UZ

Сўнгги янгиликлар

15:31Осиё Кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши тўлиқ оқ либосда ўйнайди  2 15:09Ўзбекистон кубоги. 3-тур расмийлари маълум  0 14:23"Челси" "Арсенал"га йирик ҳисобда имконият бой берилгач, Почеттинони ишдан ҳайдаши мумкин  4 14:08Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  19 13:56"Манчестер Юнайтед" Марсьялнинг нархини эълон қилди  3 13:32Гвардиола Канселунинг келажаги ҳақида фикр билдирди  0 13:05"Шеффилд Юнайтед" АПЛ антирекордини ўрнатди  0 12:37Давлат Турдиалиев таваллудига 62 йил тўлди   10 12:04"Челси" скаутлари "Милан дерби"сини стадиондан кузатишган  2 11:38Футзал бўйича Осиё кубоги. Ўзбекистон - Вьетнам 2:1  0 11:15ФАКТ. Ўзбекистон футзал терма жамоаси кетма-кет бешинчи Осиё кубогида ярим финалга чиқди  9 10:54Аллегри «Ювентус»да қолса, туринликлар етакчиси ёзда жамоани тарк этади  11 10:25«Барселона» вице-президенти Хавининг келажаги борасида расмий баёнот берди  16 10:06Хосе Венансио Лопес: «Эрон билан ўйинга тайёргарлик кўрмадик»  13 09:47Фалакнинг гардиши (Бекзод Толибов блоги)  8

Юртимизга катта футбол қайтди. Кимнинг имкониятлари қандай?! Янгиликлар

Юртимизга катта футбол қайтди. Кимнинг имкониятлари қандай?!

Юртимизга катта футбол қайтмоқда.

Бугун яна ўзимизнинг Coca Cola Суперлига ўйинларидан баҳра оламиз. Кеча сайтимизда фақат рақамлар ҳақида сўз борган тур превьюсини ўқигандингиз.

Coca Cola Суперлига. 4-тур превьюси (фақат рақамлар)


Энди эса ушбу турдаги ўйинларга рақамларсиз, таҳлил ва тахмин нуқтаи назаридан келиб чиқиб тўхталамиз.

Суперлига 4-тур
13.06.2020

19:00. "Бунёдкор" — "Қўқон-1912" "Sport" TV LIVE

Жароҳатлар: Миржаҳон Мираҳмадов - Музаффар Музаффаров
Дисквалификация: Йўқ - Йўқ

Рестартнинг биринчи кунидаги марказий учрашув Тошкентда бўлиб ўтади. Унда "Бунёдкор" жамоаси "Қўқон-1912"ни қабул қилади. Ҳозирча ҳар иккала жамоа ҳисобида ҳам 6 очкодан бор. "Қалдирғочлар" Вадим Абрамов бошчилигида тўп назоратини ўз оёғига олган ҳолда имкон қадар ҳужумкор ўйин кўрсатишга интилиши тайин. Ҳар ҳолда мезбонлардан ўз уйида ҳимоявий ўйин кутиш нотўғри. Жамоада биргина йўқотиш бор, Миржаҳон Мираҳмадов жиддий жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиққан. Қолганлар соппа-соғ ва эртанги беллашувга шай. Мираҳмадовнинг ўрнини Баҳодир Пардаев, Шаҳбоз Эркинов, Ҳумоюн Муртазоев ва Владислав Нуриевлардан бири эгаллайди.

Бахтиёр Ашурматов ва Даврон Файзиев биргаликда яхши жамоа шакллантиришмоқда. "Қўқон-1912"нинг асосий фигуралари Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Қувондиқ Рўзиев. Суҳроб Бердиев ҳам муҳим рол ўйнайди, аммо биринчи иккитаси биринчи планда. Ашурматов шогирдларининг энг катта устунлиги стандарт вазиятлар. Таркибида Холмуҳаммедов бўлган қўқонликлар аутни ҳам бурчак ёки жарима зарбасидек ижро этишади.

Жамоавий ўйин борасида мезбонлар устунроқ, лекин меҳмонларда ҳам яхши ижрочилар бор ва бу нарса уларга қарши ҳужумларда қўл келиши мумкин. Иккала жамоанинг бу мавсум кўрсатаётган ўйинларидан келиб чиқсак эртага чиройли футбол гувоҳи бўламиз.



20:00. "Қизилқум" — АГМК "Mahalla" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Йўқ
Дисквалификация: Йўқ - Йўқ

Икки хил ҳолатдаги жамоалар тўқнашуви. "Қизилқум" бор йўғи 1 очкога эга ва жуда ёмон ўйин кўрсатаётганди. Аммо, жамоада бош мураббий алмашди. Тачмурод Агамуродовнинг бош мураббий этиб тайинланиши футболчиларга ва уларнинг ўйинига ижобий таъсир қилиши мумкин. Одатда, кўп клубларда мураббий алмашинуви ижобий акс садо беради.

АГМК ҳозирча мағлуб бўлмаган уч клубдан бири бўлиб турибди. Миржалол Қосимов жуда яхши ва тажрибали таркиб йиға олган. Олмалиқликларнинг захира ўриндиғи ҳам узун ва кучли. Бу борада улар мезбонлардан яққол устун. Қосимов олдида кимни асосий таркибда тушириш муаммоси бор ва бу ҳамма мураббийларда ҳам бор деб бўлмайди. Бу эса унда ўйинчилар танлови нисбатан кўпроқ эканлигидан.

Бу учрашувда меҳмонлар фаворит. Аммо, карантиндан кейин ким қандай ҳолатда эканлигини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди. Шу сабаб, АГМКнинг яққол устунлигига тўла ишонч билдириб бўлмайди. Ажойиб ҳужумкор футболчиларга эга меҳмонлар бундан майдонда самара чиқара олишлари зарур.




14 июнь, якшанба
18:00. "Сўғдиёна" — "Пахтакор" "Sport" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Йўқ
Дисквалификация: Шавкат Муллажонов - Йўқ

Пешқадам аутсайдерга қарши, ҳар ҳолда жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати шундай демоқда. Ўтган мавсумнинг 2-даврасида кўпчиликни ҳайрон қолдира олган жиззахликлар бу мавсумни жуда ёмон бошлашди. Жамоадан кетган марказий ярим ҳимоячилар Махарадзе ва Милинковичнинг ўрнига муносиб ўринбосарлар олиб келинмади. Бу эса натижаларга таъсир кўрсатмай қолмаяпти.

Ўзи шундоқ ҳам бошқалардан таркиб ва ўйин томонлама кучлироқ бўлиб турган "Пахтакор"да жароҳат сабаб узоқ муддат сафда бўлмаган футболчилар ҳам қайтишди. Энди "шерлар" олдингидан ҳам хавфлироқ рақибга айланишди. Жавоҳир Сидиқов, Акром Комилов ва Садриддин Абдуллаевларнинг сафга қайтгани Шота Арвеладзега яхши маънода муаммо туғдиради. Яқин орадаги беллашувларда амалдаги чемпионларда ротацияларга тез-тез қўл урилса керак. Ҳар ҳолда, кетма-кет ўйинлар ва таркибнинг жуда кенглиги бунга имкон беради.

Бу учрашувда "Сўғдиёна"да ижобий натижага эришиш учун имконият жуда кам. Карантиндан кейинги илк турда "Пахтакор"нинг очко йўқотиши сенсация бўлиши мумкин. Ҳозир сенсация кўришимиз қийиндек.




20:00. "Насаф" — "Навбаҳор" "Sport" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Абдужамол Исроилов
Дисквалификация: Йўқ - Йўқ

Ўтказиб юбориш умуман тавсия этилмайдиган тўқнашув. Бу афиша томонлама ҳам, ўйин томанлама ҳам 4-турнинг энг асосий қарама-қаршилиги. Рўзиқул Бердиев жамоаси қандай ўйин намойиш этишини кўпчилик жуда яхши билади, шунинг ўзиёқ эртага ажойиб футбол оқшомига гувоҳ бўлишимизга кафолатдек. Қаршиликлар таркибида йўқотишлар йўқ, нисбатан ёшроқ таркибга эга "Насаф"нинг жамоавий ўйини меҳмонларга қараганда яхшироқ шаклланган. Марко Станоевич, Шароф Муҳитдинов ва Бобир Абдухолиқовлар асосий ўйинчиларга айланишди.

Ўтган мавсум жиддий жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиққан Абдужамол Исроиловни ҳисобга олмаганда "Навбаҳор"да ҳам йўқотишлар йўқ. Андрей Канчельскис аста-секин Наманганда яхши жамоа шакллантириб келмоқда, шу сабаб ҳозирча жамоавий ўйин борасида устунлик мезбонлар томонда. Лекин, "Навбаҳор" футболчиларининг "Пахтакор" ва "Локомотив"га қарши беллашувлардаги иштиёқи Қаршида ҳам зўр тўқнашув кўришимиздан дарак беради. Зеро, меҳмонлар кучли рақибларга қарши жуда яхши тайёрлана олишмоқда.

Бу ўйинда мезбон фактори рол ўйнамайди. Ёдингизда бўлса, ўтган мавсум "Навбаҳор" Касяннинг голи эвазига Қаршидан ғалаба билан қайтган бўлса, 2-даврада "Насаф" Бобир Абдихолиқовнинг сўнгги дақиқада киритган голи эвазига "Навбаҳор" вакилларини карахт ҳолатга келтириб қўйганди (1:1). Турнир жадвалидаги ўрин ва мезбонлик катта рол ўйнамайдиган тўқнашувни асло ўтказиб юборманг.




15 июнь, душанба
18:00. "Сурхон" — "Машъал" "Dunyo bo`ylab" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Йўқ
Дисквалификация: Шавкат Саломов - Йўқ

Ўртамиёналар учрашуви. Баҳром Ҳайдаров бошчилигидаги "Сурхон" яхшироқ ўйинчилар танловига эга, аммо жамоа сардори Шавкат Саломов фисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборади. Бу эса мезбонлар ўйинига таъсир қилмай қолмайди. Шунга қарамай, бу жуфтликда устунлик термизликлар томонида.

"Машъал" эса 1-турдаги ёрқин натижадан кейин бироз ҳовуридан тушиб қолгандек. Асосан ёш ўйинчиларга таянаётган муборакликлар балки Термизда мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишар, ҳар ҳолда ёш футболчилар кўпчилик бўлган жамоалан исталган пайт кутилмаган ўйин ва натижа кутиш мумкин. Бундай клублардаги энг катта муаммо эса стабиллик бўлмайди.




18:30. "Бухоро" — "Андижон" "Sport" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Йўқ
Дисквалификация: Йўқ - Йўқ

Ҳали ютмаган жамоалар қарама-қаршилиги. "Бухоро"нинг аҳволи шунчаки ачинарли. Жамоа 3 ўйиннинг барчасида 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган, яъни ҳали гол ҳам урмаган. Камига бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев яқиндагина Россиядан қайтиб келди ва ҳозир карантинда. Демак, душанба куни бухороликлар бош мураббийсиз майдонга тушиб келишади. Бу ҳам етмагандек, легионерлар ҳам таркибда эмас. М.Муҳаммадиев 8 май куни берган интервьюсида "Биз ҳам барча футболчиларимизга жавоб бердик. Мураббийлар штаби таътилга чиқди. Легионер футболчиларни ушлаб туришдан маъно йўқ эди, шу сабабли улар ҳам ўз юртларига учиб кетишди", - деганди. Улар ҳамон Ўзбекистонга қайтиб келишмаган. Демак, мезбонлар "Андижон"га қарши ҳам бош мураббийсиз, ҳам легионерларсиз тўп тепишади.

Аслида, "Андижон"нинг аҳволи ҳам "Бухоро"никидан яхши эмасди. Аммо, карантиндан кейин ундай эмас. Мезбонлардаги муаммоларни санаб ўтдик, уларга солиштирганда "Андижон"да ҳаммаси жойида. Жамоага Виктор Кумиков бош мураббий этиб тайинланган. Россиялик мутахассис янги жамоасидаги илк ўйинни ғалаба билан бошлаши учун бундан яхшироқ имконият бўлмаса керак. Муаммолар гирдобида қолиб кетган "Бухоро"ни мағлуб эта олмаслик меҳмонларга кутилмаган натижа бўлиши мумкин.




19:00. "Локомотив" — "Металлург" "Mahalla" TV LIVE

Жароҳатлар: Йўқ - Йўқ
Дисквалификация: Йўқ - Йўқ

Муносиб рақиблар қарама-қаршилиги. "Локомотив"нинг таркиби олдинги мавсумларга қараганда кучсизланди, "Металлург" эса бир неча ёш ва иқтидорли ўйинчиларни олиб келди. Шу сабаб таркиб жиҳатидан жамоалар орасида фарқ катта эмас. Андрей Фёдоров шогирдлари уйда тўп тепаётганлари уларга бироз устунлик беради. Ўртоқлик ўйинларида мураббий турли хил вариантларни синаб кўрди, Абдухолиқов - Бикмаев - Погребняк учлиги мезбонлар ҳужумида жавлон уришмоқда. "Темирйўлчилар" учун ижобий жиҳат ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиевнинг яна сафга қайтгани бўлди.

"Металлург"да ҳам яхши таркиб йиғилган. Тўғри "настрой" қилса унча-мунча жамоага муаммо туғдира оладиган клуб. "Локомотив" стадионида ҳам тенгма-тенг баҳс гувоҳи бўлсак керак.



Карантиндан кейин ким қандай ҳолатда эканлигини билмаймиз ва рестартдан кейин камида иккита турда исталган натижалар қайд этилиши мумкин. Қайси жамоанинг футболчилари танаффусда жисмоний ҳолатини яхши ушлаб тура олган бўлса, ўша клубларда имкон юқорироқ бўлади. Лекин, барча учрашувларда ҳам зўр ўйин кута олмаймиз. Чунки, жамоалар ритмга тушиб олишлари учун вақт ва бир нечта ўйин керак бўлади. Энг муҳими эса футболимиз қайтди.


Ўзбекистон чемпионати турнир жадвали >>>>> Суперлига

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +32   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика