UZ

Сўнгги янгиликлар

15:32"Манчестер Юнайтед" 3 нафар ҳимоячига қизиқиш билдирмоқда  0 15:30Ўзбекистон Кубоги. "Пахтакор" – "Қўқон-1912". Таркиблар маълум  0 15:00Ибороҳимҳалил Йўлдошев: "Қайрат" жамоаси мени илиқ кутиб олди ва жамоага яхши киришиб кетдим. Корея ва Япония терма жамоалари Осиё кубогида фаворит"  0 14:58Нагельсманн "немис машинаси" билан шартномани узайтирди  0 14:32Футзал бўйича ФИФА Жаҳон чемпионати-2024 мезбон шаҳарлари эълон қилинди  8 14:15Ўзбекистон клублари нега доим футболчилардан қарз бўлаверади? Камолиддин Мурзоев билан интервью  4 14:07Ўзбекистонлик ҳакам футзал бўйича Осиё Кубоги 2-турига тайинланди  0 13:51"Бавария" ҳимоячиси ёзда жамоани тарк этишни истамаяпти  0 13:25"Барселона" ярим ҳимоячиси билан шартномани узайтирмоқчи  0 12:57"Реал" вингери "Барселона"га қарши ўйинни ўтказиб юбориши мумкин  4 12:30МЮ ҳужумчисига харидорлар маълум қилинди  1 12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  10 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  4 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  5 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  9

Самарқандда футболчи товарми? (А.Клецковни "Ордуспор"дан қайтиши) Янгиликлар

Самарқандда футболчи товарми? (А.Клецковни "Ордуспор"дан қайтиши)

“Самарқанднинг “Динамо” жамоаси раҳбарияти, хусусан, клуб вице-президенти Фирдавс Каримов клуб обрўсини Ўзбекистонда ҳам, чет элларда ҳам оширмоқда, жамоа футболчиларига нисбатан инсоний муносабатда бўлиб, уларнинг профессионал келажаги ҳақида қайғурмоқда.”

Мақоламни ушбу сатрлар билан ҳам бошласам бўларди. Лекин ҳукмингизга ҳавола этилаётган материални: “Самарқанднинг “Динамо” жамоаси раҳбарияти, хусусан, клуб вице-президенти Фирдавс Каримов клубни Ўзбекистонда ҳам, чет элларда ҳам шарманда қилмоқда, жамоа футболчиларига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлиб, уларнинг профессионал келажаги ҳақида қайғураётгани йўқ”, - деган сатрлар билан бошлашга мажбурман.

Ушбу мақолани танқидий руҳда бошлаб, танқидий руҳда якунлашимга “Динамо” раҳбариятининг жамоа ҳимоячиси Александр Клецковга нисбатан айни кунларда олиб бораётган ғайриинсоний муносабати, футболчини Туркиянинг “Ордуспор” клубига трансфер қилиш жараёнида очкўзлик қилиб, ушбу ишнинг амалга ошмай қолишида бош “роль”ни ижро этгани сабаб бўлди.

Клецковнинг астрономик нарҳи

Александр Клецковнинг агенти Санъат Шарипов футболчига Туркиядан “Ордуспор” клубини топиб бергач, ҳимоячи давралар оралиғидаги танаффус пайти турк жамоасида синовдан ўтиш учун “Динамо” раҳариятидан ижозат сўрайди. Клуб вице-президенти Фирдавс Каримов футболчига рухсат беради, чунки ҳимоячи ва клуб раҳбарияти ўртасида тузилган оғзаки келишувга кўра, агар 2013 йилги мавсум давомида Клецковга бошқа жамоалардан, хусусан, хориждан яхши таклифлар бўлса, “Динамо” раҳбарияти футболчини бошқа клубга қўйиб юборишга ваъда берган.

Аммо кейинчалик, яъни Туркиядаги машғулотлар ва ўртоқлик учаршувлари пайти Клецковнинг ўйинлари “Ордуспор” клуби мураббийларига маъқул бўлиб, турклар футболчини ўз сафларига қўшиш учун амалий иш бошлагач, “Динамо” вице-президенти Фирдавс Каримовнинг “иштаҳаси” очилиб, футболчига берган ваъдалари ўз кучини йўқотади.

Бу вазиятда Ф. Каримов “Динамо” клуби спорт директори Рустам Истамов ва юристи Шуҳрат Хотамов орқали Клецковнинг агенти Санъат Шариповга, агентнинг расмий ишончли вакили Улуғбек Мирзаевга футболчининг трансфер нарҳини эълон қилиб: “Клецков 100 минг доллар туради”, - дейди.

Санъат Шарипов ҳам, унинг ишончли вакили Улуғбек Мирзаев ҳам “Динамо” раҳбарларини инсофга чақириб, Клецков трансферининг нарҳи ҳаддан ташқари оширилганини айтишади. Аммо вице-президент жаноблари астрономик рақамларга ихлоси баландлигини намойиш этиб, “100 минг доллар!” – деб туриб олади. Улуғбек Мирзаевнинг айтишича, Клецковнинг трансфери борасида олиб борилган музокаралар пайти Фирдавс Каримов на футболчининг, на унинг агентининг, на “Ордуспор”нинг ҳолати ва истакларини тинглашни истамаган.

“Июль ойида бошланган музокаралар пайти Фирдавс Каримов ўзининг нарҳида қатъий туриб олди. Фақатгина август ойининг бошларида, яъни турклар Клецков учун 100 минг доллар тўлай олмаслигини ҳамда трансферлар учун ажратилган муддат тугаб бораётганини англаб етгач, “Динамо” вице-президенти шаштидан қайтди ва ҳимоячи учун аввалига 50 минг доллар, кейин эса 30 минг доллар талаб қила бошлади”, - дейди Улуғбек Мирзаев.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар пайти “Динамо” раҳбарияти Александр Клецковнинг ҳуқуқларини поймол этувчи ва Ўзбекистондаги қонун-қоидаларга зид талаблар қўйган. Улуғбек Мирзаевнинг сўзларини футболчининг ўзи тасдиқлади.

“Динамо”да бўлиши мумкин!, Ёхуд очофатлик хуруж қилганда...  

Клецковнинг айтишича, трансфер музокаралари пайти “Динамо” вице-президенти футболчига ноқонуний талаблар қўйган. “Фирдавс Каримов “Динамо”дан биринчи даврада олган кўтарма пулимни, маошларимни ҳамда мукофотларимни қайтаришни талаб қилди. “Динамо”дан “открепление” олиш учун мен шу пулларни клубга қайтаришга ҳам рози эдим. Лекин Фирдавс Каримов бунга қаноатланмасдан, яна 100, 50 ва 30 минг доллар сўрай бошлади”, - дейди Александр Клецков.

Қизиқ ҳолат. Мантиқсиз талаб. Ўзбекистонда бажарилган меҳнат учун ўз ишчи-ходимига тўланган маош ва мукофотларни қайтаришни талаб қилган бошқа ташкилот ёки корхона бормикан? Менимча, “Динамо” (Самарқанд)дан бошқа бир идора бўлмаса керак. Ахир, биринчи давра мобайнида Клецков “Динамо” учун ўйнаган-ку, ўз маош ва мукофотларини майдонга тушиб, меҳнат қилиб олган-ку! Бажарилган меҳнат учун тўланган пулни қайтаришни талаб  қилиш учун одамнинг виждони ва инсофи қанчалик даражада кам бўлиши керак?

Бечора Клецковнинг аҳволини қаранг: футболчи Фирдавс Каримовнинг ноқонуний, инсон қадр-қимматини ва меҳнат ҳуқуқларини поймол этувчи шу талабини қондиришга ҳам, яъни бажарган меҳнати учун тўланган пулларни қайтаришга ҳам рози бўлган! Аммо “Ордуспор”га ўтиш имкониятини қўлдан чиқармаслик учун ҳар қандай талабни бажаришга рози бўлган Клецков “Динамо” раҳбариятидаги очкўзликнинг ҳажмини ҳисобга олмаган. 

Клецков, унинг агентлари Санъат Шарипов ва Улуғбек Мирзаевларни “Динамо” раҳбариятининг футболчиларга бўлган “ўзига хос ва ўзига мос” муносабати ҳам ажаблантирган. Хусусан, Улуғбек Мирзаевнинг айтишича, август ойи бошларида олиб борилган сўнгги музокараларда “Динамо” раҳбарияти Клецковни товар сифатида кўраётганини очиқ баён этишган.

“Сўнгги кунлардаги музокараларда “Динамо” футбол клуби юристи Шуҳрат Хотамов Клецковнинг трансфери, бу борада эълон қилинган нарҳ ҳақида клуб раҳбариятининг умумий ва сўнгги позициясини эълон қилаётиб: “Футболчи – бу товар. Ҳудди корхона бирор товар ишлаб чиқариш учун пул сарфлаб, кейин уни ўзи истаган нарҳда сотишга ҳуқуқи бор бўлганидек, клубнинг ҳам футболчига сарфланган пулларни қоплаб, даромад келтирадиган нарҳда сотишга ҳаққи бор”, - деди. Очиғини айтсам, “Динамо” рахбарларининг Клецковга товар, буюм сифатида қаршлари мени ранжитди”, - деди Улуғбек Мирзаев.

Унинг айтишича, ҳар қандай корхона бирор товар ишлаб чиқариш учун қанчалик пул сарфламасин, барибир уни бозордаги нарҳ-наводан, талаб ва таклифдан келиб чиқиб қўйилган баҳода сотади. “Клецков биринчи даврада “Динамо”дан олган кўтарма пулини, маошларини ва мукофотларини ҳам, яъни ўзига сарфланган ҳаражатларни  қайтариб беришга ҳам рози эди. “Динамо” раҳбарияти Клецков қайтарган пулларни бошқа футболчиларга ишлатганда ҳам клуб бюджетига фойда қилган бўларди. Чунки Клецков биринчи давра ўйинларини текинга ўйнаб берган бўларди. Лекин, боя айтганимдек, Клецков ризоликка борган сари Фирдавс Каримов янгидан-янги талабларни ўртага ташлашда давом этди”, - дейди Улуғбек Мирзаев.

Унинг айтишича, “Динамо” вице-президентининг юқорида баён этилган ҳатти-ҳаракатлари нафақат футболчига товар сифатида қарайдиган раҳбарга, балки футболчининг ҳаёти ва меҳнатини ҳамда умуман футболни тушунмайдиган менежерларга хос ҳаракатлардир. “Менимча, футболни ва футболчини тушунадиган раҳбар ҳеч қачон футболчини товарга қиёсламайди”, - деди Улуғбек Мирзаев.

Хулласи калом, “Динамо” вице-президенти Фирдавс Каримовнинг “100 минг долларлик” қатъиятлиги сабабли Клецковнинг битай деб турган трансфери амалга ошмай қолди. Ҳафсаласи пир бўлган футболчи 5 август куни Тошкентга қайтиб келди ва эртаси куни, яъни 6 агустда Самарқандга йўл олди. Аммо иккинчи даврани ҳам “Динамо”да ўйнашга ният қилиб Самарқандга борган Клецков Фирдавс Каримовнинг қўпол муомаласига дуч келди.

“Вон из моего кабинета!” (“Даф шав аз кабинети ман!”)

6 август куни Фирдавс Каримовнинг олдига кирган Александр Клецков “Динамо” вице-президентидан ушбу бўлим сарлавҳасидаги буйруқни эшитган. Оҳанг ҳам буйруққа яраша бўлган.

“Фирдавс Каримов менга бир неча бор: “Мен дам олмоқчиман. Қабулхонада кутиб тур”, - деб, мен билан гаплашишни истамаётганини ошкора намоён қилди. Лекин шунга қарамасдан мен у билан гаплашиб олиш учун учинчи бор олдига кирдим. Шунда вице-президент: “Кабинетимдан даф бўл! Сен билан гаплашишни истамайман”, - деб мени ҳайдаб солди. Бу ҳам етмагандек менга бундан буёқ “Динамо”да на кўтарма пулининг қолган ярмини, на мукофот ва на маош тўламаслигини айтди. Кабинетидан чиқиб кетаётсам, Фирдавс Каримов менга: “Иккинчи даврани биринчи лигада иштирок қилувчи “Шердор” ёки “Регистон”да ижарада ўтказасан. Ижарада ҳам бепул ўйнайсан!” – деди. Фирдавс Каримовни менинг хоҳиш-иродам қизиқтирмас экан”, - дея хўрсинади Александр Клецков.

Унинг билдиришича, “Динамо” раҳбарияти футболчини иккинчи даврада шу тарзда жазолашни ният қилган. “Қайси айбинг учун жазолашмоқчи?” – деган саволга Клецков елкасини қисиб жавоб беради.

“Фирдавс Каримов нима учун менга бундай муносабатда бўлаётгани менга ҳам қоронғу. Ахир, трансферим амалга ошмай қолгандан кейин жамоа ихтиёрига қайтиб келган бўлсам. Бундан ташқари, “Динамо” билан тузилган шартномага кўра, мен жамоа учун чемпионат охиригача ўйнашим керак бўлса”, - дейди Клецков. Унинг айтишича, вице-президент жаноблари футболчини олий лиганинг бошқа жамоаларига ҳам қўйиб юбормаяпти.

“Биласизми, Фирдавс Каримов “Динамо”да ўйнашимни ҳам, олий лиганинг бошқа клубига ўтишимни ҳам истамаяпти. Шу сабабдан у мени ўйин амалиётисиз қолдиришни ният қилган, деб таҳмин қиляпман. Лекин қайси айбим учун мени шу куйга солаётганини ҳеч билмаяпман”, - дея қийналади Клецков.  Футболчининг билдиришича, “Динамо”даги муносабат ва ишлар шу йўсинда давом этадиган бўлса, ҳимоячи ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасига мурожаат қилиши мумкин.

Агар Клецков “Динамо” раҳбариятининг ноқонуний ва ғайриинсиноий ҳатти-ҳаракатларидан шикоят қилиб, ЎзПФЛга мурожаат қилса, Фирдавс Каримов бошқараётган клуб устидан оҳирги икки ойда турли идораларга шикоят қилган футболчилар сони яна биттага ортади.

Мазлумлар “кемаси”, Ёхуд “Ўзимга ҳам эмас, ўзгага ҳам эмас”

Фирдавс Каримов фақат Клецковга нисбатан эмас, балки “Динамо”нинг бошқа футболчиларга нисбатан ҳам нопрофессионал ва ҳаттоки золимона муносабатда бўлмоқда. Хусусан, айни кунларда Аҳрол Рисқуллаев ва Владимир Киликевичлар ҳам иккинчи даврадаги тақдиридан ҳавотирга тушишган.

Масалан, давралар оралиғида Аҳрол Рисқуллаев Намангандан тушган яхши таклиф туфайли “Навбаҳор”да кўрикдан ўтиш учун “Динамо” раҳбариятидан ижозат олган. Аммо кейинчалик Рисқуллаев намангаликларнинг машғулотларида иштирок қилиб, уларга маъқул келгач, “Динамо” вице-президенти Фирдавс Каримов футболчига нисбатан тўнини тескари кийиб олган. Ҳозир ушбу футболчининг бошига ҳам Клецковнинг куни тушган: на “Навбаҳор”га бора олади, на “Динамо”да ўйнай олади. Чунки вице-президент жаноблари осмоний талаблар қўйиб, “открепление” бермаяпти.

Украиналик легионер Владимир Киликевич “Динамо” вице-президентининг муносабатидан нолиб, ФИФАга арз қилиб улгурган. Мусофирликда юрган ушбу футболчи “Динамо” ва “Бухоро” ўртасида муаллақ қолган. “Динамо” раҳбарияти Киликевични на “Бухоро”га қўйиб юбормаяпти, на “Динамо”да ўйнатмаяпти. Шунинг учун Киликевич нажотни ФИФАдан излашга қарор қилган.

Фирдавс Каримов “Динамо”нинг ва умуман Самарқанд футболининг шуҳратини Ўзбекистон ҳамда дунёга шу тариқа таратмоқчи, шекилли. Шу сабабдан “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” деган машҳур ибора вилоят футболи ва “Динамо”га келганда кучини йўқотиб турибди.

Жавоби йўқ саволлар

Александр Клецков, Аҳрол Рисқуллаев ва Владимир Киликевичларнинг “Динамо”даги ҳозирги тақдири билан танишар эканман клуб раҳбарияти, айниқса, вице-президент Фирдавс Каримовга кўплаб саволлар туғилди.

Бу футболчиларни на “Динамо”да ўйнатмасликдан ва на бошқа клубларга қўйиб юбормасликдан мақсад нима? Уларнинг иккинчи даврадаги фаолиятига зарар етказишми? Футболчиларни ўйин амалиётисиз қолдиришми? Бундан “Динамо” клуби бюджетига ёки жамоанинг иккинчи даврадаги ўйинларига қанчалик фойда тегади?

Нима сабабдан “Динамо” раҳбарияти Клецков учун турклардан айнан 100 минг доллар талаб қилди? Клецковга биринчи даврада сарфланган пулларни қоплаш учунми? Ундай бўлса, “Динамо” томонидан Клецковга биринчи даврада берилган кўтарма пулининг ярми, маоши ва мукофотлари жами бўлиб 30 минг долларга ҳам етмайди-ку!

6 август куни Самарқандга, “Динамо” ихтиёрига қайтган Клецковни ҳайдаб юборишга нима сабаб бўлди? “Ордуспор” Клецков трансфери учун 100 минг доллар тўлашни истамаганига футболчи айбдорми? Балки бунга “Динамо” вице-президентининг катта ҳажмлардаги “иштаҳа”си ва астрономик суммалари сабабдир?

Фирдавс Каримов бошчилигидаги “Динамо” раҳбарияти Клецковдан биринчи даврада тўланган кўтарма пулининг ярми, маошлари ва мукофотларини қайтаришни Ўзбекистондаги қайси қонун-қоидаларга асосан талаб қилди?

Клецковни очкўзлик туфайли турк клубига қўйиб юбормай, 100 минг доллар талаб қилиб, натижада футболчи учун бир цент ҳам ола олмаган, боз устига ҳимоячини ноқулай аҳволга солган Фирдавс Каримов нимага эришди?

Ахир, Клецков Туркияда ўйнаб кетса, “Динамо”нинг, Самарқанд ва Ўзбекистон футболининг довруғини оширмасмиди? Клецков “Ордуспор”да ўйнаб кетса, Туркия футболининг эшиклари ўзбекистонлик бошқа футболчилар учун ҳам очилмасмиди?

Оддий одамгарчилик нуқтаи назаридан олиб қараганда, шу йил сентябрь ойида 28 ёшга тўладиган Клецковни “Ордуспор”га қўйиб юбормасдан “Динамо” сафида яна уч ой қолдириб, лекин “Динамо”да ўйнатмасдан, биринчи лигадаги “Шердор” ёки “Регистон”да бепул ижарада ўйнатишга интилиш ноинсофлик эмасми?

Фирдавс Каримов футболчиларни ўз кабинетидан ҳайдагандан кўра, уларга тегишли меҳнат шароитларини яратиб бериб, инсоний муносабатда бўлса бўлмайдими? Афсуски, “Динамо” раҳбари бошқа йўлдан кетмоқда. Шунинг учун ҳам жамоа футболчилари, журналист Фарҳод Норбўтаев ёзганидек, тунларни меҳмонхонада эмас, автобусда ўтказишга, калорияга бой таомларни эмас, “ухо-горло-нос” деган пирожкиларни ейишга мажбурлар.

Нега “Динамо” мураббийлари штаби, хусусан, Равшан Ҳайдаров ўз шогирди Клецковнинг профессионал ва инсоний ҳуқуқларини клуб раҳбарияти олдида ҳимоя қилмаяпти? Ахир, футболчи бўлмаган вице-президент Фирдавс Каримов футболчининг профессионал умри жуда қисқалигини тушунмаса ҳам, ҳозирда “Динамо”да мураббий бўлиб ишлаётган собиқ футболчилар буни яхши тушунишади-ку! Ёки мураббийлар учун ҳам Клецков инсон эмас, товарми?

Самарқанд вилояти мутасаддилари “Динамо”да бўлаётган ишлардан хабарлари борми? Хабарлари бўлса, нега Фирдавс Каримов жамоа футболчиларига нисбатан ўзини профессионал раҳбар эмас, ҳудди қулдор ёки феодалдек тутмоқда?

Самарқанднинг “Динамо”сида рўй бераётган дилхира ишлардан, хусусан, клуб вице-президенти Фирдавс Каримов бир эмас, бир нечта футболчининг қонуний ҳуқуқларини поймол этаётганидан Мираброр Усмонов бошчилик қилаётган ЎФФнинг ва Фарҳод Магометов раҳбарлик қилаётган ЎзПФЛнинг хабари борми? Мазкур клуб устидан ФИФАга арз қилинганлиги Ўзбекистон футбол федерациясининг ва умуман мамлакат футболининг халқаро обрўсига салбий таъсир қилмайдими?

Сўнгсўз

Мақола бир томонлама бўлмаслиги учун, материалда Фирдавс Каримовнинг позицияси ва фикрларини ҳам келтириш мақсадида “Динамо” футбол клуби вице-президентининг қўл телефонига бир неча бор қўнғироқ қилдим. Аммо, Улуғбек Мирзаев башорат қилганидек, Ф. Каримов қўнғироқларимга жавоб бермади. Шу сабабдан у кишига бермоқчи бўлган саволларим берилмай қолиб кетди. Мақолам эса фақат Клецков, унинг агентлари Санъат Шарипов ва Улуғбек Мирзаевларнинг ҳикоя ҳамда фикрларидан ташкил топди.

“Динамо” раҳбариятининг катта “иштаҳаси” туфайли Клецковнинг “Ордуспор”га ўта олмай қолгани менга россиялик футболчи Егор Титовнинг тақдирини эслатиб юборди. 90-йиллар бошида Титов “Спартак” таркибида ёрқин ўйинлар намойиш эта бошлагач, айниқса, Европа чемпионлари Кубогида ҳақиқий плеймейкерлик қобилиятларини кўрсата бошлагач, ёш футболчига “Реал” (Мадрид), “Манчестер Юнайтед”, “Барселона” каби мегаклублар қизиқиш билдириб, уни сотиб олишга роса ҳаракат қилишган. Таҳминан 3-4 йил ҳаракат қилишган.

Лекин “Спартак” хўжайинларининг очкўзлиги, Титов учун ҳаддан ташқари катта пул талаб қилинганлиги боис “Европанинг бўлажак 1-рақамли плеймекери” фаолиятининг охиригача Москвада қолиб кетди. Бундан футболчи ҳам, “Спартак” клуби ҳам ва Россия миллий терма жамоаси ҳам ҳеч қандай фойда кўрмади. Чунки “Спартак”ка ипсиз боғлаб қўйилган юксак иқтидор эгаси рус футболида профессионал ўсишдан тўхтаб қолди.

Афсуски, трансфер сиёсатидаги очкўзлик анъанасини бугунги кунда Ўзбекистонда “Динамо” (Самарқанд) раҳбарияти давом эттириб, хориж клубларида ўйнашни истаётган футболчиларни “синдириш” ишларига бош-қош бўлмоқда.

Шу сабабдан ҳам мақоламни: “Самарқанднинг “Динамо” жамоаси раҳбарияти, хусусан, клуб вице-президенти Фирдавс Каримов клуб обрўсини Ўзбекистонда ҳам, чет элларда ҳам оширмоқда, жамоа футболчиларига нисбатан инсоний муносабатда бўлиб, уларнинг профессионал келажаги ҳақида қайғурмоқда”, - деган ижобий сатрлар билан эмас, тамоман тескари ва анча салбий хулоса билан якунлашга мажбурман.

Бобомурод АБДУЛЛА
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика