Скалони: "Кабо-Верде – ҳали мағлубиятга учрамаган жамоа"

3 июл 2026, 11:00
Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони ЖЧ 1/16 финалидаги Кабо-Вердега қарши баҳс олдидан жамоадаги кайфият қандай эканлигини гапириб берди.

"Албатта, ҳаяжондамиз. Бизни муносиб рақиб кутиб турибди. Хато қилиш учун жой тобора камайиб бормоқда. Бу мағлубиятга учраган чиқиб кетадиган ўйин ва биз буни тушуниб турибмиз. Яхши спорт формасидамиз. Лекин бу футбол. Сўнгги баҳслар жуда кескин ўтади. Осон бўлмайди. Бор ҳақиқат шу.

Кабо-Верде – ҳали мағлубиятга учрамаган жамоа. Саудия Арабистонига қарши ўйинда улар ғалабага лойиқ эдилар. Испания ва Уругвайга қарши баҳсларда уларга бироз қийинроқ бўлди. Улар яхши ҳимояланишади, қарши ҳужумда ўйнашади ва таркибларида техник жиҳатдан кучли футболчилар бор. Биз уларни таҳлил қиляпмиз, бу муносиб рақиб. Улар бизни ҳайрон қолдираётгани йўқ. Бу яхши жамоа.

Ижтимоий тармоқларни ўқимаслик керак, вассалом. Ҳозирги замонда ким хоҳласа қандайдир бўлмағур нарсани эълон қилиши мумкин ва бу катта воқеага айланиб кетади. Бунга эътибор қаратмаслик лозим. Ижтимоий тармоқларда шундай бўладики, сиз бирор нарса жойлаштирсангиз, у вирусдек тарқалиб, ҳамма жойга етиб боради", — дея Скалонининг сўзларини келтиради La Nacion нашри.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: La Nacion