Ван Гал Чемпионлар Лигасининг янги формати учун УЕФАни кескин танқид қилди

Sherzod Nurmatov
23 окт 2026, 16:47
Нидерландия миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Луи ван Гал Чемпионлар Лигасининг янги формати ҳақида фикрларини билдирди.

"УЕФА ўйлаб топган ушбу турнир формати — шунчаки бемаънилик. Ҳозир унда ким хоҳласа ўйнаши мумкин. УЕФА фақат қандай қилиб кўпроқ пул ишлаб олишни ўйлайди. Бу — коррупциялашган дунё", – деди ван Гал.

Шунингдек, 75 ёшли мутахассис, ўйинлар тақвимининг ҳаддан ташқари тиғизлиги жароҳатлар кўпайишининг асосий сабаби эканини таъкидлади.

"Бу мусобақа Чемпионлар Лигаси деб аталади, шундай эмасми? Унда энг кучли жамоалар ўйнаши керак. Жамоалар савияси ўртасидаги фарқ камроқ, голлар сони ҳам озроқ бўларди, аммо учрашувларнинг сифати анча юқори бўларди. Ўйинлар кўп бўлса, жароҳатлар ҳам шунга яраша кўпаяди", – дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, УЕФА Чемпионлар Лигасининг янги форматини 2024/25 йилги мавсумдан бошлаб жорий қилганди. Гуруҳ босқичи ўрнига 36 та жамоа иштирокидаги ягона умумий босқич ташкил этилиб, унда ҳар бир жамоа турли рақибларга қарши 8 тадан ўйин ўтказмоқда.

Ван Гал 1994/95 йилги мавсумда "Аякс" билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан, шунингдек, 1996 йилда амстердамликлар билан, 2010 йилда эса "Бавария" бошқарувида ушбу турнир финалига қадар етиб борган.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Goal