UZ

Сўнгги янгиликлар

07:00А Серия. "Беневенто" - "Интер" 2:5  0 05:15ОЧЛ-2020. "Персеполис" - "Пахтакор" 2:0  20 02:30Olamsport: Хабибнинг тайёргарлигидан суратлар, UFC учун проморолик ва бошқа хабарлар  0 02:20Захирадан майдонга тушган Винисиуснинг голи "Реал Мадрид"га 3 очко келтирди  23 02:12Яҳё Гулмуҳаммади: "Кейинги босқичга чиққанимиздан мамнунман"  13 02:00"Краснодар" ЕЧЛга йўл олди ва бошқа натижалар  2 01:50А Серия. "Аталанта" сафарда "Лацио"ни янчиб ташлади  2 01:45"Женоа"нинг қайси футболчиларида коронавирус аниқлангани маълум бўлди  1 01:42Питер Хюистра: "Биздан олдинги ўйинда қўполлик ҳеч кимга кўринмаганди, лекин бизга келганда дарров VARни эслаб қолишди"  80 01:40Англия ЛК. "Эвертон" ҳам йирик ҳисобдаги ғалаба орқали чорак финалга йўл олди  0 01:35Англия ЛК. "Юнайтед" бу сафар "Брайтон" майдонида қийинчиликсиз ғалабага эришди  6 01:28"Бавария" - Германия суперкубоги соҳиби!  10 01:05Англия ЛК. Йирик ҳисобда ғалабага эришган "Манчестер Сити" чорак финалга чиқди  1 00:57Суарес ҳамда Фати ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун курашмоқда  1 00:37ОЧЛ-2020. Машарипов қизил карточка олган ўйинда "Пахтакор" "Персеполис"га мағлуб бўлиб мусобақани тарк этди  1085

Уларда дангаса суперюлдузлар йўқ. Дунёнинг энг кучли икки жамоаси ҳақида Янгиликлар

Уларда дангаса суперюлдузлар йўқ. Дунёнинг энг кучли икки жамоаси ҳақида

2019 йил "Манчестер Сити" ва "Ливерпуль" дунёнинг энг яхши клуби эканлигини тасдиқлаб берди.

Уларнинг АПЛда очко тўплаш бўйича пойгаси жуда қизиқарли бўлди. "Сити"нинг 98 очкоси - АПЛ тарихидаги иккинчи натижа. "Ливерпуль"нинг 97 очкоси эса учинчи. Улар 2017/18 мавсумдаги "Сити"дан (100 очко) орқада.

Узун мавсум жамоа ўйинининг ҳақиқий даражасини кўрсатиб беради. Бу даражада кўп очко йиғиш Гвардиола ва Клопп жамоаларининг кучли эканлигини исботлади. "Ливерпуль" АПЛдаги муваффақиятдан ташқари ЧЛда ғолиб бўлди. "Сити" иккала Англия Кубогини қўлга киритди.


Бир қарашда "Ливерпуль" ва "Сити" умуман бир-бирига ўхшамаслиги мумкин, аммо аслида бу жамоаларнинг муваффақиятини баъзи жиҳатлар бирлаштириб туради. Улар классик топ-клубга ўхшашни умуман исташмайди. Бошқа барча жамоалар "ҳужумда топ ижрочи керак, қолгани иккинчи даражали" деган формулага ишонишади.


Энг яхши мисол - сўнгги мавсумлардаги ПСЖ. Клуб 2017 йилнинг ёзида бирданига икки юлдуз ҳужумчи - Неймар ва Мбаппени харид қилди. Қоғозда ҳаммаси жуда чиройли кўринди: Ҳужум қанотларидаги Ди Мария ва Дракслер ўрнига Неймар ва Мбаппе - ажойиб апгрейд, тўғрими? ПСЖ шундоқ ҳам кучли жамоа бўлган, икки суперюлдуз келганидан сўнг дунёнинг энг яхши клубига айланиши керак эди. Икки йил ўтди - бу мақсадлар абсурд эканлигини хатто Неймар ҳам тушуниб етди.

Энди шу масофадаги "Сити" ва "Ливерпуль"га назар ташлаймиз. Улар "оддий" топ-клублардан (16/17 мавсумда АПЛда 3 ва 4-ўринларни эгаллашган) дунёнинг энг кучли жамоаларига айланишди. 


Бунга қандай эришишди? Ҳаммаси мураббийга тўлиқ ишонишдан бошланди. Хатто стартдаги муваффақиятсизликдан кейин ҳам раҳбарлар уларга тўлиқ ишонч билдиришди ва улар ҳақ бўлиб чиқди. Пеп ва Юрген юқори даражадаги мутахассислар. Уларда аниқ бир фалсафа мавжуд ва бу фалсафа билан жамоани мукаммалликка етаклайди.


Улар ҳар бир позицияга қандай футболчи кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга. Бу клубга трансфер сиёсатида ёрдам беради. Уларга шунчаки қизиқарли, яхши футболчилар эмас, балки тизимга мос ўйинчилар керак. "Сити" ва "Ливерпуль" сўнгги йилларда шу билан шуғулланишди.


Ҳа, ёши катта футболчиларнинг бошқалар кўрмаган қиррасини очиш мумкин, аммо бу жуда кам ҳолларда рўй беради. Пеп Фернандиньода шундай жиҳатни кўра билди. Футболчи 4-3-3 схемасидаги ягона таянч ярим ҳимоячисига айланди. Бундай ўйинчини фақат узоқ вақтдан бери ўша жамоада ўйнаётган футболчидан топиш мумкин. Катта маблағ эвазига кучли, аммо жамоа услубига киришишга қийналадиган ўйинчиларни сотиб олиш - яхши ғоя эмас.

"Ливерпуль" ва "Сити"нинг формуласи узоқ масофада ажойиб натижалар кўрсатмоқда. Буни тасодиф деб бўлмайди. Келинг, улар босиб ўтган йўлни таҳлил қилиб чиқамиз.


БИРИНЧИ ҚОИДА: Суперюлдузлар эмас, тизимга мос футболчилар керак


Иккала клубнинг селекцияси жуда муваффақиятли. Бошқа грандлар амалга оширган кўплаб омадсиз трансферларга боқинг ва "Сити" ҳамда "Ливерпуль"нинг деярли барча хариди ўзини оқлаётгани билан солиштиринг. Фарқ катта.


"Сити" ва "Ливерпуль"нинг трансфер бозоридаги муваффақиятининг асосий сабаби селекция бўлимининг даражасида эмас, скаутларда танловнинг аниқ мезонлари мавжуд. Улар жамоа ўйин тизимини аниқ тасаввур қилишдан келиб чиқади.


Яхши, топ футболчиларни харид қилиб, уларга мослашиш ва натижа кутиш - эскирган услуб. Бу йўл билан юқори даражага чиқа олмайсиз. Сўнгги йилларда нафақат ПСЖ, балки "Барса", "Реал", МЮ ва бошқа клублар шу услубдан фойдаланишди. Уларнинг ҳеч бири кўп миллионли сарфлардан сўнг кучайгани йўқ.


"Барселона" сўнгги муваффақиятсиз харидларидан кейин ҳам ўз даражасини сақлаб турибди, чунки уларда ҳали ҳам натижа бераётган пойдевор (Месси, Суарес, Бускетс, Пике, Тер Штеген ва бошқалар) бор. Қайта қурилаётган жамоага (масалан, МЮ) бундай трансфер сиёсат уни инқироз кўчасига олиб киради.


"Сити" ва "Ливерпуль" камроқ пул сарфлашади. Сўнгги йилларда улар иқтидорли, ҳали ўзининг пикига чиқмаган, сифатлари бўйича услубга тўғри келадиганларни харид қилишди. Қулай тизим футболчиларни янада кучайтирди.


"Ливерпуль"гача ҳеч ким Салоҳ ёки Манени ўз позициясидаги дунёнинг кучли 10 футболчиларидан бири деб ҳисобламаган, ҳозир эса улар кучли учликда. Бу йигитлар Фирминосиз бундай муваффақиятга эришмаган бўларди. Клопп бразилияликка "ёлғон тўққизинчи" ролини берди. Роберто ўз вазифасини максимал даражада бажармоқда. Бундан ташқари, немис мутахассиси ундан олдин жамоада бўлган, бироқ имкониятлари чекланган футболчиларга мос рол топа олди, масалан, Хендерсон ва Милнер ҳақиқий етакчига айланишди.

Гвардиола худди шу ишни "Сити"да бажарди. Жамоадаги бор футболчилардан фойдаланиб, марказни қайтадан қурди. У умуман кутилмаган ўзгаришларни амалга оширди - Силва ва Де Брюйне (кўпинча қанотларда ўйнайдиган классик ўнинчилар)ни саккизинчи (ҳужумчи ортидагилар)га айлантирди. Ягона таянч ярим ҳимоячиси ролини бу позицияда умуман ўйнамаган Фернандиньога берди. Бошқалар бу йигитларни марказда бирга ўйнатиб деб ўйлаган бўлса, Гвардиола аксини кўра олди. Трио "Сити"нинг барча ғалабалари омилига айланди.


ИККИНЧИ ҚОИДА: Майдон маркази жуда муҳим. У жамоа ўйини рамзи ҳисобланади


Юқоридаги қоидалар майдон маркази учун жуда зарур. Бу чизиқ услуби ва ўйинини белгилайди. "Ливерпуль" ва "Сити"даги футболчилар бу чизиқлар учун идеал мос келади.


Клопп ярим ҳимояси - бу ҳайратланарли физика, курашларга тайёрлик, тезкорлик ва прессинг.


Гвардиола ярим ҳимояси - ўйинни назорат қилиш, ижодкорлик, техника.


Ўзига мос тизимда ўйнайдиган яхши футболчилар бир-бирининг камчилигини тўлдиради ва жамоадоши ўсишига ёрдам беради. "Ливерпуль" ва "Сити" бу сўзларимизни тасдиқлайди. Деярли барча футболчилар 2-3 йил олдингидан яхшироқ ўйнашмоқда. Уларнинг баъзилари ўсишга эришишди, бошқалари тизим ёрдамида ажойиб ўйин кўрсатишяпти.


Ким майдон марказини назорат қилса - ўйинни назорат қилади. Жуда кам ҳолатларда баҳс "Сити" ва "Ливерпуль" бошқарувидан чиқиб кетади. Савол туғилади: Икки инглиз гранди ва бошқа йирик жамоалардаги ярим ҳимоячилар савиясида фарқ борми? Йўқ.


"Барселона" ва "Реал" марказидагилар учрашувни "Сити" ва "Ливерпуль" каби назорат қилмайди. "Реал"даги Касемиро-Кроос-Модрич ўрнига "Ливерпуль" триосини қўйсак вазият ўзгарадими? Ишончим комил, йўқ.

"Ливерпуль" ва "Сити" ярим ҳимоясидаги муваффақият калити - Юрген ва Пеп. Муҳим қоида - доимо ўзининг кучли томони билан ўйнаб, рақибнинг кучсиз томонидан фойдаланиш. Тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, ўйинни рақибдан қулайроқ ҳаракат қила оладиган нуқтангизга кўчириш. Гвардиола ва Клопп бу трюкларнинг устаси. "Сити" ва "Ливерпуль" ярим ҳимоячиларида ҳам камчиликлар бор, бироқ мураббийлик иши туфайли уларни кўрмаймиз.


"Сити" ярим ҳимоясини олиб қаранг. Фернандиньо - Сильва - КДБ (Кевин Де Брюйне). Яна бир марта: испаниялик ва бельгиялик классик ўнинчи рақамлар. Пеп шундай икки ўйинчини бир вақтнинг ўзида саккизинчилар ўрнига қўйди. Улар ўйин назоратига жавоб беришади ва катта ҳажмдаги ишни бажаришлари керак бўлади. Айнан шу нарса саволлар келтириб чиқарди. Сильва ҳамда Де Брюйне ҳужум яратишдан ташқари икки жарима майдончаси орасида меҳнат қила оладими?


Ҳа. Ҳаммаси тўп билан комбинацион ўйиннинг тўғри йўлга қўйилгани ва ҳайратланарли контрпрессинг туфайли. Сильва ва Де Брюйне тўп излаб кўп ҳаракат қилишади, унга эгалик қилишганда эса рақиб таянч ҳудудида креатив ҳаракатлар ва ўйин назоратига жавоб беришади.

"Сити" тўпни йўқотса, барча футболчилар (биринчи навбатда унга энг яқин турганлар) тезкор прессингга ўтади, ўйин тўғри қурилгани ва футболчилар бир-бирини яхши тушуниши туфайли прессинглар деярли ҳар сафар муваффақиятли якунланади.



Юкламаларнинг бундай бўлиниши катта тезликда орқага қайтишга қийналадиган футболчиларга мос келади. "Баъзида орқага қайтишдан, бир неча сония тўп учун жон бериб курашиш яхшироқ" - деганди Де Брюйне.


"Биз тезда тўпни олиб қўямиз, бу ўйинимизнинг бир қисми. Бундай вазиятларда жамоадек ҳаракатланамиз. Индивидуал прессинг деган нарса йўқ. Сен жамоадошинг қаерда эканлигини билишинг керак, бутун жамоа тенг ҳаракат қилиши лозим. Агар кимдир вазиятдан чиқиб қолса, ишимиз бир неча мартага қийинлашади" - дея қўшимча қилган бельгиялик. Давид Сильва Гвардиола тизими туфайли 30 ёшида иккинчи ёшлигини бошидан кечирмоқда.


"Ливерпуль" маркази эса янада оддийроқ. У ерда техникаси кучли бўлмаган, ўйинни назорат қила олмайдиган футболчилар ҳаракат қилади. Улар туфайли жамоа узоқ вақт ўйинни бошқара олмасдан, кераксиз жойларда тўпни йўқотар эди.


Клопп вақт ўтиши билан бундай ярим ҳимоячиларни ҳужумда қандай ишлатиш кераклигини тушунди. Саккизинчи рақам жойида ўйнайдиганлар ҳеч қачон чизиқлар ўртасида қолиб кетишмайди - улар ё рақиб ҳимоячилари ортига қочишади ёки орқароққа қайтиб, қанот ҳимоячиларига жой яратиб беришади.


"Ливерпуль" ярим ҳимоячилари ҳеч қачон ўзига ноқулай жойда ўйнашмайди. Ярим ҳимоячилар иложи борича саккизинчи рақам жойида ҳаракат қилмасликка интилишади. Асосан у ерда Мане ёки Салоҳ пайдо бўлади. Клопп жамоани шундай жойлаштирганки, у ҳар бир футболчидан максимум даражада фойдаланмоқда.


УЧИНЧИ ҚОИДА: Прессинг дангаса юлдузларсиз яхшироқ амалга ошади


"Ливерпуль" ва "Сити"да бундай муаммо йўқ - бу нарса уларни бошқа грандлардан ажратиб туради. Гвардиола ва Клопп таркибда дунёнинг энг ёрқин футбочилари йўқлигидан фойда чиқара олди.

Кўплаб топ-клубларнинг трансфер стратегиялари ҳақида гапирдик. Уларнинг кўпчилигида мақсад оддий - ҳужумга юлдузни сотиб олиш ва унга максимал даражада қулайлик яратиб, ҳимоя ва ярим ҳимояни ҳужум чизиғи қизиқишлари доирасида ишлатиш. Одатда бу баланс бузилишига олиб келади.


Гвардиола ва Клопп жамоаларида бунақаси йўқ. Уларнинг фалсафасида ҳамма нарса ҳисобга олинган: биринчидан, барча футболчилар ҳужум ва ҳимоявий ҳаракатларда иштирок этиши керак; иккинчидан, ҳамма ўйинчилар жамоа учун ишлаб, бир-бирига ёрдам бериши зарур.


Гвардиола услуби тушунарлироқ. Унинг жамоасида ҳамма нарса тўп назорати асосида қурилади. Майдон маркази - тизим яратувчи чизиқ.


Клопп ўйини ўзгачароқ. У прессинг атрофида қурилган. Ҳаммаси ҳужумчилар босимидан бошланади. Улар - биринчи ҳимоячи. Шу сабабли Юрген жамоасида тўпсиз ўйинда иштирок этмайдиган бирорта футболчи йўқ.


"Ливерпуль"нинг прессинг харитаси: Ҳудуд тўқроқ қизил бўлса, ўша ерда босим каттароқ


Ҳужум чизиғида интизомли футболчилар борлиги иккала жамоага асосий қурол - юқори прессингни идеал даражада ишлатишга ёрдам берди. Агар сиз ҳар доим ҳам юқори прессингни амалга ошира олмасангиз, ўйинни тўлиқ назорат қилолмайсиз.


Сабаблар кўп: Жамоа вақти-вақти билан бўлиниб қолади, кўпинчи орқага қайтиб, тўпсиз ўйнашга тўғри келади. Рақиб жамоа тез-тез дам олишга ва хавфли ҳужумлар уюштиришга имкон топади.


Катта жамоалар учун бу йирик муаммога айланиши мумкин. Грандларнинг ҳаммаси ҳам ўз майдонида узоқ ва ишончли ҳимоялана олмайди. Сўнгги вақтларда хатто "Атлетико" ва "Юве"нинг ҳимоя қўрғони турли сабабларга кўра жуда суст ўйнаяпти.


Сўнгги пайтларда кўплаб топ-жамоалар юқори прессингдан воз кечишмоқда. Сабаб оддий - уларнинг ҳужумда ўйнайдиган юлдузлари тўпсиз ўйнашга тайёр эмас.


Ушбу сабаблар туфайли контрпрессинг ҳам ишга солинмаяпти. Баъзида бу ҳужумчилар тўпни йўқотганидан сўнг, вазиятдан тушиб қолиши туфайли содир бўлмоқда. Юлдуз ҳужумчилар жамоани қийин аҳволга соляпти. Улар кўпроқ эркинлик исташади, позицион ҳужумларда тартибга риоя қилишмайди ва нотўғри ҳаракат қилишни бошлашади.


ТЎРТИНЧИ ҚОИДА: Юлдузлар позицион ҳужум тизимига зарар келтиради


Бир қарашда бу ғалатидек кўриниши мумкин, аммо футболчиларнинг индивидуал маҳоратига боғлиқ бўлган "Сити" ва "Ливерпуль"нинг позицион ҳужумлари жуда юқори даражада. Суперюлдузлар йўқлиги бу жамоаларга позицион ҳужум тизимини аниқ ишлаб чиқишга ёрдам берди. Ушбу жамоаларда тўп излаб хоҳлаган жойда юрадиган футболчилар йўқ. Демак, барча ҳудудларда куч тенг тақсимланган, рақиб эса ҳимояланишга қийналади, чунки улар бирор футболчига бор эътиборини қарата олмайди.


"Манчестер Сити" - позицион ҳужумлар сифати бўйича дунёнинг энг яхши жамоаси. Бу авваламбор мураббийнинг хизмати - "Бавария" ва "Барселона" Гвардиола қўл остида тўп билан жуда яхши ҳаракатланишган. Унинг фалсафаси - позицион футбол. Фалсафа ишлаши учун эса ҳужумдагиларнинг тартиби керак. Агар бошқа жамоаларда қанот ҳужумчилари марказга ўта олса, Пеп жамоасида бу тақиқланади.


Гвардиола жамоалари ва бошқа топ-клублар ўртасида катта фарқ бор: Пеп футболчилари кенгликни сақлаб туришади, ҳимоячилар ортига очилишади ва бошқа клубларда эса қанот ҳужумчилари тўлиқ эркинлик бериладиган асосий юлдузлари ҳисобланади.


"Сити" ва "Ливерпуль" бошқа-бошқа йўллардан кетишди, аммо бир-бирига ўхшаш балансни топишди. Бу ҳақда хатто Гвардиола Sky Sports эфирида айтган эди. Унинг фикрича, тўпга эгалик қилишда "Ливерпуль"нинг стуктураси "Сити"никига ўхшайди. Фақат "Сити"да КДБ ва Сильва, "Ливерпуль"да эса - Салоҳ ва Мане. Стерлинг ва Сане ўйнайдиган ҳудудда "қизиллар"нинг қанот ҳимоячилари ҳаракатланишади.

Қоидаларга риоя қилинмаса нима бўлади?


Бу аломатлар кузатилган жамоаларда хавфли занжир пайдо бўлади: 


- Тўп йўқотишдан сўнг ёмон контрпрессинг - рақиб қарши ҳужумлари;

- Кучсиз юқори прессинг - орқароққа қайтиб, ўз дарвозаси олдида ҳимояланиш;

- Бундай ҳолларда позицион ҳимоя идеал бўлмайди. Юлдуз ҳужумчилар орқага қайтмайди ва саккиз ёки тўққиз киши бўлиб ҳимояланишга тўғри келади. Натижада марказдаги футболчиларни алмаштиришга мажбур бўлишади, чунки техникаси кучли футболчи узоқ ҳимоялана олмайди, унинг ўрнига меҳнаткаш ўйинчи туширилади (масалан, Ракитич Месси ортидан "тозаловчилик" қилади, Роналдуда эса Матюиди бор).

- Бу типдаги футболчилар билан марказда ўйнаш қийинлашади - тўп назорати камаяди, "автобус"ни бузишда муаммолар юзага келади. Натижа: ҳужумда импровизация ва юлдуз ҳужумчиларнинг ўйинига боғланиб қоласан.

Рейтинг: +36   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика