Испания Аргентинани мағлуб этиб, 2026 йилги Жаҳон чемпионига айланди!

Оқил Абдубарноев
20 июл 2026, 03:00
2026 йилги мундиалнинг ҳал қилувчи ўйини якунланди.

Жаҳон чемпионати-2026

ФИНАЛ

Испания – Аргентина 1:0

Бош ҳакам – Славко Винчич (Словения)
Ёрдамчи ҳакамлар – Томаж Кланчник, Андраж Ковачич (Словения)
Тўртинчи ҳакам – Адҳам Махадмеҳ (Иордания)
ВАР (Видео ёрдамчи ҳакам) – Бастиан Данкерт (Германия)
ВАР ёрдамчилари – Николас Галло (Колумбия), Хамис Ал Марри (Қатар)
Захира ёрдамчи ҳаками – Муҳаммад Ал Халаф (Иордания)
ФИФА ўйин директори – Холид Нассар (Миср)
ФИФА ўйин комиссари – Карлос Фернандес (Гватемала)

Гол: 1:0 – 106, Ферран Торрес (Нико Уильямс)

Испания: 23. Унаи Симон, 8. Фабиан Руис (20. Педри, 62), 10. Дани Ольмо (6. Микель Мерино, 75), 12. Педро Порро, 14. Эмерик Ляпорт (4. Эрик Гарсия, 99), 15. Алекс Баэна (17. Нико Уильямс, 75), 16. Родри (18. Мартин Субименди, 99), 19. Ламин Ямал, 21. Микель Оярсабаль (7. Ферран Торрес, 62), 22. Пау Кубарси, 24. Марк Кукурелья.

Захира: 1. Давид Рая, 13. Хоан Гарсия, 2. Марк Пубиль, 3. Алекс Гримальдо, 5. Маркос Льоренте, 9. Гави, 11. Йереми Пино, 25. Виктор Муньос, 26. Борха Иглесиас.

Аргентина: 23. Эмилиано Мартинес, 3. Николас Тальяфико, 4. Гонсало Монтиэль (26. Науэль Молина, 58), 6. Лисандро Мартинес (19. Николас Отаменди, 44), 7. Родриго Де Пауль (17. Жулиано Симеоне, 70), 9. Хулиан Альварес (2. Маркос Сенеси, 102), 10. Лионель Месси, 13. Кристиан Ромеро (25. Факундо Медина, 70), 15. Нико Гонсалес (5. Леандро Паредес, 46), 20. Алексис Мак Аллистер, 24. Энцо Фернандес.

Захира: 1. Хуан Муссо, 12. Херонимо Рульи, 8. Валентин Барко, 11. Жовани Ло Чельсо, 14. Эсекиэль Паласиос, 16. Тьяго Альмада, 18. Нико Пас, 21. Хосе Мануэль Лопес, 22. Лаутаро Мартинес.

Огоҳлантиришлар: Лисандро Мартинес (41), Леандро Паредес (52), Энцо Фернандес (82), Алексис Мак Аллистер (112)

Четлатиш: Энцо Фернандес (90+3, иккинчи огоҳлантириш)

120+5'Тугади! Ҳакамнинг сўнгги хуштаги янгради!

Испания – Жаҳон чемпиони!

120+1'Хавфли вазият! Бурчак зарбаси узатиб берилганидан сўнг жарима майдончаси ичида Симеоне тўпни ўзига бўйсундириб, кучли зарба йўллади, бироқ тўп дарвозанинг юқорисидан учиб ўтди! Аргентина ҳисобни тенглаштириш учун қандай имкониятни қўлдан бой бермоқда! Вақт эса тобора кам қолмоқда.

120+' – Иккинчи қўшимча таймнинг асосий вақтига ҳакам томонидан 5 дақиқа вақт қўшиб берилди! Аргентина терма жамоасида ўйинни қутқариб қолиш ва пенальтилар сериясига етиб бориш учун сўнгги имкониятлар қолди!

120'Хавфли вазият! Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига хавфли узатма амалга оширилди, ҳимоячилар тўпни жуда катта қийинчилик билан қайтариб қолишди! Бурчак зарбаси. Аргентина ўйинни қутқариб қолиш учун сўнгги сонияларда бор кучини ишга солмоқда!

117' – Лионель Мессининг зарбасидан сўнг тўп Микель Меринонинг юзига тегди. Майдонда шифокорлар – футболчига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

113' – Ферран Торрес дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, гол урди, бироқ ҳакам ўйиндан ташқари ҳолат қайд этди. Гол бекор қилинди.

112' – Алексис Мак Аллистер қўполлиги учун ҳакам томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилди.

106' – ГО-О-О-О-ОЛ! Испания ҳисобни очмоқда! Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига узатилган тўпни Нико Уильямс боши билан марказга узатди, Феран Торрес эса кучли зарба билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 1:0!

106' – Ҳакам хуштаги чалинди – иккинчи қўшимча бўлим бошланди.

105+3' – Ҳакамнинг ҳуштаги чалинди – биринчи қўшимча бўлим ўз ниҳоясига етди. Жамоалар қисқа танаффусга йўл олишмоқда, ҳисоб ҳамон ўзгармаган – 0:0.

105+1' – Биринчи қўшимча бўлимга – 3 дақиқа қўшиб берилди.

105' – Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони ҳакам томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилди.

103' – Нико Уильямс чап қанотдан жарима майдончаси ичига тўпни узатди. Микель Меринонинг боши билан йўллаган зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

102' – Аргентина таркибида ўзгариш: Маркос Сенеси ўрнига Хулиан Альварес майдонга тушди.

99' – Испания таркибида қўшалоқ алмаштириш: Эмерик Ляпорт ўрнига Эрик Гарсия, Родри ўрнига Мартин Субименди ўйинга қўшилди.

96' – Гол... аммо ҳисобга олинмади! Нико Уильямс Аргентина дарвозасини ишғол қилган эди, лекин ҳакам ҳужум жараёнида Микель Мерино Николас Отамендига нисбатан фол ишлатган деб топди. Ҳисоб ўзгаришсиз қолмоқда – 0:0.

93' – Хавфли вазият! Педри жарима майдончаси ичига топни нафис узатди, Нико Уильямс дарвозадан олти метрлар чамаси масофадан боши билан зарба йўллади! Эмилиано Мартинесдан навбатдаги сейв! Аргентина посбони яна бир бор ўз жамоасини муқаррар голдан қутқармоқда!

91' – Ҳакам хуштаги чалинди. Биринчи экстра-тайм бошланди!

ЭКСТРА-ТАЙМ

Иккинчи бўлимда Испания тўлиқ устунлик қилган бўлса-да, ўйин экстра-таймларга уланди.

Аргентина бор кучи билан ҳимояланмоқда, аммо ҳужумда деярли ҳеч нарса кўрсата олгани йўқ. Испания тўп назоратини ўз қўлида ушлаб, бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтирди – фақат Эмилиано Мартинеснинг ишончли ўйинигина Аргентинани қутқариб қолмоқда.

Энцо Фернандеснинг майдондан четлатилиши эса "Альбиселесте" аҳволини янада оғирлаштирди. Улар қолган вақтда ҳам Испания босимига дош бера олишармикин?

90+9' – Учрашувнинг асосий вақти якунланди. Ҳисоб очилмади – 0:0!

Олдинда бизни иккита 15 дақиқалик экстра-таймлар кутмоқда! Аргентина майдонда бир киши кам бўлиб курашни давом эттиради.

90+8' – Ламин Ямалдан хавфли жарима зарбаси! Аммо Аргентина дарвозабони Эмилиано Мартинесдан навбатдаги суперсейв! Топ-даражадаги сейв жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди!

90+3' – Энцо Фернандес Пау Кубарсига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам иккинчи сариқ карточкани ва ортидан қизил карточкани кўрсатди!

Энцо Фернандес майдондан четлатилди! Аргентина сўнгги сонияларда бир киши кам бўлиб қолмоқда!

90' – Иккинчи бўлимнинг асосий вақтига бош ҳакам томонидан 4 дақиқа қўшиб берилди.

89' – Родри дарвозадан 25 метр узоқликда бўш ҳудудга чиқиб борди. У ҳеч иккиланмай кучли ва шиддатли зарба йўллади, аммо тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.

87' – Ферран Торрес жарима майдони ичида жуда қулай имкониятга эга бўлди, лекин зарба ноаниқ кетди.

82. Энцо Фернандес ҳакамга эътироз билдиргани учун огоҳлантирилди.

81' – Эмерик Ляпортдан навбатдаги хавфли ҳамла!

Испанияликларнинг қанот узатмасидан сўнг, Ляпорт рақиб жарима майдони ичида ҳаммадан устун келиб, бош билан зарба берди. Лекин бу зарбага етарлича куч етмади – тўп тўғри Эмилиано Мартинеснинг қўлларига бориб тушди.

77' – Пау Кубарсидан даҳшатли зарба!

Испаниянинг ёш ҳимоячиси олисдан кучли ва аниқ зарба йўллади. Эмилиано Мартинес катта қийинчилик билан, жон-жаҳди билан сакраб тўпни қайтариб юборди ва жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди!

Испания босимни максимал даражага чиқармоқда!

75' – Испания таркибида навбатдаги қўшалоқ алмаштириш!

Алекс Баэна ўз ўрнини тезкор ва хавфли Нико Уильямсга бўшатиб берди. Шунингдек, майдонда жуда фаол ҳаракат қилган Дани Ольмо ўрнини марказни мустаҳкамлаш ва яккакурашларда ёрдам бериш учун Микель Мерино эгаллади!

Луис де ла Фуэнте сўнгги дақиқалар олдидан ҳужум қанотини янада кучайтирмоқда!

70' – Скалонидан яна бир қўшалоқ алмаштириш!

Аргентина терма жамоасида Кристиан Ромеро майдонни тарк этмоқда, унинг ўрнига ҳимоя чизиғига Факундо Медина тушди. Шунингдек, майдонда улкан ҳажмдаги ишни бажарган Родриго Де Пауль ўзининг ўрнини Жулиано Симеонега бўшатиб берди!

Аргентина мураббийлар штаби чарчаган футболчиларни янгилаб, темпни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда!

67' – Яна бир хавфли вазият, Испания голга жуда яқин келмоқда!

Ламин Ямал ўнг қанотдан жарима майдони ичига ажойиб узатма ошириб берди. Захирадан ўйинга қўшилган Ферран Торрес ҳаммадан баланд сакраб, бош билан дарвозани нишонга олди, бироқ тўп тўғри Эмилиано Мартинеснинг қўлларига бориб тушди!

Испания босимни тўхтатмаяпти, Аргентина эса хавфли ҳамлаларни қайтариш билан овора!

64' – Испаниядан навбатдаги хавфли ҳамла!

Дани Ольмонинг кучли зарбасидан сўнг Эмилиано Мартинес тўпни ушлаб олишда хатоликка йўл қўйди – тўп унинг қўлларидан чиқиб кетиб, майдонни тарк этди!

Аргентина дарвозабони учун жуда қалтис вазият, лекин омад бу сафар унинг томонида бўлди. Испания бурчак тўпига эга бўлмоқда!

62' – Луис де ла Фуэнтедан бирданига қўшалоқ ўзгариш!

Испания терма жамоаси сафида Микель Оярсабаль ўзининг ўрнини Ферран Торресга бўшатиб берди. Марказий чизиқда эса Фабиан Руис майдонни тарк этди ва унинг ўрнига ўйин темпини назорат қилиш ва майдонни яхшироқ кўриш маҳоратига эга бўлган Педри ўйинга қўшилди!

Испания ҳужум чизиғини ҳам, майдон марказини ҳам янгилаб, босимни янада оширишни мақсад қилмоқда!

58' – Аргентина таркибида навбатдаги алмаштириш!

Гонсало Монтиэль майдонни тарк этмоқда, унинг ўрнига ўнг қанот ҳимоясини янгилаш ва тўхтатиш қийин бўлаётган Испания ҳужумларига қарши Науэль Молина ўйинга тушмоқда.

Скалони майдондаги босимни енгиллаштириш учун янги кучларни ташлашда давом этмоқда!

56' – Дани Ольмо ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига ёриб кириб, марказга ажойиб узатма берди. Гонсало Монтиэль эса жуда қийин вазиятда Марк Кукурелья томон бораётган тўпни майдон ташқарисига тепиб юборди!

52' – Майдонга тушганига ҳали кўп бўлмаган Леандро Паредес кераксиз вазиятда кескин ҳаракат қилгани учун сариқ карточка олди.

Аргентиналик ярим ҳимоячи ўйинга жуда эҳтиросли киришиб кетди шекилли – ҳакам уни дарҳол огоҳлантиришга мажбур бўлди.

46' – Испания иккинчи бўлимни жуда фаол бошлади!

Алекс Баэна узоқ масофадан дарвоза томон кучли зарба йўллади. Зарба жуда аниқ ва хавфли чиқди, аммо Эмилиано Мартинес ўз ўрнида – посбон пастлаб келаётган тўпни эгаллаб олишда ишончли ҳаракат қилди. Испанияликлардан илк хавфли ҳамла!

46' – Иккинчи бўлим олдидан Аргентина терма жамоаси таркибида навбатдаги ўзгариш!

Николас Гонсалес ўрнига майдонга Леандро Паредес тушмоқда. Лионель Скалони ярим ҳимоя марказини янада мустаҳкамлаш ва тўп назоратини ўз қўлига олиш мақсадида тактик ротацияга қўл урди.

Иккинчи бўлим бошланди!


Бу Аргентина терма жамоаси учун 2026 йилги Жаҳон чемпионатида биринчи бўлим голсиз якунланган атиги иккинчи ўйин бўлди.

Бундан олдинги ягона ҳолат Англияга қарши ярим финал ўйинида кузатилган эди – ўшанда ҳам биринчи бўлим 0:0 ҳисобида тугаб, якунда аргентиналиклар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган эди! Бу кўрсаткич Аргентина мухлисларига қўшимча ишонч бағишлаши табиий.


Шоу ўз авжида! Саҳнада яна бир мусиқа қироличаси – Шакира! У ўзининг жаҳон чемпионатларидаги машҳур хит қўшиғи "Dai Dai"ни ижро этмоқда!

Шакиранинг майдонда пайдо бўлиши стадионни портлатди – трибуналардан жуда баланд ва ҳайқириқли олқишлар садоланди! Майдонда ҳақиқий байрам кайфияти!

Танаффусдаги шоу шиддати заррача ҳам сусаймаяпти! Саҳнада жанубий кореялик юлдузлар BTS гуруҳи ўзларининг супер ижроси билан томошабинларни ларзага келтиришди!

Уларнинг ортидан эса саҳнага Жастин Бибер таклиф қилинди! Энг қизиғи, уни саҳнага машҳур "Тед Лассо" образидаги актёр Жейсон Судейкис таклиф этди ва одатдагидек ўзининг машҳур "руҳлантирувчи нутқ"ларидан бирини туҳфа этди! Жозибали ва шов-шувли шоу давом этмоқда!

Бутун дунё нигоҳи эътиборида турган финал ўйинининг танаффусида ҳақиқий шоу бошланмоқда!

Поп-мусиқа қироличаси Мадонна майдонга тушиб келди! Энг қизиғи, уни майдон марказига футбол афсоналари – Роналдо ва Роналдиньо ҳамроҳлик қилиб олиб чиқишди! Томошабинлар ва стадион ларзага келмоқда, бу шунчаки ажойиб!

Биринчи бўлим якунланди! Ҳакамнинг хуштаги чалинди ва жамоалар танаффусга йўл олишмоқда.

0:0 – Ҳисоб очилмади, аммо майдондаги шиддат ва кураш жуда юқори даражада бўлди. Ҳар иккала жамоада ҳам хавфли вазиятлар, кескин пайтлар ва ҳатто эрта мажбурий алмаштиришлар кузатилди. Энди мураббийлар кичик танаффусда ўз тактикаларини қайта кўриб чиқишади.

Бироз дам оламиз ва иккинчи бўлимда яна майдонга қайтамиз!

45' – Ҳакамлар томонидан биринчи бўлимга 4 дақиқа вақт қўшиб берилди!

Бу дақиқалар давомида ҳар иккала жамоа ҳам кичик танаффус олдидан устунликни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади. Шиддат юқори даражада сақланиб турибди!

44' – Мажбурий алмаштириш! Лисандро Мартинес жароҳат олиб, майдонни тарк этмоқда. Унинг ўрнига тажрибали Николас Отаменди ўйинга қўшилди!

Тажрибали марказий ҳимоячи Николас Отаменди учун бу Аргентина терма жамоаси либосидаги 139-ўйин бўлади! Мартинеснинг ўзини фидо қилиб ўйнаши жамоага қимматга тушди, аммо майдонга ҳақиқий гвардиячи ва тажриба бойлиги кириб келмоқда.

43' – Марк Кукурельядан хавфли зарба! Испанияликларнинг 24-рақамли ҳимоячиси ҳужумга фаол қўшилиб, қулай вазиятга чиқиб борди ва пастлатиб кучли зарба йўллади. Тўп дарвоза устунининг ёнгинасидан ўтиб кетди! Жуда хавфли лаҳза, аммо Эмилиано Мартинес вазиятни назорат қилаётган эди. Испания босимни оширмоқда!

41' – САРИҚ КАРТОЧКА! Лисандро Мартинес ҳакам томонидан огоҳлантирилди! Аргентиналик ҳимоячи рақибнинг хавфли ҳужумини, Микель Оярсабални қўполлик билан тўхтатиб қолди. Ҳакам ҳеч қандай иккиланишсиз чўнтагидан сариқ карточкани чиқарди. Бугунги финалда шиддат ва асаблар тобора совуққонликни тарк этмоқда!

39' – Испания кетма-кет узатмалар билан рақиб жарима майдони атрофида назоратни ушлаб турди. Микель Оярсабаль қулай имкониятга чиқиб бориб, жарима майдони чизиғи устидан зарба йўллади, аммо тўп тўғри Эмилиано Мартинеснинг қўлига бориб тушди.

Футбол тарихига назар ташласак, Жанубий Америка ва Европа терма жамоалари ўртасида ўтган 11 та Жаҳон чемпионати финалининг 8 тасида айнан КОНМЕБОЛ вакиллари зафар қучишган. Бугун Лионель Скалони шогирдлари ушбу тарихий устунликни давом эттиришга ҳаракат қилишмоқда, Луис де ла Фуэнте жамоаси эса Европа футболи маҳоратини намойиш этиш ниятида.

35' – Испания терма жамоасининг навбатдаги ҳужуми тўхтатилди. Марк Кукурелья қанотда фаоллик кўрсатиб олдинга интилган эди, аммо ҳакам ёрдамчиси байроқчасини кўтарди – офсайд. Аргентина жарима тўпи билан ўйинни қайта бошлайди.

25' – Танаффусдаги қисқа таҳлил

Шиддатли ва жисмоний курашларга бой бўлган дастлабки дақиқалардан сўнг, футболчилар сув ичиб, нафас ростлашмоқда. Баҳснинг ушбу бўлимида Испания терма жамоаси устунликка эга бўлди – улар совуққонлик ва аниқ мақсад билан тўпни ўзаро узатиб, ўйинни назорат қилишди. Бироқ, уларнинг ушбу ҳаракатларидан ҳозирча фақатгина Ламин Ямалнинг хавфли вазиятини эслаш мумкин, холос.

Аргентина эса секин-аста ўйин суръатига мослашиб, курашга киришиб бормоқда, аммо улар ҳужумда ҳали ўзларининг ҳақиқий ритмларини топа олганлари йўқ. Энди мураббийларнинг кўрсатмалари ўйинни қандай ўзгартиришини кутамиз!

24' – Славко Винчич баҳсни вақтинча тўхтатди. Иссиқ об-ҳаво ва юқори суръатдаги шиддатли курашдан сўнг футболчилар бироз нафас ростлаб, сув ичиб олишмоқда.

Луис де ла Фуэнте ва Лионель Скалони фурсатдан фойдаланиб, майдон четида ўз шогирдларига тезкор тактик кўрсатмаларни беришга шошилишяпти.

23' – Майдонда ҳақиқий жанг!

Учрашувнинг дастлабки қисми жуда кескин ва муросасиз курашларга бой ўтмоқда. Ҳар икки жамоа футболчилари майдоннинг ҳар бир қаричи учун аёвсиз курашга киришишган, жиддий ва кучли тўқнашувлар (подкатлар) кўпайди. Меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам бўш келиш ниятида эмас!

Ўйин суръати ҳақида гапирадиган бўлсак, кутилганидек, Испания терма жамоаси тўп назоратини ўз қўлида ушлаб турибди. Бироқ Аргентина ҳам жим қараб тургани йўқ – улар ҳужумда анча фаоллашиб, хавфлироқ кўриниш олишмоқда. Шунга қарамай, ҳозирча ҳар икки дарвоза олдида чинакам голли вазиятлар у қадар кўп эмас. Жамоалар эҳтиёткорликни ҳам унутишмаяпти!

17' – Монтиэль жарима тўпини рақиб майдончасига жуда хавфли тарзда узатиб берди. Ичкарига ёриб кирган Нико Гонсалес тўпни дарвоза томон бурмоқчи бўлди, аммо бир барга ўзини ташлаган ҳолда ҳам тўпга салгина ета олмай қолди! Унаи Симон вазятни тўлиқ назорат қилиб турганди.

Аргентина секин-аста ўйинга қайтмоқда ва стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпти!

12' – Испания устунлик қилмоқда

Учрашувнинг дастлабки 10 дақиқасида тўп назорати тўлиқ Испания томонида бўлди. Улар ўйин тизгинини ўз қўлларида ушлаб туришибди. Трибуналарни тўлдириб ўтирган Аргентина терма жамоаси мухлислари эса ўз севимлиларини руҳлантириш ва олдинга ундаш учун бор овозлари билан ҳайқиришмоқда!

5' – Дарвозага хавфли зарба!

Испаниядан илк жиддий хавф! Ламин Ямал рақиб дарвозасини нишонга олди. Майдон марказидаги ажойиб ва ​​аниқ комбинациядан сўнг, тўп Ямалнинг йўлига етказиб берилди. Ёш юлдуз тўпни Эмилиано Мартинеснинг ёнидан ўтказиб, дарвоза тўрига жойлаб қўйишга уринди, бироқ Аргентина посбони маҳорат кўрсатиб, хавфни бартараф этди! Стадион ларзада!

1' – СТАРТ! Ўйин бошланди!

Славко Винчич ҳуштагини чалди – 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг финал учрашувига старт берилди! Аргентиналик футболчилар тўпни ўйинга киритишди. Бутун дунё диққат билан кузатаётган буюк тўқнашув бошланди!


Таърифлаб бўлмас манзара!

Испаниялик мухлислар бугун трибунада сон жиҳатдан сезиларли даражада камчиликни ташкил қилишаётган бўлса-да, ўз давлат мадҳияси янграганда стадионни бақириб ларзага келтира олишди!

Аргентиналиклар эса, ўз навбатида, мадҳияларини биз улардан ҳамиша кутадиган ва ўрганиб қолган ўша чексиз эҳтирос, бор қалб ва юрак билан куйлашди.

Старт ҳуштаги берилишига сониялар қолди!


Жамоалар майдонга тушиб келишмоқда!

Ниҳоят, ўша кутилган лаҳза етиб келди! Футболчилар Жаҳон чемпионати финалида тўп суриш учун яшил майдон сари одимлашмоқда.

Ҳозир икки давлат мадҳиялари янграйди, сўнг эса ҳақиқий жанг бошланади!


Том Круз мухлисларга мурожаат қилди

Голливуд суперюлдузи бугунги чемпионлик жанги олдидан трибунада йиғилган мухлислар учун ҳаяжонли нутқ сўзлади ва Жаҳон чемпионатининг бутун дунёни бирлаштиришга қодир бўлган улкан кучини алоҳида эътироф этди.

Уильямс, Шерзингер ва Паузинидан ажойиб шоу

Робби Уильямс, Николь Шерзингер ва Лаура Паузини ҳозигина ФИФАнинг расмий мадҳияси – "Desire" таронасини юқори даражада ижро этиб, трибуналарга ҳақиқий байрам туҳфа қилишди.

Мухлислар бу чиқишни жуда илиқ кутиб олишди, стадион ҳайқириқлардан ларзада!


Мана биз етиб келган нуқта ва финал олдидан қисқача хроника:

Мухлислар финал муҳитидан завқланишмоқда!

Ҳозиргина трибуналар стадионнинг бир қадамлигида дунёга келган Фрэнк Синатранинг машҳур "My Way" таронасини жўр бўлиб куйлашди.


Испания терма жамоаси сардори ушбу Жаҳон чемпионатида ўзининг энг юқори спорт формасида эканини кўрсатмоқда – буни унинг ҳайратланарли статистикаси ҳам исботлаб турибди.

Родри Шимолий Америкадаги турнирда 648 та аниқ узатмани амалга оширди ва бу кўрсаткич бўйича Жаҳон чемпионатлари тарихидаги мутлақ рекордни янгилади. 30 ёшли ярим ҳимоячи Қатар—2022 мусобақасидаги ўз рекордини (638 та аниқ узатма) янгилашга муваффақ бўлди. Кейинги энг яхши натижа ҳам Испания терма жамоаси аъзосига тегишли бўлиб, Хави 2010 йилги мундиалда 599 та аниқ пас берган эди. Жорий турнирда узатмалар сони бўйича Родрига энг яқин келаётган таъқибчилар ҳам унинг жамоадошлари – Пау Кубарси (547) ва Эмерик Ляпорт (533) бўлиб турибди.

Лионель Месси ва Аргентина терма жамоаси Нью-Йорк Нью-Жерси стадиони майдонига югуриб чиқиши билан трибуналар ларзага келди! Улкан шовқин! Хўш, "альбиселесте" орадан 64 йил ўтиб ўз унвонини муваффақиятли ҳимоя қила олган илк жамоага айлана олармикин?


Жамоалар ўйин олдидан сўнгги тайёргарлик ва чигаллиёзди машқларини бажариш учун майдонга тушиб келишди!

Дунё футболидаги энг йирик ва муҳим учрашув бошланишига тахминан 40 дақиқа вақт қолди.


Хайрли кеч, қадрли футбол маҳлиёлари! Ниҳоят, интизорлик билан кутилган, бутун дунё нигоҳи қадалган Жаҳон чемпионатининг финал учрашуви старт олмоқда! Бугун йилнинг энг асосий ўйинида бош соврин соҳиби аниқланади.

Демак, стадионда улуғвор муҳит, жамоалар майдонда. Матнли трансляциямизни бошлаймиз ва буюк тарих гувоҳига айланамиз!

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›