UZ

Сўнгги янгиликлар

05:00АПЛ. "Вест Бромвич" - "Челси" 3:3  0 03:57Питер Хюистра: "Қатарда кўпроқ ўйин ўтказишни хоҳлаймиз"  6 02:03"Истиқлол" мураббийи Мажид Намжу Мотлаг: "Бир вазиятда ҳакам яққол пенальтини бермади"  21 01:55Ла Лига. 5та гол, қизил карточка, пенальти ва "Реал Мадрид" мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  64 01:45А Серия. 7 та гол урилган беллашувда "Интер" ғалаба қозонди ва бошқа натижалар  4 01:33"Ақлли" автобус инглиз клубининг чемпионат доирасидаги ўйинига боришига тўсқинлик қилди   1 01:20Кроос "Бетис"га қарши ўйинда жароҳат олди   1 01:03ОЧЛ-2020. "Пахтакор" - "Истиқлол" 2:1  16 00:50Куман Мессининг мавсумга тайёргарлиги ҳақида гапирди   1 00:50Спортчилар ижтимоий тармоқларда (30 та сурат)  0 00:49"Пахтакор" чорак финалда ким билан ўйнашини қуръа ҳал қилади  104 00:37ОЧЛ-2020. "Пахтакор" - чорак финалда!   666 00:12Бундеслига. "Шальке" ўз майдонида "Вердер"га ютқазди   0 00:00Бундеслига. "Аугсбург" - "Боруссия Дортмунд" 2:0  0 23:55РПЛ. "Зенит" - "Уфа" 6:0  0

Янги йил хаёллари Янгиликлар

Янги йил хаёллари

2013 йил ҳам тезда ўтиб кетди. Футболимизда бу давр ичида ғалабалар ва мағлубиятларга гувоҳ бўлдик. Байрам арафасида хориждаги ОАВ ходимлари турли кулгули ва ҳазиломуз мақолалар, интервьюларни тақдим этишади.
Чунки хуш кайфият улашиш байрамнинг янада яхши ўтишига ёрдам беради. Шуни инобатга олиб, 2014 йилги мавсумда футболимизда кузатилиши мумкин бўлган воқеаларни тузиб чиқишга қарор қилдик. Албатта, ҳазил тарзида. Бу кайфиятингизни озгина бўлса-да кўтарса, бундан хурсанд бўламиз.

ЯНВАРЬ
Ой боши: ПФЛ директори Фарҳод Магометов келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланганини маълум қилади. Шундай шубҳа туғилган учрашувлар иштирокчиларини кескин жазолар кутиб турганини таъкидлади. ПФЛ ҳар бир ўйинни камида 6та камера ёрдамида тасвирга тушириб, уни махсус гуруҳ ўрганиб чиқишга қарор қилган. Ҳакамларга бўлган назорат кучайтирилиб, уларнинг ҳар бир хатоларини мухлислар учун тушунтириб берадиган бўлим фаолият бошлайди.

Ой ўрталари: 30 ёшдан ошган футболчилар билан шартнома имзоламаслигини маълум қилган “Нефтчи” раҳбарияти Пирло, Хави ва Клозенинг фарғоналиклар сафида ўйнаш таклифини рад этади.

Ой охирлари: Мураббийлар ўзлари истаган юқори савияли футболчиларни жамоаларига таклиф эта олишмаганидан шикоят қилишни бошлашади. Худди бундай ўйинчилар олий лигада тўлиб ётгандек.

ФЕВРАЛЬ
25-26 февраль: Олий лига клублари ПФЛга футболчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини тугатишмоқда. Мавсумни захира ўриндиғида кузатишини билган ўйинчилар бир таклиф киритишади. Унга кўра, учрашув мобайнида футболчиларнинг шуғулланишларини таъқиқлаш. Улар захира ўриндиғида иссиқ жойларини совутмаслик мақсадида ПФЛдан шундай қарор қабул қилиш кераклиги ҳақида илтимос қилишади. Имкон бўлса, захирада ўтирган футболчиларнинг телефондан фойдаланишга рухсат берилиши, барча стадионларда эса интернет ишлаши зарурлигини талаб қилишни бошлашади.

27 февраль: Ўртоқлик учрашувидаги мағлубият туфайли “Шўртан” бош мураббийини ўзгартиришга қарор қилади. Футболчилар ҳамиша руҳий юқори кайфиятда туриши учун ғузорликлар “ҳар турга янги мураббий” ғоясини ишлаб чиқадилар.

28 февраль: ОЧЛнинг биринчи турида яхши натижалар қайд этган клубларимиз етакчиларини рақиб жамоаларга сотиб юборишга рози бўлишади. Бунинг сабабини улар олий лигада рақобатни кучайтириш ва жамоалар ҳолатини тенглаштириш учун деб айтиб ўтишади. Мухлислар эса ўтган мавсум бошқа жамоада ўйнаган футболчиларнинг бошқа клуб сафида эканлигини кўриб, рўйхатдан ўтиш нотўғри ёзилган деган хаёлга боришади.

МАРТ
1 март: Тошкент шаҳри клубларида ўйнаётган фарғоналик футболчиларнинг сонинг кўпайиб кетиши натижасида пойтахтдаги стадионларга мухлислар ташрифи сезиларли даражада ошади. Саркисян, Саидов, Бердиев ва Пўлатовнинг “Бунёдкор”даги дебют ўйинига “Нефтчи”нинг Фарғонадаги учрашувидан кўпроқ ишқибозлар келишади. Маълум бўлишича, фарғоналик ашаддий мухлислар Саркисян ҳамда футболчилар туфайли “қалдирғочлар” баҳсларига ташриф буюришни бошлашган.

2 март: Чемпионатдаги кутилмаган мағлубият сабабли “Локомотив” ПФЛдан трансферлар учун қайтадан имконият бериш ва жамоанинг қишки барча трансферларини бекор қилишни сўрайди.

10 март: Хориж тотализатор сайтларида олий лигадаги икки учрашувга жуда кўп миқдорда пул тикилгани тўғрисида маълумот пайдо бўлади. Айбдорларни аниқлаш ва қатъий жазо беришга аҳд қилган ПФЛ бир неча кун ўтиб, якуний қарорни эълон қилади. Унга кўра, журналистларга шундай тотализатор сайтлар билан боғланиб, қайси ўйинларга шубҳали миқдорда пул тикилганини аниқлаш таъқиқланади. Маълумотларни олиб, ошкор этган журналистлар олий лига беллашувларини ёритишдан расман маҳрум қилинади.

16 март: Чемпионатнинг учинчи турига келиб, мухлислар орзиқиб кутган воқеа юз беради. Ўзбекистонлик ҳужумчилар мавсумдаги илк голларини айнан шу турга келиб нишонлашади. Ишқибозлар ҳақиқий байрамни бошлаб юборишади.

26 март: Олий лига ўйинларидан бирида “Машъал” сардори ёнига бир мухлис икки бор югуриб тушади. Унга буни амалга оширишга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Кейинроқ ўша мухлис аслида яхшилаб грим қилинган бош мураббий эканлиги маълум бўлади. Мезбонлар устози дисквалификация туфайли учрашувни захира ўриндиғида кузатишдан маҳрум этилганди.

АПРЕЛЬ
7 апрель: “Навбаҳор” раҳбарияти пулни иқтисод қилиш мақсадида футболчиларга улар ғалаба қозонмагунча ойлик маошлар тўланмаслигини эълон қилади. Бироқ шундан сўнг наманганликларнинг мағлубиятсиз серияси бошланиб кетади. Стадион аввалгидек мухлислар билан тўлади.

12 апрель: Миллий терма жамоамизнинг Европа грандларидан бирига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Бироқ кейинчалик Голландия терма жамоаси рад жавобини олади. Бунга ўйиннинг бошланиш вақти “Терма жамоалар маркази”га маъқул бўлмагани сабаб эканлиги айтиб ўтилади. Шу тариқа голландиялик мухлислар аламда қолишади.

22 апрель: Ўртача бюджетга эга бўлган клублардан бирининг раҳбари пулни ўзлаштириб юбораётган компаниялар директори ҳақида бадиий фильмга ғоя берувчи маслаҳатчи сифатида таклиф этилади. Бироқ режиссёр ўша раҳбарнинг исмини ошкор этишга рози бўлмайди. ПФЛ эса режиссёрдан футболга оид ишларга аралашмасликни сўрайди.

30 апрель: Қашқадарё дербисида “Насаф”га қарши баҳсда “Машъал” сафида академия тарбияланувчиларидан фақат Санжар Қувватов майдонга тушади. Бундан норози бўлган ишқибозлар жамоа раҳбарияти билан очиқчасига суҳбатлашиб олишади. Кейинги ўйинларда Хомяков маҳаллий футболчиларга ишонч билдиради ва жамоа узоқ кутилган ғалабага эришади.

МАЙ
11 май: Ҳакамлар учрашувларда кўплаб хатоларга йўл қўйишади. Буни эса ҳакамлар департаменти трибуналарда ўтирган ишқибозларнинг турли ҳайқиришлар билан уларнинг диққатни бир жойга жамлашга халал бераётгани билан изоҳлайди. Бунга жавобан рефериларга қулоқни махсус асбоб ёрдамида тўсиб олишлари тавсия этилади. Футболчилар ҳам бу фикрни қувватлашади. Ҳакамни ҳақорат қилгани учун бериладиган карточкалар сони кескин камайиб кетади.

21 май: “Пахтакор” 11 нафар тарбияланувчиларни асосий таркибда майдонга тушириб, рақибини йирик ҳисобда таслим қилади. Бироқ бошқа клублар мухлислари “Пахтакор” ўша ёшларни ўйинга тайёрлашда мукофот учун катта пул эълон қилганини айтиб ўтишади. Легионерларнинг суст ҳаракатларидан тўйган бошқа жамоалар мураббийларини “шерлар”нинг ўйинчи тарбиялаш тизимини ўрганиш учун Тошкентга юборишади. Уларга иш услубини ўрганишдан ташқари Тошкент клублари академиясида таҳсил олаётган ўша вилоятлик ўйинчиларни қайтариб олиб келиш вазифаси ҳам юклатилади.

25 май: Мактаб битирувчиларига бағишланган кўрсатувларда кўплаб футболчилар чиқиш қилишади. Кутилмаганда улар кўрсатув мобайнида синфдош сифатида ўзларидан 3-4 йил илгари туғилганларни эслаб ўтишади. Аниқроғи, ўша ўйинчиларнинг синфдошлари уни мактабга қайси йилда келганини аниқ айтиб ўтишади. Ваҳоланки, ўша пайтда футболчи 3 ёки 4 ёшга кирган бўлади. Бундай ҳолат кўпчилик ишқибозларда кўрсатувга бўлган қизиқишни ошириб юборади. Бироқ бу борада аниқ жавоб олишнинг имконияти бўлмайди. Футболчи ёшлигидан “вундеркинд” бўлган деган фикр уйғонади холос.

ИЮНЬ
6 июнь: Жаҳон чемпионати ўйинлари трансляциясини сотиб олганлигини эълон қилган МТРК олий лига учрашувларини намойиш этишни деярли тўхтатиб қўяди. Уларнинг фикрича, олий лига беллашувлари кўрсатилиши учун ПФЛ ёки клубларнинг ўзлари пул тўлашлари зарур.

16 июнь: Биринчи давра якунланиши арафасида яна Тошкент дербилари кузатилади. Бу сафар барча клублар таркиби тўлиқ бўлгани туфайли яна аввалги йиллардаги шиддат қайтади. Лекин пойтахтлик ишқибозлар ўзаро келишган ҳолда кескинликни трибуналарга кўчирмасликка қарор қилишади. Натижада беллашувлар мобайнида улар рақиб жамоа аъзолари ва мухлисларини умуман ҳақорат қилишмайди. Бундай ажойиб ҳолат футболчиларнинг ҳам олқишларига сазовор бўлади.

21 июнь: Қарши ва Андижонда мухлисларнинг ўта кучли босимига дуч келаётгани сабабли ҳакамлар меҳмон жамоалардан ўйин мобайнида қўполликни 10 мартадан оширмасликни илтимос қилишади. Бундан кўнгли тушиб кетган марказий ҳимоячилар меҳмонда бу клубларга қарши баҳсларда майдонга тушишдан бош тортишади.

ИЮЛЬ
21 июль: Ўзбекистон Кубоги баҳсларини томоша қилиш учун стадионларга мухлислар ташриф буюришмайди. Фақат ишқибозлар эмас, балки баъзи жамоалар футболчилари ҳам жаҳон чемпионати беллашувларини кўришгани сабабли ўйинга зўрға етиб келишади.

25 июль: “Қизилқум” таклиф этган легионерлардан бири билан шартномани бекор қилади. Бош мураббий бунинг сабабини ўша футболчи нуқул жароҳат олиб, футболдан кўра тиббиётнинг ривожланишига кўпроқ ҳисса қўшаётгани билан изоҳлаб ўтади. Бу пайтга келиб ўртамиёна ва аутсайдер клублар мавсум бошланишидан аввал чақирилган хорижлик футболчиларга жавоб бериб, уларнинг ўрнига захирада ўтириш учун бошқа ўйинчиларни таклиф қилишади.

29 июль: Олимпия терма жамоаси таркибига саралаш баҳсларида иштирок этиш учун “Пахтакор”нинг 10дан ортиқ футболчиси таклиф этилади. Натижада жамоа ёзги йиғинни ҳам асосий таркибнинг бир қатор ўйиниларсиз ўтказишга мажбур бўлади. 1997 йилда таваллуд топган академия тарбияланувчиларидан баъзилари асосий таркиб машғулотларига қўшилади. Бошқа жамоалар ОАВнинг терма жамоаларга футболчи тайёрлаб бермаётгани ҳақидаги эътирозларга айнан шундай вазиятга тушиб қолишни хоҳлашмаслиги билан жавоб қайтаришади.

АВГУСТ
1 август: “Олмалиқ” бош мураббийи Игорь Шквирин биринчи лигадан биратўла 7 нафар футболчини жамоасига таклиф қилади. Энг қизиғи, олмалиқликлар ўша ўйинчиларнинг ҳаммасини бир баҳсда майдонга тушириб, рақибни доғда қолдиришади. Шундан кейин олий ва биринчи лига ўртасидаги фарқ унчалик катта эмаслиги, футбол жуда яхши ривожланиб бораётгани “Спорт” телеканали кўрсатувларида меҳмон бўлган мутахассислар томонидан айтиб ўтилади.
Худди шу куни олий лига клублари футболчилари олий ўқув юртларига имтиҳон топшириш борасида рекорд қайд этишади. Рўйхатдан ўтказилган ўйинчиларнинг 23 фоизи кириш имтиҳонларида қатнашишади.

14 август: “Шўртан”нинг олий лигадан тушиб кетиши юқори лигада мураббийлар алмашинуви сезиларли даражада пастлашига олиб келади.

17 август: Миллий терма жамоамиз ниҳоят ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Рақиб Осиёнинг яхши жамоаларидан бири саналган Индонезия бўлади. Навбатдаги рақиб эса Гуам, Сейшел ороллари ёки Гибралтардан бири бўлиши эълон қилинади.

СЕНТЯБРЬ
3 сентябрь: Олий лига кескин паллага киради. Терма жамоага номзод ҳужумчилар яна гол уришни бошлашади. Улар голларини ўзларини аёвсиз танқид қилган ашаддий мухлисларнинг олдига бориб нишонлашади. “Гол уришни биламан”! Улар газетага шу тарзда интервью беришади.

20 сентябрь: Пишур тўпурарлар баҳсини қиздириш учун ўзи ураётган голларни жамоадошлари номига ёзишни таклиф киритади. Искандеров эса ҳужумларни кескинлаштириш ва гол билан якунланган ҳужумларни бошлаб бериш бўйича янги рекорд ўрнатади. Геворкян жарима майдонига қанотдан энг кўп аниқ тўп ошириш, Жасур Ҳасанов қанотдан энг кўп тўп оширган футболчига айланади.

ОКТЯБРЬ
5 октябрь: Азамат Абдураимов бошчилигида “Андижон” ҳужумчилари офсайдга тушиб қолиш ва энг кўп йиқилиш борасида бошқалар учун етиб бўлмас кўрсаткич қайд этишади. Рўзиқул Бердиев эса шогирд ярим ҳимоячиларини машғулотларда аниқ пас бериш, Зафар Холмуродов ҳужумчиларни вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида ортда қолдиришади.

21 октябрь: “Локомотив” “Навбаҳор” билан баҳсда рақиб дарвозасига 83 бор зарба бериб, 94 фоиз вақтда тўпга эгалик қилади ва 87 фоиз вақт давомида рақиб майдони тарафда ўйнайди. Учрашувда наманганликлар 1:0 ҳисобида зафар қучади.

НОЯБРЬ
5 ноябрь: “Сўғдиёна” ва “Бухоро” ўз майдонида очко тўплаш бўйича охирги йиллардаги рекордни қайд этишади, бироқ жадвалда ўрта поғоналардан юқорига кўтарила олишмайди.

19 ноябрь: Чемпионат якунланади. “Локомотив” ва “Пахтакор” мавсум мобайнида рақиб дарвозалари сари мингдан ортиқ зарба йўллашади. Вазиятлардан фойдаланиш даражаси 5 фоизни ташкил қилади.

26 ноябрь: Миллий терма жамоамиз Австралияда ўтадиган Осиё Кубогига якуний тайёргарликни бошлаб юборади. Бироқ фақат маҳаллий футболчилар билан. Легионерлар декабрь ўрталарида етиб келишади. Шу сабабли “Терма жамоалар маркази” ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш фикридан воз кечади.

ДЕКАБРЬ
10 декабрь: ОЧЛга қуръа ташланади. Кутилмаганда Ўзбекистоннинг уч жамоаси бир гуруҳдан ўрин эгаллайди. Шундан кейин ОФК қуръа механизмини ўша ернинг ўзида бекор қилади ва клублар номини бир қоғозга ёзиб олиб, гуруҳларга тақсимлаб чиқишга мажбур бўлади. Мухлисларимиз ОЧЛда илк ўзбек дербисини кўриш имкониятидан маҳрум бўлишади.

20 декабрь. “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Локомотив” миллий терма жамоага футболчилари кўп таклиф этилгани туфайли қишки йиғинни январь охирида бошлашга қарор қилишади.

Ёзиб ўтганларимиз байрам олдидан ўқувчиларимиз кайфиятини хуш этиш эди. Умид қиламизки, клубларимиз бунга жиддий муносабатда бўлиб, эътироз билдиришмайди. Чунки буларнинг барчаси ҳазил. 2014 йилда футболимизни ғалабалар тарк этмасин! Янги йил барчангизга омад ва бахт келтирсин!

Беҳзод НАЗАРОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика