ЖЧ-2026. Осиё қанақа хулоса чиқаради?

Xayrulla Xoliqov
8 июл 2026, 16:12
Ҳар бир мусобақа ва ундаги иштирок натижа қандай бўлишидан қатъий назар дарс беради.

Жаҳон чемпионатида қатнашув ҳам Осиё жамоалари учун катта дарс бўлди. Бундан ким қандай сабоқ чиқариши жамоаларнинг ўзига ҳавола.

Мундиал Осиё учун бирмунча эрта якунланди. Тарихда илк бор қитъамиздан 9та терма жамоа Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, фақат иккитаси гуруҳдан чиқа олди: Австралия ва Япония. Қолганлар ҳам бор куч билан ҳаракат қилишди, лекин куч етмади. Кўриниб турибдики, бошқаларда футбол анча кучли экан. Агар ўзаро ўйинлар бўлмаганида кучларни таққослай олмасдик, эҳтимол биз ҳам бошқалардан кам эмасмиз деб юраверган бўлардик. Лекин ЖЧ-2026 ҳаммамиз учун кўзгу бўлиб берди.

Осиё вакилларининг мундиалдаги иштироки кишини мулоҳазага ундайди. Тез орада бошланадиган Осиё Кубоги олдидан 9та жамоа ўз имкониятларини чамалаб олди дейиш мумкин, лекин қолганлар ҳам қараб турмаслиги аниқ. Жаҳон чемпионати бизга ҳали қиладиган ишлар ниҳоятда кўп эканини кўрсатиб қўйди. Осиё футболи Африка, Жанубий Америка ва Европа олдида ҳалиям тетапоя экани кўзга ташланди.

Мундиалда қатнашган 9та жамоанинг жами ўйинлари 29тани ташкил этган бўлса, шундан фақат 3таси ғалаба бўлди. 9 дуранг ва 17та мағлубият кузатилди. Умумий тўплар нисбати 25-59. Яъни минус 34ни ташкил қиляпти. Гол ўтказиш бўйича энг ёмон кўрсаткични Ироқ ва Ўзбекистон қайд этди. Ироқ уч ўйинда 12та, Ўзбекистон эса 11та гол ўтказиб юборди. Бу борада учинчи ўрин 8та ўтказган тўп билан Иорданияга "насиб этди". Келинг, шу ўринда ҳар бир Осиё жамоасининг иштирокига тўхталсак.

Жанубий Корея (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 1 ғалаба, 2 мағлубият, тўплар нисбати 2-3 (-1).

Гол урган футболчилари: Хван Ин Беом ("Фейеноорд") - 1та, О Хён Гю ("Бешиктош") - 1та.

Жанубий Корея мусобақани ғалаба билан бошлади. Лекин кейинги иккита ўйиндаги мағлубият кореяликларга ўз ўрнини кўрсатиб қўйди. Икки нафар футболчиси гол урди ва бу икки футболчи қишдаги Осиё Кубогида ҳам ўзини кўрсатиши мумкин. Ҳаракат қилса Жанубий Корея гуруҳдан чиқа оларди.

Қатар (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 1 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати 2-10 (-8).

Гол урган футболчиси: Ҳассан Ал Ҳайдос ("Ал Садд") - 1та.

Мусобақани бир очко билан бошлаган Қатар кейинги иккита баҳсда мағлубиятга учраб, ўз дарвозасидан 9та гол ўтказди. Осиёнинг охирги икки чемпиони учун бу ярашмаган натижа бўлди. Қатарликлар сафида ҳаммамизга яхши таниш Ҳассан Ал Ҳайдос гол киритди. Яна бир гол рақиб ўйинчиси номига автогол ёзилди.

Австралия (натижаси - 1/16 финал)

4 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати 3-3 (0).

Гол урган футболчилари: Нестори Иранкунда ("Уотфорд") - 1та, Конор Меткальф ("Санкт Паули") - 1та.

Австралия ҳартугул гуруҳдан чиқишни эплай олди. Энг катта иши илк турда Туркияни мағлуб этгани бўлди. Австралия гуруҳдан чиқиб Мисрга дуч келди ва 120 дақиқа тенгма-тенг ўйнади. Фақат пенальтилар сериясида омади келмади. Австралия терма жамоасининг ЖЧдаги иштирокини бемалол яхши деса бўлади.

Япония (натижаси - 1/16 финал)

4 ўйин, 1 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати 8-4 (+4).

Гол урган футболчилари: Кейто Накамура ("Реймс") - 1та, Даичи Камада ("Кристал Пэлас") - 2та, Аясе Уэда ("Фейеноорд") - 2та, Жуня Ито ("Генк") - 1та, Дайзен Маеда ("Селтик") - 1та, Каиши Сано ("Майнц") - 1та.

Ушбу мундиалда энг яхши натижа кўрсатган Осиё жамоаси шубҳасиз Япония бўлди. Жаҳон футболига энг яқин футболни намойиш этаётган жамоа ҳам Япония бўлади ва айтиш мумкинки, Осиё Кубогининг энг асосий фаворити ҳам Япония. "Кунчиқар юрт" вакиллари Нидерландия, Швеция, Бразилия билан тенг кучли ўйин кўрсата олишди.

Эрон (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 3 дуранг, тўплар нисбати 3-3 (0).

Гол урган футболчилари: Рамин Резаиан ("Фулад") - 2та, Моҳаммад Моҳеби ("Ростов") - 1та.

Эрон мундиал давомида кўп бор қийинчиликка дуч келиб ҳам матонат кўрсата олди. Эрон терма жамоаси ҳар доим кучли ва иродали бўлиб келган, буни анча йиллардан бери биламиз. Жамоа Мексикада яшаб Америкага қатнаб ўз ўйинларини ўтказди. Форслар ғалаба қозонмаган бўлса ҳам, учта ўйинни дуранг билан якунлай олишди. Жамоанинг айниқса Бельгия ва Миср билан дуранг қайд этгани таҳсинга сазовор бўлди.

Саудия Арабистони (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати 1-5 (-4).

Гол урган футболчиси: Абдулелаҳ Ал Амри ("Ал Насср") - 1та.

Осиё Кубоги-2027 ҳамда ЖЧ-2034 мезбони Саудия Арабистони турнирни битта гол уриб тарк этди. Саудия аввалги мундиалда Аргентинани мағлуб этиб шов-шув чиқарганди, лекин бу йил улар ўзларини кўрсата олишмади. Ушбу Жаҳон чемпионати Саудия учун Испанияга 0:4 ҳисобида енгилгани ва охирги турда Капо Вердени мағлуб эта олмагани билан ёдда қоладиган бўлди.

Ироқ (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 3 мағлубият, тўплар нисбати 1-12 (-11).

Гол урган футболчиси: Аймен Ҳуссейн ("Ал Карма") - 1та.

Ироқнинг жаҳон чемпионатида қатнашгани умуман сезилмади. Бу жамоа бор-йўқлигини билмай ҳам қолдик. Ироқликлар ҳам қийин шароитда мундиалга ҳозирлик кўрганини биламиз. Бу жамоа "муҳими иштирок" қабилида қатнашиб кетди. Жуда кучли рақиблар (Франция, Сенегал, Норвегия)га қарши баҳс олиб борган Ироқ фақат йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.

Иордания (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 3 мағлубият, тўплар нисбати 3-8 (-5).

Гол урган футболчилари: Али Олван ("Ал Сайлия") - 1та, Аҳмад Ал Рашдан ("Қатар СК") - 1та, Муса Ал Тамари ("Ренн") - 1та.

Иордания ҳам уч учрашувнинг ҳаммасида мағлуб бўлди. Фақат Ироқдан фарқли ўлароқ матонат кўрсатган ҳолда ютқазди. Бундан ташқари иорданияликлар учта тўп киритишди ва голлардан бири "Ренн" футболчиси ҳисобига ёзилди. Иордания бўлажак Осиё Кубогида ҳам ўзини кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон (натижаси - гуруҳ босқич)

3 ўйин, 3 мағлубият, тўплар нисбати 2-11 (-9).

Гол урган футболчилари: Аббос Файзуллаев ("Истанбул Башакшеҳир") - 1та, Элдор Шомуродов ("Истанбул Башакшеҳир") - 1та.

Ўзбекистоннинг иштирокини бутун дунё кузатди. Элдор Шомуродов гуруҳ босқичидаги "Энг чиройли гол" муаллифи бўлди. Биз мундиалда илк бор қатнашдик, кўп нарса ўргандик, катта дарс олдик, футбол ўйнаш осон эмаслигини кўрдик. Учала ўйинда ҳам мағлубият қабул қилиб олдик, фақат энг ёқмагани Конгога ютқазганимиз бўлди. Ҳеч бўлмаганда дурангга умид қилгандик. Мураббий мавзуси эса алоҳида ва катта масала.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу мундиалдан Осиёнинг қандай хулоса чиқариши жуда муҳим. Бунинг учун ўйинларни бир бошдан қайта кўриб таҳлил қилиш керак бўлади. Бунинг устида катта илмий гуруҳ ишлаши керак. Хато ва камчиликларни бизга кўрсатиб бера оладиган мутахассис лозим. Ҳа, энди жаҳон чемпионатиям ўтди-кетди деб қабул қилишимиз керак эмас.

Масалан, ўзимиз миқёсда оладиган бўлсак, хатоларни чуқур таҳлил қилиб олиш январдаги Осиё Кубогидан олдин айни муддао бўлади. Тўғри, Жаҳон чемпионатида илк қатнашув биз учун катта мактаб бўлди. Қўрқмай фтубол ўйнай олишимизни кўрсатдик. Кўпчилик энди Осиё Кубогида ҳам бемалол ўйнай оламиз деяпти, лекин унутманг мундиалда биздан бошқа яна 8 жамоа қатнашди ва улар ҳам дарс олди. Бу дегани биз зўр ўрганиб олдик, бошқалар ҳеч нарса қилмади дегани эмас. Балки бошқалар аллақачон таҳлилни бошлаб юборгандир.

Албатта, ҳар бир жамоа ўзи учун мусобақадаги иштирокини таҳлил қилади, керакли хулосани чиқаради. Лекин бу таҳлил янада каттароқ, айтайлик ОФК миқёсида бўлиши керакки, Осиё жамоаларининг умумий иштироки ОФКга қўйилган баҳо ҳисобланади. ОФК бу йилги имтиҳондан ўта олмади. Ана энди қишда ўзи ўтказадиган имтиҳон олдидан ўзи йиқилган имтиҳон сабабларини ўрганиши лозим бўлади.

Х.Холиқов

Ўхшаш янгиликлар


Xayrulla Xoliqov Муаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›