Нури Шаҳин: "Бешиктош"га қарши ўйинда Шомуродовга катта ишонч билдирамиз"

Оқил Абдубарноев
24 окт 2026, 18:18
"Башакшеҳир" бош мураббийи Нури Шаҳин Туркия Суперлигасининг 9-туридан ўрин олган "Бешиктош"га қарши учрашув олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида фикр билдирди.

Туркиянинг Fotomaç нашри хабар беришича, мутахассис ўзбекистонлик футболчининг жорий мавсумдаги ўйинларидан мамнун эканини таъкидлаган.

"Шомуродов бу мавсумда жуда яхши спорт формасида ва жамоамизга катта фойда келтирмоқда. "Бешиктош"га қарши ўйинда ҳам ўзбекистонлик юлдузимизга катта ишонч билдирамиз", – деди Шаҳин.

Шунингдек, мураббий бўлажак учрашувнинг мураккаблигига ҳам тўхталиб ўтди.

"Бизни энг қийин сафар ўйинларидан бири ва жуда кучли рақибга қарши баҳс кутмоқда. Рақиб стадионида ғалаба қозонишни истасак, жуда жасоратли ҳаракат қилишимиз керак", – деди мутахассис.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов жорий мавсум Туркия чемпионатида 8 та учрашувда 7 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. "Башакшеҳир"нинг чемпионатда киритган 12 та голидан 7 таси ўзбекистонлик ҳужумчи ҳиссасига тўғри келмоқда.

31 ёшли футболчи айни пайтда жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади. У Суперлига тўпурарлари пойгасида 8 та гол урган Муҳаммад Салоҳдан кейин иккинчи ўринда бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ўтган мавсум Туркия чемпионатининг 34 та ўйинида 22 та гол уриб, "Трабзонспор" ҳужумчиси Пол Онуачу билан биргаликда мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлган.

"Бешиктош" – "Башакшеҳир" учрашуви 26 октябрь куни бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Fotomaç

Сўнгги янгиликлар

Барча ›