Гвардиола: "О'Райли Англия Кубоги ярим финалида ўйнайди"

Sherzod Nurmatov
31 мар 2025, 12:09
"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола ярим ҳимоячи Нико О'Райлини Англия Кубоги ярим финалида ўйнатишга ваъда берди.

Якшанба куни "Сити"га "Борнмут" устидан ғалаба қозонишида айнан О'Райли ёрдамга келиб, 2 та ассист амалга оширди. У танаффусда Абдуқодир Ҳусановни алмаштирди.

Гвардиоланинг таъкидлашича, О'Райли олдинги турда ҳам катта таассурот қолдирган, шунинг учун 20 ёшли англиялик футболчи 4 ҳафтадан сўнг "Уэмбли"да бўлиб ўтадиган Кубок ўйинида майдонга тушади.

"Нико "Плимут" дарвозасига иккита тўп киритганди ва бугун ҳам ўйинга ижобий таъсир ўтказди. У албатта ярим финалда ўйнайди!

У жуда яхши ўйнади. Шу ўринда, унинг ҳужумкор ярим ҳимоячи эканлигини унутмаслигимиз керак. Тезкор, жуда ақлли ва тўп билан яхши муомала қилади, рақиб дарвозаси олдида доим хавфли вазият ҳосил этади", – деди Гвардиола.

Эслатиб ўтамиз, "шаҳарликлар" мусобақа ярим финалида "Ноттингем Форест" билан беллашади. Учрашув 26 апрель куни бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Independent