UZ

Сўнгги янгиликлар

23:49"Бавария" Бундеслигада рекорд ўрнатди  0 23:27АПЛ. "Манчестер Сити" сафарда йирик ғалабага эришди  2 23:00Кичкина камера. "Бунёдкор" "Турон"ни қийнаб мағлуб этган кеча  12 22:49А Серия. "Болонья" - "Милан". Асосий таркиблар маълум!  4 22:29Фонсека "Ньюкасл" бош мураббийи бўлишга яқин  1 22:17"Челси" АПЛда рекорд қўйди  14 21:59Это'О: "Олтин тўп"ни ким олиши керак? Мен"  14 21:42"Реал Мадрид"нинг "Барселона"га қарши қайдномаси маълум  42 21:32Левандовски жорий мавсум "Бавария" сафида 13 ўйинда 17 та гол урди  14 21:10АПЛ. "Янги бойлар" яна ғалаба қозонолмади, "Эвертон" ўз уйида қақшатқич мағлубиятга учради ва бошқа натижалар  5 20:56Достонбек Тўхтабоев: “Натижадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ”  3 20:45Жанговар ўйинда нурсиз дуранг қайд этилган "Машъал" - "Навбаҳор" учрашувидан ГАЛЕРЕЯ  0 20:36АПЛ. "Брайтон" — "Манчестер Сити": асосий таркиблар маълум  2 20:29Бундеслига. "Бавария" ва "Боруссия" ғалаба қозонди  3 20:09"Барселона"нинг "Реал"га қарши ўйин қайдномаси маълум бўлди  24

Суперлига-2021. Барчаси мураббийлар ҳақида (2-қисм) Янгиликлар

Суперлига-2021. Барчаси мураббийлар ҳақида (2-қисм)

Суперлига мураббийлари ҳақидаги мақоламизнинг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.


Суперлига-2021. Барчаси мураббийлар ҳақида (1-қисм)        


Бош мураббий: Нўъмон Ҳасанов 

Клуби: "Навбаҳор"

Туғилган йили: 10.02.1971

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Ўтган мавсум "Навбаҳор" жамоаси Андрей Канчельскис мураббийлигида кетма-кет муваффақиятсизликлар гирдобига тушиб қолганди. Жамоа 10 ўйинки ғалаба нималигини билгани йўқ.  Шундан сўнг россиялик мураббий ўз юртига равона бўлди. Натижада "лочинлар" мавсумни Нўъмон Ҳасанов устозлигида якунлаб қўйишди. Айнан ушбу мураббий бошқарувига келиб футболчиларнинг ўйинида бироз бўлсада ижобий томонга ўзгариш кузатилди. Ғалабалар қўлга киритилди. Ўзбекистон кубогида эса "Насаф" билан баҳс эса ҳақиқий финал мақомини олди. Шу куни футболчилар ҳам, мухлислар ҳам том маънода финалга хос муҳитни яратиб беришди. "Навбаҳор"ни янги мавсумга ҳам Нўъмон Ҳасановнинг ўзи тайёрлади. Азалдан фаолият олиб борган жамоаларида комбинацион ва пасларга асосланган услубни қўллаган мутахассис, бу клубда ҳам ана шундай ўйинни йўлга қўйиб мухлислар меҳрини қозонса ажаб эмас. Мақсадлар эса доимгидек улкан. 

Бу ҳақида мураббий шундай дейди: "Таркиб ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, қишки трансферлар вақтида кўп янги футболчилар қўшилди. Айримлари кўрикдан ўтказилди. Ўйлайманки, яхши жамоа шаклланмоқда. Эндиликда уларни битта оила сифатида бирлаштириш, жисмоний томондан яхши ҳолатга келтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Тўғри, бу осон эмас. Умид қиламанки, янги келган футболчилар жамоага тезда мослашишади. Футболчиларга кўпроқ ишлаш кераклигини тушунтиряпман. Чунки, олдимизга катта мақсад қўйилган. Буни улар англаши ва ҳис қилиши керак. Мени берилаётган кўрсатмаларим барча ўйинчиларга тегишлидир. Футболчиларнинг бир-бирларини ўзаро тушунишларини сўраб қолардим. Шунда бизга бир мунча осонроқ бўлади",- дейди 50 ёшли Нўъмон Ҳасанов




Бош мураббий: Микаэль Секейра

Клуби: "Локомотив"

Туғилган йили: 06.07.1973

Фуқаролиги: Португалия

Яна улкан мақсадлар билан равон йўлга қайтишни ва чемпионлик учун курашишни мақсад қилган "Локомотив" мураббийлик постига узоқ Португалия ўлкасидан Микаэль Секейрани таклиф қилди. Ушбу мутахассис ҳақида кўп фикр билдира олмаймиз. Боиси, ҳали унинг нималарга қодирлиги, услуби, тактикаси ва бошқа ҳислатларидан бехабармиз. Мавсум давомида эса секин-аста кузатиб баҳо бериб боришимиз мумкин бўлади. Лекин, шуниси аниқки мухлислар ундан кўп нарса кутишлари табиий. Аммо, бунга бироз вақт ҳам кераклигини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Секейра ҳақида маълумотларга кўз ташлар эканмиз, асосан ассистент, бош таҳлилчи лавозимларида фаолият олиб борганини кўришимиз мумкин. "Локомотив" эса унинг учун ҳам янги чақирув ва Ўзбекистондаги янги саргузаштларининг дебочаси бўлиши шубҳасиз. Янги келиб қўшилган футболчилар, легионерлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, "темирйўлчилар" чемпионлик учун бор кучлари билан курашишади.



Бош мураббий: Ҳамид Актамов

Клуби: "Қизилқум"

Туғилган йили: 10.10.1977

Фуқаролиги: Ўзбекистон

"Жорий мавсумга ҳар йилгига қараганда бошқача тайёргарлик кўрдик. Бошқа жамоаларга кўрсатадиган сюрпризларимиз кўп". Бу "Қизилқум" бош мураббийи Ҳамид Актамовнинг қуръа ташлаш маросимидан сўнг билдирган фикрлари. Ўзининг ноодатий фикрлари билан Суперлига мураббийлари орасида ажралиб турадиган Ҳамид Ғуломовичнинг бу йилги ниятлари ҳақиқатдан ҳам жиддийга ўхшайди. Агарда мавсум якунида бу жамоани тепа ўринларда кўриб қолсак ажаблманмаймиз. 2016 йилдан бери жамоани бошқариб келаётган Ҳамид Актамов қўл остида бу йил ёмон таркиб шаклланаётгани йўқ. Айниқса ўтган мавсумда кўп қийинчилик туғдирган ҳужум чизиғига собиқ футболчилар Элгужа Григалашвили, Мате Ватсадзе қайтди. Шунингдек, яна бир грузиялик ҳужумчи Георгий Кухианидзе келиб қўшилди. Умуман бу йил олдинги чизиқда грузиялик ҳужумчиларнинг триоси ҳаракат қилиши кутилмоқда. Навоийликлар эса ажойиб ўйин ва ижобий натижалар билан янги тарих яратишга уриниб кўришади. 


Бош мураббий: Дилявер Ваниев

Клуби: "Машъал"

Туғилган йили: 04.09.1975

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Футболчилик фаолиятининг катта қисмини "Машъал"да ўтказган Дилявер Ваниев ўтган мавсумдан мустақил мураббийликка қадам қўйишни бошлади. Бунга қадар эса Александр Хомяков ва Асрор Алиқуловга яқиндан кўмаклашган эди. Жорий мавсумда ҳам унинг ўзи жамоага устозлик қиладиган бўлди. Аслида "газчилар" қишки ўқув-машғулот йиғининг катта қисмини испаниялик Серхио Маринангели бошчилигида ўтказганди. Бироқ, мураббий оилавий сабабларга кўра ўз юртига жўнаб кетди. Бундай қийин паллада эса Ваниевдан яхшироқ номзод йўқ эди. Бошқа томондан эса мавсум старти арафасида яна янги мураббий олиб келиш хато қарор ҳисобланарди. "Машъал" трансферлар ойнаси вақтида унчалик фаол бўлаётгани йўқ. Жамоа кўпроқ маҳаллий футболчилар кўмагига суянишга қарор қилмоқда. Бу албатта жуда яхши йўл саналади. Номлардан кўра янги номларни кашф қилиш нафақат клуб, футболимиз учун ҳам фойда ҳисобланади. Дилявер Ваниев учун эса бу ортиқча муаммо туғдирмаса керак, деб ўйлайман. Ўтган мавсум қийинчилик билан лигада қолишни уддасидан чиққан муборакликлар бу йил яхши натижаларга эришишни мақсад қилган. 


Бош мураббий: Отабек Ғуломхўжаев

Клуби: "Андижон"

Туғилган йили: 31.10.1982

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Асосан турли ёшдаги терма жамоалардаги фаолияти билан танилган Отабек Ғуломхўжаев ўтган мавсум якунига тўрт тур қолганда "Андижон" жамоаси мураббийига айланди. Унинг олдида жуда қийин ва масъулиятли вазифа турганди, яъни жамоани Суперлигада олиб қолиш. Бундай паллада ҳеч бир мураббийга осон бўлмайди. Лекин, якунда Отабек Ғуломхўжаев вазифани аъло даражада бажарди. Қисқа вақт ичида футболчилардаги руҳиятни ўзгартира олган мутахассис эндиликда янгитдан янги "Андижон"ни шакллантирмоқда. Ўртоқлик учрашувларда гувоҳ бўлдикки, мураббий ўз услуби ва фалсафасини сингдира олмоқда. Бу футболчиларнинг ҳаракатларида, чизиқлар орасидаги боғламларда сезилиб турибди. Таркибга ёшлар билан бир қаторда тажрибали легионер ва футболчилар ҳам қўшиб олинди. Шуниси аниқки "Андижон" Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашмайди. Тўғри, ўйинни янада яхшироқ йўлга қўйиб олиш учун маълум вақт керак. Лекин, у жамоада ёлғиз эмас. Унга тажрибали мураббий Ёрқин Назаров, Шерзод Шарипов кўмаклашмоқда. Боз устига Отабек Ғуломхўжаев "Бунёдкор" ва терма жамоалардаги фаолияти билан халқаро тажриба ҳам тўплагани Суперлигадаги фаолияти давомида ёрдам бериши тайин.


Бош мураббий: Рифат Акрамхўжаев

Клуби: "Сурхон"

Туғилган йили: 20.06.1980

Фуқаролиги: Ўзбекистон

"Сурхон" жамоаси ушбу мавсум мураббийлик ўриндиғига бегона бўлмаган Рифат Акрамхўжаевни таклиф қилди. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур мураббий 2018 йил ҳам жамоада фаолият олиб борган. Кейинги мавсумларда "Локомотив" ўринбосарлари билан чемпионликни нишонлади, ўтган мавсумда эса клуб U-18 жамоасида ҳамда Дилшод Нуралиевнинг мураббийлар штабида фаолият олиб борди. Жорий мавсумда мураббийлар штаби кўпроқ маҳаллий, сурхандарёлик ёш футболчиларга ишонч билдиришни мақсад қилишган. Тўғрида, пулларни фойдасиз легионерларга сарфлагандан кўра шу ёшларга сарфлаган яхшироқ. Хорижлик легионер кетади ва нари борса ФИФАга ёзиб бўлса ҳам пулини ундириб олади. Ютқазганда эса клублар ютқазиб қолаверади. "Сурхон" клуби мураббийлари эса бундан буён тўғри йўлни танлаган ҳолда маҳаллий футболчилар билан ҳам натижага эришиш мумкинлигини исботлашса ажаб эмас. 


Бош мураббий: Ислом Исмоилов

Клуби: "Турон"

Туғилган йили: 20.07.1992

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Ва ниҳоят Суперлига-2021нинг энг ёш мураббийига етиб келдик. 28 ёшида "Турон"ни тарихда илк бор элитага олиб чиққан мураббий кўпчилик томонидан ўзбекистонлик Нагельсман, дея эътироф этилди. 2020 йилнинг энг муҳим ва ўзига ҳос финал "жанги"да "Нефтчи" мағлуб этилгач Ислом Исмоилов мухлисларга яқиндан танилди. Клубдаги дастлабки мавсумида Про лигага олиб чиқди, сўнг эса Суперлигага. Мана энди, кучлилар орасида ҳам муносиб иштирок этишни кўзламоқда. Жамоанинг айни пайтдаги ҳаракатлари, йиғилган таркибдан билиш мумкинки, яйпанликлар ўз рақибларига кутилмаган совға тақдим қилиши мумкин. Қолган жамоаларга эса бу жамоани жиддий рақиб сифатида қабул қилишларини сўраб қолган қоламиз. Ҳужумкор ва агрессив футболни жамоага сингдираётган Ислом Исмоилов "Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни",- деганларидек етакчи ва тажрибали мураббийларга дарс ўтиб қўйса ажабланмаймиз. Ахир ўтган мавсум Про лигада буни гувоҳи бўлдик. Ўйлайманки, сўзимизга ортиқча исбот керак эмас. 

Умумий қилиб айтганда ҳеч бир мураббий Суперлига деб номланмиз олис сафар йўлига муваффақиятсизлик ёки лигада қолиш учун курашаман деб чиқмайди. Шундай экан бу йил мураббийлар ўртасида ҳам қизиқарли тўқнашувлар гувоҳи бўламиз. Бизни кузатишда давом этинг! 


Абдулазиз Искандаров 

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика