2002 йилги мундиалда шов-шув кўтарган Туркия ва ўша мураббий ҳақида
01 июн 2019 13:53
Новости
2002 йилги мундиалда шов-шув кўтарган Туркия ва ўша мураббий ҳақида
Одатимизга кўра бўлажак рақибимиз ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.
Туркия терма жамоаси ўз тарихини 1923 йилдан бошлаб юритиб келади. Турклар 1950 йилдан бошлаб мундиал саралашида иштирок эта бошлашди. Ўша йил Бразилиядаги Жаҳон чемпионати саралашида Сурия 7:0 ҳисобида мағлуб этилган ва йўлланмани қўлга киритганди. Бироқ молиявий муаммолар туфайли Туркия мундиалга бормаган.
1954 йил Испанияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида Туркия дебют қилган. Қизиғи туркларнинг тақдирини оддийгина танга ҳал қилган. Саралашда Испанияга қарши илк ўйинда имконият бой берилган, сафарда эса ғалаба қозонилган. Қўшимча ўйинда эса 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ўша пайтларда пенальтилар серияси бўлмагани боис мундиал йўлланмаси оддийгина танга ташлаш йўли билан аниқланган. Омад Туркияга кулиб боққан.
Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Германияга 1:4 ҳисобида имконият бой берилган. Иккинчи турда Жанубий Корея 7:0 ҳисобида тор-мор этилган. Гуруҳдан чиқиш ўйинида немисларга йирик ҳисобда имконият бой берилган - 2:7.
1960-1990 йилларда Туркия терма жамоаси Европа қитъасида ўртамиёналардан бири бўлган. Бу давр мобайнида терма жамоа на Европа, на Жаҳон чемпионатига чиққан. Туркия биринчи марта 1996 йилги Европа чемпионатига чиқа олган.
Туркия терма жамоасининг энг ёрқин даври 2002 йилги мундиалга тўғри келади. Шенол Гюнеш бошчилигидаги жамоа Хоқон Шукур, Рушту Режбер, Илҳан Мансиз, Ҳасан Шош, Йилдирай Боштурк, Умит Давала каби футболчилар билан бирга мўъжиза кўрсатиб ярим финалга қадар етиб борганди. Маълумот учун, бугунги кунда ҳам терма жамоани Шенол Гюнеш бошқариб бормоқда Учинчи ўрин учун баҳсда турклар мезбонлардан бири Жанубий Кореяни мағлуб этиб бронза медалларига эга чиққан эди. Ушбу учрашувда Хоқон Шукур 11-сонияда гол урган ва бу гол ҳозиргача Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг тезкор гол бўлиб турибди.
2008 йилги Европа чемпионатида ҳам Туркия ярим финалга чиққан. Ушбу мусобақада жамоани Фотиҳ Терим бошқарган эди. Бу сафар Арда Туран, Ниҳат Қаҳвачи, Эмре Белозоғлу, Семиҳ Шентурк, Меҳмет Топал каби янги авлод ўзини кўрсатганди.
Туркиянинг энг сўнгги катта мусобақаси ЕВРО-2016 бўлиб турибди. Бироқ Францияда ўтган қитъа чемпионатида турклар гуруҳдан чиқа олишмади.
Айни пайтда Шенол Гюнеш бошчилигидаги Туркия 2020 йилги Европа чемпионати саралашида иштирок этмоқда. Жамоа "H" гуруҳида Франция, Албания, Исландия, Андорра ва Молдова билан кураш олиб бормоқда. Дастлабки икки тур ортда қолган. Туркия сафарда Албания (2:0) ва ўз уйида Молдовани (4:0) таслим қилишга эришди. Июнь ойида жамоани жиддий синов кутиб турибди. Дастлаб 8 июнь куни ўз майдонида Жаҳоннинг амалдаги чемпиони Франция билан, 11 июнь куни Рейкявикда Исландия билан ўйинлар бўлади. Саралаш баҳслари шу йилнинг ноябрь ойида якунига етади. Гуруҳда дастлабки икки ўринни олган жамоалар кейинги йилги Европа чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Бугунги кунда Эмре Белозоғлу, Хоқон Чалхоноглу, Бурак Йилмаз, Женк Тосун, Женгиз Ундер каби юлдузлар тўп тепишмоқда.
ТУРКИЯ ФУТБОЛ ФЕДЕРАЦИЯСИ
Ташкил топган: 1923 йил
ФИФАга аъзо бўлган: 1923 йил
УЕФАга аъзо бўлган: 1962 йил
Президенти: Йилдирим Демирўрен
Сайт: www.tff.org
ТУРКИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: "Ой юлдузлари"
Конфедерация: УЕФА
Бош мураббий: Шенол Гюнеш
Сардор: Эмре Белозоғлу
Энг кўп ўйин ўтказган: Рушту Режбер (120)
Энг кўп гол урган: Хоқон Шукур (51)
ФИФА коди: TUR
ФИФА рейтинги: 39 (2019 йил, апрель)
Энг юқори ўрни: 5 (2004 йил, июнь)
Энг пастки ўрни: 67 (1993 йил, октябрь)
Биринчи расмий ўйини:
Туркия - Руминия 2:2 (1923 йил 26 октябрь)
Энг йирик ғалабаси:
Туркия - Сурия 7:0 (1949)
Туркия - Жанубий Корея 7:0 (1954)
Туркия - Сан-Марино 7:0 (1996)
Энг йирик мағлубияти:
Польша - Туркия 8:0 (1968)
Туркия - Англия 0:8 (1984)
Англия - Туркия 8:0 (1987)
Жаҳон чемпионати
Иштироклар сони: 2 марта (биринчиси 1954)
Энг яхши натижаси: 3-ўрин (2002)
Европа чемпионати
Иштироклар сони: 4 марта (биринчиси 1996)
Энг яхши натижаси: ярим финал (2008)
Конфедерациялар кубоги
Иштироклар сони: 1 марта (2003)
Энг яхши натижаси: Учинчи ўрин (2003)
ШЕНОЛ ГЮНЕШ
Туғилган санаси: 1 июнь 1952 йил
Туғилган жойи: Трабзон, Туркия
Футболчиликдаги амплуаси: Дарвозабон
Ўйнаган клублари: "Себат Генчлик" (1970-1972), "Трабзонспор" (1972-1987).
Туркия терма жамоасида 31та ўйин ўтказган (1975-1987 йиллар).
Бошқарган жамоалари: "Трабзонспор", "Болуспор", "Истанбулспор", "Антальяспор", "Сакаряспор", "Сеул", "Бурсаспор", "Бешиктош", Туркия МТЖ.
Футболчиликдаги совринлари:
"Трабзонспор"
Туркия чемпиони - (6): 1975/76, 1976/77, 1978/79, 1979/80, 1980/81, 1983/84
Туркия кубоги соҳиби (3): 1976/77, 1977/78, 1983/84
Туркия Суперкубоги соҳиби (3): 1975/76, 1977/78, 1984/85
Мураббий сифатидаги совринлари:
"Трабзонспор"
Туркия вице-чемпиони (4): 1994/95, 1995/96, 2004/05, 2010/11
Туркия кубоги соҳиби (2): 1994/95, 2009/10
Туркия Суперкубоги соҳиби (2): 1995, 2010
"Сеул"
Жанубий Корея вице-чемпиони: 2007/08
Туркия терма жамоаси
Жаҳон чемпионати-2002 - бронза медаль соҳиби
Конфедерациялар кубоги-2003 - бронза медаль соҳиби
"Бешиктош"
Туркия чемпиони (2): 2015/16, 2016/17
Шахсий совринлари:
УЕФА талқинига кўра йил мураббийи - 2002
Туркиянинг "Буюк хизматлари учун" медали соҳиби - 2002
Шенол Гюнеш фаолиятининг аввалида "Эрдогду Генчлик" ҳаваскорлар жамоасида дарвозабон бўлган. Кейинроқ "Трабзонспор"га кўчиб ўтган ва 15 мавсум давомида ушбу клуб билан бирга 6 марта Туркия чемпиони бўлган.
Футболчилик фаолиятини якунлагач Шенол қадрдон клубида ёрдамчи мураббийга айланган. 1994 йилда эса "Трабзонспор"нинг бош мураббийи этиб тайинланган. 1996 йилги мавсум сўнггида "Фенербахче"дан 2 очко кам тўплаб чемпионликдан қуруқ қолгани учун Шенол клубни тарк этган. Шундан кейин у "Болуспор", "Истанбулспор", "Антальяспор" ва "Сакарьяспор" каби клубларда ишлади.
2000 йил Гюнеш кўпчилик учун кутилмаганда Туркия терма жамоаси бош мураббийига айланади. Айнан унинг бошчилигида турклар 48 йиллик танаффусдан сўнг яна Жаҳон чемпионатига чиқишганди. Юқорида айтганимизда 2002 йилги мундиалда Туркия бронза медалларига эга чиққан, Гюнеш йил сўнггида УЕФА томонидан йил мураббийи деб топилганди.
Туркия 2004 йилги Европа чемпионатига чиқиш учун плей-офф баҳсида Латвияга ютқазиб қўйган ва Гюнеш истеъфога чиқарилганди. Шундан кейин у фаолиятида учинчи бор "Трабзонспор" бош мураббийига айланди. 2007 йилда эса илк бор хорижда, аниқроғи Жанубий Кореянинг "Сеул" клубида иш бошлади. Кореядаги уч йиллик фаолиятидан кейин яна "Трабзонспор"га қайтди. 2015 йилдан буён "Бешиктош" бош мураббийи сифатида ишлаб келмоқда. Айнан шу клуб билан икки марта мамлакат чемпионига айланди.
2019 йилнинг 28 февраль куни Туркия футбол Федерацияси Шенол Гюнеш 1 июлдан яна мамлакат терма жамоаси бош мураббийи бўлишини эълон қилди. Бироқ март ойидаёқ Гюнеш терма жамоадаги ишини бошлаб юборди.
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
Комментарии