RU

Последние новости

12:26Дэвис "Реал" олдига шарт қўйди  0 12:18Рубен Аморим: "МЮ илк кунлардан қўрқмасдан ўйнаши керак"  0 10:54Гвардиоланинг «Манчестер Сити»даги келажаги маълум  4 10:22Кеча дубль қайд этган Роналду қачон фаолиятини якунлаши ҳақидаги саволга жавоб берди  12 09:47Анчелотти истеъфога чиқарилса, унинг ўрнига «Реал»да вақтинчалик мураббий ким бўлиши маълум  5 09:10Жалолиддин Машарипов: «Ҳали ўйин тугамади...»  46 08:19Криштиану Роналду яна бир рекордни янгилади  22 07:48«Барселона»нинг ёздаги асосий трансфер мақсади маълум  8 03:40ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Гуруҳлардаги ҳолат ва мураббийлар фикри   23 02:52Миллатлар лигаси. Роналду 910-голини урди, Испанияда ғалаба, "Титанлар жанги"да дуранг ва бошқа натижалар  5 02:05Ўртоқлик ўйини. Моуринью жамоаси "Зенит"ни мағлуб қилди  0 00:47Расман: Поль Погба энди жамоасиз  1 00:25Франциянинг 7 карра чемпиони 2-лигага тушириб юборилди  10 00:10Миллатлар лигаси. Португалия - Польша ва бошқа учрашувларнинг асосий таркиблари маълум!  1 23:55Бруней бош мураббийи: "Бу шармандали мағлубият эмас"  1

19 ёшли Деян Кулусевски Павел Недведдан ҳам қиммат. Нега?! Новости

19 ёшли Деян Кулусевски Павел Недведдан ҳам қиммат. Нега?!

Швед ўтган мавсум А Серияда дебют қилган эди.

— Месси ёки Роналду?
— Месси.
— Тотти ёки Дель Пьеро?
— Тотти.

Афтидан, барчаси Деян Кулусевски учун ҳам кутилмаганда содир бўлди. 28 декабрь куни Швециянинг SVT Sport каналининг интернет сайтида бир футболчи билан блиц-интервью бўлиб ўтди. Аслида у саволларга "Ювентус"нинг бўлажак ўйинчиси сифатида жавоб бермаганди. "Юве" унга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги гап-сўзлар кузда тарқаган, бироқ ўйинчига катта қизиқиш билдирган клуб "Интер" бўлганди.

19 ёшли Кулусевски нима учун Милан клубига эмас, айнан Турин жамоаси сафига ўтганига 2та сабаб бор (апрелда 20 ёшга қадам қўяди). Биринчидан, "Интер" гўёки қишда трансферни амалга оширишга имкони йўқлиги, шунинг учун ёзгача кутиб туришларини сўраган. Иккинчидан эса, Деян иккиланди — Антонио Контенинг 3-5-2 схемасида ўзини кўра олмади чоғи.

Иккала вариант ҳам бироз шубҳали: "Ювентус" "Аталанта"га 35 млн евро тўлайди, аммо бешга бўлиб-бўлиб беради. Кулусевски ўтган ёзда ўнг қанот вингери позициясида (аввал қанотда умуман ҳаракатланмаган) ўйнаш учун "Парма"га ўтган эди. "Бу дунёдаги энг буюк клублардан бири. Футбол ўйнашни бошласанг, албатта, "Юве" сафида ҳаракатланишни орзу қиласан. Бундай имконга эга бўлишимни эшитган заҳотим, ўйлаб ҳам ўтирмай розилик бердим", — дейди Кулусевски.


Кулусевски илк бор А Серияда бир йил аввал пайдо бўлди. Нега у бунчалик қиммат?

Кулусевски А Серияда ўтган йил январь ойида дебют қилган. Ўшанда у "Аталанта" сафида "Фрозиноне"га қарши баҳсда захирадан майдонга тушган. Швед мавсум сўнгига қадар яна иккита баҳсда иштирок этди ва умумий 103 дақиқа ўйнади. Жан Пьеро Гасперини 2018 йил ноябрда "La Gazzetta dello Sport" нашрига берган интервьюсида Деяннинг биринчи жамоада пайдо бўлганини шундай таърифлаган: "Кейинги сафар Кулусевски дебют қилади. У тўп билан ажойиб ҳаракатланади. Унинг паслари жуда яхши, фақат зарба бериш устида ишлаши керак. Бироқ ёш иқтидор соҳиби биринчи жамоаси билан бир неча ой машқ қилганидан кейингина уни тайёр ўйинчи деб ҳисоблаш мумкин. Оғир шароитларда инсоннинг ҳақиқий характери намоён бўлади".

Гасперини илк баҳсдан сўнг ёш футболчини мақтади: "Мен жуда таъсирландим. Унинг даражасига шубҳам қолмади. Ақл, жисмоний куч ва қатъият — буларнинг барчаси унда мужассамЛекин унинг позициясида (ҳужумкор марказий ярим ҳимоячи) Гомес ўйнайди, шунинг учун бироз сабр қилишга тўғри келади. Аммо тез орада Деян майдонга иложи борича кўпроқ тушишига ишончим комил".

2016 йил. "Аталанта" Кулусевскини Швециянинг "Броммапойкарна" ёшлар жамоасидан топган ва ўйинчи учун 160 минг евро тўлаб, "Арсенал"ни доғда қолдирганди. "Бизнинг ходимлар йилига 200тадан ортиқ ўйинга боради, — дейди клубнинг асосий скаути Давиде Канджини. — Бизга "WyScout" катта ёрдам беради. Ушбу дастур туфайли кимларни кузатиш кераклигини тушуниб оламиз. Лекин Кулусевски билан боғлиқ вазият — бу топилма ва ички сезиш эди".

Деян "Аталанта" U-17 жамоасида илк мавсум 17та гол урди ва 15та ассист қайд этди. Кейин бу кўрсатгич "11+14"ни ташкил қилди. Шу тариқа, у ёшлар жамоасида Италия чемпионига айланди ва плей-офф босқичининг энг яхши футболчиси сифатида Пьермарио Морозини номидаги мукофотга лойиқ деб топилди. "У ҳам жисмонан, ҳам техник томондан тенгдошларидан бир бош устун", — дейди ёшлар жамоаси мураббийи Массимо Брамбилла.

Кулусевски ёзда жамоадан кетиш учун изн сўради. Сабаби "Аталанта"да кўпроқ ўйин вақтига эга бўлолмаслигини тушуниб етганди. Футболчига "Кальяри" ва "Парма" давогарлик қилди: оролликлар трансфер қилишни, "Парма" эса уни ижарага олишни таклиф қилди. "Кулусевски "Парма"да ўзи истаган ишни бажара олиши учун идеал шароитни топди", — дейди Гасперини. — Ёзда Малиновский ҳам жамоага келиб қўшилди. Қолаверса, Гомес ва Иличич бор. Шу сабабли ҳам уни қўйиб юбордик, чунки у кўпроқ ўйнаши зарур".

30 сентябрь куни Кулусевски 79-секундда "Торино" дарвозасини ишғол этди — бу Деяннинг А Сериядаги дебют голи ҳамда жорий мавсумдаги энг тезкор гол бўлди. Шу вақтгача унинг ҳисобида 3та ассист бор эди. "Opta" маълумотига кўра, 19 ёш ва 5 ойлик бўлган Кулусевски — 4та гол урилишида бевосита иштирок этган (1+3) топ-5 чемпионатларида энг ёш ўйинчи экан. Декабрь ойи бошларида статистика янгиланди — формулировка ўша-ўша, аммо сонлар ўзгарди (4+7).

Деян ҳозирда ассистлар бўйича Луис Альберто ("Лацио")дан кейинги ўринни эгалламоқда — испаниялик 11та голли узатма берган. Зарба бериш учун қулай вазият яратиш (40) ва муваффақиятли дриблинг бўйича (35) — у бешинчи поғонани банд этган. Кулусевски декабрь ойидаги "Наполи"га қарши кечган баҳсда ўйин қаҳрамонига айланди — тўртинчи дақиқада гол урди, қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида Жервиньо билан қарши ҳужумга ўтди ва шериги гол уришида ёрдам берди. Натижада "Парма" ғалаба қозонди (2:1), Деян эса А Сериянинг ўша ойдаги энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди. "Мен кўплаб ажойиб ўйинчиларни шуғуллантирганман, бироқ агар ёшни ҳисобга олсак, Деян — энг яхшиси", — дейди "Парма" мураббийи Роберто Д’Аверса.


Уни Де Брюйне ва Салах билан таққослашди. Кулусевски Азарнинг ўйинидан ҳайратланади

Д’Аверса майдонда Кулусевскини янги позицияга қўйиб кўрди. У "Парма"га қадар ҳеч қачон марказда ҳаракатланмаган, лекин Роберто уни эркин ижодкор деб ҳисоблайди: "У чизиқлар орасида ажойиб ҳаракатланади. Қанотда ўйнайди, аммо марказга жуда хавфли тарзда кириб боради. Эҳтимол келажакда ажойиб ярим ҳимоячи бўлар, аммо ҳозирча унга, айниқса тўпсиз бўлганида, куч ва чидамлилик етишмаяпти".

Кулусевскининг "Броммапойкарна"даги мураббийи Андреас Энгельмарк ҳам деярли шундай сўзларни айтганди: "У дриблинг қилишни, ҳужумда ўйнашни яхши кўрарди. Бироқ ҳимояда деярли ёрдами тегмасди. Унга доимо ҳимояланиш кераклигини айтардим. У нима қилиш кераклигини тушунар эди, ҳаракат қиларди. Лекин бунинг уддасидан чиқолмасди. Аммо Деян — меҳнаткаш йигит. Ҳужумга келсак, у бошидан феномен бўлган".

Кулусевскида эса бошқароқ фикр: "Менга кўп маротаба профессионал футболчи бўла олмайсан деб айтишган". У 13 ёшигача бунга шубҳа қилган. "Броммапойкарна" Европанинг топ жамоалари билан турнирда иштирок этган. Бир ўйиндан аввал Деяннинг тиззаси қаттиқ оғриган ва зўрға юраётган эди. Лекин майдонга тушди ва 2та гол уриб, ассист қайд этишга эришди. "Фаолиятимни ҳимояда бошладим, кейин юқорироқда (треквартиста) ўйнадим", — дейди Кулусевски. — Кейин эса кўп позицияларда ўйнаб кўрдим. Мен қанот ярим ҳимоячи бўлдим. Мураббийлар айтганига мослашишга ҳаракат қиламан, лекин барибир ўзимни треквартиста деб ҳис қиламан".

Кулусевски "Парма"да вингер бўлди, бироқ клуб скаути Винченцо Маркетта уни Кевин Де Брюйне билан таққослади: "Деян — ҳужумда исталган позицияда ўйнай оладиган замонавий ярим ҳимоячининг ёрқин намунаси". Деян куз фаслида Швеция U-21 терма жамоасида ҳужум марказида ўйнади ва исландияликлар дарвозасига 2та гол урди. "Кальяри" ва "Болонья"нинг собиқ мураббийи Пьерпаоло Бизоли бошқа бир ўхшашликни келтиради: "У менга биринчи 10 метрда барчани "янчиб ташлаган" Салахнинг ёшлигини эслатади. Кулусевски тўп билан бўлганида ўзига бўлган ишончи ошиб кетади. У доимо рақибидан ўзиб кетишга ҳаракат қилади. Бугунги кунда бу ишни кўпчилик уддалай олмаётгани эса ҳеч кимга сир эмас".

Уни Де Брюйне билан солиштирганлари шунчаки тасодиф эмас — Деян унга Кевиннинг ўйин услуби ёқишини тан олган, бироқ Эден Азарнинг ўйинидан кўпроқ ҳайратланишини ҳам яширмаган. "Азар мен учун Месси ва Роналдудан ҳам кучлироқ ўйинчи. Унинг ўйинини кўриб, финтларини ўрганаман, уларни такрорлашга ҳаракат қиламан. Ёш ўйинчилар орасида эса энг яхшиси — Мбаппе. У жисмоний томондан йиртқичлардек кучли. А Сериянинг энг кучли футболчиси? Папу Гомес".

Бироқ Кулусевскининг сўзларига қараганда, унинг чинакам кумири йўқ экан. Деяннинг опаси (ундан 4 ёш катта) хонаси деворини Роналдиньонинг суратлари билан тўлдириб ташлаган эмиш. Аммо Деян уларга шунчаки қараб, қандай ўйнашини томоша қилган холос. Ишонасизми, у ўз рақамини ҳам юлдуз-футболчи шарафига танламаган экан. Кулусевски 13 ёшида отаси билан Аднан Янузай дебют қилган "Манчестер Юнайтед" ўйинини томоша қилган: "У жамоада худди 10 йилдан буён тўп тепаётгандек ўйнаганди. Мен ўшанда ўзимга худди шу номерда ўйнайман деб ваъда берган эдим".

Севимли футболчисининг йўқлиги ўйин услубига ҳам таъсир кўрсатади — Кулусевски энг яхши ўйинчилардан намуна олишга ҳаракат қилади, лекин уларга тақлид қилиб қолишдан қочади. Унинг энг севимли финти — ўнг томонга бориб, кейин йўналишни кескин ўзгартириш. У "Парма"да вингер бўлди, аммо тўп билан рақиб жарима майдонига деярли етиб бормади (90 дақиқа ичида 1.66) ва табиийки, жарима майдонига кўп пас бермади (90 дақиқа ичида 1.6 зарба). Шундай бўлса-да, тўп билан жуда яхши муомалада бўлади, дриблинг ишлатади, жарима майдони яқинида кутилмаган вариантларни топа олади. Деяннинг асосий қуроли — ерлатиб сўнгги пас бера олиш. Айнан унинг тўп узатишларидан кейин шериклари кўп бор қулай вазиятга чиқиб боришган. "У "Ювентус"га катта ёрдам бериши мумкин", – дейди Лучано Моджи.


Кулусевски "Юве" тарихидаги энг қиммат ярим ҳимоячи бўлиши мумкин

"Ювентус" Кулусевски учун 35 млн евро тўлади, "Аталанта" яна 9 млн бонус олиши мумкин. Буларсиз ҳам Деян — "Юве"нинг қишдаги энг қиммат трансфери бўлди (2011 йил Алессандро Матри 20,5 млн эди). Яна озгина бонуслар — ва у клуб тарихидаги энг қиммат ярим ҳимоячига айланади. Павел Недвед замонавий курс бўйича 38,5 млн эди. Миралем Пьянич "Ювентус"га 38 млнга тушганди. Кулусевскига жуда кўп пул сарфлашга тўғри келди, сабаби рақибларини ортда қолдириш эди — биринчи ўринда "Интер"ни.

2000 йилда туғилган футболчилар орасида (ёки кейинроқ) Кулусевски нарх бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Ундан фақатгина Винисиус қимматроқ ("Реал" унга 45 млн евро тўлади). "Мен PlayStationда кўп ўйнайман", — дейди Деян. Бироқ "Парма"га борганида унга 3 ойгача WI-FI улаб беришмаганидан шикоят қилди. Натижада FIFAда ғалаба эриша олмади. Бўш вақтида кино кўрди (Кулусевскининг севимли фильми — Сандра Буллок ўйнаган "Кўринмас томон") ва китоб ўқиди.

Шунингдек, Кулусевски баскетболни жуда яхши кўради — у Македониядаги уйи атрофига ўйин майдончаси қурган. Деяннинг оиласи ёзда Македонияга боради, онаси ўша ерда туғилган. Улар Стокгольмда яшайдилар. Футболчининг отаси — швед. Горан Пандевнинг сўзларига қарамай, Кулусевски ҳам швед бўлишга қарор қилган. Ноябрь ойида у катталар термасида дебют қилган.

Деян мавсумни "Парма"да якунлайди, Маурицио Сарри эса чемпионат сўнгига қадар ёш ўйинчини қайси позицияда кўраётганини аниқлаб олиши керак. "Сарри — фантастик мураббий. Мен унинг ўйинини ўргандим. Жамоага фойдам тегади деган умиддаман, — дейди футболчи. — Мен доим жамоа ғалабаси учун майдонга тушаман. Гол ҳамда ассистларни ҳисоблаб юрмайман".

Кулусевски бу гапларини қайсидир маънода ОАВ ва омма учун айтиб қўйди. Мавсум бошида у ўз олдига мақсад қўйгани ҳақида айтиб берганди — гол+пас тизими бўйича 15 балл. "Ювентус"га ўтиши учун 11 балл етарди. Футболчи учун ана энди энг қийин давр бошланяпти-ми? Кулусевски "Аталанта" сафида "Фрозиноне"га қарши баҳсда дебют қилганидан кейин ҳам бир журналист қиз худди шу савол билан футболчига юзланган эди. Деян ҳайрон бўлиб, шундай деган: "Қийин? Энди энг зўр давр бошланяпти!".

Кўрамиз, кимсан Павел Недведдан қимматроқ бўлган йигитча умидни оқлай олармикан? Агар таҳминлар ўзини оқласа, у дунёнинг энг яхшиларидан бири бўлади, акс ҳолда...  


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +3   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика