Бугун футбол. "Бунёдкор" - "Қўқон-1912"

Xayrulla Xoliqov
13 июн 2020
Икки ярим ойлик танаффусдан сўнг бугун Coca Cola Суперлигасининг 4-тур баҳсларига старт берилади.

"Бунёдкор" ўз майдонида "Қўқон-1912"ни қабул қилади. Турнир жадвалида ҳар икки жамоа 6 очкодан тўплаган ҳолда деярли ёнма-ён ўринларда боряпти. Қизиғи шундаки, шу пайтгача "Бунёдкор" ҳам, "Қўқон-1912" ҳам иккитадан ғалаба қозониб, бир мартадан мағлубиятга учраган.

"Бунёдкор" мавсумни кетма-кет иккита ғалаба билан бошлади. Вадим Абрамов шогирдлари дастлаб сафарда "Сурхон"ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб қайтишди, сўнгра уйда "Машъал" 1:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ва охирги турда жамоа Олмалиққа сафар қилиб АГМКга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Йил бошида Бахтиёр Ашурматов қабул қилиб олган "Қўқон-1912" Суперлигани ўз майдонида бошлаб "Бухоро" устидан йирик 3:0 ҳисобида зафар қучди. Кейинги турда "Металлург" меҳмони бўлган қўқонликлар 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраб қайтишди ва ўтган тур яна ўз уйларида ғалабани нишонлашди. Бу сафар "Қўқон-1912" "Сўғдиёна"дан 2:1 ҳисобида устун келди. 

Бугунги ўйин олдиндан имкониятларни қандай баҳолаш мумкин? Албатта, "Бунёдкор" мезбон, лекин карантиндан кейин кўпчилик барча жамоаларнинг ҳолати бир хил эканлиги ҳақида гапирмоқда. Шундан келиб чиқиб имкониятларни 50/50 деса бўлади. Факт шуки, Ашурматов Қўқонда курашдан қайтмайдиган жамоани шакллантиришга ҳаракат қиляпти. Абрамовда эса тажриба катта ва футболчиларни муҳим баҳсларга тайёрлашни билади.

P/S. Соат 19:00да бошланадиган ўйинни "Спорт" телеканали орқали тўғридан тўғри кузатишингиз мумкин.


Xayrulla Xoliqov Muallif
Manba: championat.asia