериянинг 3-туридан кейин мағлубиятга учрамаган жамоалар: "Ювентус", "Интер", "Наполи", "Лацио", "Торино", "Сампдория".
Турнир жадвалида "Ювентус", "Наполи" ҳамда "Интер" пешқадамлик қилишмоқда. "Лацио" ва "Торино" эса уларни қувишда давом этмоқда. Ўйини қолдирилган "Сампдория" эса 6-поғонани "Милан" билан бўлишиб турибди.
Тўпурарлар пойгасида "Ювентус" ҳужумчиси Пауло Дибала, "Интер" сардори Мауро Икарди ҳисобида 5тадан гол мавжуд. Кейинги ўринда эса "Лацио"нинг "снайпери"га айланган Чиро Иммобиле 4та гол билан пешқадамларга рақобат тақдим этмоқда. Дибала ва Икарди гол уришдан тўхтамаётган бир паллада, Римда Иммобиле "Милан"ни "ёндирди".
А Серияда энг яхши ассистент бўлиб турган футболчилар сони уч нафарни ташкил этмоқда. "Ювентус"дан Миралем Пьянич, "Наполи"дан Лоренцо Инсинье ҳамда "Интер"нинг хорватиялик футболчиси Иван Перишич активида 3тадан голли узатма мавжуд.
Дарвозабонлар масаласида "Торино" посбони Сальваторе Сиригу ҳамда "Интер" кипери Самир Ханданович иккитадан қуруқ ўйин ўтказиб қолганлардан кўра яхши натижа қайд этишмоқда.
Италия чемпионатининг 3-турида жами 9та ўйин ўтказилди.
6та учрашувда мезбон жамоалар ғалаба нашидасини суришди. Қолган учта баҳсда эса меҳмонлар муваффақият қозонишди. Энг қизиғи, ушбу турда бирорта дуранг натижа қайд этилмади.
Ушбу турда жами 25та гол киритилди.
"Ювентус" - "Кьево" 3:0
"Интер" - "СПАЛ 2013" 2:0
"Аталанта" - "Сассуоло" 2:1
"Кальяри" - "Кротоне" 1:0
"Верона" - "Фиорентина" 0:5
"Удинезе" - "Женоа" 1:0
"Лацио" - "Милан" 4:1
"Беневенто" - "Торино" 0:1
"Болонья" - "Наполи" 0:3
Италия А Сериясининг 3-тур рамзий терма жамоаси (4-3-3):
Дарвозабон: Войцех Шесни ("Ювентус")
Ҳимоячилар: Бруно Гаспар ("Фиорентина"), Калидоу Кулибали ("Наполи"), Милан Скринар ("Интер"), Марио Сампириси ("Кальяри").
Ярим ҳимоячилар: Миралем Пьянич ("Ювентус"), Роберто Гальярдини ("Интер"), Жордан Веретоут ("Фиорентина").
Ҳужумчилар: Кальехон ("Наполи"), Чиро Иммобиле ("Лацио"), Яго Фальке ("Торино").
Комментарии