

Тошкентликлар дастлабки турни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида мусобақанинг амалдаги чемпиони "Ал Аҳли"га қарши ўтказади.
Келинг, Пахтакорнинг дастлабки рақиби ҳақида бироз тўхталамиз.
"Ал Аҳли" Саудия Арабистони футболининг энг номдор клубларидан бири ҳисобланади. Жамоа 1937 йилда ташкил топган ва 89 йиллик тарихга эга.
Клуб мухлислар орасида "Ал Малаки" (қироллик клуби) ҳамда Нади Ал Уммаҳ (халқ клуби) лақаблари билан машҳур.

"Ал Аҳли" ўз уй учрашувларини Жидда шаҳрида жойлашган Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити мажмуасидаги "Алинма" стадионида ўтказади. Ушбу арена 62 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.
"Ал Аҳли" сўнгги йилларда нафақат Саудия Арабистони, балки бутун Осиёнинг етакчи клубларидан бирига айланди. Жамоа ОФК Элит Чемпионлар Лигасининг амалдаги ва кетма-кет икки карра ғолиби ҳисобланади.
Жиддаликлар 2024/25 йилги мавсум финалида Япониянинг "Кавасаки Фронтале" клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритганди. Орадан бир йил ўтиб, "Ал Аҳли" ўз унвонини ҳимоя қилди. Жамоа 2025/26 йилги мавсум финалида Япониянинг "Мачида Зелвиа" клубини қўшимча бўлимларда 1:0 ҳисобида таслим этди. Ғалаба голини Фирас Ал Бурайкан урди. Шу тариқа, "Ал Аҳли" 2004 ва 2005 йилларда "Ал Иттиҳод" қайд этган натижадан кейин Осиёнинг бош клуб турнирида кетма-кет икки марта чемпион бўлган илк жамоага айланди.
Жамоани айни пайтда нидерландиялик 55 ёшли мутахассис — Марино Пушич бошқармоқда. У 2026 йилнинг 6 август куни "Ал Аҳли" бош мураббийи этиб тайинланди ва клуб билан 2028 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади. Пушич бунгача "Твенте", "Фейеноорд", Донецкнинг "Шахтёр" ҳамда БААнинг "Ал Жазира" клубларида фаолият олиб борган. "Шахтёр" билан Украина чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритган мутахассис "Фейеноорд" мураббийлар штабида ҳам Нидерландия чемпионлигини нишонлаган.
"Ал Аҳли" таркиб жиҳатидан Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири бўлиб қолмоқда. Клубда Сенегал терма жамоаси дарвозабони Эдуар Менди, бразилиялик ҳимоячи Рожер Ибаньес, Туркия терма жамоаси аъзоси Мериҳ Демирал, бразилиялик Галено ҳамда Англия терма жамоасида ўйнаган Айвен Тоуни фаолият олиб бормоқда.
Ёзги трансфер ойнасида жамоа таркибида катта ўзгаришлар юз берди. Риёд Маҳрез ва Франк Кессье клубни тарк этди. Уларнинг ўрнига Португалия терма жамоаси футболчиси Франсишку Тринкау, Арманистон терма жамоаси етакчиларидан бири Эдуард Сперцян, украиналик ярим ҳимоячи Артём Бондаренко сингари футболчилар билан таркиб кучайтирилди.
Жамоанинг маҳаллий футболчилари орасида ҳам Саудия Арабистони миллий терма жамоаси вакиллари кўп. Али Мажраши, Зиёд Ал Жоҳани ва Фирас Ал Бурайкан 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Саудия Арабистонининг якуний таркибидан жой олган. Бундан ташқари, Закария Ҳавсави ва Солиҳ Абу Ал Шамат ҳам мундиаль олдидан Саудия Арабистони миллий жамоаси йиғинига жалб қилинган футболчилар ҳисобланади. Ёзда "Ал Ҳилол"дан келиб қўшилган ҳужумчи Абдуллоҳ Радиф ҳам Саудия термаси сафида ўйнаш тажрибасига эга.
"Пахтакор" ва "Ал Аҳли" учун бу Осиё майдонидаги илк учрашув эмас. Томонлар шу вақтга қадар 4 марта ўзаро тўқнаш келган. Мазкур баҳсларда 2 тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган бўлса, яна 2 учрашув жиддаликларнинг муваффақияти билан якунланган.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 1-туридан ўрин олган "Ал Аҳли" – "Пахтакор" учрашуви 14 сентябрь куни Жидда шаҳридаги "Алинма" стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 23:15 да старт олади.



