UZ

Сўнгги янгиликлар

01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  0 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  0 00:52Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга ташриф буюрди  0 00:35Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди  10 00:18Вадим Абрамов: Самарқанд — иккинчи пойтахт. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак"  6 23:37БАА футбол федерацияси ёшини сохталаштирган 18 нафар мисрлик футболчини депортация қилди  2 23:10Веско Стешивич: "Биринчи бўлимда яна битта гол урганимизда, ғалаба бизники бўларди"  0 22:40Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради  1 22:23Клублар миқёсида халқаро турнирларда энг кўп “қуруқ” ўйин ўтказган дарвозабонлар маълум бўлди  0 22:06Роналду Саудия Арабистони чемпионатидаги энг омадсиз ҳужумчи бўлиб турибди  32 21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  2 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  2 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  25

Равшан Эрматов: «ЖЧга бориш осон бўлмайди» Янгиликлар

Равшан Эрматов: «ЖЧга бориш осон бўлмайди»

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов шу йилнинг 26-31 май кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ФИФА ҳакамларининг семинарида қатнашди.
Ушбу семинарда 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилишга номзод бўлган жами 52 нафар рефери этди. Биз сафар таассуротлари юзасидан Эрматовдан эксклюзив интервью олдик. 

- Равшан ака, суҳбатимиз аввалида Рио-де-Жанейро шаҳрида ЖЧ-2014 финал босқичи ўйинларини бошқаришга номзод ҳакамлар учун ўтказилган семинар якунлари ҳақида маълумот берсангиз? Аввалги йиллар билан таққослаганда, ҳакамлар учун қўйилаётган талаблар қанчалик ўзгарган?


- Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, ҳакамлар учун қўйилаётган талаб ҳамда белгиланган нормативлар икки баробарга қийинлашган. Айниқса, ЖЧ-2014 финал босқичи ўйинларини бошқаришга номзод бўлган элит реферилар учун қўйиладиган талаблар янада кучайган. Бунга бутун дунёда футболнинг йилдан-йилга тезлашиб бораётгани сабаб бўляпти. Маълумки, УЕФА байроғи остида ўтказиладиган барча нуфуздаги мусобақаларда дарвозалар ортида ҳам ҳакамлар ҳаракат қилади. Лекин ФИФА бу йўлдан бормоқчи эмас, улар УЕФАнинг бу қарорини қўллаб-қувватламаяптилар. Бунинг ўрнига майдонда ҳаракат қиладиган уч нафар ҳакамга жиддий талаб қўйишни мақсад қилган. Футбол тезлашаётган экан, демак биз ҳакамлардан жисмоний тайёргарликни янада ошириш, ўз устимизда ҳозиргига нисбатан камида икки баробар кўпроқ ишлаш талаб қилинади.

Риода бўлиб ўтган навбатдаги семинар ва тестларда айнан шу нарсаларга эътибор қаратилди. Бразилияга Тошкент - Москва - Франкфурт авиайўналиши орқали 30 соат деганда етиб бордим. Бу бир суткадан ошиқ вақт дегани. Боз устига Тошкент билан Рио-де-Жанейро ўртасида 8 соатлик вақт тафовути бор. Семинарнинг илк куни «Dinamic Yo-Yo Test» деб номланган махсус тест топширдик. Бу номзод ҳакамлар учун қўйилган биринчи ва энг асосий талаб эди. Бу имтиҳондан ўта олмаган ҳакамлар ЖЧга бориш ҳақида ўйламасалар ҳам бўлади. Улар мундиалга боришмайди. 

Жисмоний тайёргарликка йўналтирилган бу тестни унча-бунча футболчилар ҳам топшира олишмайди. Бундан кўриниб турибдики, ҳакамлар футболчилардан ҳам тез югуришлари шарт. Қарши ҳужумлар ҳамда стандарт вазиятлар амалга оширилган чоғда айрим ҳакамлар воқеалар ривожидан узоқроқда қолиб кетишяпти ёки кўрмай қолишяпти. УЕФАда бундай ҳолат рўй берганда, дарвозалар ортидаги ҳакамлар ёрдамга келади. ФИФА талабига кўра, бу вазифани бош ва қанот ҳакамлари ўз зиммаларига олишлари керак.


- Жисмоний тайёргарликка йўналтирилган бу тест ўз ичига қандай нормативларни олиши кўпчиликни қизиқтириши табиий...


- Дастлаб, 20 метр масофага тезликда югурган ҳолда бориб қайтилади. Бу жараён тинмасдан роса 52 марта қайтарилади. Умумий 2 километрдан кўпроқ масофани белгиланган вақтда босиб ўтишингиз шарт. Оралиқ танаффус, яъни нафас ростлаш узоғи билан 5 сония бўлиш керак. Вақт назоратига жиддий эътибор қаратилади. Иккинчи талаб: баҳсли вазиятларни ўз ичига олувчи 20та видеоролик намойиш этилади. Бу ўйин жараёнлари сўнгги икки ой ичида асосан Европа ва Осиё қитъасида ўтказилган турли нуфузли мусобақалар доирасидаги учрашувлардан саралаб олинган. «Бу баҳсли вазиятларда қандай қарор қабул қилиш керак?» деган саволга тўғри жавоб беришингиз лозим. 20та вазиятдан камида 15тасига чиқарган қарорингиз тўғри бўлса, бу тест синовидан ўтган хисобланасиз. Акс ҳолда... 

Учинчи синов: 15 дақиқа ичида футбол қонун-қоидалари ҳақидаги 20та саволга инглиз тилида ёзма жавоб беришингиз керак. Бу ҳар бир саволга 45 сония вақт ажратилади, деганидир. Кейин назариядан ҳам имтиҳон топширдик. Энг сўнгги синов, таъбир жоиз бўлса, имтиҳонларнинг энг қийини дунёнинг энг кўзга кўринган рефериларини ҳам шошириб қўйди. Унда ҳакам майдон марказидаги айлана чизиқ ичида туриб, ҳар икки жарима майдончалари ичида рўй бераётган ҳолатларга баҳо бериши керак. Жарима майдончаси ичига тўп стандарт вазиятдан узатилиши билан ҳакам майдон марказида эгаллаб турган жойидан ўша томонга қараб югуради. Ва мана шу юугуриб кетаётган вақтида жарима майдончасида қандай вазият рўй берганлиги тўғрисида қарор чиқариши лозим. Қоида қайси жамоа футболчиси томонидан бузилди, сариқ ёки қизил карточкага тортадиган вазиятми, муғомбирлик ишлатилдими... шуларни аниқлаб бериши керак. Бир сония ҳам дам олмасдан яна майдон марказига қайтилади ва қарама-қарши жарима майдончасидаги ҳолат бўйича худди шу кўринишда фикрини билдиради. Бу кетма-кетлик тўхтамасдан 10 маротаба давом этади. Тасаввур қиляпсизми, ҳакамлар учун талаблар қанчалик жиддийлашиб кетганлигини.

Мана шу юқорида мен санаб ўтган тестлардан муваффақиятли ўтганларгина ЖЧ-2014 ўйинларини бошқариш учун муносиб номзод бўла олади. Ҳали Бразилияга бориш ҳақида гап бўлаётгани йўқ. Бундай имтиҳонлар яна ўтказилади. Бу галги синов имтиҳонларидан сўнг, айнан Бразилияда 15-30 июнь кунлари ўтказиладиган Конфедерациялар Кубоги ҳамда 21 июнь куни Туркияда старт оладиган ёшлар (U-20) ўртасидаги жаҳон чемпионатига борадиган ҳакамлар саралаб олинди.


- Осиёлик ҳакамлар тестлардан муваффақиятли ўтишдими?

- Қитъадошларимиздан саудиялик Ҳалил ал Гамди ҳамда БААлик Бадвави аввалроқ машғулотларда олган жароҳати сабаб Бразилияга боришмади. Якунда мен ва япониялик Юичи Нишимура Конфедерациялар Кубогида ишлайдиган бўлдик. Эронлик Алиризо Фағони, баҳрайнлик Наваф Шукрулла ҳамда австралиялик Бенжамин Уильямс Туркияга йўл олишади. Номлари тилга олинган бу ҳакамлар доимий назоратда бўлишади.

- Семинар давомида европалик ҳакамлар билан ҳам суҳбатда бўлдингизми?


- Албатта. Ҳар куни барча қитъа ҳакамлари ўртасида турли мавзуда суҳбатлар бўлди. Қизиқарли ва баҳсларга бой суҳбатлар дебатларга айланиб кетди. Баъзан мулоқотларимиз 5-6 соатгача давом этди. Очиғи, айрим мавзуларда европалик ҳакамларнинг бошқа қитъа рефериларидан фикрлари бироз фарқланди. Масалан, Жанубий Америка ва қисман европалик ҳакамлар футболчиларга нисбатан қаттиқроқ усулда ўйнаш учун имкон беришади. Яъни ҳар бир вазият учун ҳуштак чалаверишмайди.

- Бразилияга сафарингиз чоғида ЖЧ-2014га олиб борилаётган тайёргарликлар, қурилаётган стадион ва иншоотлар билан танишиш имкони бўлдими?

- Бунга деярли вақт бўлмади. Чунки биз фақат Риода бўлдик. Бошқа штатларга бормадик. Лекин катта футбол форумига олиб борилаётган тайёргарлик руҳияти шундоққина кўриниб турибди. Биз барча тест синовларини машҳур футболчи ва айни пайтда мураббийлик қилаётган Зикога қарашли футбол марказида олиб бордик. Футбол ишқибозларининг ёдида бўлса керак, Зико маълум вақт «Бунёдкор» жамоасида ҳам фаолият олиб борганди. Марказ барчада жуда илиқ таассурот қолдирди. Жами 5та футбол майдони бор экан. Тренажёр зали, бассейн, хуллас, барча шароитлар муҳайё қилинган.

- Келаси йили ЖЧ-2014 ҳам айнан шу ойда ўтказилади. Шундан келиб чиқиб, йилнинг бу вақтида Бразилияда қандай об-ҳаво бўлар экан?

- Атлантика океани Рио-де-Жанейро қирғоқларини ювиб туради. Табиийки, намгарчилик юқори бўлади. Айни кунларда 27-28 даража иссиқ. Ўйлашимча, бу футбол ўйнаш учун халал бермайди.

- Эндиги режалар қандай?

- Биринчи лига доирасидаги «Пахтакор-2»-«Бунёдкор-2» жамоалари ўртасидаги кичик пойтахт дербисини бошқардим. «Пахтакор» марказий стадионида кечган учрашувда менга Абдуҳамидулло Расулов ҳамда қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ёрдам беришди. Бу трио биргаликда 7 июнь куни Бразилияга Конфедерациялар Кубогида ҳакамлик қилиш учун жўнаб кетамиз. Ўртада Бухоро шаҳрида ўтказиладиган Республика талаба ёшларининг «Универсида-2013» спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишим керак. Кейинги июль-август ойларида халқаро мусобақалар йўқ. Миллий чемпионатимиз ва кубок ўйинларида ҳакамлик қиламан. Сентябрь ойидан ОЧЛ ҳамда Осиё Кубоги-2015 саралаш ўйинлари давом эттирилади.

- Равшан ака, 11 июнь куни миллий терма жамоамизни Сеул шаҳрида ҳаёт-мамот учрашуви кутиб турибди. Жанубий Кореяга қарши кечадиган ўйинда терма жамоамизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?


- Мана, кеча гуруҳдаги рақибларимиз ўзаро баҳслашди. Ливан ўз майдонида Кореядан икки очко тортиб олишнинг уддасидан чиқди. Ҳатто, ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Мезбонлар қўшиб берилган еттинчи дақиқада ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишди. Афсуски, барчамизнинг диққат эътиборимиз қаратилган Дохадаги учрашувда Қатар Эронга ютказиб қўйди. Шу натижа бироз кўнглимизни ҳижил қилди. Энг муҳими, ҳали барчаси ўз қўлимизда. Корея билан камида дуранг ўйнаб, 18 июнь куни Тошкентда Қатарни мағлубиятга учратсак, бизнинг кўчаларда ҳам байрам бошланади.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика