Жиззахда "қон алмашиш" операцияси: Улуғбек Бакаев "Сўғдиёна"ни қутқара оладими?

Iskandarov Abdulaziz
19 июл 2026, 19:18
Суперлиганинг охирги ўриндаги жамоаси отни қамчилашни бошлади.

Сўнгги йилларда ўзбек футболининг ҳақиқий бош оғриқ жамоасига айланган, кучли учлик ва юқори ўринларда тез-тез бўй кўрсатиб турган Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси охирги мавсумларни ўта беқарор ва мазмунсиз ўтказмоқда.

Мухлислар кўзи ўрганиб қолган ўша шиддатли, тишли-тирноғи билан курашадиган жамоа ўрнини, афсуски, турнир жадвалининг қуйи поғоналарида жон сақлаш учун курашаётган клуб эгаллаб қўйди. Ваҳоланки, воҳа клубининг амбициялари ва раҳбарият олдига қўйган мақсадлари доимо энг юқори чўққиларни кўзлаб келган.

Хўш, юзага келган бу инқирозли вазиятдан жамоани ким олиб чиқади? Клуб раҳбарияти яна эски қадрдон – Улуғбек Бакаевга ишонч билдирди. Мухлислар орасида эса ҳақли саволлар туғилмоқда: танаффус давомида Бакаев Жиззах воҳасида қандай ислоҳотларни амалга оширди? У "Сўғдиёна"ни ўзи тушиб қолган жарликдан қутқара оладими?

"Қутқарувчи" қисмати


Бир пайтлар худди шу "Сўғдиёна" билан кумуш медалларни қўлга киритиб, мураббийлик фаолиятида кескин юксалиш қилган Улуғбек Бакаевнинг кейинги қадамларида нима учундир ўсиш кузатилмади. Футбол қисмати уни кутилмаганда юқори ўринлар учун курашувчи эмас, балки жон сақлаш йўлига тушиб қолган жамоаларнинг "тез ёрдам" мураббийига, яъни "қутқарувчи"сига айлантириб қўйди.

У "Бухоро"ни қабул қилиб олиб, жамоани яна Суперлигага олиб чиқишга эришди, бироқ ички муаммолар талайгина бўлган, ўз уй стадионида ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлган бухороликлар пастки ўринлардан кўтарила олишмади. Мана энди "Сўғдиёна" ҳам Бакаев елкасига айнан ўша оғир вазифани юклади: кучлилар сафида қолиш. Бироқ Бухородан фарқли ўлароқ, Жиззахда нисбатан шароитлар яхшироқ, инфратузилма жойида ва бу Бакаевга ўз ғояларини эркинроқ амалга оширишга имкон беради.

499510.jpg



Мураббийлар штабида янгиликлар бор


Улуғбек Бакаев ўзининг мураббийлик фаолияти давомида консервативликка, яъни бир хил ва синалган мураббийлар штаби билан ишлашга мойил мутахассис эди. Бироқ бу сафарги инқироз Бакаевни ҳам ўз қарашларини ўзгартиришга мажбур қилди. У катта таваккалчиликка қўл урди ва Суперлигада юзага келган паузадан фойдаланиб, штабига икки нафар россиялик мутахассисни жалб этди. Аввалги ёрдамчилар – Виктор Карпенко, Игорь Михайлов ва Михаил Еремчуклар аллақачон бошқа клублар муваффақияти учун тер тўкишмоқда.

Янги мураббийлар билан танишамиз.

Артём Горлов (39 ёш): Футболчилик мактабини машҳур ЦСКАда ўтаган, мураббийликка эса жуда эрта қадам ёш мутахассис. Унинг мураббийлик дафтарчасида "Енисей", "Пари НН", "Торпедо Москва" ва "Ахмат" каби Россия клублари бор. Охирги иш жойи "Леон Сатурн" бўлган Горловнинг Бакаев ёнида пайдо бўлиши – жамоа тактик мазмунига замонавий ва креатив ёндашув олиб кириши кутилмоқда.

photo_2026-07-19_18-30-16.jpg



Мавсумнинг дастлабки қисмида "Сўғдиёна"нинг энг оғриқли ва заиф нуқтаси, шубҳасиз, дарвоза чизиғи бўлди. Дастлабки 11 та турда жамоа ўз дарвозасидан нақд 25 та гол ўтказиб юборди! Бу нафақат аутсайдерлик кўрсаткичи, балки ҳимоя, дарвоза қўрғонининг мутлақо барбод бўлганидан дарак берувчи жиддий сигнал эди.

Бакаев муаммонинг илдизини кесиш мақсадида дарвозабонлар мураббийлигига яна бир россиялик мутахассис – Павел Поликарповни таклиф этди. Москванинг "Спартак", "Торпедо" U-19 ва сўнгги вақтларда медиа-футболда машҳур бўлган "Амкал" клубида ишлаган Поликарповнинг зиммасига улкан масъулият юкланди. Ислоҳотнинг илк меваси узоқ кутилмади – 12-турда жамоа ниҳоят ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди (0:0). Мавсум якунигача кўрсаткич қандай бўлиши қизиқ албатта.

photo_2026-07-19_18-31-51.jpg



Таркибни "тозалаш" операцияси

Бакаев Жиззахга қайтиши билан ўзининг фалсафаси, қарашларига мос ижрочиларни йиғишга киришди. У собиқ мураббий Иван Бошкович даврида трансфер қилинган, бироқ ўзининг қатъий ва жисмоний кучга асосланган услубига мос келмайдиган бир қатор футболчилардан иборат каттагина гуруҳга жавоб бериб юборди.

Жамоани тарк этганлар рўйхати анча салмоқли:Жасур Жалолиддинов (катта умидлар билан келган креатив ярим ҳимоячи)
Фейсал Мулич ва Александр Болевич (легионерлар)
Суҳроб Иззатов, Никола Миркович, Умид Султонов, Тохир Тўхтасинов, Улуғбек Кенжаев.

Алоҳида эътирофга лойиқ воқелик: Клуб ўринбосарлари сафидан етишиб чиққан иқтидорли футболчи Отабек Ахадовнинг Жанубий Кореянинг машҳур "Пусан" жамоасига трансфер қилингани бўлди. Унинг шунчаки қўйиб юборилмай, айнан профессионал трансфер сифатида хориж клубига сотилгани Жиззах клуби академияси ва селекцияси учун катта ютуқ сифатида баҳоланмоқда.

photo_2026-07-19_19-09-52.jpg



Янги қўшилганлар: А Серия, Африка ҳавосини кўрганлар

Кетганлар ўрнини тўлдириш ва ёзги трансфер ойнасида ҳақиқий "жангчилар" армиясини шакллантириш мақсадида бир йўла 6 нафар янги футболчи билан шартнома имзоланди:
Дастлаб, 6 та баҳсда 13 та гол ўтказиб, ишончни оқлай олмаган Никола Миркович ўрнига ҳақиқий клуб афсонаси Милан Митрович ортга қайтарилди. Ваҳоланки, 2025 йилнинг якунида Милан билан катта эҳтиром билан хайрлашилган эди. Аммо Бакаев дарвозадаги оғриқни собиқ шогирдининг тажрибаси билан ёпишни лозим топди.

Шунингдек, таркибга ҳимоячилар Шохжаҳон Султонмуродов, Беҳруз Жуматов, ярим ҳимоячилар Жамшид Болтабоев, Беҳруз Асқаров ва ҳужумчи Зенан Займович келиб қўшилди. Италия А Сериясининг "Удинезе" клуби собиқ аъзоси Петар Мичиннинг келиши ҳам Жиззахда катта қизиқиш уйғотди.
Займович, Болтабоев, Митрович ва Жуматов учун клуб муҳити бегона эмас. Трансферлар ичидаги энг экзотик факт эса – босниялик Зенан Займовичнинг Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)нинг "Кейптаун Сити" клубидан тўғри Осиё қитъасига, яъни Жиззахга учиб келгани бўлди. Трансфер ойнаси ёпилгунига қадар балки яна айрим чизиқларда кучайиш кўришимиз мумкин.

photo_2026-07-19_19-10-54.jpg



Олдиндаги имтиҳонлар: Тақвим шафқат қиладими?

"Сўғдиёна"нинг айни дамдаги турнир жадвалидаги ўрни (14-ўрин) ҳавас қиларли даражада эмас. Жамоанинг жон сақлаш ҳудудида бораётгани футболчилардан ҳар бир сонияда максимал концентрация талаб қилади. Жамоанинг яқин ўйинлар тақвими эса қуйидагича:

13-тур
"Нефтчи"
Уйда

14-тур
"Локомотив"
Сафарда (Тошкент)

15-тур
"Машъал"
Сафарда

16-тур
"Андижон"
Уйда

17-тур
"Сурхон"
Сафарда

Тақвимга назар ташласак, рақиблар ўртача даражада ва жамоа кетма-кет грандлар билан тўқнаш келмайди. Бу Бакаев учун очколарни максимал даражада жамғариб олиш учун қулай имконият. Лекин 14-ўринда бораётган жамоа учун энди осон рақибнинг ўзи қолмаган.

Улуғбек Бакаев "Сўғдиёна"ни жар ёқасидан олиб чиқиш учун бор имкониятини ишга солди: штабни рус мутахассислари билан янгилади, ўзига мос келмаган катта гуруҳ билан хайрлашиб, таркибни янги "жангчилар" билан кучайтирди. Энди навбат – майдондаги натижаларга. Агар ушбу "операция" ўзини оқласа, Бакаев яна ўзининг севимли Жиззахида "қутқарувчи"лик мақомидан элита вакили даражасига қайтади. Агар акси бўлса... Жиззах футболини жуда оғир ва мавҳум кунлар кутиб турибди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›